Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
420
9399
9631

-232
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
172376
286969
40656

+246313

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 9 411 435
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Тасодифларга бой тақдир

ronald_160_2254144Иқтисодчи олимларнинг ҳаётига назар ташланса, уларнинг аксариятида иқтисодиёт фанига ё қизиқиши, ё қобилияти бўлган. Иқтисодиёт йўналиши бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган, ҳаёти ва ижодий фаолияти қуйида ҳикоя қилинадиган нав­батдаги олимда эса иқтисодиёт фанига нисбатан аввалига на иштиёқ ва на қизиқиш бўлган. Ҳаётий тасодифларга бой тақдири уни ўз ортидан эргаштириб юрган.

Инглиз иқтисодчиси Рональд Гарри Коуз 1910 йил 29 декабрда Уилсдендда, Лондон яқинидаги шаҳарчада туғилди. Отаси телеграфист бўлиб ишлаган, онаси эса почтада хизмат қилган. Ота-онасининг маълумоти бўлмаса-да, саводли эдилар, спортга жуда қизиқардилар. Коулз оилада якка-ю ёлғиз фарзанд эди. У ота-онасига ўхшаб спортга берилмайди, аммо билим олиш, бирор нарсани ўқиб-ўрганиш унга катта завқ бағишларди.

Ёшлигидан Коузнинг оёғи жисмоний заиф эди, шунинг учун у жисмоний нуқсони мавжуд болалар махсус мактабида ўқиган. Ўрта мактабда у одатдагидек 11 ёшдан эмас, балки 12 ёшдан ўқий бошлайди. Бу тасодифий ҳолат унинг кейинги ҳаётига, ҳаттоки иқтисодчи олим бўлиб шаклланишига таъсир қилади. Сабаби, бир йил мактабга кеч чиққанлиги учун Коуз лотин тилини мураккаб даражада ўргана олмайди. У 1927 йилда мазкур ўқув юртини тугатаётганда тарих ва кимёдан имтиҳонларни аъло баҳолар билан топширади ва университетда ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади. Бироқ у тарих факультетига кирмоқчи бўлади, бунинг учун эса лотин тилидан юқори билимларга эга бўлиш талаб этиларди. Шунинг учун Коуз яна икки йилга мактабда қолиб, “сиртқи талаба” сифатида Лондон университети тарих факультетининг ўқув дастурини ўрганишга ва оралиқ имтиҳонларни топшириб, кейинчалик университетга тўлиқ ўтиб ўқишга қарор қилади. Аммо лотин тилини ўзлаштира олмайди ва табиий фанлардан кимё фанини танлаб ўқиш қарорига келади. Бироқ бу умиди ҳам амалга ошмайди – Коуз кимё фанига умуман қизиқмайди, зўр-базўр ўқийди. Охир-оқибат унинг бир йўли қолади - мактабда шуғулланиб, кейинчалик университетда тижорат йўналишида ўқиш. Коуз бу соҳани ўзлаштиради ва имтиҳонларни топшириб, 1929 йилда Лондон иқтисодиёт мактаби талабалари сафига қабул қилинади. Шу йилдан эътиборан унинг ҳаёти иқтисодиёт фани билан боғланади.

Коузга Лондон иқтисодиёт мактабида бизнес бошқаруви муаммолари бўйича дарс берадиган профессор А. Плант катта таъсир кўрсатади. Айнан унинг таъсири остида Коузда методологик тамойил шакллана боради ва бутун умри давомида ушбу тамо­йилга амал қилиб яшайди – иқтисодий ҳодисаларнинг реал ҳолатини кузатиб боради.

Коуз ўқиш давомида саноат қонунчилигига қизиқади ва бакалавр дип­лом ишини шу мавзуга бағишламоқчи бўлади. Агар унинг нияти амалга ошганда эди, у кейинчалик ҳуқуқшунос бўлиб шаклланарди. Бироқ тақдир уни яна ўз йўлига солади, уни иқтисодиёт фанига йўналтиради. У кутилмаганда Эрнест Кассел стипендияси билан тақдирланади ва хориж университетларида ўқиш имкониятига эга бўлади. Коуз 1931/32 ўқув йиллари давомида АҚШда саноат тузилмасини ўрганади ва шу даврдан бошлаб унинг қизиқишлари ва кейинги касбий фаолияти тамомила бир йўсинга тушади.

Бир йил мобайнида АҚШда йиққан маълумотларини Коуз “Фирма табиати” номли мақоласида эълон қилади. Бу мақола беш йилдан кейин, 1937 йилда “Иқтисодиёт” журналида чоп этилади ва 50 йилдан кейин ҳам ўзининг долзарблигини йўқотмайди. Ҳаттоки 1970/80 йилларда ҳам мазкур мақолага юздан ортиқ шарҳ берилади. Сабаби, мақолада Коуз иқтисодий ташкиллаштиришнинг фундаментал муаммосини кўриб чиқади. Унинг фикрича, фирманинг ташкилотчилик роли катта, у бозор кучларига таъсир ўтказади, ҳаттоки бозордаги келишувларни ҳам йўққа чиқара олади. Бу даврда иқтисодиётда бозор механизмлари энг катта ташкиллаштириш кучига эга, деган фикр ҳукмрон ва Коузнинг қарашлари бу фикрга зид эди. Мазкур мақолада таъкидланганидек, бозор шароитида хўжалик юритиш трансакцион харажатларни вужудга келтиради. Буларга, масалан, нархлар, истеъмолчилар нимани кўпроқ хуш кўриши ва рақобатчиларнинг мақсадлари тўғрисидаги ахборотларни тўплашга кетадиган харажатлар, музокара олиб бориш, битим тузиш, уни юридик жиҳатдан ҳал этиш харажатлари ва бошқалар киради.

Агар неоклассик иқтисодий назарияга асосан товар ишлаб чиқарувчи истаган вақтда битим бўйича шеригини алмаштириши мумкин бўлса, амалда иқтисодий субъектлар ўртасидаги муносабатлар турли муддатдаги шартномалар асосида йўлга қўйилади, уни бекор қилиш ва қайта тузиш учун муайян харажат талаб этилади. Битим тузиш қиймати ҳисобга олинадиган бўлса, фирмага турли корпоратив бирлашмалар мавжудлиги, битимлар варианти ва бошқаларни тушунтириш хийла осонлашади.

АҚШдан қайтгандан сўнг 1932 йили Коуз Лондон иқтисодиёт мактабидаги ўқишини тамомлайди ва аввалига Данди шаҳридаги иқтисодиёт ва статистика мактабида (1932–1934), ке­йинчалик эса Ливерпуль университетида (1932–1935) ва Лондондаги ўзи битирган мактабда (1935–1951) дарс беради. 1951 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилгач, АҚШга кўчиб ўтади, аввал Виржиния, 1964 йилдан Чикаго университетида профессор бўлиб ишлайди ва бир вақтнинг ўзида “Иқтисодиёт ва ҳуқуқ” журналига бош муҳаррирлик қилади (1964–1982).

Бу олимга 1937 ва 1961 йилларда чоп этилган “Фирма табиати” ва “Социал харажат муаммолари” деб номланган мақолалари машҳурлик келтирди.

Коуз кўп йиллар давомида давлат монополиялари – почта алоқаси, теле ва радиокоммуникация ва бош­қаларни ўрганди. Шуларнинг натижаси ўлароқ, “Социал харажат муаммолари” мақоласини ёзади. Унда, хусусан, “радиоэшиттириш бозори”ни барпо этиш ғояси илгари сурилади. Илгари бу соҳада давлат назоратисиз иш юритиш мумкин эмас, аксинча, бошбошдоқлик рўй бериши мумкин, деб ҳисобланган. Коуз эса турли час­тотадаги электромагнит тўлқинларни хусусийлаштириш ҳуқуқини жорий этишни таклиф қилиб, шунда давлат назоратига ҳожат қолмаслигини исботлаб беради.

Иқтисодиёт назариясида “Коуз тео­ремаси” мустаҳкам ўрин эгаллайди, “Ташқи эффектлар” – аҳоли тинчлигини бузувчи аэропорт шовқини, ҳавони ифлословчи завод-фабрика тутунини нима қилиш керак? Бу ҳолатларда бозор механизмлари иш бермайди, стандарт усул бўйича уларга қўшимча солиқ солинади. Коуз эса бозорнинг ўзи бу масалаларни ҳал этишини исботлаб беради (албатта, мулкчилик ҳуқуқи аниқланган ва трансакцион харажатлар катта бўлмаган тақдирда): манфаатдор томонларнинг ўзлари энг мақбул қарорга келишлари мумкин. Мулкка эгалик қилишдан кўпроқ фойда олиши мумкин бўлган иштирокчи бу эгаликни камроқ қимматга эга бўлган иштирокчидан сотиб олади. “Коуз теоремаси”нинг моҳияти шундан иборат.

Олимнинг ғоялари иқтисодиёт фанидаги янги йўналиш – неоинституционализм учун асос бўлди. Бунда ижтимоий институтларнинг тузилиши ва ривожи “трансакцион харажатлар” тушунчасидан фойдаланган ҳолда изоҳланади. Коуз тадқиқотлари иқтисодиёт фанининг бутунлай янги йўналишларини – трансакцион иқтисодиёт ва ҳуқуқ иқтисодиётини очиб беради.

Олимнинг илмий ишлари умумий мувозанат ва фаровонлик назариялари ривожига ҳам муҳим ҳисса қўшади. Иқтисодчи А.С.Пигу фикри бўйича хусусий ва ижтимоий маҳсулот фарқланса, давлатнинг солиқ ва субсидиялар шаклидаги аралашуви ҳар доим зарур бўлади. Коуз ва бош­қа иқтисодчиларнинг фикрича эса, бу ғоялар ҳар доим ҳам тўғри бўлмайди, ишлаб чиқариш ва истеъмолдаги қўшимча самарага қарамасдан бозор механизми В.Парето фикри бўйича оптимумга интилади.

1991 йилда Рональд Коуз илмий фаолиятининг самараси сифатида “Ўткинчи харажатлар ва мулкий ҳуқуқларнинг институцион тузилмаси ва иқтисодиётнинг фаолиятидаги аҳамиятини очиб бергани ва тушунтиргани учун” Нобель мукофоти билан тақдирланади.

Ҳилола САЛОЕВА.

 

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"