futbol180_3Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигаcи 28-турининг сўнгги кунида “Насаф” – “Шўртан”, “Пахтакор” – “Олмалиқ” ва “Қўқон-1912” – “Бунёдкор” жамоалари ўртасида баҳслар ўтказилди.

“Қўқон-1912” ва “Бунёдкор” клублари ўртасидаги учрашув голларга бой бўлди. Қўқонда ўтказилган ушбу баҳснинг 5-дақиқасида Миржамол Қосимов ҳисобни очган бўлса, ўн дақиқа ўтиб, мезбонлар футболчиси Суҳроб Бердиев ҳисобни тенглаштирди – 1:1. 

Ўйиннинг иккинчи бўлимида бор эътиборни ҳужумга қаратган “Бунёдкор” клуби аъзолари Дилшод Аҳмадалиев, Анвар Ғофуров, Отабек Шукуров ва Шоҳрух Гадоев рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди – 5:1. Учрашувнинг 87 дақиқасида қўқонликлар уюштирган ҳужум муваффақиятли якунланди. Ушбу вазиятда Жавоҳир Сиддиқов ҳисобни қисқартирди.

Шунингдек, олий лига баҳсларида “Насаф” ўз майдонида “Шўртан”ни 3:0, “Пахтакор” эса “Олмалиқ”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. 

Мусобақа жадвалида “Локомотив” 64 очко билан пешқадамлик қилмоқда. 

Жавоҳир Тошхўжаев.

ЎзА.