Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
415
9399
9631

-232
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
172371
286969
40661

+246308

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 9 411 430
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Молиявий соғломлаштириш – таркибий ўзгартиришнинг муҳим омили

investitsiya_160Мамлакатимизда изчиллик билан давом этаётган ислоҳотлар доирасида давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштиришнинг самарали тизимини яратиш, уларга  ҳар томонлама кўмак кўрсатиб, нобарқарорлиги сабабларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш  муҳим  масалалардан  биридир.

Якунланиб бораётган йилнинг 14 декабрь куни Вазирлар  Маҳкамаси томонидан қабул қилинган  “Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айни шу йўналишдаги мавжуд ҳолат таҳлили натижалари қайд этилган. Унда ёзилишича, давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш соҳасидаги ишларнинг таҳлили молиявий нобарқарор корхоналар сони ошиб бораётганини, кўрилаётган чоралар эса кутилган самарани бермаётганини кўрсатган. Корхоналарни молиявий соғломлаштиришнинг ҳуқуқий асос­лари таҳлили эса  бир қатор ечилмаган масалалар мавжудлигидан далолат берган. Масалан, молиявий соғломлаштириш бўйича тадбирларнинг маълумот йиғишдан мониторинг қилишгача бўлган босқичидаги барча масалаларни қамраб олувчи ягона ҳужжат шу пайтга қадар қабул қилинмаган, мавжудлари ҳам   жараённинг фақатгина муайян босқичларини тартибга солишга қаратилган. Бундан ташқари, корхоналар томонидан қабул қилинаётган бизнес режалар молиявий соғломлаштиришнинг белгиланган нормативлари билан зарур даражада боғлиқ эмас. Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл хариталари” 2011 йилдан буён тайёрланаётган бўлишига қарамай, уларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва мониторинг қилиш бўйича норматив база  яратилмаган. Бундай йўл хариталарини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар жалб қилинмаган. Шунинг­дек, молиявий соғломлаштириш бўйича амалдаги ҳуқуқий меъёрларнинг корпоратив бошқарув ва банкротлик жараёнлари доирасида кенг қўлланилиши таъминланмаяпти. Таҳлиллар охирги йилларда банкротлик тартиботини жорий қилиш кўлами камайганлигини кўрсатган.

Муаммоларни бартараф этиш йўллари

Молиявий соғломлаштириш жараёнини бугунги кун талаби даражасида яхшилаш  мақсадида ҳукумат қарорида аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Қарор билан давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш учун маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом,  давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолати таҳлилини ўтказиш регламенти, давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл хариталари”, яъни  дастурларни ишлаб чиқиш  ва амалга оширилишини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом  тасдиқланган.

Ушбу ҳужжатлардан бири — давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш учун маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом   давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш учун Давлат рақобат қўмитасига  маълумотларни тақдим этиш тартибини белгилайди.  Низомга кўра,  устав фондида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари таҳлил қилиш объекти ҳисобланади. Таҳлил қилиш учун материаллар давлат органлари маълумотлар базаси орқали электрон ҳамкорликда тақдим этилади (бунинг  учун тўлов ундирилмайди).

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш учун маълумотларни тақдим этиш тартиби  беш босқичдан иборат. Дастлаб Давлат рақобат қўмитаси ҳар чоракда, келгуси ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 5-кунидан кечиктирмай Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигидан таҳлил қилиш объектлари  бўлган янгидан ташкил этилган корхоналар, юридик шахсларнинг ягона давлат реестридан чиқарилган корхоналар, устав фонди- (устав капитали)даги давлат улуши тўлиқ бегоналаштирилган корхоналар рўйхатларини олади.

Ушбу маълумотларни олгандан кейин қўмита уч иш куни мобайнида корхоналар рўйхатини янгилаш ва солиштиришни амалга оширади. Уни Давлат статистика қўмитасига ва  Давлат солиқ қўмитасига  улардан тегишли маълумотларни олиш учун юборади.

Ўз навбатида  Давлат статистика қўмитаси  корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси, зарар кўриб ишлаётган корхоналар, тўлаш кунидан уч ойдан ортиқ муддат ўтган кредиторлик қарздорлиги мавжуд корхоналар тўғрисидаги маълумотларни,  фаолиятининг асосий ишлаб чиқариш ва иқтисодий параметрларини акс эттирувчи корхоналар паспортларини тақдим этади.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан эса “Бухгалтерия баланси” 1-шакл ва  “Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот”  2-шакл бўйича молиявий ҳисоботлар, тўлаш кунидан уч ойдан ортиқ муддат ўтган бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдида кредиторлик қарздорлиги мавжуд корхоналар тўғрисидаги  маълумотлар Давлат рақобат қўмитасига юборилади. Ушбу маълумотлар ҳисоботларни тақдим этиш учун қонунчиликда белгиланган муддатдан кейин беш иш кунидан кечиктирмай Давлат рақобат қўмитасидан олинган таҳлил объектлари рўйхати бўйича жўнатилади. Айни пайтда Давлат рақобат қўмитаси ходимлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар бўйича низомда келтирилган маълумот ва ахборотлардан ташқари бошқа маълумот ва ахборотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди. Мазкур қўмита корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича вазифа ва функцияларни бажариш мақсадида тегишли маълумотлар базасини шакллантириш учун олинган маълумотлардан фойдаланади. Таҳлил ишларини амалга ошириш учун таркибий бўлинмаларига шаклланган маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятини беради, таҳлил натижалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларига маълумотларни юборади. Қўмита корхоналар молиявий-иқтисодий ҳолатининг таҳлили натижалари бўйича умумлаштирилган маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштириш ҳуқуқига эга. Корхоналарнинг бошланғич статистик ахборотлари ва молиявий маълумотлари ошкор этилмайди. Шу билан бирга, маълумотларнинг ўз вақтидалиги ва ишончлилигига уларни тақдим этган давлат органлари жавоб беради. Агар ушбу маълумотлар Давлат рақобат қўмитасига тақдим этилмаса ёки ўз вақтида тақдим этилмаса, ушбу масала учун масъ­ул бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.

Молиявий-иқтисодий ҳолат таҳлилини ўтказиш

Давлат иштирокидаги корхоналар молиявий-иқтисодий ҳолатининг таҳлили иқтисодий таваккалчилик ва иқтисодий ночорлик аломатларини аниқлаш ҳамда келгусида молиявий соғломлаштириш, давлат активларини сотиш ёки банкротлик таомилини қўллаш бўйича таклиф тайёрлаш мақсадида тегишли регламентда кўрсатилган тартибга мувофиқ ўтказилади. Таҳлил Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан олинган маълумотларни шакллантириш якуни бўйича ҳар чоракда  амалга оширилади.

Корхоналар молиявий-иқтисодий аҳволини таҳлил қилиш учун бир қатор асосий кўрсаткичлар (мезонлар) қўлланилади. Буларга  тўлов қобилияти ёки қоплаш коэффициенти,  ўз айланма маблағлари билан таъминланганлик коэффициенти,  активларнинг ва харажатларнинг рентабеллилик коэффициенти киради. Ўз ва қисқа муддатли қарз маблағларининг нисбат коэффициенти, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш коэффициенти ва асосий воситаларнинг эскириш коэффициенти каби қўшимча кўрсаткичлар ҳам қўлланилиши мумкин. Тўлов қобилияти (қоплаш) коэффициенти корхонанинг нафақат дебиторлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш ва тайёр маҳсулотни қулай шароитда сотиш шарти билан, балки бошқа моддий жорий (айланма) маблағлар элементлари шароитида баҳоланувчи қисқа муддатли мажбуриятларни тўлаш имкониятларига эгалигини кўрсатади. Коэффициентнинг камайиши корхона тўлов имкониятларининг пасайганлигини кўрсатади. Харажатлар ва активларнинг рентабеллик коэффициенти корхонанинг молия-хўжалик фаолиятининг фойдалилик (зарарлилик) даражасини кўрсатади. Бунда коэффициентнинг пасайиб бориши корхона молиявий таваккалчилигининг ошиб боришидан дарак беради.  Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш коэффициенти ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини билдирувчи кўрсаткичдир. Агар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш коэффициенти ҳисобот даврида 0,5 дан ёки ўртача тармоқникидан паст бўлса, у ҳолда корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси паст ҳисобланади. Асосий воситаларнинг эскириш коэффициенти асосий фонднинг давр учун эскириш улушини билдирувчи кўрсаткич бўлиб, асосий воситаларнинг бошланғич нархига нисбатан эскириш қиймати асосида аниқланади. Агар асосий воситаларнинг эскириш коэффициенти кўрилаётган давр охирида 0,5 қийматидан ошса, корхонанинг асосий воситалари сезиларли даражада эскирган саналади.

Корхоналарни гуруҳларга ажратиш тартиби

Иқтисодий ҳолатига кўра корхоналар  бир неча гуруҳга бўлинади. Биринчиси —иқтисодий барқарор, иккинчиси —  иқтисодий таваккалчилик, учинчиси —  иқтисодий ночор. Иқтисодий ночор корхоналар  тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга бўлган ва бундай  имкониятга эга бўлмаган корхоналарга ажратилади. Иқтисодий барқарор гуруҳга иқтисодий таваккалчилик ва иқтисодий ночор гуруҳга мансуб бўлмаган корхоналар киради. Иқтисодий таваккалчилик гуруҳига мансуб корхоналар регламентда кўрсатилган тўловга қодир эмаслик,  паст рентабеллик, молиявий таваккалчилик, ишлаб чиқариш қувватларидан паст даражада фойдаланиш  каби  белгилар мавжудлиги асосида аниқланади.

Иқтисодий ночор гуруҳга кирувчи корхоналар пулли мажбуриятлар ва мажбурий тўловлар бўйича уларни тўлаш кунидан уч ойдан ортиқ муддат ўтган кредиторлик қарзларининг мавжудлигига қараб аниқланади.  Бунда тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга бўлган корхоналарга бир қатор мезонлар билан таснифланадиган корхоналар киради.  Яъни бундай корхоналарда тўловга қодир эмаслик, ўз айланма маблағлари билан таъминланмаганлик, паст рентабелли (зарар билан ишлаётганлик) белгилари мавжуд бўлмаслиги керак.  Энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз борабаридан кам бўлмаган муддати ўтган кредиторлик қарздорлиги, тўловга қодир эмаслик, ўз айланма маблағлари билан таъминланмаганлик ва  паст рентабелли сингари белгилари  мавжуд бўлган субъектлар тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга бўлмаган корхоналар дея эътироф этилади. Корхоналарни гуруҳларга бўлиш натижасида  муайян рўйхатлар шакллантирилади. Биринчидан, молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл хариталари”— дастурлари ишлаб чиқиш таклиф этиладиган корхоналар, иккинчидан, давлат активлари белгиланган тартибда сотилиши таклиф этиладиган корхоналар, учинчидан, белгиланган тартибда банкротлик тамойили қўлланилиши таклиф этиладиган корхоналар, тўртинчидан бошқа чоралар қўлланилиши таклиф этиладиган корхоналар рўйхати тузилади.  Молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл хариталари” — дастурлари ишлаб чиқиш таклиф этилувчи корхоналарга иқтисодий таваккалчилик ва тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга бўлган иқтисодий ночор гуруҳларга мансуб корхоналар киради. Давлат активлари белгиланган тартибда сотилиши таклиф этиладиган корхоналарга тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга бўлмаган иқтисодий ночор гуруҳга мансуб бўлган корхоналар киради. Белгиланган тартибда банкротлик таомили қўлланилиши таклиф этиладиган корхоналарга жумладан, сўнгги икки йил мобайнида тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга бўлмаган иқтисодий ночор гуруҳга мансуб бўлган ҳамда сўнгги олти ой мобайнида ўз фаолиятини амалга оширмаган корхоналар киритилади.  Иккинчи ва ундан кейинги ҳар йил давомида корхонанинг соф активлари устав фонди (устав капитали)дан кам бўлган ҳолатда, корхоналар устав фонди (устав капитали) соф активлари қийматидан кўп бўлмаган миқдоргача камайтирилади ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилади.

З. ТОЖИЕВА тайёрлади.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"