Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4543
11079
10729

+350
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
203704
276658
19639

+257019

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 572 638
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Инсон манфаатларига хизмат қилувчи ислоҳотлар

huquq_160_2Юртимизда турли соҳаларда изчил давом эттирилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Чунончи, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш асноси барчамиз учун бирдек муқаддас энг олий қадриятлар – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, унинг шаъни, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя­лаш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунинг баробарида, катта-кичик ташкилот-муассасаларга ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаат этаётганлар мушкулини осонлаштириш, маблағи ва вақтини тежаш ниятида янги қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Айни жабҳадаги кескин ўзгаришлар ҳамюртларимизнинг адолат устуворлигига, давлат ва жамоат идораларига ишончини мус­таҳкамламоқда.

Масалага шу жиҳатдан қараганда, Президентимиз бултур 12 декабрда имзолаган “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор, Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 7 майда тасдиқлаган “Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида”ги намунавий низом ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қуйида ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича  Навоий вилоятида эришилаётган дастлабки натижалар хусусида сўз юритилади.

Мурожаатлар билан ишлашнинг янги тартиби

Бекзод ЖУМАЕВ,

Навоий вилояти адлия бошқармасининг

ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими бошлиғи.

Янги намунавий низомда қайд этилишича, тушган мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунинг­дек, ҳисобини юритиш ва кўриб чиқилишини назорат қилиш мақсадида давлат органида, ташкилотида мурожаатлар билан ишлаш бўйи­ча алоҳида бўлинма ташкил этилади. У таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва мониторингини олиб боради, мурожаатлар ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини белгилайди. Бу борадаги тартиб-қоидалар таркибий бўлинмалар томонидан бузилганда давлат органи, ташкилоти раҳбарини дарҳол хабардор қилади, шунингдек, ҳар ойда унга мониторинг натижалари бўйича ахборот топширади. Зарурият туғилганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган давлат органи, ташкилоти ходимларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифларни ҳам тақдим этади.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ходимига муайян қўшимча талаблар қўйи­лади. У ўрта махсус ёки олий маълумотга, камида уч йиллик иш стажига, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга, киришимлиликка эга бўлиши, уларнинг ходими бўлган давлат органи, ташкилоти бўлинмаларининг фаолияти, функцияларига боғлиқ мажбуриятларни билиши, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллай олиши лозим.

Зеро, адлия органлари томонидан Навоий вилоятидаги ташкилот-корхоналарда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан ўтказилаётган ўрганишлар чоғи шикоят-аризаларда келтирилган барча важларни батафсил ўрганмаслик, ўз ваколатига кирмаганларини тегишли ташкилотларга юбормаслик ҳоллари кузатилмоқда. Бундан ташқари, мурожаатларни вақтида кирим қилмаслик, ижроси бўйича доимий назорат олиб бормаслик ёки тўлиқ ўрганилмасиданоқ назоратдан чиқариш, назорат карточкаларини юритмаслик, ҳар чоракда умумлаштирмаслик, веб сайтларда ёритмаслик каби камчиликлар ҳам юзага қалқиб чиқмоқда. Бундай нохуш ҳолатлар бошқа вилоят ва шаҳарларда ҳам такрорланмаётганига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Модомики, шундай экан, низомда уқтирилганидек, давлат органлари, ташкилотлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларини ўқитишлари ва уч йилда камида бир марта  уларнинг малакасини оширишлари зарур. Ўз навбатида, келиб тушган, кўриб чиқилган ёки кўриб чиқилмаган, қаноатлантирилган ёки қаноатлантирилмаган мурожаатлар ва бошқа маълумотларнинг статистик ҳисобини юритишлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жамият ва давлат манфаатлари бузилиши сабабларини аниқлаб, бартараф этишлари лозим. Айни мақсадда ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлаш ҳамда давлат органи, ташкилоти раҳбарига уларни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, хато-камчиликларни тузатиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш, мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижалари асосида тузилган маълумотномалар эса тегиш­ли давлат органлари расмий веб-сайт­ларида ёритилиши керак. Бу ташкилотлар фаолияти очиқлигини таъминлашга ва уларга халқимиз томонидан ҳаққоний баҳо берилишига хизмат қилади.

Низомга кўра, қуйидаги ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш тугатилади:

– агар такрорий мурожаатда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган, аввалги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса;

–  агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса;

– яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгаргани тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмагани туфайли чақиришнинг имкони йўқлиги боис мурожаатни муаллифи иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин бўлмаганда;

– мурожаатни эгасининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги туфайли давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда;

– агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Мурожаатни кўриб чиқиш юқоридаги сабаблар асосида тугатилганда, унинг муаллифи  такрорий мурожаати асоссизлиги ва бу масала юзасидан у билан ёзишмалар тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Шунда ҳам такрорий мурожаат келиб тушса, уни кўриб чиқиш муаллифини хабардор қилмасдан тугатилади, яъни жавоб хати берилмайди.

Низомга киритилган яна бир муҳим янгилик жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини видеоконференцалоқа воситасида қабул қилиш белгилангани бўлди. Бунинг учун улар видеоконференцалоқа ўрнатилган тегишли давлат органи, ташкилотига белгиланган тартибдаги талабнома билан мурожаат қилишлари даркор.

Ишончимиз комилки, бу ўзгаришларнинг барчаси давлат органлари ва ташкилотларининг халқ билан алоқасини том маънода мус­таҳкамлашга, турли муаммо ва хато-камчиликларни ижобий ҳал этиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

 

Ўзини оқлаётган илғор тажриба

Элдор БАҲОДИРОВ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг

Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси янги йил арафасида иш бош­лагач, ҳудуддаги барча туман-шаҳар давлат хизматлари марказлари инфокиосклар билан таъминланди. Улар томонидан беш ой давомида 4005 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди, 21110 та тадбиркорлик субъектига давлат хизматлари кўрсатилиб, 21005 таси ижобий ҳал этилди. Эвазига 2 миллиард 111 миллион сўмдан зиёд  маблағ келиб тушди.

Яна бир муҳим гап. Туманларнинг олис ҳудудларида мобиль давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ҳар бир марказга биттадан “Дамас” автомобили ажратилди. Натижада тезкор равишда 268 та сайёр давлат хизмати кўрсатилди. Бундан ташқари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида 809 марта қонунбузарликка йўл қўйишгани аниқланди. Бошқармамиз уларни бартараф этиш юзасидан ваколатли идораларга 16 та тақдимнома ва 2 та огоҳнома йўллади. Кўп ўтмай ўша идораларнинг 11 нафар ходими “ҳайфсан” интизомий жазоси олди. Ҳокимлик, архитектура, электр энергияси, газ ва сув таъминоти корхоналарининг 16 нафар масъул ходимига нисбатан эса маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тўлдирилиб, маъмурий судларга юборилди. Судлар томонидан уларнинг барчаси маъмурий жаримага тортилди. Қолаверса, биз айбдорларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида прокуратурага 3 та таклиф киритдик. Ўз навбатида, туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари фаолияти қонунийлигини ўрганиш учун 37 марта “Сирли мижоз” тадбири ва рейдлари уюштирдик, уларнинг 84 нафар ходими билан эса профилактик суҳбатлар ўтказдик. Пировардида беш нафар ходимга “ҳайфсан” берилди, бир нафари келгусида хато-камчиликларга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилди, бир нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Бугунги кунда соҳалар ривожи улар ҳақидаги тарғибот-ташвиқот ишларига ҳам боғлиқ. Бошқармамиз аҳли шуни назарда тутиб, туман-шаҳарлар марказий кўчаларига ва маҳаллаларга давлат хизматлари кўрсатишни тарғиб қилувчи 310 тадан зиёд баннер ўрнатди, жисмоний ва юридик шахсларга 15371 та флаер ва буклет тарқатди. Жойларда 334 марта учрашув ташкил этиб, оммавий ахборот воситалари орқали 83 марта чиқиш қилди. Одамлар кўп тўпланадиган жойларга давлат хизматлари турлари ва механизми ёритилган, “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” рукни остида тайёрланган плакат ва баннерлар, йирик савдо мажмуалари инфоэкранларига марказ фаолиятига оид видеороликларни жойлаштирди. Бюрократия ва коррупцияга қарши кураш мавзусидаги кўргазмали воситалар ва огоҳлантирувчи белгилар давлат хизматлари марказларига келувчилар кўриши учун қулай жойлардан ўрин эгаллади.

Аҳолини давлат хизматлари марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида бошқарма томонидан мультиграфикага асосланган видеоролик яратилиб, маҳаллий телевидение ҳамда шаҳардаги реклама мониторлари орқали намойиш этила бошланди. Бу борада “Фейсбук”, “Телеграм” ижтимоий тармоқларида махсус саҳифа ёки ботлар очилгани ҳам кўпчиликка   манзур бўлди. Дарвоқе, ҳозир maygov.birdarcha.uz порталига 21 та хизмат тури жойлаштирилган. Мурожаатлар давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан қабул қилиниб, вақтида сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Юзага келган муаммо ва камчиликлар хизмат кўрсатувчи ташкилот-идораларнинг масъул ходимлари ҳамкорлигида ҳал этилмоқда.

Марказ ходимлари ўртасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳамда янги тизимлар ва дастурлар ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 11 апрелдаги “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 8 майдаги “Туман, шаҳар Халқ қабулхоналари ҳузурида Давлат хизматлари марказлари биноларини давлат-хусусий шериклик шартларида барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида бир қатор хайрли ишларга қўл урилди. Жумладан, 1 июндан эътиборан Зарафшондаги марказ 31 турдаги давлат хизматларини тажриба тариқасида кўрсатишга киришди. Ёки айтайлик, ушбу шаҳар, Қизилтепа, Конимех, Учқудуқ, Нурота, Томди туманларида давлат хизматлари марказлари биноларини барпо этиш учун ер ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Айни кезларда эзгу ишлар янада жадаллаштирилмоқда. Аввало, мавжуд 303 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли гавжум жойларга “Адлия бурчаги” баннерларини ўрнатиш, Навоий шаҳри ва Кармана тумани давлат хизматлари марказлардаги сингари бошқа жойларда ҳам тадбиркорлик субъектларига муҳр ва штамплар тайёрлаб беришни йўлга қў­йиш мўлжалланмоқда.

Фуқароларимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга, ижтимоий адолатни қарор топтиришга йўналтирилган бу янглиғ замонавий ва илғор усуллар амалда ўзини оқлаб, эл-­улус эътирофига сазовор бўлади, деган умиддамиз.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ тайёрлади.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"