Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
7653
8025
7470

+555
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
153922
284189
61890

+222299

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 246 198
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Гэри БЕККЕР: инсон омилига киритилган ҳар қандай сармоя ўзини оқлайди

 

bekker_160_554122Инсон капитали ҳар бир мамлакат миллий бойлигининг муҳим ва ажралмас қисми, иқтисодиётнинг узоқ муддатли ўсишини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда ривожланган мамлакатларнинг сезиларли даражадаги рақобатчилик устуворликлари уларда мавжуд инсон капиталининг юқори сифати ва захирасига асос­ланмоқда.

Аксарият иқтисодчиларнинг фик­рича, мақсадли фойдаланиладиган инсон капитали деганда янги қийматларни ва даромадлар оқимини яратадиган инвестицияларни ва шахс томонидан тўпланган билимлар, малакалар ва бошқа сифатлар тушунилади. Инсон капитали олинган билим, кўникма, мотивациялар ҳамда инсонларга хос бўлган ғайратдан иборат бўлиб, улардан товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиш мумкин.

Гэри Стэнли Беккер инсон капитали назарияси асосчиларидан бири бўлиб, унга 1992 йилги Нобель мукофоти “нобозор ҳолатларни инобатга олган ҳолда инсон хатти-ҳаракати ва ўзаро муносабатларининг кенг қамровли муаммоларига микроиқтисодий таҳлилнинг қўлланилиш соҳасини кенгайтирганлиги учун” берилди. Унинг тадқиқотларида классик пул назарияси ва микроиқтисодий масалалар асосий ўринни эгаллайди ҳамда Альфред Маршаллнинг харажат ва таклиф назариялари билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилинади.

Америкалик иқтисодчи Гэри Стэнли Беккер 1930 йил 2 декабрда Поттсвиль шаҳри (Пенсильвания штати)да таваллуд топади. Маҳаллий коллежни битириб, Пристон университетига ўқишга кирди ва ижтимоий фанлардан магистрлик даражасини олди. Кейинчалик Чикаго университети аспирантурасида ўқишни давом эттирди ва 1953 йилда докторлик диссертацияни ёқлади. Муайян вақт давомида Беккер Пристон ва Колумбия университетларида ассистент, доцент (1957), профессор (1960) сифатида фаолият юритди. 1969/70 йилларда Форд жамғармаси йўналиши бўйича Чикаго университетида маърузалар ўқийди ва бу ерда доимий ишда қолади. 1984/85 йиллар давомида иқтисодиёт кафедрасини бошқарди, шунингдек, Стэнфорд университети ҳузуридаги Гуверов институти билан яқиндан ҳамкорлик қилди.

Беккер инсон капитали тушунчасини биринчи бўлиб микродаражада қўллай бошлади. Бу олим меҳнат бозорида мавжуд бўлган дискриминация муаммоларини неоклассик таҳлил қилади ва биринчилардан бўлиб инсон омилига капитал қўйилмалар назариясини амалий жиҳатдан қўллаш йўлларини кўрсатиб берди.

Умуман олганда, ҳар бир ижтимоий ҳодисани ёки ижтимоий ҳаётнинг ҳар қандай соҳасини иқтисодий таҳлил асосида кўриб чиқиш унинг илмий фаолиятининг ўзига хос жиҳати эди. Бу тамойилни амалда биринчи бор қўллаганда ирқий дискриминация муаммоларининг меҳнат бозорига таъсирини тадқиқ қилади ва бу тадқиқотининг натижалари асосида докторлик диссертациясини ёзади.

Бундан ташқари, Беккер иқтисод агентлари вақт тақсимотини таҳлил қилиб, кузатувларини умумлаштиради ва турмуш, ажрашиш, бола туғилиши каби ҳолатларни иқтисодий таҳлил қилиш имкониятини берувчи “оиланинг янги иқтисоди”ни ишлаб чиқади.

Иқтисодчи олим бўлишига қарамай, Беккернинг қизиқишлари кенг қамровли эди. У жиноятчилик муаммоларини ҳам иқтисодий таҳлил ёрдамида ўрганиб чиқади ва илмий тадқиқот натижаларини “Жиноят ва жазо: иқтисодий ёндашув” (“Crime and Punishment: An Economic Approach”) мақоласида эълон қилади. Кейинчалик у фикрларини “Жиноятчилик ва жазо иқтисодиёти очерклари” тўпламида баён қилади.

Беккер 1960 йилларда Т.Шульц ва Ж.Минкер каби олимлар билан бир вақтда инсон капитали муаммосини кўтаради. Инсон омилига капитал қўйилмаларни киритиш назариясини ишлаб чиқиш давомида олим материалларни тизимлаштиради ва микроиқтисодий жиҳатдан таҳлил қилади. Унинг бу мавзуга доир биринчи мақоласи “Инсон капиталига сармоялар: назарий таҳлил” (“Investment in Human Capital: A Theoretical Analysis”, 1962) деб номланади. Икки йилдан сўнг “Инсон капитали: назарий ва эмпирик таҳлил” (“Human Capital: A Theoretical and Empirical Analysis”, 1964) монографиясини эълон қилади ва бу илмий иши унга Нобель мукофоти берилган пайтда Швеция Қироллик академияси томонидан “замонавий иқтисодиётга қўшган энг катта ҳиссаси” сифатида эътироф этилади.

1967 йилда олим айнан шу мавзуга бағишлаб яна бир асарни чоп этади. Бу китоб “Инсон капитали ва даромаднинг шахсий тақсимоти: таҳлилга уриниш” (“Human Capital and the Personal Distribution of Income: An Analytical Approach”) деб номланади.

Гэри Беккернинг инсон капитали соҳасига оид ёзган асарлари Америкада иқтисодиёт фанидан олиб борилаётган тадқиқотларда назарий ва эмпирик маълумотларнинг оптимал уйғунлашувини интенсив тарзда излаш даврига тўғри келади.

“Инсон капитали” асарида илгари сурилган ғоянинг мазмуни шундан иборат эдики, инсон омилига киритилган ҳар қандай сармоя – хусусий ёки давлат миқёсида бўлсин, – иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди. Беккер мисоллар ёрдамида таълимга ва бўлажак мутахассисларни тайёрлашга сарф этиладиган йирик харажатлар янги техника ва ускуналарни сотиб олиш билан баробарлигини ва келажакда нафақат корхона ҳамда фирманинг ўзига, балки бутун жамиятга катта наф келтиришини исботлаб беради.

У корхонадаги инсон капиталини кўникмалар, билим ва маҳоратнинг жамланмаси деб белгилайди. Бунда олим ходимларни махсус ўқитиш, уларда махсус билим ва кўникмалар ҳосил қилишга алоҳида аҳамият беради. Беккернинг таъкидлашича, ходимларнинг махсус тайёргарлиги фирманинг рақобат устуворлигини шакллантиради. Бу бозорларда маҳсулотларнинг маълум ва машҳур бўлиши, пировард натижада фирманинг нуфузи, ноу-хауси ва савдо белгисида ўз ифодасини топади. Ходимларни махсус тайёрлашдан, энг аввало, фирма ва компанияларнинг ўзлари манфаатдор, шунинг учун улар буни ўзлари молиялаштиришлари керак, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, Беккер олий таълимдан олинадиган қўшимча даромадни қуйидаги тарзда белгилайди: коллежни тугаллаганлар ишлаб топган даромаддан ўрта маълумотга эга ходимларники айрилади. Таълимга чиқимлар ҳам таълим олиш учун бевосита харажатлар, ҳам муқобил чиқимлар – ўқиш даврида бой берилган даромадлардир. Унинг ҳисоблаб чиқишича, таълимга инвестициялар йилига тахминан 12–14 фоиз миқдорида фойда келтиради.

Олим инсон капиталига инвестициялар рентабеллигининг миқдорини аниқлайди ва уни АҚШдаги кўпгина фирмаларнинг рентабеллиги билан таққослайди. Хусусий таълим муассасалари сонининг кўпайиши, қисқа муддатли семинарлар ва махсус курслар ташкил этадиган консалтинг фирмалари фаолиятининг кенгайиши натижасида таълим фаолиятининг хусусий сектордаги рентабеллик даражаси тижорат фаолиятининг бошқа турлари рентабеллиги даражасидан 10–15 фоиз ортиқ эканлигини кўрсатади.

Гэри Беккер бошқа тилларга таржима қилинган ўндан ортиқ монография ва 50 тага яқин мақола муаллифидир. Унинг исми кенг оммага иқтисодий шарҳловчи сифатидаги фаолиятидан ҳам таниш: у “Бизнес уик” ҳафталигида АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг иқтисодий ҳаётига тегишли энг ёрқин ҳодисаларни махсус саҳифада ёритиб борган.

Шундай қилиб, америкалик иқтисод­чи Гэри Стэнли Беккер томонидан чуқур ўрганилиб таҳлил этилган инсон капитали концепцияси бугунги кунда мустаҳкам илмий анъанага таянади ва таълим тизими, фан, соғлиқни сақлаш, миграцион оқимларни тақсимлаш ва ҳоказоларнинг келгусидаги ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш учун назарий асос ҳисобланади.

Ҳилола САЛОЕВА.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"