boylar_160Шарқ бозори... Йилнинг тўрт фаслида ҳам ўз жозибасини йўқотмайдиган, тўкин-сочин, қиш аёзида ҳам сархил мева-ю сабзавотлари билан кўзни яйратиб, кўнгилларга ҳаловат бағишлайдиган бозор. Ҳозир бозорларимиз янаям обод бўлиб, шарқона қиёфага кириб бормоқда. Бугун нафақат пойтахтимиз ёки унинг атрофида, балки республикамизнинг барча шаҳарлари-ю қишлоқларида замонавий типда барпо этилаётган бозорлар кўзни қувонтиради.

Авваллари расталарда чиройли териб қўйилган мева-сабзавотларни етиштириб, эл дастурхонига тортиқ қилаётганлар фақат қишин-ёзин ер билан тиллашаётган деҳқонлардангина иборат бўларди. Бозор иқтисодиёти бундай тартиб-қоидага ҳам ўзгартириш киритди. Айни пайтда бошқа касб эгалари ҳам бозорларни хилма-хил деҳқончилик маҳсулотлари билан бойи­тишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Қулупнаю гилос, помидор-у бодринг, ҳатто лимонгача етиштириб, бозорга чиқараётганлар орасида турли касб эгалари ҳам борлиги кишини қувонтиради. Улар халқни сархил мевалар билан таъминлабгина қолмай, балки ўз оилавий бюджетларига қўшимча даромад киритиб, рўзғордаги кам-кўстларини бутлашмоқда. Дарҳақиқат, юртимизда тадбиркорлар, ишбилармонлар кўпаймоқда!

Фикримни исботлаш учун мисол келтираман.

Бир дугонам бор. У яхшигина касб эгаси, икки қиз, бир ўғилнинг онаси. Ўғли ҳали мактабда ўқийди, қизларининг бири тиббиёт, иккинчиси эса юридик коллежини битирди. Фарзанд­ларининг илм олишга чанқоқлигини ҳисобга олган дугонам уларнинг олий маълумотли бўлишини истади. Бироқ ўзининг ва турмуш ўртоғининг маоши билан репетитор ёллашнинг имкони йўқ эди. Оила бунинг йўлини топди! Деҳқончилик қилиб, баҳорнинг илк кунларидан пойтахт бозорларига кўзни қувонтирадиган, сархил помидорлар етказиб беришди. Кейинроқ эса лимон кўчатидан экишиб, икки йил деганда ҳосил ола бошлашди. Натижада оила дастурхони бутланди, орттирган жамғармаларига фарзандларини ўқитди. Бу йил улар қиз узатиш тараддудида...

Одамларимиз орасида шундай тоифалар ҳам борки... Бу тоифа кишиларнинг иш йўқлигидан нолиш­лари, болалари кўп-у, лекин уларни боқа олмаётгани хусусидаги шикоятлари кишини ажаблантиради. Агар эъти­бор берсангиз, бугун камбағалликни бўйнига олаётганлар аслида ишёқмас, дангаса, имкониятлардан фойдалана олмаётган кимсалар эканига шоҳид бўласиз.

Эшитишимча, ғарб мамлакатларида камбағал, қашшоқ одамга ҳеч ким раҳм-шафқат қилмас экан. Нега дейсизми? Мен ҳам илк марта бу ҳақда эшитганимда ажабланганман. Чунки биз ўзимиз томон чўзилган қўлларга сўнгги нонимизни ҳам беришга интиламиз. Уларга раҳмимиз келади. Биздаги меҳр-шафқатнинг чек-чегараси йўқ. Чунки шундай тарбия кўрганмиз!.. Бироқ бирор марта бўлсин, “Ҳей, сен, нега бу аҳволга тушиб қолдинг? Ахир шундай яшашдан уялмайсанми? Нега яхши яшаш учун имконият изламайсан?” дея сўрамаймиз...

Руҳшуносларининг фикрича, инсоннинг бой ёки камбағал бўлишига инсоннинг ўзи сабабчи бўлади. Меҳнатдан қочмайдиган инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз турмушини фаровон этиш йўлида изланаркан, интиларкан. Улар оддий ишчидан чиққан кўплаб миллионер-бойларни мисол тариқасида келтиришади. Ишёқмас эса баҳона изларкан-у, қашшоқлашиб боравераркан.

Яқинда бир танишим қишлоқда яшайдиган акасининг ундан моддий ёрдам сўраб келганини айтиб қолди. 5-6 нафар фарзандини боқолмай, қийналиб қолган ака пойтахтда ишлаётган зиёли укасининг ёрдамига муҳтожлик сезибди. Тўғриси, ҳайрон қолдим. Сўраб-суриштира бошладим:

– Акам ҳайдовчилик қиларди, ҳозир қишлоқда иш тополмаётган экан, – дея изоҳ берди танишим.

– Соғлиғи яхшими, ишга яроқлими? – сўрадим яна.

– Ҳа, албатта.

– Томорқаси борми? Ҳовлисида экин экиладиган ери борми?

– Бор, нима эди? – ҳайрон бўлди у.

– Унда нега деҳқончилик қилмайди? – ажабланиб сўрадим мен.

– ...

Ҳа, бугун “иш йўқ” деб нолишдан олдин дўппини бир четга олиб қўйиб, каллани ишлатадиган, ақлни чархлайдиган замон келгани рост. Давр фуқароларимиздан тадбиркорлик ва ишбилармонликни талаб қилмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, деган нақл бекорга айтилмаган.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, ҳозир оилаларга, айниқса, ёш оилалар тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида қатор чора-тадбирлар белгиланган, имтиёзлар кўрсатилмоқда. Жумладан, тадбиркорларга банк кредитларини олишда амалий ёрдамлар бериляпти. Натижада ҳудудларда деҳқончилик, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик билан бир қаторда кулоллик, каштачилик, заргарлик, чилангарлик, шунингдек, тобора камайиб бораётган хаттотлик, темирчилик, терига ишлов бериш сингари касб соҳиблари сони ортяпти. Қишлоқ ва шаҳарларда дурадгор, каштачи, мебелчилар каби оилавий тадбиркорлар кўпаймоқда. Бу борада оилалараро “устоз-шогирд” анъаналари ривожланяпти.

Аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, уларни мунтазам равишда қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ўз мевасини бермоқда. Бугунги кунда ишбилармонлик билан шуғулланаётган оилалар нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам мустаҳкамланиб боряпти. Зеро, оилавий тадбиркорликнинг ривожлантирилиши нафақат оилалар мустаҳкамлигига, балки жамиятимиз ва мамлакатимиз тараққиётига ҳам ўзининг улкан ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.

Г. МУРОДАЛИЕВА.