Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Иқтисодчилар урбанизация тарафдори

toshkent_160ёхуд Тошкентга миграция жараёни Ўзбекистонни қанчалик бойитади?

Инсоният мисли кўрилмаган суръатларда урбанизация жараёни томон ҳаракатланмоқда: атиги 200 йил аввал сайёрамиз аҳлининг фақатгина 3 фоизи шаҳарлик бўлса, ХХ асрнинг бошида бу кўрсаткич 14 фоизга етди. 2050 йилга келиб ҳар ўн нафар одамдан еттитаси шаҳарда яшаши тахмин қилинмоқда.

Бундай интилиш, биринчи навбатда, техника ривожланган сари қишлоқ хўжалиги тармоғи борган сари камроқ меҳнат талаб қилаётгани, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг шаҳарларда жамланиши билан боғлиқ. Масалан, Германия Европада сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш, картошка ҳамда бошоқли экинлар етиштириш бўйича етакчилардан бири саналади. Европадаги сут маҳсулотларининг қарийб тўртдан бири Германияда ишлаб чиқарилишига қарамай, аҳолининг атиги 1 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритади.

Ер юзи аҳолисининг катта қисми шаҳарларда яшайди

Қишлоқ хўжалигининг барча ерда автоматлаштирилиши ва шаҳарда ишга жойлашиш имкониятининг юқорилиги қишлоқларда яшовчи аҳоли улушининг камайишига олиб келади. Шуниси диққатга сазоворки, мазкур қонуният ривожланаётган мамлакатларда кўпроқ кузатилади. Бангладеш, Хитой, Нигерия ва Таиланд каби мамлакатларда айни вақтда урбанизация жараёнининг жадаллашган шаклини кузатиш мумкин.

Афсуски, Ўзбекистонда тескари ҳолат кузатилади. БМТ маълумотларга кўра, Ўзбекис­тонда шаҳар аҳолисининг улуши 36,4 фоизни ташкил этиб, бу нафақат Осиё (48 фоиз), балки Африкадаги (40 фоиз) ўрта кўрсаткичдан ҳам паст саналади. Таъкидлаш жоизки, 1990 йилда 40 фоиз ўзбекистонлик шаҳарларда истиқомат қилганди.

Урбанизация жараёни бутун дунёда рўй бермоқда, аммо Осиё ва Африка аҳолисининг қатта қисми ҳали ҳам қишлоқ жойларда истиқомат қилади.

Табиий савол туғилиши мумкин: аҳолининг катта қисми шаҳарда истиқомат қилиши нима учун керак? Мамлакат аҳлининг катта қисми қиш­лоқда яшаса, бу қандай муаммо келтириши мумкин?

Шаҳар – фаровонлик манбаи

Дунёнинг 40 та йирик мегаполисида аҳолининг атиги 18 фоиз қисми истиқомат қилади. Барча ишлаб чиқарилаётган иқтисодий неъматларнинг учдан икки қисми (!) ва яратилаётган инновациянинг ўндан тўққиз қисми (!) айнан уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Шаҳарлар ҳамиша инсоният тараққиётининг маркази бўлиб келган. Айнан шаҳарларда фаровонлик тўпланади ва миллионлаб инсонларнинг ҳаёт даражаси ошади. Шаҳар муҳитида ҳамкорлик ва ўзаро алоқалар жипслиги таъминланиб, инсонлар фолиятидаги ижодкорлик ва самарадорликка ижобий таъсир ўтказади.

Шаҳарлар бугунги куннинг инсонлар, иш ўринлари ва иқтисодий юксалиш учун зарур бўлган ресурсларни бирлаштирувчи муҳим ижтимоий-иқтисодий тузилмасидир.

Гарвард университети иқтисодиётчиси Эдвард Глейзер таъбири билан айтганда эса “Шаҳарлар инсониятнинг энг буюк ихтиросидир”.

Нима учун?

Биринчидан, исталган маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш самарадорликнинг юқори нуқтасига миқёс кенгайиши ҳисобига эришади. Ишлаб чиқариш миқёсини кенгайтиришга ишлаб чиқариш омилларининг етарлилиги боис аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда осонгина эришиш мумкин. Одатда шаҳарда аҳоли сонининг кўплиги ишчилар ёллашни осонлаштиради. Аксарият банк ва инвестиция фондлари ҳам шаҳарларда жойлашади, бу эса корхоналар учун инвестиция жалб этиш имкониятини оширади.

Иккинчидан, транзакция харажатлари шаҳарларда кам бўлади: корхоналар зарур мутахассисни, керакли маҳсулот ва хизматни топиши айнан шаҳарларда осонроқ. Шаҳарда ҳамкорлар, мижозлар, юридик ва бухгалтерлик ёрдами хизматларига эга бўлиш харажатлари ҳам камаяди. Бундан ташқари, фақатгина катта шаҳарларда фаолият юритиши манфаат келтирадиган айрим тадбиркорлик фаолиятлари ҳам мавжуд. Масалан, концерт заллари, кўргазма заллари ёки чуқурлаштирилган нейрохирургия клиникалари фақат аҳоли зич бўлган жойларда ўз фаолиятини оқлайди. Энг муҳим сабаб эса интеллектуал ҳамкорлик ва фикрлар алмашиш имкониятининг мавжудлигидир.

Шаҳар – илмий-техник тараққиёт ўчоғи

Тарихда деярли барча илмий-техник кашфиёт­лар шаҳарларда амалга оширилган. Айтиш мумкинки, шаҳарлар юзага келгандан кейин­гина ихтироларга йўл очилган. Сиз олов ва ғилдирак шаҳарлар мавжуд бўлмасидан кашф этилган, дея эътироз билдиришингиз ҳам мумкин. Аммо биз қарийб 5 минг йиллик ҳужжатлаштирилган тарихни назарда тутяпмиз.

Табиий савол туғилади: инсоният тарихи давомида сайёрамиз аҳолисининг аксарият қисми (ҳатто 1800 йилда – 97 фоиз) қишлоқ жойларда яшаган бўлишига қарамай, нима учун бу ерда сезиларли бирорта кашфиёт қилинмаган? Қишлоқ аҳолисининг онги шаҳарликларга қараганда пастроқми? Албатта, йўқ! Аксарият даҳолар қишлоқдан шаҳарга келганларнинг биринчи авлодлари саналади (ёрқин мисол — Ломоносовнинг Москвага саёҳати).

Жавоб оддий: шаҳарларда аҳоли сони кўп, шу боис ғоя алмашиш ҳамда ҳамкорлик қилиш учун имконият жуда юқори.

Ижтимоийликка зид бўлган, кенг тарқалган, олисдаги қишлоқда кашфиёт қилган якка даҳо образи – шунчаки афсона. Илмий тараққиёт жамоавий жараён ҳисобланади. Фан тарихидаги барча жиддий кашфиётлар бошқа олимлар билан тиғиз ҳамкорлик ва фикр алмашинувлар орқали амалга оширилган. Шаҳардаги аҳолининг зичлиги олимларга қишлоқлик зиёлилар фақатгина орзу қилиши мумкин бўлган, фаолияти ўхшаш кўплаб инсонлар билан мулоқот қилиш имконини беради.

Инновацион ва ижодий фаолият учун инсонларнинг ўзаро мулоқоти зарурлигини исботловчи далил сифатида Аристотель академияси каби қадимги юнон мутафаккирлари мактабларини ҳам, “Amazon” ёки “Яндекс” каби замонавий технологик компанияларни ҳам келтириш мумкин. Электрон коммуникациялар даврининг бошларида технологик компаниялар ўз ходимларига идорага келмаслик ва масофадан туриб ишлаш учун рухсат бера бошлагандилар. Аммо ходимларнинг ижодий фаолияти самарадорлиги кескин тушганини пайқагач, “IBM” ва “Google” каби компаниялар мазкур масалани қайта кўриб чиқдилар ва эндиликда ходимларидан идорада бўлишни талаб қилмоқдалар. Маълум бўлишича, Skype юзма-юз мулоқотнинг ўрнини боса олмас экан.

Етакчи инновация маркази бўлган Калифорниядаги Кремний водийси юқори даражали университетлар ва технологик компанияларнинг оқилона тарзда бир ерда жойлашгани сабабли шу даражага етган.

Шаҳарларнинг ғоялар инкубатори сифатидаги аҳамиятини Эдвард Глейзер ўзининг “Шаҳар тантанаси” китобида алоҳида қайд этади. У илм истаб Хоразмдан Бағдодга йўл олган ва бу ерда катта илмий кашфиётлар қилиб, юксак рутбага эришган, кейинчалик Хорун ар-Рашид томонидан таъсис этилган Маъмун академиясида барча фанлар раҳбари лавозимига тайинланган буюк аждодимиз Ал-Хоразмийни мисол қилиб келтиради. Ўша вақтда Бағдод энг йирик ва аҳолиси зич ҳамда илмда анча илгарилаб кетган шаҳарлардан бири бўлган. Самарқанд, Бухоро ва Буюк Ипак йўлининг бошқа шаҳарлари ҳам кейинчалик фан ва маърифат ривожланган шаҳарларга айлангани таажжубланарли эмас. Бизнинг шаҳарлар ривожланишининг тарихий тажрибаси келгусида урбанизациянинг муваффақиятли бўлишига ҳамда мамлакат фаровонлиги кўп жиҳатдан шунга боғлиқлиги борасида умид уйғотади.

Тошкентда аҳоли сони камида миллион нафарга кўп бўлиши керак

Шаҳар аҳолиси нисбати ва мамлакат фаровонлиги ўртасидаги боғлиқлик бор. Шаҳар аҳли сони улуши қанчалик кўп бўлса, мамлакат шунчалик бой. Албатта, бу иддаолар сабаб-оқибат алоқасини аниқлашга даъвогарлик қилмайди. Бироқ эътибор билан қарасангиз, мамлакат ривожида урбанизациянинг аҳамиятини инкор этиш қийинлигини тушуниб етасиз.

Мамлакатимиз аксарият давлатлардан урбанизация ҳамда киши бошига ЯММ миқдорида анча ортда қолмоқда. Ўзбекистонда сўнгги 25 йил ичида шаҳар аҳолиси улуши нафақат камайди, балки энг йирик шаҳар Тошкентда деярли ўсмади. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларга кўра, 25 йил ичида Тошкент аҳолиси бор-йўғи 11 фоиз ўсди, мамлакат аҳолисининг сони эса 55 фоиз кўпайди.

Аҳоли сонининг ўртача ўсишида бугунги кунда Тошкент аҳолисининг сони айни вақтда камида бир миллион нафарга кўп бўлиши керак. Пойтахт аҳолиси сонининг паст даражада ўсиши ўзбекистонликлар Тошкентда яшашни исташмайди, дегани эмас. Бунинг сабаби рўйхатга киришнинг чекланиши каби сунъий тўсиқлардир. Афсуски, мазкур тўсиқлар Тошкент ва Ўзбекистон аҳолиси учун миллиардлаб доллар миқдоридаги яратилмаган моддий бойликлар эвазига эканлигини англаб етмаймиз. Агар ички миграцияга тўсиқ бу ҳолат бўлмаганда, Ўзбекистон аҳли ўрта ҳисобда ҳозиргига нисбатан анча бой бўлиши шубҳасиз эди.

Шаҳар аҳолиси сонининг ўсиши иқтисодиётнинг юксалишидир

Ўзбекистон учун айни вақтда иқтисодий ўсиш суръатини ошириш жуда муҳим. Ўсишнинг юқори траекториясига чиқиш учун барча йўналишда катта ишларни амалга ошириш даркор. Дастлабки ва оддий қадамлардан бири фуқароларга қишлоқлардан шаҳарга кўчиш имконини бериш. Агар шаҳарга кўчиш учун тўсиқ олиб ташланса, шаҳар аҳолиси нисбати ошиши муқаррар, бу эса иқтисодиётнинг ўсишига туртки бўлади.

Хитой тажрибаси шуни кўрсатадики, қиш­лоқдан шаҳарга оммавий кўчиш миллионлаб кишиларни қашшоқликдан олиб чиқишга қодир. 1980 йилда Ҳиндистон Хитойга нисбатан бойроқ, шаҳар аҳолисининг улуши эса қарийб бир хил эди. 55 йил мобайнида Хитойда шаҳар аҳолиси сони Ҳиндистонга нисбатан тез суръатларда ўсди, хитойлик фуқаролар эса ҳиндистонликларга қараганда 2 марта бойроқ яшай бошлади.

Урбанизация иқтисодиёти соҳасидаги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, шаҳар аҳолиси сонининг бир фоиз ўсиши киши бошига ЯММ миқдорининг камида бир фоиз ўсишига мутаносиб бўлади. Бошқача айтганда, агар бугунги Ўзбекистон шаҳар аҳолисининг нисбатини 36 фоиздан 72 фоизга кўтара олса, ҳар бир инсон ҳаёти сифати, шубҳасиз, тегишли пропорцияда кўтарилади. Ўзбекистон шароитида бунга эришишнинг энг осон йўли бошқа аҳоли пунктида истиқомат қилаётган фуқароларнинг Тошкентга кўчиши йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш саналади. Пойтахт аҳолиси сонининг икки баробар ортиши маҳаллий ҳукуматнинг адолатли фаолияти натижасида мамлакатнинг барча аҳолиси фаровонлиги ортишига хизмат қилади.

Албатта, қишлоқ аҳолисининг шаҳарга кўчиши учун шаҳар маъмурияти асосий яшаш шароитларини – ичимлик сув, электр энергияси, жамоат транспорти ва бошқа зарур қулайликларни яратиши керак бўлади. Шаҳарларда, айниқса, Тошкентда бу каби шароитларни яратиш ҳукумат учун қишлоқ жойлардагидан анча арзонга тушади.

Аҳолининг бир жойда кўплаб жамланиши бюджет маблағларининг самарали тақсимланишига ёрдам беради. Бундан ташқари, юқорида қайд этганимиздек, шаҳар аҳлининг ҳар бири аҳоли сони ўсиши боис бойий бошлайди, бу эса солиқ йиғимлари ошиши ва маҳаллий бюджетнинг кўпайишини таъминлайди.

Бу жумлалар Рио ва Мумбайдаги овлоқ кварталлар ва айрим шаҳарлардаги қашшоқлик ва чорасизлик тўғрисида эшитганлар учун ғайритабиий кўриниши мумкин. Уларнинг наз­дида, у ердаги аҳоли шундай даҳшатли шароитда яшашга маҳкум каби туюлиши мумкин. Аммо бу каби муаммоли мегаполисларга ҳам инсонлар, одатда, яхши шароитдан кечиб келмайдилар. Аксинча, инсонлар бу каби ерларга қишлоқ ҳаёти бундан ҳам оғирлиги учун келадилар. Қишлоқларда яшаш учун пул топиш мушкулроқ, яхшироқ иш топиш имкони деярли бўлмагани учун шундай қарорга келадилар.

Шаҳарларда “ижтимоий лифт” мавжуд бўлиб, қишлоқ жойларда бундай имконият деярли йўқ. ўқиш, ривожланиш, малака ошириш ва якуний натижада ҳаёт сифатини ошириш имкони шаҳарларда кенгроқ.

Шаҳарга янги келганлар нафақат ўзларини, балки шаҳарнинг туб аҳолисини ҳам бойитадилар. Иш жойи учун рақобат кучаяди, бу эса ҳар бир ишчи фаолиятининг самарадорлиги ошишига олиб келади. Меҳнат унумдорлигининг юқорилиги ва рақобатнинг кучлилиги маҳсулот ва хизматларнинг хорижда рақобатбардош бўлишига олиб келади. Бундан ташқари, қишлоқдан келганлар корхона ва янги иш жойлари яратадилар, бу эса рақобатни янада оширади ва пировардида фаровонликни юксалтиради.

Кучли рақобат шароитида ҳар бир хизматчи янада ғайратли, самарали ва ташаббускор бўлади.

Шундай қилиб, шаҳар аҳлининг нисбати ортиши мамлакат фаровонлигини таъминлаши тўғрисидаги фикр исботини топади. Албатта, бу шаҳар қанчалик катта бўлса, шунча яхши дегани эмас, акс ҳолда барча мамлакат аҳли ёппасига шаҳарга кўчган бўларди. Катта шаҳарлардаги юқорироқ маош одамларни ўзига жалб қилса, у ердаги катта харажатлар кишилар учун фақатгина орзу ва хомхаёлларга берилмаслик омили бўлиб хизмат қилади.

Қишлоқлардан келган барча кишилар ҳам Москва, Деҳли ёки Токиони забт этишмайди, бу ерда доимий қолиб кетишмайди. Муайян шаҳардаги нисбатан қиммат бўлган нархлар айримларни бахт излаб бошқа ҳудудларга кетишга ҳам мажбур қилади. Тўсиқлар йўқ бўлса, битта шаҳарнинг чексиз даражада ўсиши тўғрисидаги фикр ҳам хато, албатта. Исталган америкалик маош юқори бўлган Нью-Йоркка кўчиб келиши мумкин, лекин бу ерда яшаш харажатларининг ҳам катталиги миграцияни секинлаштириб туради.

Бундан ташқари, аксарият шаҳарларда кўчмас мулк нархининг юқорилиги аҳолининг бир қисмини шаҳар ташқарисига кўчишга мажбур қилади. Агар инсоннинг шаҳар марказида дои­мий яшаши учун эҳтиёжи бўлмаса, у бошқа ҳудудга кўчади ва ўша ерда сифатлироқ ҳаёт кечира бошлайди. Масалан, Сингапурнинг аксарият аҳолиси нафақага чиққач, қўшни Малайзияга кўчиб ўтадилар. Уй-жой нархидаги фарқ сингапурликларнинг бу ерда яхши шароитда яшашига имкон беради (бу ерда квартира ижараси тўрт баробар арзонга тушади).

Инсонлар истаган жойларида яшаса ва ишласа, шаҳар гуллаб-яшнайди

Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисининг шаҳарда яшаш истагини рағбатлантириш бизга бирйўла бир неча йўналишда олдинга силжиш имконини беради.

Биринчилан, бу, шубҳасиз, янги келган аҳолининг ҳам, шаҳарда истиқомат қилаётган аҳолининг ҳам фаровонлигини оширади.

Иккинчидан, давлатнинг инфратузилма учун сарфлайдиган харажатлари иқтисод қилинишига олиб келади. Давлат солиқ эвазига аҳолига асосий эҳтиёжлар – хавфсизлик, сув, электр энергияси, соғлиқни сақлаш хизматларини тақдим этади. Шаҳарларда аҳолининг зич жойлашиши бунга кетувчи харажатини қисқартиради. Бундан ташқари, фаровонликнинг юксалиши солиқ йиғимини оширади, бу эса тақдим этилаётган хизматлар янада сифатли бўлишини таъминлайди.

Учинчидан, шаҳар аҳолиси сонининг ортиши ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлилигини оширади. Юқори самарадорликка эришиш учун ишлаб чиқариш жараёнига энг иқтидорлиларни жалб этиш зарур. Бу эса корхоналар катта меҳнат бозорига кириш ҳамда ўзаро ҳамкорлик ва рақобат қила олиш имконига эга бўлганда, яъни катта шаҳарлардагина юзага келиши мумкин.

Урбанизацияга тўсиқ бўлиш мамлакатнинг барча аҳолиси учун жиддий ва узоқ муддатли оқибатларга сабаб бўлиши шубҳасиз. Технологияларнинг мислсиз ривожланиши қишлоқ хўжалиги соҳаси ишлари учун меҳнат кучига бўлган талаб камайишига олиб келади. Ўзиюрар тракторлар, дрон-суғорувчилар, ҳосил йиғишнинг автоматлаштирилган тизимлари аллақачон яратилган. Бу эса яқин орада қишлоқ хўжалиги соҳасида иш ўринлари янада камаяди, демакдир.

Шаҳарларда эса, аксинча, инсон ресурсига бўлган талаб сира камаймайди. Борган сари кўпроқ корхоналар хизмат кўрсатиш билан шуғулланмоқдалар, бу эса мутахассисларга бўлган катта талабни юзага келтиради. Шаҳарларда одамлар ўз инсон капиталини оширишга қодирлар: бу ерда ўқиш, зарур малакани ўзлаштириш ва тажриба орттириш осонроқ. Бу ерда ўз ишини очиш — ихтирочи, олим ва тадбиркор бўлиш учун ҳам имконият кўпроқ.

Биз ўз фуқароларимизга инсон капитали жисмоний кучдан кўра кўпроқ қадрланадиган янги меҳнат бозорининг бир қисми бўлиш имкониятини тақдим этишимиз шарт.

Катта, мукаммал режалаштирилган шаҳарлар, у ердаги инфратузилма ва асосий қулайликлар бизни нафақат бойитади, балки ҳар бир инсон учун тенг имкониятларни ҳам яратади.

Бу ўринда ўзбекларнинг машҳур “Шаҳар бедарвоза эмас” нақли ўз долзарблигини йўқотиши мумкин. Ҳақиқатан ҳам, урбанизация тажрибаси ва шаҳарларнинг ривожланиш учун очиқлиги шаҳар учун айнан дарвоза шарт эмаслигини кўрсатади. Замонавий шаҳарлар фақат инсонлар истаган жойларида яшаса ва ишласагина гуллаб-яшнайди.

Нуриддин ИКРОМОВ,

Бекзод ҲОШИМОВ,

иқтисодчилар.

Komersant.uz дан таржима.

 
TOP-статьи


© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"