Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3439
5908
5896

+12
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102157
205121
151672

+53449

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 563 882
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Сайёҳлар таважжуҳидаги муқаддас маскан

hazrati_160Тожикистоннинг Хатлон вилояти, Кўлоб минтақаси сўлим табиа­ти, гўзал манзарали тоғлари, шаффоф сувли дарёю кўллари билан машҳур. Бу ерда азалдан эл орасида машҳур зиёратгоҳ, тарихий обидалар жуда кўп. Айниқса, Ҳазрати Султон – Султон Увайси Қараний оромгоҳи воҳа аҳли муқаддас билган масканлардандир. Собиқ Шўролар даврида ҳам бу маскан кўплаб зиёратчиларни ўзига жалб этган. Эсимда, қишлоғимиз оқсоқоллари ҳар йили махсус автобусда Мазори Ҳазрати Султонга бориб, 1-2 кун у ерда қолиб, кейин қайтишарди.

Ҳазрати Султон – Султон Увайси Қараний зиёратгоҳи Ховалинг туманининг Мозори Ҳазрати Султон қиш­лоғида жойлашган. Туман марказидан атиги 18 километр масофадаги бу қадамжо ўзининг бетакрор ва сўлим табиати билан сайёҳлар диққатини жалб этиб келмоқда. Тарихий манбалардан маълум бўлишича, мазкур қиш­лоқ пайдо бўлганига бир минг тўрт юз йил бўлган. Бу ҳудудда Сарҳади Лола Парвоначи, унинг ўғли Алқотун Қоровулбеги ва невараси Қосим Тўқсабо ҳукмронлик қилган.

Кўлоб водийсида саратоннинг илк кунлари бошланиши билан Мозори Ҳазрати Султонга зиёратга отланувчиларнинг сафи ошиб боради. Бу ерга ташриф буюрган киши ҳаво ҳароратининг водийдагидан 15-20 даража салқин эканлигидан ҳайратга тушмай иложи йўқ. Ушбу қадамжо, энг аввало, ислом оламининг буюк вакили Султон Увайси Қараний оромгоҳи жойлашганлиги билан эътиборли бўлса, иккинчидан, бу мавзенинг хушманзара табиати маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг диққатини ўзига жалб этиб келаётир.

Султон Увайси Қараний тўғрисида халқ орасида жуда кўплаб ривоятлар тарқалган. Бу ҳақда ислом илми билимдони, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси Амир Сайиди Мункий “Ҳазрати Султон” номли асар битиб, уни 2016 йил ўқувчиларга тақдим этди. Асарда мазкур муқаддас зиёратгоҳ ва Султон Увайси Қараний ҳақида кўплаб маълумотлар бор.

Маҳаллий халқ, айниқса, Ховалинг тумани аҳолиси ушбу қишлоқ ёки бузургвор ҳақида гап кетса, уни Мозор, деб айтишади. “Мозор борамиз ёки Мозордан келдик”, дейилганда айнан Мозори Ҳазрати Султон қишлоғи ва Султон Увайси Қараний оромгоҳи зиёратига бориб қайтганлик тушунилади.

Ислом олами буюклари қаторидан ўрин олган Султон Увайси Қараний ҳаё­ти жуда ибратлидир. Бу буюк шахснинг ҳаёт йўли инсонлар учун, у қайси дин ва мазҳабда бўлишига қарамай, намунали ҳаёт, тўғрилигу эзгулик ҳидоят этувчи маёқ вазифасини ўтаб келган.

Тарихий манбаларда ёзилишича, умуминсоний ахлоқнинг энг муҳим шартларидан бўлмиш – ота-она, катта-кичикка ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, барчага бирдек яхшилик қилиш Султон Увайси Қараний ҳаётининг шиори бўлган ва бу фазилат уни буюклик даражасига етказган. Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)нинг дўсти онасига бўлган юксак ҳурмати туфайли шундай мартабага эришганлиги ҳақида ривоятлар мавжуд. У Арабистоннинг Қаран воҳасида дунёга келиб, оддий туя боқувчи бўлган. Пайғамбаримиз Ҳазрат Муҳаммадни (с.а.в.) ғойибона севган. Онаси хасталиги туфайли пайғамбаримиз билан учрашолмаган.

Ривоят қилишларича, Ҳазрати Султон вафоти олдидан халифа ва шогирдларига ўзининг жанозаси куни пайдо бўладиган оқ туяга жасадини юклашни ва у қаерда чўкса, ўша ерга кўмишларини васият қилган экан. Туя дунёнинг етти жойида ётиб-туради. Ўша жойлар Ҳазрати Султоннинг оромгоҳига айланган. Шулардан бири Ховалинг туманидаги Ҳазрати Султон қишлоғи ҳисобланади. Туя турган жойда унинг оёқлари изи ва тумшуғи теккан жойлардан бешта булоқ пайдо бўлган. Улар Шифо, Мурод, Раҳмат, Мағфират ва Ганж номлари билан аталиб келинган. Айни пайтда ҳам бу булоқлардан сув оқиб туради. Зиёратчилар уларнинг ҳар биридан яхши ният билан ичиб, ўзлари билан ҳам олиб кетишади. Шуниси ажойибки, қанчалик тўйимли овқат истеъмол қилган бўлишингизга қарамай, булоқларнинг муздек, шаффоф сувидан ичишингиз билан меъдангиздаги овқатнинг зум ўтмай ҳазм бўлганлигини ҳис этасиз.

Мозори Ҳазрати Султон қишлоғида, шунингдек, ислом оламининг буюк шахс­лари – халифалар Бобо Умар, Ҳазрати Шайх Шермуҳаммади Шерзоди Валий ва Шоҳ Вафоларнинг қадамжолари мавжуд.

Мустақиллик йилларида Тожикис­тон Президенти Имомали Раҳмоннинг бевосита ташаббуси ҳамда кўрсатмалари билан Султон Увайси Қараний оромгоҳи ободонлаштирилиб, зиёратчи ва сайёҳлар учун қулай ва гўзал масканга айлантирилди. 2004 йили 30 гектар майдонда Ҳазрати Султон қўриқхонаси ташкил этилди. Қўриқхона ҳудудида қадимий қалъа асоси ва ёдгорлик мажмуаси – дарвоза, Ҳазрати Султон мақбараси, масжид, булоқлар (Шифо, Мурод, Раҳмат, Мағфират, Ганж), Ҳазрат Халифа Бобо Умар оромгоҳи ва қўриқхонанинг шимолидаги Харгўшон мавзеидаги ибтидоий жамоа тузуми одамлари манзилгоҳлари (“Дўстий” манзилгоҳи) мавжуддир.

Ҳазрати Султоннинг янги мақбараси 2003-2006 йиллар шарқона усулда қурилган. Унинг атрофини турфа гуллар безаб туради.

Мозори Ҳазрати Султон мавзеи хушманзара, табиати бетакрор, доривор ўсимликлар ҳамда ноёб қушлару ҳайвонлар маскани ҳисобланади. Бу ердаги боғларда турли-туман мевалар пишиб туради. Ховалинг тумани марказидан атиги 18 километр масофада жойлашган бўлса-да, об-ҳавоси салқинлиги билан ундан кескин фарқ қилади. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, Ховалингда ёмғир ёғса, албатта, Мозори Ҳазрати Султонда қор ёғади. Шунинг учун бу ернинг баҳори ҳам, ёзи ҳам водийникидан кеч келиб, ўта ёқимли кечади.

Мозордан 15-20 километр шимолроқдаги Хингак, Бқахўрон, Дашти Меш, Сурхсеб дараларидаги булоқ ва чашмалардан бошланадиган дарё унинг яқинидан оқиб ўтади ва суви шаффоф ва саёзлиги билан фарқ қилади. Унинг суви шунчалик шаффофки, сувдаги балиқларни бемалол кузатиш мумкин. Дарё бу мавзега янада кўпроқ гўзаллик улашади.

Мозордан юқорироқда Меш ва Усишутурчаро, Чангон даштлари жойлашган бўлиб, бу мавзелар Тожикистоннинг энг хушманзара минтақаларидан ҳисобланади. Табиий булоқлардан оқадиган сувлар шилдираши, қушларнинг сайраши, турли ноёб ҳайвонларнинг кўзга ташланиши, шубҳасиз, ҳар бир сайёҳнинг юрагида бу жаннатмакон мавзега нисбатан муҳаббат ҳиссини уйғотиши табиий.

Ҳазрат Султон Увайси Қараний марқади жойлашган зиёратгоҳга ҳар йили минглаб ички ва хорижий сайёҳлар ташриф буюради. Мустақиллик йилларида, айниқса, юртимизда Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилинган жорий йилда сайёҳлар оқими ошгани кузатилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан янада ободонлаштирилган Мозори Ҳазрати Султон мавзеси, шубҳасиз, ўлкамизнинг энг хушманзара, обод ва кўнгилочар сайёҳлик мавзеларидан бирига айланди. Марказий Осиё мамлакатларида саратоннинг жазирамаси ҳукмронлик қилаётган бугунги кунларида Мозори Ҳазрати Султонга ташриф буюриш – энг мақбул ва кўнгилочар сафар бўлишига ишончимиз комил.

Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,

журналист.

Душанбе шаҳри.

 

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"