Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
780
7798
8223

-425
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
123061
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 379 665
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Бизга бундай автосаноат керакми?

gm_uz_160Кейинги икки ўн йилликдан ошиқ вақт давомида “Ўзавтосаноат” тизими ўзбек халқининг, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қудратини сўриб келди. GM-Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархини ошириш тўғрисидаги навбатдаги қарор, гарчи у кейинчалик бекор қилингани ҳақида хабар тарқатилган бўлса-да, “Ўзавтосаноат” бу юҳолигидан ҳали-бери воз кечмоқчи эмаслигини кўрсатди.

Юз миллионлаб долларлик “шапка”

Гапни, аввало, халқимизнинг машинага муносабатидан бошласак. Бизда автомобилнинг ҳаракатланиш воситаси эмас, ҳашамат, нуфузлилик белгиси ўлароқ сифати ҳамон сақланиб турибди. Шунинг учун ўзбекда пул бўлса, ишни машина олишдан бошлайди.

Халқимизнинг бу “фазилати” автосаноат тизимига алоқадор бир тўда кимсаларнинг тинимсиз бойишига сабаб бўлгани бугун сир эмас. Ички бозорда сунъий тақчиллик яратиб, машинани минг-минг доллар “шапка” кийдириб сотишлар, мижозни ойлар эмас, баъзан йиллар давомида сарсон қилишлар ҳали эсдан чиққани йўқ. Бу “шапка”ларнинг умумий миқдори шунча йиллар давомида юзлаб миллион долларларни ташкил этганини ҳисоб-китобни биладиган одам сизга дарров исботлаб бера олади.

Россияда кўп йиллар давомида мардикорлик қилган бир танишим ўз вақтида битта “Нексия”ни 20 минг долларга олганини эслайман.

Ҳар йили хорижга йўл оладиган миллионлаб ватандошларимиз ишлаб топган миллиардлаб доллар пулларининг асосий қисмини машина олиш баҳонасида қўш қўллаб мана шу тизимга алоқадор олғирлар чўнтагига солиб қўярди. Энг эътиборлиси, бу шунчалик одатий ҳол эдики, бировни ҳайрон қолдирмасди. Чунки бу тизим шундай ишларди... Гўёки қонуний асосда қурилган механизмдек...

Тасаввур қиляпсизми, гап миллиардлаб долларлар ҳақида кетяпти. Ҳолбуки, бу пуллар бир тўданинг эмас, балки бутун халқимизнинг турмуш фаровонлиги, оилалар тотувлиги, иқтисодиётимиз ўсишига хизмат қилиши мумкин эди. Агар “Ўзавтосаноат”нинг бузуқ тизими бўлмаганда, у халқимизнинг молиявий қудратини зулук каби сўриб келмаганида...

Тасаввур қилинг, сиз ўзимизда машинани 10-15 минг долларга эмас, дейлик, 7-8 минг долларга харид қиласиз. Аслида ҳам GM-Uzbekistan ишлаб чиқарадиган тоифадаги машиналарнинг аксарияти дунё бозорида бундан қиммат эмас. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун бизда ишлаб чиқариладиган машиналар Россияда қанчага сотилади-ю, ички бозорда қанчага сотилишини солиштириб кўриш кифоя. Хуллас, машинани 7-8 минг долларга (ёки унинг эквивалентига) сотиб олиш имконияти бўлганида бундан ҳар бир мижоз, айтайлик, ўртача 5 минг доллар ютарди. Айни шу маблағ оиланинг ўз эҳтиёжларига йўналтириларди. Кимдир уй қурарди, тўй қиларди, кимдир кичик бизнес очарди. Қарабсизки, бу жараёнларга боғлиқ соҳаларда иқтисодий фаоллик кучаярди, натижада турмуш яхшиланарди, иқтисодий ривожланиш тезлашарди.

Фирмалар, корхоналар, ташкилотлар хусусида ҳам шундай фикрни билдириш мумкин. Улар ўз эҳтиёжлари учун зарур автомобилларни қиммат нархда олишга мажбурлиги боис, ортиқча маблағларини ривожлантиришга йўналтириш имкониятлари чекланиб келди.

Учта жипга татийдиган “Ласетти”

Мен баъзи давраларда машина ҳақида гурунг кетганда: “Асакада автомобиль заводи қурилиши ўзбек халқига қимматга тушди. Агар бу завод қурилмаганда бугун бизнинг кўчаларимиз BMW, Mercedes, Toyota лар билан тўлиб-тошган, нархи ҳам арзон бўлган бўларди. Қиммат “Нексия” эмас, арзон ва ишончли немис ёки япон машинасини олганимизда, қолган пулни юқорида айтилгани каби мақсадларга ишлатганимизда фойдаси кўпроқ бўларди”, деб айт­ганман. Бу мулоҳазаларим қанчалик тўғри ёки нотўғри, энди буни ҳар ким ўзича ҳал қилади. Лекин бир нарса кундек равшан: Асакадан чиқадиган автомобиллар боис, ички бозорда рақобат йўқолди ва монополия ўзининг қора ишини ҳали ҳам давом эттирмоқда.

Бир неча йиллар аввал тожикистонлик курсдошим ўзининг жип автомобилида тушган суратини телеграммдаги гуруҳдош­ларга жўнатиб, 5 минг долларга сотиб олганини қўшимча қилганди. Бунга жавобан Тошкентда яшайдиган бошқа курсдошим “Ласетти”сининг суратини жойлаб, “учта жип”, дея истеҳзоли изоҳ қолдирганди.

Бундай монополия ички бозордаги автомобиллар нархига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўн йилча муқаддам бир танишим “олти юзлик” “мерседес” сотиб олиб, келин-куёвлар учун кортеж бизнесини йўлга қўймоқчи бўлганди. Ўша пайтда бу русумдаги автомобиль (минилгани) Қозоғис­тонда 7 минг доллар, бизда эса 35 минг доллар эканини билиб, фикридан қайтганди. Чунки Қозоғистондан арзонга олиб кираман деса... Бу ёғи ўзингизга аён.

Емаган сомсанинг пули

“Ўзавтосаноат”нинг GM-Uzbekistan автомобиллари нархини ошириш қарорини дард устига чипқон деб баҳолаш мумкин. Яхшиямки, бу қарор бекор қилинди (ҳозирча). Лекин мавжуд муаммо бу билан ечимини топиб қолгани йўқ. Ҳали ҳам машиналарнинг нарх-навоси атрофида кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда.

Нега экспорт бозорида GM-Uzbekistan автомобиллари нархи ички бозордагидан кўра арзонроқ, деган саволга ҳамон қониқарли жавоб олингани йўқ. Валюта тушуми ва ташқи бозорда шу йўл билан ўз ўрнига эга бўлиш баҳоналари эса халқимизни ишонтира олгани йўқ.

Яна бир масала кўпчиликни қийнайди. Нега хорижликлар GM-Uzbekistan автомобилларини арзон олиши учун ўзбек халқи пул тўлаши керак? Ахир экспортга чиқарилаётган машиналар арзонлиги ички бозорда нархни кўтариш ҳисобига қопланаётганини яна қандай тушуниш мумкин?!

Бунинг устига, ўзимизда нарх оширилиши эълон қилинаётган бир пайтда “Ўзавтосаноат” раҳбари россиялик мижозлар учун экспорт нархларини 30 фоиз пасайтириш ҳақида гапирди. Буни Россия бозорида рақобатбардошликни ошириш зарурати билан изоҳлади. Ўзи шундай ҳам у ерда GM-Uzbekistan автомобиллари биздагидан арзонроқ-ку!

Қуйидаги маълумотларга эътибор беринг. Айрим манбаларга кўра, Chevrolet Spark (R2) Ўзбекистонда Россиядагидан кўра ўртача 467 доллар, Chevrolet Nexia R3 - 1 214 доллар, Chevrolet Cobalt (Ravon R4) - 1 357 доллар, Chevrolet Lacetti (Ravon Gentra) 2 873 доллар қимматроқдир. Экспорт бозорларида GM-Uzbekistan автомобиллари ички бозордагидан кўра яхшироқ жиҳозланган ва ўртача 1 465 доллар арзонроқ. Қолаверса, хорижда бу автомобилларга кафолат муддати ҳам кўпроқ (Россияда 3 йил ёки 100 минг км., Ўзбекистонда 1 йил ва 20 минг км).

Яна ўша гап, нега ўзбек халқи тузалиши қийин бўлган дардга чалинган бу тизимнинг инжиқлари учун пул тўлаши керак? Ваҳоланки, 22 йил давомида ривожланиб келган бу касаллик сурункали тус олганини “Ўзавтосаноат” раҳбарининг ўзи эътироф этиб турибди.

Ҳозир арзонми?

Бошқа жиҳатдан олиб қараганда, GM Uzbekistan автомобилларининг нархи ҳозир шунчалик ҳам ҳамёнбопмики, яна уни қимматлаштиришга уриниш бўлмоқда? Тан олайлик, бу нарх ҳозир ҳам шу тоифадаги автомобиллар учун анча қиммат.

Эринмасангиз, масалан, интернетга кириб, бир “google”лашиб кўринг, “Малибу”нинг АҚШдаги нархи билан Ўзбекис­тондаги нархи ўртасидаги фарқни кўрасиз. Ҳолбуки, АҚШда автомобиллар учун хавфсизлик ва экологик талаблар биздагига нисбатан анча юқори. Қолаверса, “made in USA” “Малибу”ни ишлаб чиқариш харажатлари GM Uzbekistan никидан анча ортиқ бўлса ортиқки, кам эмас. У ерда чиқадиган автомобилнинг комплектация­си ҳам биздагидан бойроқ. Аммо нархи арзонроқ.

Эсингизда бўлса, конвертация йўлга қўйилиши баҳонасида илгари, дейлик, 8 минг доллар бўлган автомобиль нархи 9-10 минг долларга чиқариб олинди. Ҳолбуки, бу валюта эркинлашувининг GM Uzbekistan га кўп-да алоқаси йўқ эди. Корхона илгари ҳам валютани давлат курсида конвертация қилиш имтиёзига эга эди. Шундай бўлса-да, киши билмас қилиб нархларни ошириб олди.

Мана, бир мисол. Эркин конвертацияга ўтилишидан олдин танишим “Gentra” русумли автомобилни расмий дилердан, яъни автосалондан 10 минг долларга ҳам етмайдиган нархда сотиб олганди. Бугун унинг нархи 103,4 млн. сўмдан 124 млн. сўмгача, долларда $12,9 мингдан $15,5 минггача.

Эркин конвертация туфайли GM Uzbekistan автомобилларини фақат сўмга сотишга ўтилган пайтда мутасаддилар валюта курси ўзгаришига боғлиқ равишда машиналар нархи ҳам ўзгаришини ваъда қилганди. Лекин бу ўринда ҳам ғирромлик бўлди. Сўнгги ойлар давомида АҚШ доллари курси пасайиб борди, аммо GM Uzbekistan автомобилларининг нархи шунга мутаносиб равишда тушмади. Бизни яна алдашди...

Кейинроқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан маҳаллий автомобиллар нархи кес­кин ошишининг олдини олиш мақсадида GM Uzbekistan автомобиллари учун акциз солиғининг ставкаси 27 фоиздан 5 фоизга туширилди. Бу ҳам кор қилмади...

Олдимиздаги йўл

GM Uzbekistan автомобилларининг нархи ошиши ҳақидаги хабар жамиятимизни бир қалқитиб олди, десак муболаға бўлмаса керак. Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда шунчалик кўп танқидий фикр янградики, уларнинг умумий мазмунини машҳур шахс­лардан бирининг: “Халқ ва мамлакат манфаатига хизмат қилмайдиган ҳар қандай қарор ёки ҳаракат халққа қаршидир”, деган гаплари билан қисқача ифодалаш мумкин.

Кўпчилик томонидан “Завод маҳсулотларини бойкот қилиш керак”, “Заводни ёпиш лозим” каби радикал таклифлар ўртага ташланмоқда. Бу таклифлар қанчалик ўринли, билмадик, лекин битта нарса аниқ: тизимда радикал ўзгаришлар қилиш вақти аллақачон етди. Бу ўзгаришлар янги автозаводлар очиш ёки хориждан кирадиган автомобиллар учун турли тўловларни камайтириш йўли билан амалга ошириладими, буни тегишли идоралар имкон қадар тез ҳал қилиши шарт.

Энг асосийси, бугун автосаноатимизни беморликдан қутқариш ҳаракатида эканмиз, унинг товонини халқ тўламаслиги керак. Унинг юкини халқнинг гарданига юклаш керак эмас. Аксинча, инвесторлар топиш, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, рақобатни кучайтириш йўлидан бориш тўғрироқ назаримизда.

Акс ҳолда Президентимиз ҳам бир неча марта танқид қилган автосаноат тизими халқимиз, корхона ва ташкилотларимизнинг молиявий қудратини сўришда давом этаверади. Бу эса жадал ривожланиш йўлини танлаган Ўзбекистон иқтисодиёти томирига болта уриш билан баробардир.

Анвар КАРИМОВ.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"