sport_180_6Эртага пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида дзюдо бўйича Гран-при турнири бошланади. Мана, бир неча йилдирки, Тошкент ушбу нуфузли Гран-прига мезбонлик қилиб келяпти. Соврин жамғармаси 100 000 АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақада дунёнинг ўттиздан зиёд давлатидан кучли полвонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Тошкент Гран-присида терма жамоамиз аъзолари тўлиқ таркибда  иштирок этади. Мусобақа регламентига кўра, мезбон давлат ҳар бир вазн тоифасида тўрт нафардан спортчи билан қатнашиши мумкин.

Турнирда юртимиз  шарафини Шарофиддин Лутфуллаев, Яҳё Имомов, Шаҳзод Собиров, Ғиёсжон Бобоев, Диёрбек Ўрозбоев, Шерали Жўраев каби кўзга кўринган спортчиларимиз ҳимоя қилади. Мусобақа 8 октябрь куни  ниҳоясига етади.

***

Шу йилнинг 8 октябрь куни пойтахтимизда яна бир нуфузли мусобақа – паралимпия дзюдоси бўйича жаҳон кубоги турнири ҳам старт олади.

Унда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан келган 200 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун баҳс олиб боради.

Ўзбекистон Паралимпия ассоциациясининг sports.uz интернет ахборот порталига маълум қилишича, ушбу мусобақа ғолибларига 2020 йилда Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказиладиган Паралимпия ўйинлари учун рейтинг очколар берилади.