dzyudoЖорий йил 6-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнир бўлиб ўтади. Мусобақада дунёнинг 30 га яқин давлатидан 180 дан ортиқ спортчи 14 вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашади. 

 

Дзюдо мамлакатимизда жадал ривожланаётган олимпия спорт турларидан. Ўзбекистон дзюдочиларининг Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, турли нуфузли турнирларда мунтазам совринли ўринларга сазовор бўлаётгани, янги-янги истеъдод эгаларининг кашф этилаётгани ўзбек дзюдо мактаби шуҳрати янада юксалганидан далолатдир.

Жумладан, 2013 йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Гран-при турнирлари юқори савияда ташкил этилиб, барча мухлису-мутахассисларнинг юқори баҳосига сазовор бўлмоқда. 
Терма жамоамиз аъзолари 2013 йилги мусобақада 5 олтин, 3 кумуш ва 5 бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган. 2014 йилги мусобақада 1 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза, 2015 йилги мусобақада 1 олтин, 1 кумуш, 4 бронза медалга сазовор бўлган. Ўтган йилги турнирда эса олтита олтин, уч кумуш ва ўн бир бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. 
– Мамлакатимизда йигирма мингдан ортиқ йигит-қиз дзюдо билан мунтазам шуғулланмоқда, – дейди Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош котиби Ришод Собиров. – Пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда Достон Мейлиев, Яҳё Имомов, Дилшод Чориев, Жасурбек Шукуров, Муроджон Йўлдошев, Азамат Матёқубов, Шарофиддин Лутфуллаев, Муҳриддин Тиловов, Рината Илматова, Нодира Жуманиёзова, Кумуш Хўжаева каби иқтидорли спортчилардан умидимиз катта. 
– Нуфузли мусобақага пухта тайёргарлик кўрдик, – дейди Муҳриддин Тиловов. – Гран-при олдидан мураббийларимиз қўл остида Ўзбекистон дзюдо федерацияси спорт базасида ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинида қатнашдик. Мақсадимиз ушбу нуфузли мусобақада муносиб иштирок этишдир.

Жавохир Тошхўжаев.

ЎзА.