Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
112
11079
10729

+350
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
199273
276658
24070

+252588

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 568 207
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Глобал миграция: тўкин ҳаёт ва даромад илинжида

migratsiya_160Аҳоли миграцияси одамларнинг бир минтақадан (мамлакатдан) бошқасига, аксар ҳолларда катта гуруҳлар бўлиб ва олис масофаларга ўтишидир. Мутахассислар фикрича, бугунги кунда ер юзидаги халқаро мигрантлар сони 244 миллиондан ошиб кетган (уларнинг 20 миллионга яқинини қочқинлар ташкил этади). Суръат шу тарзда давом этаверса, 2040 йилга бориб бу миқдор 400 миллионни ташкил этиши кутилмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйича муҳожир ишчилар сони кейинги қирқ йил ичида икки баробар ошган. Айни кунларда фақат Европа давлатларининг ўзида 56 миллиондан зиёд муҳожир истиқомат қиламоқда. Фуқаролик олиш илинжида бўлган энг кўп муҳожирлар Буюк Британияда яшайдилар, кейинги ўринда Франция туради.

Осиё минтақасида эса муҳожирлар сони 50 миллиондан кўпроқни ташкил этади. Саудия Арабистони, Покистон ва Гонконг муҳожирлар энг кўп йиғилган жойларга айланган. АҚШда тахминан 30 миллион киши муҳожирлик мақомида меҳнат қилади. Канадада эса бу кўрсаткич 6 миллионни ташкил этади. Кейинги йилларда Япония билан Италия ҳам муҳожирларнинг севимли масканларига айланиб бормоқда. Мутахассислар муҳожирларнинг 60 фоиздан кўпроғи жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида эканлигини таъкидлашмоқда. Умуман олганда, дунёнинг бирор мамлакатини мазкур муаммо четлаб ўтмагани яққол кўриниб турибди.

Масаланинг иқтисодий жиҳатига тўхталиб ўтайлик.

Статистика маълумотларига кўра, ривожланган мамлакатларда меҳнат қилаётган муҳожирлар ўз ватанларига бир йилда 500 миллиард доллар юборишади. Бу борада етакчи давлат бўлган Ҳиндистонга ҳар йили чет элларда ишлаётган фуқароларидан 70 миллиард доллар келиб туради, бу эса мамлакатнинг компьютер дастурлари ва ахборот хизматлари кўрсатиш соҳасида оладиган даромадига тенг. Ваҳоланки, муҳожир меҳнаткашларнинг каттагина қисми ноқонуний тарзда фаолият кўрсатади. Мутахассисларнинг билдиришича, бу тарзда ишлаётганларнинг фақат саккизтадан биттасигина тегишли муассасалар томонидан аниқланади ва ўз юртларига депортация қилинади.

Албатта, меҳнат бозорида мигрантларга муносабат яхши эмас, жумладан, уларнинг очиқдан-очиқ дискриминацияга учраётганликлари ҳам бор гап. Дискриминациянинг энг катта кўриниши мигрантларни ишга қабул қилиш жараёнида намоён бўлади. Мутахассислар томонидан ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, ишга қабул қилиниши юзасидан суҳбатдан ўтиш учун мигрантлар маҳаллий фуқароларга нисбатан икки баробар кўпроқ қоғозбозликка дучор бўлади. Фақат бугина эмас. Ҳатто ишга қабул қилинганларидан кейин ҳам мигрантлар маош ва хизмат пиллапоя­сидан юқори кўтарилиш масаласида кўплаб муаммоларга дуч келадилар. Буларнинг ҳаммаси жамиятда мигрантларга нисбатан салбий стереотиплар кучайиб бораётганидан шоҳидлик беради.

Россия Федерациясида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари бу ҳолни яна бир бор яққол намоён этди. Яъни Россия аҳолисининг ўттиз фоизга яқини, пойтахт Москвада истиқомат қилаётганларнинг эса ярмидан кўпроғи жамиятга энг биринчи таҳдид сифатида миграцияни, мигрантларни тилга олишган. Эътибор беринг, улар экстремизмни, ядро уруши хавфини, жиноятчиликни, коррупцияни эмас, айнан миграцияни умуммиллий хавф сифатида эътироф этишмоқда. Ваҳоланки, Россиянинг ўзида шу бугунги кунда ҳам ишчи кучи етишмаслиги муаммосига дуч келинмоқда. Демография омиллари туфайли эса яқин йиллар ичида бу муаммонинг янада кучайиши кутилаётир.

Одатда миграциянинг асосий сабаб­ларидан бири сифатида иқтисодий омил кўрсатилади. Яъни бир хил ишга икки мамлакатда бир-биридан кескин, ер билан осмон қадар тарзда фарқланадиган маош тўланиши мигрантлар масаласини кескинлаштиряпти. Айни пайтда у ёки бу минтақада муайян соҳа мутахассисларининг етишмаслиги ҳам шу соҳа мутахассисларига катта маош тўланишига, демак, миграция оқимининг пайдо бўлишига олиб келади. Бу жараённинг ибтидоси ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида АҚШда кузатилган. Ўшанда Америка нацистлар Германия­сидан қочиб келган олимларни юқори ҳақ тўланадиган ишларга таклиф эта бошлаган. Бугунги кунда эса Шарқий Европанинг юқори малакали мутахассислари АҚШ, Канада ва Ғарбий Европадан қўним топишмоқда.

Маълумотларга кўра, мигрантларнинг катта қисми кўп миқдорда нефть экспорт қиладиган Яқин Шарқ мамлакатларига келишмоқда. Бу мамлакатларда соҳа ишчиларининг 70 фоиздан ортиғини хорижликлар ташкил этади. Шунингдек, Аргентина, Бразилия, Сингапур, Гонконг, Японияда ҳам муҳожир ишчилар сони тобора ортиб бормоқда. Дунё бозорига ишчи кучи етказиб берувчи асосий мамлакатлар эса Ҳиндистон, Покистон, Вьетнам, Жазоир, Мексика, Ирландия ва Туркия бўлиб қолмоқда.

Эътиборли яна бир жиҳат. Мисол учун, Германиядай ривожланган мамлакатда аҳоли сони йилига ўрта ҳисобда 0,1 фоиз камайиб бормоқда. Бу ҳам хорижий меҳнаткашларни мамлакатга жалб этишнинг сабабларидан биридир. Зеро, аксинча, дунёнинг бошқа кўп­лаб давлатларида аҳоли сони кескин ошяпти. Масалан, Фаластинда аҳоли йилига 3,7 фоиз, Яманда 3,3 фоиз, Конгода 3,1 фоиз кўпаймоқда.

Мигрантлар масаласига доир яна бир далил: мексикалик муҳожир АҚШда ҳафтасига ўртача 300 долларга яқин, ўз ватанида эса бор-йўғи 30 доллардан ортиқроқ маблағ ишлаб топади. Ҳиндистон ва Хитойда бир соатлик меҳнат учун 0,25, Таиландда 0,46, Венгрияда 1,7 доллар тўланади. Австралияда эса бу кўрсаткич 16 долларга, АҚШда 17,2 долларга, Германия­да 31,9 долларга тенг.

Тобора кўпроқ одамлар тўкин ҳаёт ва даромад қидириб, уйларини ва оилаларини тарк этяпти. Бу эса, ўз навбатида, глобал характерга эга бўлган миграция муаммосини келтириб чиқаряпти. Бугунги кунда 32 миллион аҳолиси бор Ўзбекистоннинг 2 миллионга яқин фуқароси Россия, Қозоғистон ва Жанубий Корея давлатларида меҳнат мигрантлари сифатида рўйхатдан ўтган. Чора-тадбирлар кўрилмоқда, бироқ ҳамон катта миқдордаги ноқонуний меҳнат миграцияси мавжуд. 2017 йилда иш топиш илинжида 1 миллион 630 мингдан ортиқ юртдошимиз мамлакатни тарк этган. Улардан бир миллион нафарга яқини Россия Федерациясига, 630 мингга яқини Қозоғистонга, қолганлари Туркия, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга чиқиб кетишган. 

Айни пайтда баъзи оилаларда ота-­онанинг иккови ҳам чет давлатга мўмайроқ пул топиш илинжида кетиб, фарзанд­ларини қариндош-уруғга ёки қўни-қўшни ёхуд энагага ташлаб кетишяпти. Энг ачинарлиси, айрим “гастербайтерлар” томонидан болаларини меҳрибонлик уйларида узоқ вақтга ташлаб кетиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Яқинда оммавий ахборот воситалари орқали энагасининг қўлида хор-зорликда ҳалок бўлган қизалоқ тақдири ёритилди. Ота-онаси хорижга кетган, ҳали мактабга ҳам боришга улгурмаган қизча ўз меҳрибонлари эътиборидан четда қолиш оқибатида нобуд бўлган.

Мазкур ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ЮНИСЕФ халқаро болалар жамғармаси билан ҳамкорликда “Миг­рация оқибатида ҳимояга муҳтож бўлган болаларни ҳимоя қилиш” мавзусидаги халқаро лойиҳага қўл урди. Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг билдиришича, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Корея давлатларига ишлагани кетганларнинг оиласи, кўп ҳолда фарзандлари ёлғиз қолиб, ўз ҳолича кун кечириб келмоқда. Болаларнинг аксарияти меҳрибонлик уйларида йиллаб қолиб кетяпти. Янги қабул қилинган лойиҳада айнан ушбу муаммони бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, давлатимиз ва хорижий ташкилотлар кўмагида хориждаги миг­рантлар ҳам, уларнинг оила аъзолари ҳам ҳимояга олинади. Улар ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватланади. Бу ишларда Хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, “Оила” маркази, Меҳнат вазирлиги каби масъул ташкилотлар баҳамжиҳат иш олиб боради.

Мутахассисларнинг қайд этишича, хорижга ишлагани кетганларнинг энг кўп қисми Бухоро, Фарғона, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари улушига тўғри келади. Шу боис, лойиҳа тадбирлари асосан ушбу ҳудудларда ўтказилади. Муҳожир ота-оналар ташлаб кетган болаларга ҳомийлик ва васийлик чоралари, масъ­ул ташкилотлар томонидан оилаларга вилоят ва туман даражасида ёрдам кўрсатилади.

Касб-кори ва мутахассислиги ким бўлишидан қатъи назар, чет элга иш излаб кетган юртдошларимизнинг аксарияти “қора ишчи” бўлиб ишлайди. Соҳада ечимини топмаётган бу каби оғриқли муаммоларни бартараф қилишга қаратилган ҳужжатлардан бири Президентимиз томонидан жорий йил 5 июль куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридир. Унга мувофиқ, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларимизнинг малакасини, жумладан, касбий ва хорижий тилларни билиш кўникмаларига эгалик даражасини тасдиқлаш йўлга қўйилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Равшан Иброҳимовнинг таъкидлашича, шу кунга қадар аксарият ҳолларда бу йўналишда фуқароларимизнинг малакаси тасдиқланмаган. Шу боис, улар чет давлатларга бориб, малака талаб қилмайдиган ишлар, яъни “қора” ишлар билан шуғулланганлар. Эндиликда фуқароларимиз хорижга ишлаш учун борадиган бўлса, уларнинг малакасини тасдиқлайдиган янги тартиб жорий қилинмоқда.

Қарорда белгиланган яна бир муҳим жиҳат, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма даромадлари давлат бюджетидан ажратиладиган 200 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам орқали шакллантирилади.

Ушбу маблағлар хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молия­вий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш каби мақсадларга сарфланади.

Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари фикрича, айнан меҳнат миграция­си бутун жаҳон иқтисодиётига таъсир кўрсата олувчи кучлардан биридир. Шу сабабли мазкур муаммога бир ёқлама ёндашиб бўлмайди. Миграция муаммоси дунёнинг барча мамлакатларига тегишли экан, демак, унинг ечими ҳам биргаликда, ўзаро музокаралар орқали ҳал этилиши мумкин. Ана шунда бу улкан куч дунё иқтисодиёти янада юксалишига, инсонларнинг ҳаёти фаровон, дастурхони тўкин, кўнгиллари хотиржам бўлишига хизмат қилиши мумкин.

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА.

“Biznes Daily”.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"