Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5115
5896
4990

+906
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
97925
205121
151672

+53449

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 559 650
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Тизимли тахлил ва доимий назорат — асосий эътиборда

toshkent_160Мамлакатимизда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар натижаларини Тошкент шаҳри мисолида янада яққолроқ  кузатиш мумкин. Шу билан бирга, афсус билан айтиш керакки, ўрганишлар ва таҳлиллар  тизимли муаммо ва камчилик­лар борлигини ҳам кўрсатмоқда.

Эндиликда Президентимизнинг шу йил 17 августдаги “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, аниқланган муаммо ва камчиликларни ҳал этишга янгича ёндашув асосида киришилган. Хусусан,  мазкур фармонда белгиланган устувор вазифалардан бирига кўра,  жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Сенат Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳрининг барча туманлари маҳаллий кенгашларининг қўшма мажлислари ўтказилди.

Асосий мақсад маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда пойтахт туманларидаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда улар билан яқин ҳамкорлик ўрнатишга қаратилди. Сенат раиси бош­чилигида ўтказилган мазкур мажлисларда  пойтахтдаги барча  туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари, айниқса,  аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар ҳамда секторлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан берилган ахборотларда қайд этилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси сони 2,5 млн. дан кўпроқни ташкил этади. Шундан меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 1,5 млн. кишига етган, иш билан банд аҳоли сони  эса 1,1 млн., ишсизлар қарийб 99 минг, меҳнат мигрантлари эса 90 мингдан ортиқ кишини ташкил этмоқда. Шунинг­дек, жорий йилда меҳнат бозорига биринчи марта кириб келувчи ёшлар сони қарийб 39 минг кишини ташкил этади.

Шу билан бирга, ахборотларда бугунги кунда пойтахт аҳолиси бандлигини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммолар ҳам келтириб ўтилди. Хусусан, бугунги кунда шаҳардаги потенциал ишсизлик даражаси ўртача 20 фоизни ташкил этмоқда. Бу каби қатор  салбий ҳолатларнинг  сабабларини қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, аҳолининг кўпчилиги тадбиркорлик соҳасида, жумладан, ажратилаётган кредит маблағларини ўзлаштириш ҳамда оддий молиявий ҳисоботларни юритиш бўйича етарли билим ва кўникмага эга эмас. Иккинчидан, аксарият ишсиз фуқаролар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар – сантехник, слесарь, сартарош, ошпаз ва бошқалар бўйича етарли малакага эгамас. Аксарият аҳоли, асосан, савдо-сотиқ билан шуғулланмоқда. Учинчидан, ишсиз фуқароларни касбга қайта тайёрлаш ишлари меҳнат бозори талабларига мос  тарзда ташкил этилмаган. Жумладан, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга қайта тайёрлаш учун Шайхонтоҳур туманида фақатгина 79 киши, Учтепа туманида эса атиги 61 киши юборилган. Шаҳар бўйича мазкур кўрсаткич 667 кишини ташкил этган. Бу эса меҳнат бозори талабидан қарийб 20 баробар кам демакдир.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги муаммоларни тизимли таҳлил қилиш, тадбиркорликни ривож­лантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали янги ва муносиб иш ўринлари яратилишини таъминлаш, туманларда яратилаётган ва мавжуд бўш иш ўринларига, биринчи галда, тегишли тумандаги ишсизларни жалб этиш чораларини кўриш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар, ёшлар ва бошқа жамоат ташкилотлари фаолларини жалб қилган ҳолда уйма-уй юриш орқали тегишли тумандаги бўш иш ўринлари ҳамда истиқболда амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар учун талаб этиладиган мутахассислик ва ихтисосликлар ҳақида аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари, жумладан, Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали меҳнат бозоридаги ҳақиқий ҳолат бў­йича аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш ишларини кучайтириш юзасидан мутасадди идоралар, шу жумладан, 4 та сектор раҳбарига, тегишли ҳоким ўринбосарлари ҳамда бошқа тузилмалар вакилларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси одамларнинг кайфиятига таъсир қилувчи энг муҳим соҳалардан бири эканлигидан келиб чиқиб, қўшма мажлисларда  бу борадаги ишлар ҳолати алоҳида муҳокама қилинди. Пойтахт туманларида ичимлик сув, иссиқлик таъминоти ва канализация хизматларини яхшилаш, турар жой мавзеларидаги дренаж-ирригация тизимларини таъмирлаш ва тиклаш, шунингдек, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича ишларнинг бориши ҳақида танқидий-таҳлилий ахборотлар берилди. Жумладан, кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш дастури доирасида бажарилиши лозим бўлган ишларни молиялаштириш учун қарийб 158 млрд. сўм (103 фоиз) кредит маблағлари ажратилганлиги эътиборли ҳолатдир. Бироқ белгиланган вазифаларнинг ярмидан кўпи (51 фоизи) бажарилмаган, айниқса, Яшнобод, Чилонзор, Сергели, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманларида мазкур йўналишдаги ишлар орқада қолмоқда.  Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти ҳам таҳлилий-танқидий кўриб чиқилди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги мавжуд 1440 та ширкатдан 304 тасига молия­вий аҳволи қониқарсизлиги сабабли кредитлар ажратилмаган. Уларнинг аксарияти Миробод, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Сергели ва Юнусобод туманларидаги ширкатлардир. Молиялаштириш масаласи ҳал қилинган бўлишига қарамай, айрим туманлардаги ширкатлар томонидан 2018 йилда кўп қаватли уйларни таъмирлаш дас­тури доирасида белгиланган тадбирлар тўлиқ бажарилмаётганлиги ҳам жиддий танқид қилинди. Масалан, ушбу йўналишда Юнусобод туманида 17,7 млрд. сўм (режага нисбатан 115 фоиз), Мирзо Улуғбек туманида 15,7 млрд.сўм (107 фоиз) кредит маблағлари ажратилган бўлишига қарамасдан, белгиланган  ишлар ўртача 50 фоизга бажарилган, холос.

Қўшма мажлисларда мазкур йўналишдаги ишлар қониқарсиз деб топилиб мавжуд муаммоларни тез фурсатларда ҳал қилиш, жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини узоғи билан шу йилнинг  25 сентяб­рига қадар тўлиқ якунлаш белгиланди. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини танқидий ўрганиш ва самарадорлигини ошириш чораларини кўриш бўйича масъул вазирлик ва идоралар ҳамда секторлар раҳбарларига аниқ вазифалар қўйилди.

Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш кўп жиҳатдан бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланишга боғлиқ. Пойтахт туманларида бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳамда тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар мавжуд.  Шу нуқтаи назардан мажлисларда мазкур масала муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат рақобат қўмитаси вакилларининг ахборотига кўра, Тошкент шаҳридаги жами 505 та маҳаллада ўтказилган хатлов натижасида фойдаланилмасдан бўш турган 3 мингдан зиёд объект аниқланган. Жумладан, мазкур объектларнинг 335 таси давлат тасарруфида бўлса, 800 дан ортиғи илгари хусусийлаштирилган, 1300 га яқини мулк­дорларнинг ўзлари томонидан қурилган ҳамда қарийб 550 таси эгасиздир.  Бу борада масъул давлат органлари, жумладан, сектор раҳбарлари зиммасига бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ҳамда ер майдонларини қисқа муддатларда салоҳиятли инвес­торларга имтиёзли шартларда, жумладан, “ноль” харид қийматида бериш орқали янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, эгасиз объектлар ҳолатини ҳар томонлама ўрганиб, уларни бузиш ёки тегишли туманлар ҳокимлик­лари балансига ўтказиш орқали ишга тушириш, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тегишли секторларга 20 млн. АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдордаги хорижий инвестицияларни жалб қилиш чораларини кўриш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Тошкент шаҳри туманларидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи томонидан қилинган ишлар тўғрисида берилган ахборот депутатлар ва сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, республика ишчи гуруҳи томонидан хонадонларни ўрганиш ва аҳоли билан бўлган юзма-юз мулоқот давомида 21 мингдан зиёд муаммо аниқланган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида айрим муаммолар бевосита жойида  ҳал этилган. Масалан, Мирзо Улуғбек туманида аниқланган 6 мингдан зиёд муаммонинг 2,5 мингдан кўпи, Юнусобод туманидаги қарийб 4 мингта муаммонинг 1 мингдан ортиғи ҳамда Сергели туманидаги 1800 га яқин муаммонинг 500 га яқини   жойида  ечилган. Ўтказилган ўрганишлар асосида ҳар бир туман кесимида тегишли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган. Муҳокамалар жараёнида мазкур муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишларнинг бориши тўғрисида секторлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Улар тегишли ҳудудда аниқланган ҳар бир муаммонинг тезкорлик билан ҳамда сифатли ҳал этилиши учун шахсан жавобгарлиги яна бир бор таъкидланди.  Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимлигига туманлардаги республика ва пойтахт даражасида ҳал этиладиган масалалар ечимига қаратилган “йўл хариталари”ни тасдиқлаш ва амалга ошириш вазифаси топширилди.

Қўшма мажлисларда бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири – аҳолининг соғлом овқатланиши ҳамда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Маълумотларга  кўра, рес­публикамизда аҳолининг соғлом овқатланишини ташкил этиш борасида эришилган натижалар билан бир қаторда айрим муаммолар ҳам борлиги қайд этилди. Хусусан, мамлакатимизда катта ёшдаги аҳолининг 67 фоизи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрларидан паст миқдорда мева-сабзавот истеъмол қилмоқда. 37 фоиз аҳолининг овқат рационида туз миқдори меъёрдан 3 баробар кўп. Шунингдек, овқатланиш рационида ёғ ва қанднинг улуши юқори бўлиб, микроэлементлар, айниқса, йод ва темир моддаси танқислиги кузатилмоқда. Соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик, жумладан, жисмоний фаолликнинг камлиги, зарарли одатларга ружу қўйиш ва шу каби  бошқа омиллар бу борадаги ҳолатни янада ёмонлаштирмоқда. Оқибатда катта ёшдаги аҳолининг қарийб ярми ортиқча вазн билан боғлиқ муаммолар, жумладан, қандли диабет, юрак-қон томир касалликларидан азият чекмоқда.  Бундай касалликларнинг “ёшариб” бораётгани ташвишли ҳолдир. Мазкур масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳри ва тегишли туманлардаги соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг берган ахборотлари танқидий муҳокама қилинди. Пойтахт туманларидаги умумий овқатланиш жойлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланадиган корхоналардаги санитар ҳолат, шунингдек, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий муассасаларда соғлом овқатланишнинг ташкил этилганлиги масаласи лозим даражада ўрганилмаётганлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирлик­ларига маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда жойлардаги жамоат ташкилотлари билан биргаликда туманлардаги умумий овқатланиш жойлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш шохобчалари, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа ижтимоий муассасалар ошхоналарининг санитария-гигиена ҳолатини танқидий ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича кес­кин чоралар кўриш, умумтаълим мактабларида ўқувчилар учун иссиқ овқат тайёрланишини таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, нооқилона овқатланиш оқибатида келиб чиқадиган касалликлар ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича аниқ вазифалар берилди.

Тошкент шаҳри туманларида ўтказилган мажлислар якуни бўйича  Сенат  Кенгаши ва  халқ депутатлари тегишли туманлар кенгашларининг қўшма қарорлари қабул қилинди. Унда муҳокама қилинган ҳар бир масала юзасидан белгиланган вазифалар, ижро муддатлари ва масъуллар  ўз аксини топди. Қарорлар ижросининг таъминланишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Сенатнинг масъул қўмиталари ва маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари белгиланди. Сенат Кенгаши аъзолари тегишли туманларга бириктирилдилар. Қарорлар ижроси юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари Сенат Кенгашига, туман даражасидаги тузилмалар раҳбарлари эса халқ депутатлари туман кенгашларига ҳар ойда ахборот киритиб бориши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, парламент, хусусан, Сенат ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолини рози қилиш бўйича ишлар самарадорлигини таъминлаш ва жойлардаги вакиллик органлари фаолия­тига кўмаклашишга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратади.

Толибжон МАДУМАРОВ, сенатор.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"