Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5100
5896
4990

+906
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
97910
205121
151672

+53449

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 559 635
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" “Инсоф” ва “исроф”

mib_160_221Insof va isrof

“Инсоф” ва “исроф” сўзларининг ёзилишидаги фарқ қанчалик кам бўлса, маънолари ўртасидаги тафовут шунчалар катта. Улар инсон фаолиятининг икки қарама-қарши қутбидир. Чиндан ҳам, бири (инсоф) инсонни улуғликка етаклаб, кишилар орасида яхши ном қозонишига хизмат қилса, иккинчиси (исроф) уни тубанлик сари бошлайди. Айниқса, халқ ва давлат бойлигини исроф қилишга қўл уриш инсоф тушунчасини батамом унутиш демакдир. Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан аниқланган энергия ресурслари тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож қилиш ҳолатлари билан танишар эканмиз, бу икки тушунча моҳиятига теранроқ назар ташлашга эҳтиёж сездик. Боиси, улар... минг афсуски, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахслардир. Ахир юртимизда улар учун яратилган шароитлар ҳавас қилса арзигулик бўлса-ю, улар “инсоф” тушунчасини ёддан чиқаришса, ғалати кўринар экан... Қуйида ана шундай ҳолатлардан айримларини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишни жоиз топдик...

Тўйхонадаги қинғирлик

Мажбурий ижро бюросининг Пастдарғом тумани бўлими ходимлари Оқманғит маҳалласида жойлашган тўйхона раҳбари Д.М. электр энергияси тармоғига ноқонуний равишда тўғридан-тўғри уланиб олганлигини аниқлашди.

4 дона “Артель” совутгичи, битта музлатгич, 36 та ёритгич, 7 та узатгич ва битта сув насосидан тармоққа ноқонуний уланган ҳолда фойдаланиб келаётган тадбиркор давлат манфаатларига 202 млн. 500 минг сўм миқдорида зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан бюронинг Пастдарғом тумани бўлими томонидан тўйхона раҳбари Д.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 1852-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ноқонуний фаолиятга

чек қўйилди

Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон тумани бўлими ходимлари томонидан Кумушқирғоқ маҳалласида яшовчи
И. Шодмоновнинг қинғирликлари фош этилди. У “Қорадарё” электр таъминоти корхонасидан юридик истеъмолчи сифатида рўйхатдан ўтиб, дурадгорлик ускунасини ишлатиш учун “DТS-541” русумли ҳисоблагич ўрнатган.

Аслида фақат дурадгорлик ускунаси учун рухсат берилган бўлса-да, И. Шодмоновнинг фарзанди Э. Сатторов яширин цех ташкил қилган. Жувоз ускунасини электр тармоғига ҳисоблагич орқали ноқонуний улаб, пахта чигитидан ёғ ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келган.

Ҳуқуқбузардан 3 млн. сўмлик 1 дона дивигатель, қўлбола усулда ясалган жувоз ускунаси, 15 кг пахта чигити, 28 кг кунжара ва 7 литр тозаланмаган пахта ёғи ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳуқуқбузарликни содир этган Э.Сатторовга нисбатан Жиноят кодексининг 1862-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, йиғилган ҳужжатлар туман прокуратурасига юборилди.

Ҳаддидан ошди

Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармаси ходимлари ҳам назорат тадбирлари жараёнида давлат мулкини талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлигини аниқлашди.

Хусусан, Қувасойдаги Муян қишлоғида жойлашган оҳак ишлаб чиқариш цехи иш юритувчиси С.Қ. ўзининг моддий манфа­атини кўзлаб, қонуний ҳужжатлар асосида ишлатилаётган хумдонлардан ташқари лойиҳада назарда тутилмаган қўшимча хумдон қуриб, унга 24 та ностандарт қўлбола горелкани ўрнатган ҳолда табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олган.

С.Қ. оҳак ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатлари қонуний бўлганлиги сабабли “ҳеч ким билмайди ва кўрмайди” қабилида иш тутиб, қўшимча қуриб олинган хумдон ёрдамида моддий манфаат кўриб келаверган.

Бироқ бюронинг Қувасой шаҳри бўлими тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар жараёнида С.Қ.нинг “кўпроқ фойда топиш усули” фош қилинди ва давлатга етказилган 95 млн. 879,7 минг сўмлик моддий зарар ўрнини қоплаш учун Жиноят кодексининг 1852 моддаси 6-қисмида назарда тутилган бир ойлик ихтиёрий муддат берилди. С.Қ. жиноий жавобгарликка тортилишни истамай, унга берилган муддат давомида етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплади.

Қаловини топсанг...ми?

Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари аниқлаган қуйидаги ҳолат нақ детектив асарнинг ўзгинаси, “қаҳрамони” эса “қаловини топиб, қорни ҳам ёндираман” дейдиганлардан, бироқ қинғир ишнинг қийиғи чиқишини унутганлардан бўлиб чиқди.

Қувасой шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Ш. ўзи раҳбарлик қилиб келаётган фермер хўжалигида 35 гектар ер майдонида интенсив боғ ташкил қилиб, 5 гектар ер майдонида ғалла етиштириб келган. Бироқ ўша вақтларда ҳам фойдаланилган электр энергия­си учун 1 млн. 750 минг сўм тўловни умуман амалга оширмаганлиги сабабли 2015 йил ноябрь ойида тармоқдан узиб қў­йилган.

Шундан сўнг Н.Ш. электр энергия­сидан яширинча фойдаланишнинг “антиқа” режасини тузади ва уни амалга оширишга киришади. 2016 йилнинг баҳорида – суғориш мавсуми бошланган вақтда ер майдонларининг кўзга унча ташланмайдиган чекка жойидан аҳоли фойдаланувида бўлган электр тармоғига ноқонуний уланиб олиб, барча сув насосларини шу электр энергияси ҳисобидан ишлата бошлайди.

МИБ Қувасой шаҳри бўлими тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар жараёнида Н.Ш.нинг жинояти фош қилинди. “Уддабурон”нинг эса давлатга нақд 73 млн. 174,8 минг сўмни санаб топширишдан ўзга иложи қолмади.

Қирқилган сим кўпайтирмаган даромад

Жорий йилнинг бошларида Данғара туманининг Оқжар қишлоғида истиқомат қилувчи фермер хўжалиги раҳбари Б.У. ер майдонларини суғориш учун мўлжалланган сув насосларига сарфланаётган электр энергияси миқдорини камайтириш ҳақида бош қотира бошлайди. У фермер хўжалиги балансида бўлган трансформатордаги “А” ва “С” фазаларини қирқиб ташлайди ва бу орқали сарфланаётган электр энергиясининг 66 фоиз қисми электр ҳисоблагичдан ўтмаслигини таъминлайди.

Бироқ ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида бу кирдикорлик фош қилинади. Б.У.нинг даромадни кўпайтириш орзусида фазаларини қирққани даромадини оширмади, аксинча, у ўз ҳаракатлари билан ўтган давр мобайнида ноқонуний равишда ўғирлаган электр энергияси учун етказилган 19 млн. 175,0 минг сўмлик зарарни тўлиқ қоп­лашга мажбур бўлди.

Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ўз фаолия­ти давомида аниқлаган ҳолатларнинг кичиккина бир қисми, холос. Беихтиёр ўйга толади, киши. Ахир бараканинг боши инсофда бўлса-ю, кимлардир айнан инсофни унутган ҳолда даромад қилишни ўйласа. Қилаётган иши қонунга хилофлиги ҳам уни ниятидан қайтаролмаса... Биз бугунги қоралама орқали “инсоф” ҳамда “исроф” тушунчаларини бежиз фикр ва адолат тарозисининг икки палласига қўйиб кўрсатмадик... Ундан тегиш­ли хулоса чиқариш эса ҳар бир юртдошимизнинг ўзига ҳавола...

Маъруф ТОШПЎЛАТОВ.

Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати

кўмагида тайёрланди.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"