baliqchilik_160Балиқчилик – қишлоқ хўжалигининг тез ривожланадиган, сердаромад ва истиқболли соҳаларидан биридир. Кейинги йилларда қатор фермер хўжаликлари шу соҳага йўналтирилиб, қайта қурилганлиги бежиз эмас. Фарғона шаҳридаги “Ўрағбой ота” фермер хўжалиги шулар жумласидандир.

– Айни пайтда хўжалигимизда 7 гектар ерда махсус ҳовузлар ташкил этилиб, дўнгпешона, чипори дўнгпешона, оқ амур ва карп балиқлари етиштирилиб, мактаб­гача таълим муассасалари ва саховат уйларига етказиб берилмоқда ҳамда аҳолига тарқатилмоқда, – дейди А.Мамажонов. – 1 гектар ҳавзада йилига ўртача 6-9 тонна балиқ етиштирилмоқда. Балиқчиликдан олинаётган даромадимиз йил сайин кўпа­йиб, ходимларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш, атрофни ободонлаштириш, янги уй-жой, савдо-саноат ва экотуризм иншоотлари барпо этиш имкониятларини бермоқда. Бу соҳадаги тажрибаларни умумлаштириб, “Ўзбекистон Республикаси минтақаларида ҳовуз балиқчилигини юритиш асослари” китобини ёзиб тугатдим. Китоб нашрдан чиққач ундан ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланиш мумкин. Зеро, Президентимизнинг балиқчилик, анорчилик ва асаларичиликни замон талаблари асосида ривожлантиришни таъминлайдиган билимдон ва ишбилармон кадрлар тайёрлашни кучайтириш мақсадида Фарғона олийгоҳларида махсус факультет, бўлим ва марказлар ташкил этиш таклифига асосан, Фарғона давлат университетида Балиқчилик илмий-инновацион марказини очиш бўйича амалий ишлар бошланди.

Янги ташкил этилаётган марказда хорижий тажрибаларни ўрганиш ва мамлакат миқёсида қўллаш, балиқчилик хўжаликларини замонавий технология ва жиҳозлар билан таъминлаш, балиқчиликда фаолият юритаётган кадрларнинг малака ва маҳоратини ошириш, янги иш ўринларини яратишга доир масалалар ўз илмий ечимини топади. Бу ерда экспериментал-селекцион тадқиқотлар ўтказиш, балиқ турларини кўпайтириш ва мослаштириш, ишни интенсивлаштириш мақсадида генетик таж­рибалар ўтказиш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва жаҳон стандартларига мослаштириш технологияси асосида ишлайдиган махсус корхона ва цехлар барпо этиш юзасидан илмий изланишлар олиб борилади.

Баҳодир ЭРГАШЕВ.