Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
8770
10261
8656

+1605
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
138002
308009
53990

+254019

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 814 945
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Турмуш фаровонлиги тадқиқотчиси

fogel_160_55412Америкалик иқтисодчи Роберт Уильям Фогель 1926 йилда Нью-Йоркда туғилди. Унинг ота-­онаси одессалик иммигрантлар бўлиб, 1922 йилда АҚШга деярли бир тийинсиз, қўлларида чақалоқ билан (Робертнинг акаси) кўчиб келишади. Шунга қарамай, сабр ва матонат билан қийинчилик­ларни енгишиб, янги мамлакат шароитида кўникиб яшайдилар ва ҳаттоки кичик бизнес юритиш учун оз бўлса-да, маблағ йиғишга муяссар бўлишади.

Роберт Уильям Фогель ҳаётининг илк йиллари Буюк депрессия даврига тўғри келади. Унинг оиласи ўша пайтда моддий қийинчиликларни бошдан ўтказаётган бўлса-да, ҳаётининг бу даврини Роберт мамнуният билан эслайди. Оғир кунларни бошларидан ўтказаётганлик­ларига қарамай, бўлажак олим оиласида шодмонлик кайфияти, дўстона муҳит ҳукм суради. Ота-онаси ҳар қандай вазиятда ҳам ўз фарзандларини кўтаринкилик, келажакка ишонч руҳида тарбиялайдилар ва Роберт улардан бу жиҳатлари учун миннатдор бўлади.

Робертнинг маънавий ва интеллектуал ривожланишида унинг акаси катта роль ўйнайди. Уларнинг ота-онаси фарзандлари академик таълим олишларини жуда хоҳлар эди. Бироқ Робертнинг акаси 1941 йилда АҚШ Қуролли кучларига хизматга ўтади, шунда улар кичик ўғилларига ўз эътиборини қаратиб, орзу­-умидларини унинг ҳаётида акс эттиришга ҳаракат қиладилар. Қайсидир жиҳатдан ўрта мактабдаги ўқиш (1932-1944 йиллар давомида) Робертни илмий фаолиятга тайёрлаб боради. Чунки депрессия ва ишсизлик туфайли оддий мактабларда ҳам яхши мутахассис кадр­лар – қобилият­ли ва кучли ўқитувчилар ишлаганлар. Роберт мактабда ўқиб юрган кезларида, айниқса, адабиёт ва тарих фанларини катта қизиқиш билан ўрганади.

Профессионал таълимни Роберт 1944 йилда Корнелл университетида (Нью-Йорк штати, Итака шаҳри) бошлайди. Бу олий даргоҳда тарихдан ташқари иқтисодиёт фанини ҳам қизиқиб ўрганади. Сабаби, ўша пайтда, урушдан кейинги даврда жамиятда иқтисодий таназзул ҳукм сурар, ҳеч кимнинг мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига кўзи етмас эди. Роберт эса соддалиги туфайли иқтисодиёт ва тарихни чуқур ўзлаштириш орқали технологик ва институционал ўзгаришларнинг туб сабабларини кўрсатиб берувчи фундаментал қонуниятларни аниқлаб, иқтисодий беқарорлик ва даромаднинг нотенг тақсимланиши борасидаги кескин муаммолар ечимини топиш мумкин, деб самимий ишонган.

1948 йилда бакалавр дипломини олгандан сўнг Роберт Колумбия университетида ўқишни давом эттиради ва 1960 йилда уни магистрлик даражаси билан битиради. Унинг иқтисодиётчи сифатида шаклланишида микроиқтисодий таҳлилдан дарс берган Жорж Стиглер ва Америка иқтисодиёти тарихидан маърузалар ўқиган Картер Гудрич катта роль ўйнайдилар. Ўқиш давомида Роберт глобал технологик силжишлар ва уларнинг институционал ўзгаришлар билан ўзаро алоқаси кам ўрганилганлигини англаб етади ва бу муаммоларни таҳлил қилиб, ечимини топишга интилади. Айниқса, уни XIX аср давомида иқтисодий ва институционал ўзгаришлардаги фабрика тизимининг роли, янги технологиялар табиати ва аҳамияти, жумладан, темир йўллар қурилиши, пўлат қуйиш соҳасини иқтисодий ўсишга таъсири жуда қизиқтирар эди. Бу муаммоларнинг барчаси Фогелнинг диплом ишида акс этади. Кейинчалик у диплом иши асосида “Темир йўллар ва Америка иқтисодий ўсиши: очерклар ва иқтисодий тарих” (“Railroads and American Economic Growth: Essays in Econometric History”, 1964) китобини чоп этади.

Докторлик диссертациясини Роберт Фогель Жон Ҳопкинс университетида аспирантурада ўқиганда ёқлайди. Унинг илмий раҳбари этиб иқтисодиёт тарихи таҳлилида миқдорий ва статистик усулларни қўллаш бўйича мутахассис бўлган Саймон Кузнец тайинланади. С.Кузнецдан ташқари микроиқтисодиёт йўналишида А.Лернер ва Ф.Махлуп, макроиқтисодиёт ва иқтисодий ўсиш назарияси бўйича эса Е.Домар ҳам Робертнинг олим сифатида шаклланишида катта ҳисса қўшадилар. Фогель 1963 йилда докторлик илмий даражасини олади.

Роберт Фогелнинг келажакдаги илмий режаларига қуйидагилар кирар эди:

1) муҳим технологик ва илмий ихтиролар, давлат сиёсати, атроф-муҳит ва институционал ўзгаришларнинг иқтисодий ўсишга таъсирини миқдорий ўлчаш;

2) даврий жиҳатдан узоқ муддат давом этувчи иқтисодий жараёнларни комплекс ўрганиш учун математик моделларни ва статистик усулларни максимал даражада татбиқ этиш.

Аспирантурани тугаллагандан сўнг Роберт муайян вақт давомида Рочестер университетида профессор ассистенти бўлиб ишлайди. 1965 йилдан то 1975 йилгача Чикаго университетида, 1975-1981 йиллар давомида Гарвард университетида профессор лавозимида фаолият юритади. 1981 йилдан Гарвард университетидаги Аҳолишунослик иқтисодиё­ти маркази бошлиғи этиб тайинланади.

Фогелнинг илмий ишлари узоқ давр­ларнинг иқтисодий тарихини моделлаштириш, янги технологияларнинг иқтисодий ривожланишга таъсири ва иқтисодий демография масалаларига бағишланиб, унинг иқтисодиёт фанига қўшган ҳиссаси, асосан, “клиометрия” ёки тарихий жараёнларни ўрганишда иқтисодий назария ва миқдорий усуллардан фойдаланадиган “янги иқтисодий тарих” йўналишига қўшган новаторлик тадқиқотлари билан ўлчанади.

Роберт Фогель нафақат транспорт тизими, хусусан, темир йўл транспорти муаммолари, балки қуллик институти, тарихий демография таҳлили билан ҳам шуғулланган. Иқтисодий тадқиқотларни олиб бориш давомида у Иқтисодий тадқиқотлар миллий бюроси билан ҳамкорлик қилган, АҚШнинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланиш тадқиқотлари дастурини бошқарган.

Йиллар ўтган сайин Фогелнинг ҳамфикрлари кўпаяди. Унинг илмий ишлари кўлами ва объектларининг кенгайишига компьютер техникаси ва дастурий таъминот ривожланишидаги тараққиёт сабаб бўлади. Бунда ахборотнинг катта ҳажми билан ишлаш имконияти пайдо бўлади.

Фогелнинг иқтисодиёт тарихи ва йўналишидаги илмий ишлари кўплаб талабаларни ва ёш тадқиқотчиларни жалб қилади. Чунки бу борадаги ишлар маълумотларни йиғишдан уларга ишлов беришгача, таҳлилдан то интерпретация қилишгача қамраб олинган жараёнларда катта маҳоратни талаб қилар эди. Жамоавий асарига 1974 йилда ёзилган “Хочдаги вақт: Америка қулдорлик иқтисодиёти” (“Time on the Cross: The Economics of American Negro Slavery”) деб номланган икки жилдли ишини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бу асарда 35 дан зиёд мутахассиснинг илмий ишлари натижалари йиғилган бўлиб, ўз вақтида катта шов-шув келтириб чиқарган эди.

1980–1990 йиллар давомида Фогель тадқиқотларини иқтисодий демография йўналишида олиб боради. Хусусан, у XVIII ва XIX асрларда яшаган АҚШ, Франция, Англия, Швеция аҳолисининг овқатланиш меъёрлари, ўлим кўрсаткичлари ва соғлиғи ҳақидаги маълумотларга асос­ланган статистик рақамларни таҳлил қилиш орқали тадқиқотлар ўтказди ва бу мамлакатлардаги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, замонавий иқтисодий ўсиш ва миллатлар турмуш фаровонлигининг сабаб ва оқибатларини тушунишга ҳаракат қилади.

1993 йилги Нобель мукофотига Роберт Уильям Фогель ва Вашингтон университети профессори Дуглас С.Норт иқтисодий ва институционал ўзгариш­ларни тушунтириш мақсадида иқтисодий назария ва миқдорий методларни қўллаш йўли билан иқтисодий тарихга янгича қараш асосидаги тадқиқотлари учун сазовор бўлдилар.

1948 йилда Роберт Уильям Фогель Энид Морганга уйланади. Бу аёл 50 йилга яқин оилавий турмуш мобайнида уни ижодий ва илмий фаолиятида қўллаб-қувватлайди, хусусан, архив ва кутубхоналарда маълумотларни ахтаришга ёрдам беради. Фогелнинг икки ўғли – Михаэль ва Стивен ҳам отасининг ишига катта қизиқиш билдиришади ва унинг ёзган асарларининг биринчи тақризчилари бўлишлари билан бирга китобларини таҳрир қилиб, босмага тайёрлашда дои­мий кўмакдош бўлишади.

Ҳилола САЛОЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"