Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
7574
7110
7272

-162
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
125160
254685
120156

+134529

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 675 546
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Патентлар қироли


lemelson_160_1600Америкалик Жером Лемельсон XX асрнинг энг баракали ихтирочиларидан биридир. У ўйлаб топган деталлар ўнлаб истеъмол моллари ва саноат ускуналарида, масалан, видеоплеерлар, радиотелефонлар, факслар, “йиғлоқи” қўғирчоқлар ва штрих-код сканерларида қўлланиб келинмоқда. Жами Лемельсонда қарийб 600 патент бўлган ва улар бутун дунёдаги компанияларга 1,5 миллиард долларга сотилган.

Жером Лемельсон 1997 йилда 74 ёшида вафот этди. Ўша вақтга келиб унинг ихтироларидан фойдаланганлик учун пул тўлаган фирмалар сони 700 дан ошиб кетди. Уларнинг орасида Boeing, General Electric, Ford, General Motors, U.S. Steel, IBM, Hewlett-Packard каби гигантлар бўлганди. Лемельсоннинг патентлари шунчалик кўп ва турли-туман эдики, судлашувлардан боши чиқмасди: ҳатто ихтирочининг ўлимидан сўнг ҳам у 1993 йилда ташкил этган Lemelson Foundation жамғармаси 400 компанияга қарши ўз ҳуқуқларини ҳимоялашда давом этди.

Қошиқдан ўйинчоқларга

Жером Лемельсон 1923 йили Нью-Йоркда туғилди. Унинг илк ихтироси томоқни текширадиган чироқли тиббий қошиқча эди – уни мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ўз отаси, амалиётчи терапевт учун ўйлаб топганди.

Жеромнинг техник истеъдоди тадбиркорлик билан уйғунлашган эди. Ота-онаси уйининг ертўласида ўсмирлигидаёқ устахона қуриб, у ерда сотиш учун самолётларнинг бошқариладиган моделларини йиғарди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг – ўшанда Лемельсон ҳарбий ҳаво кучларнинг муҳандислик бўлинмаларида хизмат қиларди – Нью-Йорк университетига ўқишга киради ва у ерда жами уч илмий даражага эга бўлади. Қисқа вақт давомида ёш мутахассис ракета двигателлари ва бош­қариладиган снарядларни яратиш бў­йича ҳарбий лойиҳаларда қатнашди, сўнгра Нью-Жерсидаги заводда хавфсизлик техникаси бўйича муҳандис бўлиб ишлаб юрди. Аммо буларнинг бари Жеромга тўғри келмади – у кимнингдир қўли остида меҳнат қилиш учун ҳаддан ташқари эркин ва серғайрат эди.

Пировард натижада Лемельсон мус­тақил ихтирочининг мураккаб, бироқ қизиқарли тақдирини танлади. У оддий нарсадан иш бошлади – 1953 йилда парракли қалпоқ учун илк патент олди.

Аммо, афсуски, 1950-йилларда ишлаб чиқарувчилар лицензия учун пул тўлашга мойил эмасдилар. Дарвоқе, Жером ҳам чакана одам эмасди ва бундай ҳол билан келишолмади. Унинг жавоб тактикаси ўша йиллар учун кам учрайдиган ҳол эди – у ишлаб чиқарувчиларни судга бера бошлади.

Илк судлашувлардан бири Жером Лемельсоннинг Kellogg номли қуруқ нонушталар ишлаб чиқарувчисига қарши қўзғатилган иш эди. 1954 йилда Жером болаларни қувонтириш учун бодроқлар солинган қутида кулгили ўйинчоқ ниқобларни жойлаштириш ғоясини патентлади ва уни Kellogg хўжайинларига юборди. Компания эса 1947 йилдан буён бундай ниқобларни қўллаб келаётгани ва буни янгича маркетинг ёндашуви деб ҳисобламаслиги учун хариддан бош тортди. Лемельсон ишни ютқазди. Ҳайратлиси шуки, у суд муҳокамасини тамомила рад этган то 1972 йилга қадар апелляция беришда давом этган.

Эдисоннинг акси

Ўйинчоқлар хамир учидан патир эди, холос. 1950-йилларда Жером бирмунча жиддий лойиҳалар устида ҳам иш олиб борди: магнит тасмага видео ва аудиоёзувлар тушириш технологияси ҳамда видео ва аудиоўйин механизмлари шулар жумласидан.

У доимо ён дафтар олиб юрар ва унга миясига келган ғояларни ёзиб борар эди. Уни “Эдисоннинг акси” деб аташган муҳолифлар эса у зўр истеъдодга эга бўлса-да, ҳаддан ташқари тажрибакор ва бироз ғаразли, деб ҳисоблашарди. “Кўп ҳолларда Лемельсон ихтироларни патентламасди, балки патентларни ихтиро қиларди”, деганди унинг собиқ ҳимоячиси Артур Либерман. Лемельсоннинг патентлари ғирт назарияга асос­ланганди, у ҳеч қачон ўз технологияларини синовдан ўтказмаган. Шу сабабли ихтирочини танқид қилувчилар фикрича, айнан Лемельсон машинага кўзларни ато этган, дейиш ноўриндир, негаки, бу худди Жюль Верн сув ости кемасини, Леонардо да Винчи эса самолётни ўйлаб топган, деб таъкидлаш билан баробардир. Зеро, бу икки инсон ўз вақтида бундай аппаратларнинг пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини айтишган эди.

Нима эксанг...

Лемельсон – Американинг патент тизими оқибати, деб бемалол айтсак бўлади. Хусусан, мамлакатнинг илк патент нозири Томас Жефферсон эди.

Вақт ўтган сайин патент аризаларини тузиш мураккаблашиб борди, чунки ҳар бир ихтирочи нафақат ўз ихтиросини тас­вирлашга, балки шу мавзуга оид барча бўлажак вариантларни олдиндан кўра билишга ҳаракат қиларди. Лемельсон эса бу ишнинг чинакам устасига айланган эди.

Бундан ташқари, Жером ўжар эди – рад жавобини қабул қилмас, кўндирар, ишонтирар, ишни битказар ва баъзан ҳажми юз бетга етадиган янги-янги аризалар берар эди. Бунинг устига, Лемельсон кечиктирувлар механизмидан моҳирона фойдаланарди. 1990-йилларнинг ўрталарига қадар АҚШда шундай қоидалар бор эди-ки, уларга кўра, патент берилган вақтидан бошлаб 17 йил амал қиларди, аммо аризани бериш билан патент беришгача бўлган давр оралиғида аризачи тузатишлар ва тўлдиришлар киритилган беҳисоб так­рорий аризаларни бериши мумкин эди. Амалда бу муаллифлик ҳуқуқини узайтириш имконини яратарди, бу вақт ичида эса патентдан фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасига лицензия йиғимларини ажратиш лозим эди. Ҳеч ким Жером Лемельсончалик такрорий аризалар ва чўздиришлардан кўп фойдаланмаган: Ўзининг туб ихтироларига аризаларни у 1950-йилда берган эди, аммо кўплаб узайтиришлар туфайли аризалардан баъзиларининг 17 йиллик амал қилиш муддати тугаши фақат 1980 ёки 1990-йиллардагина бош­ланган эди. Бунинг устига, бу вақт ичида Лемельсон ўзининг бошланғич аризасига шу ўн йилликларда бозорда пайдо бўлган маҳсулотларни тавсифловчи тузатишларни киритганди. Шунда ишлаб чиқарувчилар расман тан олинган ихтирочидан тўсатдан қарздор бўлиб қолишгани аён бўларди.

...шуни ўрасан

Воқеаларнинг бундай кечиши компанияларни қўққисдан ғафлатда қолдирарди. Лемельсон эса ўз патентлари бўйича қўзғатилган суд жараёнларига патент ҳуқуқларини олишга қарагандек ёндашар эди. Бироқ 1970-йилларнинг бошларига қадар ё судда ютқазарди, ё арзимас манфаат билан ютиб чиқарди. Мисол учун қўғирчоқлар ичига ўрнатиладиган чийилловчи мосламага ўз ҳуқуқларини тан олиш­лари учун Жером икки кишидан иборат фирмачага қарши 19 йил судлашиб, 300 доллар товон пули тўланишига эришди ва бу пулни ҳатто ундирмадиям. Ҳамма иш 1974 йилда ўзгарди: ўшанда Sony компанияси Walkman плеерларида қўлланадиган аудиокассеталарни ўқиш мосламасига лицензия учун Лемельсонга ҳақ тўлашга рози бўлди. Бу эса ихтирочига 14 йил ичида 2 миллион доллар келтирди.

1981 йилда у яна бир катта ишда ютиб чиқди: IBM шахсий компьютерлар билан боғлиқ бир неча патент учун 5 миллион доллар тўлашга рози бўлди.

Ўша йилларда Лемельсон ҳимоя­чисини ўзгартириб олди. Жеральд Хозиер ихтирочига ишлай бошлаган вақтда патент ишлари бўйича таниқли мутахассисга айланиб улгурган эди. Хозиер Лемельсоннинг патентларида олтин хазина яширинганини фаҳмлади. Айниқса, бу машинанинг кўриш тизимлари учун бериладиган патентларга тааллуқли эди: ахир, ҳамма ерда пайдо бўлаётган штрих-код сканерларини ҳам машинанинг кўриш технологияси, деб ҳисоблаш мумкин-ку. Бу эса Жером Лемельсоннинг суд жараёнлари учун янги стратегиясига асос яратди. Билағон ҳимоячининг маслаҳати билан у сканерларни ишлаб чиқарувчилар билан алоқа боғлаб ўтирмади. Бунинг ўрнига 1989 йилнинг ноябрида Хозиер штрих-код сканерларини қўллайдиган Япония ва Европа компанияларига мактублар жўнатди. Бундай компаниялар эса анчагина эди. Мактубларда Жером Лемельсон компаниялар тижорат мақсадларида фойдаланадиган технологияларнинг 150 дан ортиғига қонуний равишда патент олгани таъкидланганди. Даставвал ҳамма тўлашдан бош тортади, бироқ ишни судга топшириш тўғрисидаги билдиришнома олишгач, 1992 йилда япон автосаноати 100 миллион долларлик лицензия йиғимларини тўлашга рози бўлди, бир неча ойдан сўнг эса қолганлар ҳам унинг ортидан эргашди: Philips, Samsung, Volkswagen, BMW, Mercedes, SAAB, Volvo Лемельсонга яна 350 миллион доллар беришди.

Сўнгра Америка фирмаларига ҳужум қилинди. Автоишлаб чиқарувчи Ford Motor компаниясидан бошлашга қарор қилишди. Аммо у оғир ва тажрибали рақиб бўлиб чиқди – ахир бу компанияга ишлаётган патент агентлиги бир вақтлар кимсан Томас Эдисоннинг вакили эди-да. Жараён Жеромнинг вафотидан бироз олдин – 1997 йили автогигантнинг мағлубияти билан якунланди. Жером Лемельсоннинг патентлари учун пулларнинг кўп қисми фақат ихтирочининг ўлимидан кейин унинг компанияси ҳисобига ўтказилди.

Дилшод ҚОСИМОВ тайёрлади.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"