Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5106
5896
4990

+906
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
97916
205121
151672

+53449

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 559 641
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" "Викри аукциони” модели муаллифи

vikri_160_5541Уильям Спенсер Викри  Нобель мукофотини қўлга киритгани ҳақидаги хабар эълон қилинганидан уч кун ўтиб оламдан кўз юмди. Шу сабабли унинг ўрнига Нобель маърузасини Жан Жак Лаффон ўқиб берди.

Канадада туғилган америкалик иқтисодчи Уильям Спенсер Викрига “ассимет­рик информация ҳақидаги иқтисодиёт назарияси ривожига” қўшган ҳиссаси учун Нобель мукофоти 1996 йилда берилган эди.

Бутун умрини иқтисодиёт фанига бағишлаган олим солиққа тортиш, ресурсларни тақсимлаш ва иқтисодий рағбатлар мавзуларида илмий ишлар олиб борган. Шунингдек, у “Викри аукциони” деб ном олган моделнинг муаллифи бўлиб, кўплаб ижтимоий ва илмий ташкилотлар аъзоси, тинчлик учун курашчи ҳамда диний толерантлик тарафдори эди.

Уильям Спенсер Викри 1914 йил 21 июнда Канаданинг Виктория шаҳрида таваллуд топган. Бошланғич ва ўрта мактабни Европада тугатган. Олий мактабни эса Массачусетс штатининг Эндовер шаҳрида ўқиб битирган. Кейинчалик Филлипс Андовер номидаги академияга ўқишга киради ва уни 1931 йили битиради.

Уильям Викри ёшлигидан математикага қизиққани учун бу фанни чуқур ўрганишга интилади ва шу мақсадда Йель университетига математика йўналиши бўйича ўқишга кириб, бу олийгоҳни 1935 йилда бакалавр даражаси билан тугаллайди.

Викрининг ёшлик даврида энг кучли иқтисодчилар Колумбия университетида фаолият юритишар эди. Бўлажак олим ҳам талабалик пайтидан иқтисод фанига қизиқиши ортиб боради, шунинг учун у магистерлик диссертациясини айнан Колумбия университетида ёқлашга қарор қилади ва 1935-37 йилларда ушбу олийгоҳда ўқийди. Кейинчалик у Вашингтондаги Миллий ресурсларни режалаштириш кенгашида ҳамда АҚШ Молия вазирлигининг солиқ тадқиқотлари бўлимида ишлайди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайт­да у ҳарбий хизматдан бош тортади, олимнинг маънавий қарашлари бунга йўл қўймайди. Шунда Уильям муқобил хизматнинг бир қисмини Пуэрто-Рико солиқ сиёсатини ўрганиб чиқиб, янги солиқ турини жорий этишга бағишланган иқтисодий тадқиқот устида ўтказади.

1948 йили у Колумбия университетида иқтисодиёт йўналишида “Прогрессив солиққа тортиш кун тартибида” мавзуидаги докторлик диссертациясини ёқлайди. Мазкур илмий иш 1972 йили “Иқтисодий классика” номи билан асар сифатида чоп этилади.

Ўқитувчилик фаолиятини Уильям Спенсер 1946 йилда Колумбия университетида бошлайди. У иқтисодиёт фанидан 36 йил давомида дарс беради: 1958 йили профессор, 1971 йили сиёсий иқтисодиёт профессори сифатида фаолият юритиб, 1982 йилда истеъфога чиқади.

Олим кенг қамровли масалалар юзасидан тадқиқотлар олиб боради. Улардан бири 1939–1940 йиллар давомида ХХ аср фонди учун амалга оширилиб, коммунал хизматларга самарали нархларни ўз ичига қамраб олган электр энергияси мавзусига бағишланади. 1951 йилда Нью-Йорк бошқарув қўмитаси учун транзит тарифларини ўрганиб чиқади.

Бундан ташқари, Уильям Викри 1949-1950 йилларда урушдан кейинги Япония солиқ тизимини қайта кўриб чиқиб, махсус комплекс дастурни ишлаб чиққан америкалик профессор К.Шоуп гуруҳига аъзо бўлиб киради. Шунингдек, у АҚШ ва айрим хорижий мамлакатлар конференция ва турли тадбирларида иқтисодий мавзуларда маърузалари билан қатнашади ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотида маслаҳатчи сифатида фао­лият юритади.

Уильям Викри умри давомида мик­роиқтисодиёт, макроиқтисодий таҳлил ҳамда иқтисодий сиёсат масалалари устида илмий тадқиқотлар олиб борган, бу мавзулар унинг бутун эътиборини жалб қилар эди.

Микроиқтисодиёт йўналишида унинг солиққа тортиш ҳамда ижтимоий соҳада нархларни шакллантириш тадқиқотлари алоҳида эътиборга молик. Бу мавзуларга бағишлаб ёзилган, юқорида айтиб ўтилган “Прогрессив солиққа тортиш кун тартибида” номли китоби классик асар ҳисобланади.

Умумэътироф этилган илмий ишларига шаҳар транспорти, хусусан, тезюрар транзит тизимлари учун нархларни шакл­лантириш муаммоларининг ечимига доир тадқиқотларини келтириш мумкин. Унинг фикрича, транспорт туфайли юзага келаётган салбий оқибатлар ҳисобга олиниб, улардан келиб чиқаётган зарар нархлар ичига киритилиши керак. Айниқса, унинг транспорт соҳасига оид 1952 йилдаги таклифи эътиборлидир. Аввалига Нью-Йорк метроси тизимида қўллашни таклиф қилинган бу ғоя тарифлар “тиғиз соатларда”, яъни метрода одам сони кўпайган вақтда (эрталаб ишга кетиш ва кечқурун ишдан қайтиш пайтларида) ва юқори трафикли участкаларда амалга  оширилиши керак. Амалдорлар бу усулни қўллаш таваккалчилик билан боғлиқ, буни амалга оширадиган технология ҳам йўқ, деб ҳисоблаб, уни инкор этишган. Бироқ кейинчалик Викри бу усулни автомобиль транспортига мослаб ҳам таклиф қилади. Орадан 25 йил ўтгандан кейингина Викри усулининг ишлаш тартиби “Columbia” нашри томонидан изоҳланади: “Ҳар бир транспорт воситасида ўрнатилган электрон идентификацион бирликлар орқали счётлар чиқарилади, ёзиб оладиган ускуна йўлда транспорт ҳаракатланганда ишга тушади. Компьютерлар маълумотларни саралаб, харажатларни белгилайди. Автомобилчилар счётлар бўйича тўловларни ойма-ой тўлаб борадилар”.

Ҳозирги кунда счётлар EZ-Pass - модернизацияланган тарзда қўшимча қўлайликлар киритилган ҳолда кредит карталар ёрдамида автоматик тарзда автомобилчиларга тақдим қилинади. Бу ҳолатни назарда тутиб, унинг энг яқин дўсти, Колумбия университети ходими Аарон Уорнер: “Викрининг ғоялари доим ўз вақтидан илгарилаб келган”, деб айт­ганди.

Уильям Викри макроиқтисодиёт йўналишида кейнсчилик назариясининг изчиллик билан ривожланишини тарғиб қилади. “Метастатика ва макроиқтисодиёт” (1963) илмий ишида “метастатик вақт орасидаги мувозанат” назарияси орқали микроиқтисодий таҳлилдан макроиқтисодиётга ўтишга ҳаракат қилади. Бу назариянинг муҳим элементи сифатида ахборотнинг ноаниқлиги ва ишончсизлиги (ассиметриклиги)ни кўрсатади. Айнан шулар туфайли кейнсчилик назариясида илгари сурилган иқтисодий сиёсатни юритиш қийинлашади, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, иқтисодиёт ишсизликнинг турли нормаларида мувозанат ҳолатида бўлиши мумкин, ҳаммаси прог­нозлар, ҳукумат сиёсати ва институционал ўзгаришларга боғлиқ.

Ўзининг сўнгги ишларида Уильям Вик­ри иқтисодий сиёсатнинг янги инс­трументларини ишлаб чиқишга ҳаракат қилади. Улар ҳукуматга ўсиб келаётган инфляция шароитида бандликнинг юқори даражасини таъминлашга ёрдам беришини таъкидлайди. Инсон психикасининг табиати ва у билан боғлиқ но­аниқлик ҳамда ахборотнинг етишмаслиги Викрининг микро ва макроиқтисодиёт назариясида муҳим роль ўйнайди. Айнан “асимметрик ахборот” деб ном олган усули учун Уильям Спенсер Викри британиялик иқтисодчи Ж. Миррлис билан биргаликда Нобель мукофоти билан тақдирланади.

Шундай қилиб, Уильям Викри 1940 йилдан бошлаб олиб борган тадқиқотлари солиқлар эвазига даромаддаги фарқни тўғрилаш ҳақидаги кенг тарқалган назарияни инкор этади. Унинг қайта-қайта такрорлаб айтишича, илмий ишларининг асосий мақсади – солиққа тортишнинг оптимал даражасини топиш ва бунинг натижасида ишчи ва ходимларда меҳнатга бўлган иштиёқни сўндирмасдан, аксинча, рағбатлантириш эди.

Викри сиёсатчиларнинг мувозанатли бюджет “кетидан қувиши”га қарши чиқади ва доимо: “Мувозанатли бюджетга эмас, балки мувозанатли меҳнат бозорига интилиш керак”, деб таъкидлайди.

Олимнинг “Викри аукциони” деб ном олган модели аукционларга янгича ёндашувни илгари суради. Бу усул, Вик­рининг айтишича, нафақат сотувчига, балки харидорга ҳам фойдали бўлиб, товарнинг ҳаққоний таннархини акс эттирадиган ставкаларни кафолатлайди.

Унинг асосий илмий ишларига қуйидагилар киради:

1.         “Прогрессив солиққа тортиш кун тартибида” (“Agenda for progressive taxation”, 1947, 1971);

2.         “Метастатика ва макроиқтисодиёт” (“Metastatics and macroeconomics”, 1964);

3.         “Ижтимоий соҳа иқтисодиёти” (“Public economics”, 1994, 1997) ва б.

Уильям Викри Миллий фанлар академияси, Эконометрик жамият аъзоси, 1992 йилда Америка иқтисодий уюшмаси президенти бўлган, 1979 йилда Чикаго университети томонидан фахрий унвон билан тақдирланган.

Олим 1951 йилда Сесиль Томпсонга уйланади, улар Нью-Йоркда Гас­тинг-Хандсонда яшашган.

Ҳилола САЛОЕВА.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"