Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6904
8025
7470

+555
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
153173
284189
62640

+221549

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 245 448
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Тараққиётнинг нурли пиллапоялари

obod-qishloq_180Бугун Қарши шаҳри кўркига кўрк қўшилмоқда. Бири биридан гўзал уй-жойлар, равон йўллар, шинам хиёбону обод маҳаллаларни кўрган кишининг кўзи қувнайди. Кечагина  Ўзбекис­тон кўчасида вилоят ҳокимлиги ёнидан то Қашқадарё дарёсига қадар йўлнинг икки тарафини  икки қаватли, бундан 50 йиллар олдин қурилган кўримсизгина уй-жойлар “безаб” турарди. Тўғриси,  шаҳарнинг энг кўзга кўринган жойи ҳам шу кўча ва атрофидаги уйлар эди. Бугун эса йўлнинг икки тарафида биринчи қавати савдо ҳамда маиший хизмат шохобчалари, юқори қаватлари турар жой бўлган 5-6 қаватли гўзал иморатлар қад ростлади.

Йўллар кенгайтирилди, атрофларига чироқлар ўрнатилди. Четларида эса қишин-ёзин кўм-кўк бўлиб яшнаб турадиган яшил хиёбонлар барпо этилди. Шаҳарнинг бошқа кўчаларидаги уй-жойлар ҳам янгиланиб, янгича дизайнда барпо этилди. Бугунги замонавий уй-жойлар нафақат кўркам ва гўзал қилиб қурилмоқда, балки аҳоли дидига мос ва яшаш учун қулай тарзда барча қулайликлар яратилмоқда. Энг қувонарлиси, бугун шаҳар ва вилоятда яшаётган одамлар гўзал ҳамда ҳамиша навқирон Қарши билан фахрланишларини айтишдан сира зерикмайдилар.

Бир мисол: ҳукуматимиз томонидан “Обод маҳалла” дастури ишлаб чиқилганидан сўнг Қарши шаҳридаги бир нечта маҳалла янада шинам ва кўркам бўлди. Масалан, Отчопор маҳалласини оладиган бўлсак, 11,5 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган бу ҳудудда илгари маҳалла гузари йўқ эди. Дастур доирасида 500 миллион сўм маблағ сарфланиб, чиройли гузар қурилишига киришилди. Айниқса, маҳалланинг маъмурий биноси қурилиб, фойдаланишга топширилгани аҳолини жуда қувонтирди. Бино худди узукка кўз қўйгандек ярашди. Шунингдек, 18 та нотурар жой объекти қад ростлагани ҳам ҳудудга ўзгача чирой бахш этди.

Бундан ташқари, 800 ўринли вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси реконструкция қилинди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббий марказининг Қарши филиали биноси қайта таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. 120 ўринли, 4 қаватли бинода беморларни даволаш учун барча қулайликлар яратилди.

Филиал директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Тўлқинжон Мамарасулов яратилган қулайлик­лар ҳақида бундай дейди:

– Муассасамизга Германия, Россия, АҚШ ва Хитойдан энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилган. Энг асосийси, реконструкциядан сўнг фаолиятимиз кўлами янада кенгайди. Кенг ҳамда ёруғ хоналарда беморларни қабул қилиш ва ташхис қўйиш янада яхшиланди. Бундай ўзгариш­лардан бизга шифо истаб келган ҳар киши жуда мамнун.

Реконструкция ишларини “Қашқадарё махсус дизайн” шўъба корхонаси бунёдкорлари амалга оширдилар. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган эндокринология тиббиёт маркази ҳам шу маҳаллада чиройли ва замон талабига мос тарзда барпо этилди. Айтмоқчи, маҳалла милиция таянч пункти ва унинг нозири учун қурилган уй-жой ҳам чиройли ва шинам.

Маҳаллага келадиган меҳмонлар йўл азобини тортишмайди. Чунки 11 километр йўл асфальтланди, 6 та трансформатор янгиланди. 2,5 километр масофадаги электр симлари янгиларига алмаштирилди. Бу ерда намунавий лойиҳа асосида 135 та уй-жой қурилган. Маҳаллада битта мактаб бўлиб, аммо ҳалигача боғча учун бино қурилгани йўқ.  Боғча ёшидаги 974 нафар боланинг айримларини ота-­оналар бошқа жойлардаги боғчаларга олиб боришяпти, бошқари эса уйида тарбияланишмоқда.

Маҳаллада тадбиркорликни ривож­лантиришга катта эътибор қаратилаётганининг гувоҳи бўлдик. Аҳоли томорқасида иссиқхоналар барпо этган, паррандачилик ва чорвачилик билан шуғулланишяпти. Бунинг учун 64 та хонадонга банкдан кредит ажратилди. Жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳам намунали ишлар олиб борилмоқда. Шу боис, маҳалла профилактика нозири намунали таянч пунктлари танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаб, автомобиль билан тақдирланди.

Табиийки, янги уйга кўчиб ўтган оилалар аъзоларининг дили ёришади, қалбида янги орзу-умидлар пайдо бўлади. “Энди чиройли турмуш кечирамиз, уйни авайлаймиз, хоналарни энг замонавий дизайнда жиҳозлаймиз”, деб ният қилади. Яқинда Қарши туманидаги Чавқай массивида қурилаётган 50 та 2 қаватли, 4 сотихли намунали уй-жойларга кўчиб кираётган қишлоқ одамлари дилини ҳам ана шундай гўзал ўй-фикрлар чулғаб олаётган бўлса, ажаб эмас.

Айтмоқчимизки, қишлоқ одамлари илгаригидек оғир шароитда эмас, замонавий уй-жойларда яшай бошлагач, уларнинг юртга, туғилиб ўсган заминга меҳри янада ошади. “Обод қишлоқ” дастури доирасида қурилаётган бу уй-жойлар кўркамлиги, гўзаллиги билан ҳудудга ўзгача чирой бахш этмоқда.

Тоғлар ва шифобахш булоқлар маскани бўлган Китоб туманида ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширил­япти. Бу ерга қадам қўйган киши дилини мусаффо тоғ ҳавоси ва сўлим табиатнинг фусункорлиги яйратиб юборади. Денов қишлоғида қурилиш-ободонлаштириш юмушлари авж олаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Туман ҳокимлигининг қурилиш бўйича мутахассиси Фарҳод Усмоновнинг сўзларига кўра, яқинда 21-мактабгача таълим муассасаси барпо этилган.  Уни “Алжамхўр” хусусий корхонаси бунёд этган. Лойиҳа қиймати 1 миллиард 27 миллион сўмдан иборат бўлган ўқув даргоҳини кўриб, кўзимиз қувнади.  Вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инвестиция компанияси буюртмаси асосида бунёд этилган бинода электр энергияси сарфини камайтириш мақсадида энергия тежовчи чироқлар ўрнатилди.

– Янги боғчада барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди мудира Дилшода Жўраева. – 150 ўринли боғчада 6 та гуруҳни шакллантириш имконияти мавжуд. Боғча биноси чиройли ва кўркам бўлиши билан бирга, ёруғ ва кенг, энг муҳими иссиқ. Бу келажагимиз ворислари бўлмиш ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Маҳаллага борган одам, энг аввало, идора қаердалиги билан қизиқади. Агар идора чиройли бўлса, табиийки, кайфияти кўтарилади. Шу боис, туман раҳбарлари қурилиш ишларини маҳалла маъмурий биносини янгилашдан бош­ладилар. Ҳозир Денов маҳалла фуқаролар йиғинининг маъмурий биноси қайта таъмирланиб, чирой очиб турибди. Милиция таянч пункти ва унинг нозири учун уй қурилган. Чунки нозир туну кун шу ерда бўлиши, исталган пайтда топилиши лозим. Маҳалла тинч­лиги, аҳолининг хотиржамлиги кўп томонлама нозирнинг меҳнати ва ишчанлигига боғлиқ.

Маиший хизмат, спорт ва савдо объектлари қурилиши ҳам қизғин давом этмоқда.  Арзон ва намунали ло­йиҳа асосида 2 сотихли 20 та уй-жой қуриляпти. Бир сўз билан айт­ганда, маҳалла аҳли бўлаётган бу янгиланиш­лардан мамнун.

“Обод қишлоқ” дастури асосида Китоб туманида 359 та уй-жой, 8 километр пиёдалар йўлакчалари таъмирланди. 2,2 гектар майдонда гулзорлар барпо қилинди. 10 километр узунликдаги ичимлик сув тармоқлари ётқизилди. 4 километр ичимлик сув тармоқлари, 6 километр масофадаги ички йўллар таъмирланди. 7,1 километр электр тармоқлари реконструкция қилинди. 1180 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, 136 киши иш билан банд этилди. Дастурда кўзда тутилган 12,8  миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш юмушларининг бугунгача 9,5 миллиард сўми ёки 74 фоизи бажарилди.

Гап арзон уй-жойлар ҳақида кетар экан, айрим рақамлар билан танишайлик.  Жорий йилда “Қишлоқ қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамия­ти Қашқадарё филиали буюртмачилигида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида умумий қиймати 542,1 миллиард сўм бўлган 3207 та арзон уй-жой бунёд этилиб, октябрь ойигача уларнинг 1267 таси фойдаланишга топширилди. Дастурга мувофиқ, қиш­лоқ жойларида 1810 та арзон уйдан 1103 таси битказилиб, уларга аҳоли кўчиб кирди. Дастур ижросини таъминлаш мақсадида яна 707 та ана шундай уй-жой фойдаланишга топширилиши бўйича иш олиб борилмоқда.

Бугун арзон уй-жойлардан аҳоли мамнун. Сабаби, кимнингдир қиммат уйни сотиб олишга чўнтаги кўтармайди ёки мунтазам кредит маблағини тўлаб боришга қурби етмайди. Шунинг учун янгиланган лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлар халқимиз талабига мос тушмоқда. Шуни инобатга олиб, вилоятда келгуси йилда 1794 та намунавий арзон уй-жой қурилиши мўлжалланмоқда.

– Уй-жойлар учун туман ҳокимлик­лари томонидан танланган ер майдонлари “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасида тасдиқланиб, бизга тақдим қилинди, – дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти Қашқадарё филиали директорининг иқтисод бўйича ўринбосари Хуршид Жўраев. – Ҳозир туман ҳокимликлари томонидан ер ажратиш қарори ва тегишли ташкилотларнинг техник шартлари асосида ҳужжатлар тайёрланиб, “Қишлоққурилишлойиҳа” масъулияти чекланган жамияти Қашқадарё филиали томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур филиалнинг техник назоратчиси Шуҳрат Отаниёзовнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

– Уй-жойлар давлат стандартлари талабларига мос бўлиши керак, – дей­ди Шуҳрат Отаниёзов. – Биз қатъий назорат олиб боряпмиз. Уй-жойга пойдевор қўйилганидан бошлаб то калит топширилгунгача бўлган жараён назоратимизда. Қолаверса, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам кузатиб боришяпти.

Ободлик. Бу сўз тилга олинганда ҳар бир кишининг кўнгли яйрайди. Кўз ўнгида  гўзал ва муҳташам иморатлар, гулзору хиёбонлар гавдаланади. Ободлик кўнгилдан бошланади, деб бежиз айтилмаган. Бошланган қурилиш, ободончилик ва таъмирлаш юмушлари ҳам одамлар қалбида эзгу ҳамда гўзал туйғуларни  уйғотмоқда, уларнинг юрт келажагига, мамлакат тараққиётига бўлган ишончини янада юксалтиряпти. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг шаҳар ҳамда қишлоқларда муваффақиятли амалга оширилаётгани юракларда шундай туйғуларни жўш урдирмоқда. Зеро, обод юртга тўйлар, шодиёналар ярашади. Обод юрт – мамлакат тараққиётининг нурли пиллапояларидир.

Саид МУРОДОВ.
 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"