Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5100
5896
4990

+906
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
97910
205121
151672

+53449

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 559 635
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Қайта молиялаш ставкаси нимага боғлиқ?

moliyaviy_160Марказий банк қайта молиялаш ставкасини 2018 йилнинг 25 сентябридан 2 фоиз ошириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилади. Мазкур қарор ташқи иқтисодий шароитлар ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган бўлиб, инфляцион башоратлар ошиши, маъмурий тартибга солинадиган нархлар ўсиши ва валюта алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири кучайиши шароитида инфляцион босимни пасайтиришга йўналтирилган.

Кейинги пайтда мамлакатимизда йиллик инфляция даражаси пасайишига қарамасдан, инфляция хатарларининг кучайиши ҳисобига келгусида ушбу пасайиш динамикасининг ўсиш томонга ўзгариши эҳтимоли кескин ошди. Пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш ушбу хатарлар ҳамда инфляцион кутилмаларни пасайтиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, йиллик инфляция даражаси пасайишда давом этиб, август ойида дастлабки прогноз кўрсаткичлари доирасида – 15,7 фоизни ташкил этди. Бу, ўз навбатида, мева ва сабзавотлар нархларининг мавсумий арзонлашиши ҳамда 2017 йилда пул массаси ошиши ва миллий валюта девальвацияси натижасида юзага келган юқори инфляцион босим таъсирининг секин-аста камайиб бориши ҳисобига рўй берди.

Жорий йилнинг бошида иқтисодий ривожланишнинг базавий башоратларига мувофиқ, Марказий банк томонидан 2018 йил якуни бўйича инфляция даражаси 11,5-13,5 фоиз оралиғида бўлиши прогноз қилиниб, у қуйидаги шартларга асосланганди:

асосий ҳамкор савдо давлатларда қулай ташқи иқтисодий шароитларнинг сақланиб қолиши ва макроиқтисодий барқарорликнинг янада мустаҳкамланиб бориши;

маъмурий бошқариладиган нарх ва тарифларнинг кескин оширилмаслиги;

умумлаштирилган давлат бюджети ижросининг мувозанатлилигини таъминлаш;

иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг бир маромда ўсиши.

Бугунги кундаги мавжуд жорий ҳолат базавий прогнозлардан фарқли равишда пул-кредит сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари ва чораклик шарҳларида қайд этилган инфляция хатарлари рўёбга чиқаётганлигидан далолат бермоқда. Инфляцион хатарларнинг кучайиши қуйидаги омиллар билан изоҳланади.

Биринчиси, ташқи омиллар таъсирида сўм алмашув курсининг қадрсизланиши. Ўз навбатида, ушбу девальвацион босим кучайишини асосий ҳамкор савдо давлатлар миллий валюталари кескин қадрсизланиши ҳисобига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигининг пасайишига миллий иқтисодиётнинг акс жавоби, деб қараш мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, алмашув курси ўзгаришининг инфляция даражасига йиғма таъсири етти чораккача давом этади ҳамда унинг энг юқори нуқтаси иккинчи ва тўртинчи чораклар оралиғига тўғри келади.

Иккинчиси, кредитлаш ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши натижасида иқтисодиётда истеъмол ва инвестицион талабнинг ошиши. Учинчиси, тартибга солинадиган нархларнинг кутилган даражадан юқорироқ оширилиши, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ тарифларининг бозор нархларига мослаштирилишининг прогноз қилинганлиги. Маъмурий тартибга солинадиган нархлар оширилишининг умумий инфляция даражасига таъсири юқори бўлса-да, мазкур нархларнинг эркинлаштирилиши иқтисодиётда тўпланиб қолган таркибий номутаносибликларни бартараф этиш учун зарур чора ҳисобланади. Мазкур жараённи ортга суриш пул-кредит сиёсатининг нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини пасайтириб, иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишига тўсқинлик қилади.

Тўртинчиси, бюджет харажатларининг режалаштирилган кўрсаткичларидан юқори бўлиши ва умумлаштирилган давлат бюджетининг мувозанатли ижросини таъминлаш бўйича хатарларнинг ортиши. Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли инфляция башоратларининг пасайиши билан бир қаторда узоқ муддатли кутилмаларнинг барқарорлашуви қайд этилди.

Айни пайтда ташқи сектордаги ҳолат ва унинг таъсирида ички бозордаги ўзгаришлар натижасида август ойи якуни бўйича қисқа муддатли кутилмаларнинг июль ойига нисбатан ўсиши кузатилди. Шунингдек, узоқ муддатли инфляция башоратлари жорий йилнинг иккинчи чорагида нисбатан юқори, барқарор бўлган бўлса, июль ойидан бошлаб уларда ҳам ўсиш динамикаси кузатила бошланди. Август ойида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси бўйича кутилмалар кескин ошди. Бунда агар февраль ойидан бошлаб тахминлар секин-аста пасайиб, йил охиригача алмашув курсининг барқарор бўлиши мўлжалланган бўлса, август ойида девальвацион башоратлар ортиб, йил якуни бўйича сўм қадрсизланишининг кутилиши ошди. Бу, ўз навбатида, келажакда инфляция башоратларининг қўшимча равишда ошишига олиб келиши мумкин.

Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олган ҳолда жорий йил учун инфляциянинг дастлабки прогноз кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилиб, йиллик инфляция прогнози 16-17 фоизгача оширилди. Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, шу йил якуни бўйича иқтисодиётда ўсиш суръати 5,0–5,2 фоиз оралиғида бўлади. Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари бўйича белгиланган таркибий ислоҳотлар ва давлат корхоналарининг босқичма-босқич барқарор рентабеллик кўрсаткичларига чиқиши келгуси ва ундан кейинги йилларда ЯИМ реал ҳажмининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади.

Асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар, жумладан, ҳукуматнинг инвестицион характерга эга харажатларининг юқори ўсиш суръатлари ҳамда истеъмол талабининг ошиши ташқи омилларнинг иқтисодий ўсишга салбий таъсирини енгиллаштириш имконини беради. Қурилиш,  айниқса, уй-жой қурилиши ҳажмларининг ортиши ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича ло­йиҳаларнинг амалга оширилиши ушбу тармоқлар ва уларга тегишли соҳаларда қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, асосий ҳамкор савдо давлатлардаги  иқтисодий ва молиявий барқарорлик ўрта муддатли истиқболда миллий иқтисодиётимиз ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади. Ташқи шароитлар борасида 2018 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича тўлов баланси жорий операциялар ҳисобварағи қолдиғининг -1,1 млрд. АҚШ долларни ташкил этганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Бу, асосан, ускуналар, технологик линиялар, хомашё ва ишлаб чиқаришга мўлжалланган бошқа товарлар импортининг юқори суръатларда ўсиши билан боғлиқ.

Мазкур инвестиция талаби, асосан, хорижий кредит линиялари ва банкларнинг чет эл валютасидаги кредитлари ҳисобига қопланмоқда. Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётга йўналтирилаётган катта ҳажмдаги инвестицияларни молиялартиришда ташқи ресурслар улушининг ошиб бориши тўлов балансининг таркибий жиҳатдан ўзгаришига олиб келади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг иккинчи чорагида валюта тушумларининг ортиши монетар олтинни сотиб олиш натижасида  вужудга келган қўшимча ликвидликни ўз вақтида стерилизация қилиш борасидаги Марказий банк имкониятларини қисман чеклади. Шу билан бирга, 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиқларнинг муайян даражада пасайиши кузатилмоқда, бу эса, ўз навбатида, банк тизимидаги ликвидликнинг ошишига олиб келади. Натижада пул-кредит шароитларининг бироз енгиллашганлиги банклараро пул бозорида (июнда 13,1% ва июлда 12,8 фоиздан августда 10,6 фоизгача)ги ва депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг пасайишига таъсир қилди.

Шунингдек, қайта молиялаш ставкаси оширилиши мажбурий резервларни шакл­лантириш механизми ўзгариши билан биргаликда депозитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкаларини таъминлаш орқали сўмдаги жамғармаларнинг жозибадорлиги ҳамда истеъмол ҳажмининг мувозанатли ўсишини қўллаб-қувватлайди ва шу орқали банк тизимидан пул ресурсларини чиқиб кетиш хатарини пасайтиради.

Банкларда жалб қилинган депозитлар ҳажмининг ошиши ҳисобига эса узоқ муддатли ресурс базасининг кенгайиши мос равишда иқтисодиётни узоқ муддатли инвестицион ресурслар билан таъминлашга хизмат қилади.  Банк тизимида ликвидликнинг нисбий профицити мавжуд шароитида қайта молиялаш ставкаси оширилишининг жами кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларига кредит канали орқали таъсири чекланган. Бунда миллий валютадаги кредитлар бўйича бозор фоиз ставкаларининг нисбатан юқорилиги кредитларга бўлган талабнинг бир қисми хорижий валютадаги кредитлар ҳисобига қондирилишига олиб келиб, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф даражасига билвосита таъсир қилади.

Қолаверса, қабул қилинган қарорлар таъсирчанлигини ошириш мақсадида Марказий банк томонидан қўшимча стерилизация воситаларини фаоллаштириш ҳамда давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш бўйича Молия вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш бў­йича чоралар кўрилади. Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши, биринчи навбатда, инфляция кутилмаларининг ошиши ва ташқи инфляцион омилларнинг кучайиши билан боғлиқ хатарларни минималлаштиришга қаратилган. Бунда қайта молиялаштириш ставкасининг оширилиши тўғрисидаги қарор иқтисодий ўсиш суръатларига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги, биринчидан, ажратилаётган кредит қўйилмаларининг қарийб ярми давлат дастурлари доирасида бериладиган кредитлар ҳиссасига тўғри келиши, иккинчидан, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб амалга киритиладиган банкларнинг мажбурий резервлари бўйича янги тартиб ва нормалар депозитлар бўйича ставкалар ошган ҳолатда ҳам кредитлар бўйича фоиз ставкаларини ошириш заруратини камайтириб, банкларга фоиз юкламасини пасайтириш имконини бериши билан изоҳланади.

Умуман, Марказий банк доимий равишда инфляция хатарларини жиддий кузатиб бориб, олинаётган маълумотлар таҳлилига асосланган босқичма-босқич ёндашувдан фойдаланади. Бундан ке­йин ҳам ички нархлар ўсишига монетар омиллар таъсирини пасайтирувчи шароит­ларни таъминлаш мақсадида пул-кредит сиёсатининг барча воситаларини қўллашни давом эттиради.

Яқинда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Марказий банк томонидан “Кредит ва унинг турлари, лойи­ҳаларни молиялаштириш жараёнлари, фоиз ставкалари, ҳукумат дастурлари ижроси” мавзусига бағишлаб ташкил этилган матбуот анжунида  юқоридагилар хусусида сўз юритилиб, мутасаддилар журналистларнинг саволларига батафсил жавоб қайтаришди.

Ҳосил КАРИМОВ.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"