Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Товон пули можароси

snos_160_55412ёхуд тадбиркорлар нега “Қарши шаҳри ҳокимлиги дастидан
дод!” дейишмоқда?..

Одам нега “дод” дейди? Албатта, ҳақлигини исботлай олмаса ёки бировлар имкониятларини қўлидан тортиб олишса. Гоҳида пули, сармояси ҳалол, фаолияти қонуний бўла туриб, муаммолар исканжасида қолганида ҳам “дод” деб юборишдан ўзга чора тополмайди.

Буни қарангки, одилона ва оқилона сиё­сат юритилаётган, туб ўзгаришлар ва кес­кин янгиланишлар кўзга яққол ташланаётган ҳозирги кунларда ҳам айрим ноҳақлик­лар боис жонидан тўйиб, “дод” деб юборадиган одамлар учраб туради.

Қаршилик машҳур косиб Шавкат Сапоев ўз меҳнати эвазига қурган маиший хизмат кўрсатиш уйи бузилиб, товон пули тўланмагани туфайли ҳақиқат излаб, бормаган идораси қолмади ҳисоби. Айниқса, Қарши шаҳри ҳокимлиги эшигида сар­ғайиб, товони тешилди. Охири “дод!” дейишга мажбур бўлди. Лекин ҳозирча унинг додини эшитадиган одам топилмаяпти.

Шавкат – кичик бизнес вакили. У Қарши шаҳридаги Амир Темур кўчасида жойлашган мўъжазгина пойабзал тузатиш устахонасида ишлаб жамғарган сармояси эвазига 1997 йили 75 квадрат метр ер олиб, уч хонали маиший хизмат кўрсатиш маж­муаси қурди. Бир неча кишини иш билан таъминлади. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, у 2016 йил 23 мартда шохобчаси бузилиши юзасидан огоҳлантирилди. Бу ҳақдаги хатларни бултур ҳам, бу йил ҳам олди.

Бузилишга тушган иншоот олдин махсус комиссия томонидан ўрганилиб, нархланиб ва эгасига товон пули тўлангандан ке­йингина бузилади. Қаршида эса бундай бўлмади. Бино уни бузиш ёки харажатларини қоплаш бўйича келишув шартномаси тузилмасдан, фақатгина шаҳар ҳокими топшириғига асосан 2018 йил 8 июнь куни ер билан яксон қилинди. Ҳолбуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, бундай ҳолларда компенсация (товон) пули тўланиши шарт! Мутасаддилар нега қонунга хилоф иш тутишди, нега тадбиркор имкониятларини йўққа чиқариб, у ўз маблағи ҳисобига қурган бинонинг бир зумда кулини кўкка совуришди? Уларга бундай ҳуқуқни ким берди? Ёки улар “Бу бир тадбиркор бўлса, қайга ҳам борарди, йиғлаб-йиғлаб охири кўникади, ҳаммасига қўл силтаб, бошқа ердан ўзига бино қуриб олади”, деб ўйлашдимикин?..

Тавба, наҳотки улар тадбиркор ортида ҳукумат ва давлат раҳбари турганини унутган бўлишса? Акс ҳолда шахсан Президентимиз “Иккита янги иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман”, деб турган пайтда улар нега 5-6 кишини ишли қилган тадбиркорнинг мулкини бузиб, товон пули тўлашдан бош тортишяпти? Ҳокимнинг бу хатти-ҳаракатлари қонунийми?

Яна бир таҳдид. Комиссия аъзоларидан бири ушбу масалани ижобий ҳал этишда Шавкат Сапоевга кўмаклашиш ўрнига қаттиқ гапирибди. “Сени қаматаман!” дея, дўқ-пўписа қилибди.

Ажабо, биз қайси асрда яшаяпмиз? Ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидан кетаётган ва бугун дунё тан олаётган Ўзбекистонда тадбиркорга таҳдид қилинса, мулки бузиб ташланса, комиссия аъзоси унга ёрдамлашиш ўрнига “Қаматаман!” деб турса, буни қандай тушуниш мумкин? Бундай зўравонлик қонунларимизнинг қайси меъёрига мос келади?

– Ўзимга етказилган зарар миқдорини қонуний тартибда аниқлаш учун мус­тақил баҳолаш ташкилотига мурожаат қилдим, – дейди Шавкат Сапоев. – “Оригинал баҳолаш” масъулияти чекланган жамияти уни 102 миллион сўмга тенг деб баҳолади. Мен шу маблағни тўлашни сўрагандим, комиссия аъзолари “Сенга ҳеч қандай компенсация тўланмайди, агар эътироз билдирсанг, қамаласан!” дейишди. Ахир, мен ҳақимни қонуний талаб қиляпман-ку! Аксинча бўлса, менга компенсация нега тўланмаслиги сабабини тушунтириб беришсин.

Қисқаси, шаҳар ҳокими ва мулозимлари бузилган бино учун 102 миллион сўм тўлашни исташмаяпти. Бу аслида бориб турган тўрачилик эмасми? Тўрачиликни эса бугунги давр ҳам, тадбиркорлар ҳам кўтара олмайди. Кимнингдир чўнтагига кўз тикиш, “нимадир” унишидан умидвор бўлиш ва тамагирлик даври ўтганини наҳотки Қарши шаҳри ҳокимлигидаги жаноблар сезишмаган бўлишса?!.

Ана шуларнинг касофати ўлароқ, Қаршида бир тадбиркор ўз ёғига ўзи қовурилиб ётибди. Шу кунгача у нима иш қилган бўлса, ҳаммасини шу эл, шу улус учун қилди. Ёшлигидан косибликни танлаб, забардаст тадбиркор бўлиб етишди. Оғзи энди ошга етганда уни синдиришга, ўз маблағига қурган иморатини бузиб, компенсация тўламасликка ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Қарши шаҳри ҳокимининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари Конституциямизда белгиланган хусусий мулк дахлсиз эканлиги ҳақидаги тамойилга қарши чиқиш билан тенгдир.

Лочина Абдиева ҳам ўзига тегишли иморат чала бузилгани боис ҳеч иш қила олмай, вақтини беҳуда ўтказмоқда. Ваҳоланки, у очган “Набира – мед” хусусий фирмаси аҳолига намунали хизмат қилиб келаётганди. Бу фирма дорихонасида 6 киши ишлаётганди. Бугун барчаси бекорчихўжага айланди. Лочина опанинг еган-ичгани ўзига татимай қолди. Чунки маблағи айланмаяпти, таъбир жоиз бўлса, пул пулни топмаяпти. Демакки, давлатга солиқ тўланмаяпти, ходимлар рўзғорига барака кирмаяпти. Энг ачинарлиси, ушбу иншоотни тўлиқ бузиш икки йилдан буён пайсалга солиняпти.

– Шу пайтгача арз қилиб бормаган жойим қолмади, – дейди Лочина опа чуқур хўрсиниб. – Устига-устак, ҳамма шикоятларим яна Қарши шаҳри ҳокимлигига келиб тушяпти. Натижа ўша-ўша. Мен эса беҳуда кетаётган вақтимга ачинаман. Таниқли мутафаккир Бенжамин Франклин “Вақт – бу пул” деб бежиз айтмаган. Ўтган давр ичида қанчадан-қанча савобли ишлар қилган бўлардим. Афсус, барча орзу-умидларим борган сари саробга айланяпти.

Ҳар иккала тадбиркор билан суҳбатлашаётиб, улар қонуний ҳимояга муҳтожлигини сездим. Тўғри, ҳокимлик масъуллари иморати бузилган тадбиркорларга “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозори” акциядорлик жамияти ҳудудидан ер ажратилишини билдиришган. Буям қуруқ гапга ўхшайди. Қолаверса, ҳокимнинг акциядорлик жамияти ҳудудидан ер ажратиш тўғрисида қарор чиқариши қонунчиликка зид.

Борингки, ҳоким ўша жойдан тадбиркорларга ер ажратиш тўғрисида қарор чиқариб берган тақдирда ҳам улар олишни хоҳлашмайди. Боиси, бу ерда пойабзал тузатиш устахонаси ҳам, дорихона ҳам етарлича топилади. Агар товон пули берилса, тадбиркорлар қаерда фаолият юритиш фойдалилигини яхши билишади. Олдин одам гавжум жой ва бозор коньюктурасини ўрганиб чиқишади. Номақбуллиги олдиндан маълум шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш эса “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун билан тақиқланган. Қарши шаҳри ҳокими шуни унутмаслиги керакки, мулкдорлар ерга эмас, ер устида қурилган хусусий мулкига эгалик қилади. Бузилган хусусий мулклар туфайли Шавкат Сапоев 102 миллион сўм, Лочина Абдиева 152 миллион сўм зарар кўраётгани мустақил баҳолаш компаниялари томонидан аниқланган. Мулкдорларнинг мақсади эса товон пулини олиш. Шунда улар ўзларига ер, жой, иморат ва ходимлар танлаб, иш бошлашади.

Сирасини айтганда, Шавкат Сапаев ва Лочина Абдиева ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳам кўп бор мурожаат қилишган. Эвазига мужмал жавоблар олишган. Хўш, ҳудуддаги сектор раҳбарлари-чи? Улар қаёққа қараяпти? Нега ўз ҳудудидаги бу муаммони ижобий ҳал этиш ҳақида бош қотирмаяпти? Ёки бунинг учун Президентимизнинг алоҳида кўрсатмаси керакми?

Бугунги кунда тадбиркорларнинг йўлини тўсишга, имкониятларини қўлидан тортиб олишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Модомики, шундай экан, биз юқорида тилган олинган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг жавобини кутиб қоламиз.

Сайид МЕЙЛИЕВ.

 

 

 
TOP-статьи


© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"