sport-suzish-nnmnmma_160Тошкентда жисмоний имконияти чекланган ёшлар ўртасида сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Бу йилги ўғил болалар ва қизлар ўртасидаги мусобақада 80 нафардан зиёд ўсмирлар ғолиблик учун баҳс юритдилар.

Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати берган маълумотга кўра, ўғил болалар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда пойтахтлик Умид Абдуҳалилов 50, 100 ва 200 метр масофага эркин усулда сузишда бир йўла учта олтин медални қўлга киритди. Умид 100 метрга чалқанча усулда сузишда кумуш медаль совриндори бўлди.

Тошкент шаҳри жамоаси аъзолари, шунингдек, 100 метр масофага чалқанча ҳамда 200 метр масофага эркин ва брасс усулида сузиш баҳсларида ҳам биринчи ўринни эгалладилар. Юрий Терешин 200 метрга эркин ва брасс усулда сузиш баҳсида иккита олтин медалга сазовор бўлган бўлса, 100 метрга чалқанча сузишда Сардор Холиқов марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келди. 100 метр масофага эркин ва чалқанча сузишда қашқадарёлик Фаррух Ражабов чемпионликни қўлга киритди.

Қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда Тошкент шаҳри вакиллари Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлдилар. 200 метрга эркин, 100 метрга чалқанча ва брасс усулида сузиш мусобақаларида Екатерина Юдинок уч бор шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, 50 метрга эркин усулда сузишда Албина Ҳидоятова олтин медаль соҳибига айланди.