Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4502
11079
10729

+350
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
203663
276658
19680

+256978

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 572 597
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Юртнинг баракаси, юзидир бозор

meva-va-sabzavot-160Жаннатмонанд юртимизда ҳозир ёзнинг айни жазирама, куйдирмажон кунларида мўл-кўлчилик, пишиқчилик.

Қадим-қадимдан шаҳар ва қишлоқларимизнинг энг гавжум жойи, албатта, бозорларимиз бўлган. Бозор — маъмурчилик, халқнинг маданияти, мамлакат бойлиги ва тўкин-сочинлигини намоён этадиган мас­кан ҳисобланган.

Бугунги кунда ҳам замонавий қиё­фа касб этаётган, хизмат кўрсатиш маданияти юксалаётган бозорларимиз ҳаётимизнинг файзи ва тўкинлигидан далолат беради. Йилнинг барча фаслида бирдек тўкин-сочин бўлган бозорларимизда мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, қуруқ мевалар каби ўта зарур озиқ-овқат товарларининг сотилиши аҳолининг эҳтиёжини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бу, албатта, мамлакатимизда бозорлар ва савдо мажмуаларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сотувчилар ҳамда харидорлар учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилишини талаб қилади.

Айниқса, ёзнинг тандирнинг тафтидек қайноқ кунларида бу масъулият янада ошиши табиий ҳол.

Дам олиш куни рўзғор эҳтиёжлари сабаб пойтахтимизнинг энг гавжум бозорларидан бўлган “Чорсу”ни оралар эканман, аввало, бу ерда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар эътиборимни тортди. Бозор ҳудудида сотувчилар ва харидорлар учун бир қанча енгилликлар ва шароитлар яратилганидан мамнун бўлдим.

Масалан, бозорда замонавий тўлов тизимларидан (пластик карточкалардан) фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж товарларини сотиб олиш учун кенг имконият яратилган. Шу билан бирга, пластик карточкадаги маблағингизни нақд пулга алмаштириб олиш учун ҳам банкнотлар ишлаб турибди. Бу эса аҳолининг эркин савдо қилиши учун катта қулайликдир.

Бозорнинг қоқ марказида салқин ҳудуд ташкил этилиб, қатор ўриндиқлар жойлаштирилгани ҳам таҳсинга лойиқ. Айниқса, бу маскан ёши улуғ юртдошларимизнинг бир оз нафас ростлашлари, дам олишлари учун хизмат қилаётир.

Даставвал, рўзғор эҳтиёжлари учун зарур бўладиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари сотиладиган расталар томон юрдим. Гўшт маҳсулотлари бошқа бозорларимиздагига қараганда бир оз арзонроқ бўлса-да, уларни сотишга мўлжалланган расталарда сотилаётган маҳсулотлар антисанитария ҳолати мени қониқтирмади. Бу ерда на савдо ходимининг ўзи, на унинг маҳсулоти мавжуд санитария талабларига жавоб беради. Атайлаб растанинг ичкари томонига, сотувчи гўшт олиб бераётган идишга назар ташладим. Гўштнинг ташқи кўринишиёқ унинг анча муддат шу иссиқ ҳавода, совутгичдан ташқарида қолиб кетганидан дарак бериб турибди.

Бундан кўринадики, бозор маъмуриятининг сотувчи қандай маҳсулот сотиши, унинг сифати билан иши йўқ, фақат белгиланган патта пули тўланса, бас…

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари растасида ҳам харидорлар гавжум. Бир-биридан чиройли қилиб териб қў­йилган меваларни кўриб, кўзингиз қув­найди. Олма, узум, шафтоли, ўрик, олхўри ва юртимиз боғларида етиштирилган яна қатор ширин-шакар мевалар кўзингизни қувнатади. Харидорлар бозор йўриғини қилиб, савдолашиб маҳсулотларни сотиб олишяпти.

Бозордаги тош-тарозиларнинг ҳолати, замонавий электрон тарозилар ўрнига ҳалигача оддий тарозилар ишлатилаётгани мени бироз иккилантирди. Олган маҳсулотларимнинг тарозида тўғри тортилганлигига ишонч ҳосил қилиш учун бозорнинг назорат тарозисини суриштирдим. Харидорларнинг-ку бу ҳақда умуман хабарлари йўқ, сотувчилар ҳам бир-бирларига қараб елка қисишди.

Қовун, тарвуз, ҳандалак каби полиз маҳсулотларининг ҳам бозори чаққон. Ахир бугунги иссиқ ёз кунларида дастурхонларимизни ушбу маҳсулотларсиз тасаввур эта олмаймиз-да. Тилими тилни ёрадиган полиз экинлари юк машиналарида, араваларда ёки тўғридан-тўғри ерга тўкилган ҳолда ҳам сотиляпти. Аммо суриштириб кўрганимизда, аксарият сотувчилар маҳсулоти истеъмолга яроқлилигини тасдиқловчи маълумотномага ҳам эга эмаслиги маълум бўлди.

Бозорнинг биқинида жойлашган умумий овқатланиш шохобчалари, емакхоналардаги санитария ҳолатлари ҳамда аҳолига савдо хизматлари кўрсатиш даражаси ҳам замонавий талабларга жавоб бермайди.

Ишламай турган ёки жуда паст ҳароратда совитаётган совитгичларга устма-уст қилиб жойланган, бир томонида пишган, бир томонида хом турли кабоблар, котлетлар, товуқ гўшти ва яримтайёр гўшт маҳсулотлари санитария ва гигиена талабларига жавоб беришига, ёзнинг жазирамасида турли юқумли касалликлар ўчоғига айланмаслигига ким кафолат беради?

Ёнимизда сояда туриб аравага юкланган иккита катта сирли идишларда муздеккина чалоп ва ўрик шарбатини сотиб турган опахонга юзланаман:

– Опа, бу ичимликларни қаерда тайёрлайсиз, рухсатнома ёки тиббий ҳужжатингиз борми? Ичимликни ҳаммага битта идишда қуйиб беряпсиз?..

– Ичимликни уй шароитида тайёрлайман, кечки пайт тайёрлаб идишларга солиб музхонага қўямиз ёки муз бўлакларини соламиз. Рухсатномам йўқ, лекин паттага пул тўлайман. Ичимликни ишлатилган косаларни баклашкадаги сувга чайиб ташлаб, қуйиб бераман.

Ёзнинг жазирамасида чанқаб турган йўловчилар, чарчаган харидорлар чанқоғини босиш учун ҳеч бир эътироз­сиз биридан бўшаган идишга қуйилган ичимликни иккинчиси ичиб кетяпти.

Халқимизда “Отанг бозор, онанг бозор” деган мақол бор. Тўғри, бозорга биримиз рўзғоримиздаги қай бир камчиликни тўлдириш, эҳтиёжимиз учун керак маҳсулотларни сотиб олиш учун, бошқамиз ўстирган, тайёрлаган, орттирган маҳсулотимизни сотиб, пулига рўзғоримизни бутлаш мақсадида борамиз. Аммо бу эҳтиёж аҳолининг саломатлигига зарар етказиш эвазига қопланмаслиги керак.

Бундан ташқари, деҳқон бозорлари учун белгиланган санитария-гигиеник қоида ва меъёрлар, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга қўйилган талаблар, уларнинг сифат назоратига мутасаддилар яна бир бор эътибор қаратишлари лозим.

Сабаби, давлатимиз учун энг муҳим бойлик – бу аҳолининг сиҳат-саломатлиги.

Дарҳақиқат, халқимиз соғлиғи — юртимизнинг нафақат бойлиги, балки бугунги ва эртанги тараққиётимиз асоси бўлган энг муҳим омилдир.

Қолаверса, бозорларимиз чет эллик меҳмонлар ташриф буюрадиган энг севимли масканлардан бири саналади. Бу ерда халқимизнинг минг йиллик қадриятлари, анъаналари, турмуш тарзини кўриб, юртимизнинг кечаси ва бугуни ҳақида хулоса чиқаришади. Бугун мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида кўп ижобий ишлар амалга оширилаётган бир пайтда шаҳарларимизнинг кўрки бўлган бозорларимизга ҳам янгича назар билан қараш, камчилик ва нуқсонларимизни тўғрилаш пайти келган, назаримизда...

Зилола ТЎРАБЕК қизи.

 

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"