Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6032
9399
9631

-232
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
177988
286969
35044

+251925

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 9 417 047
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Портфель танлаш назарияси асосчиси

Garri_180Молия фани жамият тараққиётининг турли босқичларида иқтисодий муносабатларни ўрганган иқтисодчи олимлар томонидан амалга оширилган тадқиқотлар таъсирида шаклланди. Улар яратган молиявий назариялар жамиятнинг ҳақиқий эҳтиёжлари орқали текширилди ҳамда агар давлат ва аҳоли учун амалий тавсияларга эга бўлган ва ҳодисаларнинг ҳақиқий моҳиятини ўзида акс эттирган бўлса, муҳим тамойил сифатида эътироф этилди. Шу боис, молия соҳасида илмий билимларни шакллантиришга ёрдам берадиган турли назарияларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Молия назарияси амалий интизомга асос солади, унинг инструментарийси ва тадқиқот услублари ёрдамида ҳар бир корхона, фирма ёки ташкилот ўзининг молиявий аҳволини таҳлил қилади, капиталини баҳолайди, сармояларни йўналтириш учун энг самарали лойиҳани ва молиявий манбаларни танлайди, қанча миқдорда акция ва облигацияларни чиқариш кераклигини ҳал қилади, ўз капиталини бошқаради ва ҳ.к.

Молияга оид назарий қарашлар ишлаб чиққан иқтисодчи олимлардан бири америкалик Гарри Марковиц ҳисобланади. Бу олимнинг бир қанча тадқиқотлари молия назариясига бағишланган бўлиб, фирмани бошқариш билан боғлиқ. Унинг исмини, асосан, “портфель танлаш назарияси” билан боғлашади ва 1952 йилда чоп этилган “Портфель танлаш” мақоласини ёдга олишади. Мазкур мақолада илгари сурилган фикр ва ғоялар ҳозирги замон молия фанига асос бўлган. Ушбу тадқиқотда корхона молияси  (портфель)да умумий диверсификация амалиёти кўриб чиқилади ва инвестор акция танлашда таваккалчиликда хатони қандай камайтириши мумкинлиги баён этилади. Олим бу ишини фаолияти давомида такомиллаштириб боради.

Олимнинг ҳаёти ва ижодига қисқача тўхталиб ўтадиган бўлсак, у 1927 йил 24 августда Чикаго шаҳрида Моррис ва Милдред Марковицлар оиласида дунёга келди. Ўрта мактабда физика ва фалсафа фанларини қизиқиб ўрганди. Мактабни битириб Чикаго университетига ўқишга кирди ва иқтисодиёт ихтисослиги бўйича ўқиди.

Гарри 1947 йилда университетни тугатиб, бакалавр даражасини эгаллади, шу даврдан иқтисодиёт назариясига ихлос қўйди. Уни кўпроқ ноаниқлик иқтисодиёти соҳасидаги тадқиқотлар қизиқтирар эди, чунки у Чикаго университетида Ж.Маршак, М.Фридман, Л.Сэвиж каби таниқли иқтисодчилардан таълим олди. Талабалик давриданоқ у Коулз комиссиясига аъзо бўлиб, иқтисодиёт йўналишида тадқиқотлар олиб борди.

Марковицнинг 1950 йилдаги докторлик диссертацияси фонд бозорини таҳлил этишда математик усулларни қўллаш имкониятларини ўрганишга бағишланган эди. Ж.Маршак бу йўлда уни қўллаб-қувватлади ва тезис масалаларида унга йўналиш бериб турди. Акция курсларини ўрганиш давомида Марковиц таваккалчиликлар таъсири етарли даражада назарияда таҳлил қилинмаганини англаб етди. Айнан шу омил кейинчалик унинг ўзига хос ва ноёб назарияси – “портфель назарияси”нинг яратилишига туртки бўлди.

Нобель мукофотининг бошқа сов­риндорларига ўхшаб Марковиц ўз ҳаётини фақат илмий ва ўқитувчилик соҳасига бағишламай, 25 йил давомида фирма ва корпорацияларда ишлади. Университетни тугатгач, 1952–1963 йиллар оралиғида у RAND Corp. корхонасида тадқиқотчи бўлиб фаолият юритди, оптимизация техникасини ўрганди. Бу ерда у Жорж Дэнциг билан танишди ва у билан ҳамкорликда оптимизация усулларини тадқиқ этишни давом эттирди, шунингдек, ўрта турдаги оптимал портфеллар идентификацияси учун чизиқнинг танқидий алгоритмини ривожлантирди.

Марковицнинг дастлабки ишлари фойдалилик – наф масалаларига бағишланган эди. Агар аввалги назарияларида умумий нафлик айрим нафликларга бевосита боғлиқ деб қаралган бўлса, кейинчалик бу назария (Фридман-Севич) қайта кўриб чиқилди ва анча мураккаб функция эканлиги исботлаб берилди. Даромаднинг энг юқори нафлиги функция чизиғининг ўрта қисмига тўғри келиши аниқланди. Марковиц фикрича, бу чизиқ уч эгриликдан иборат бўлиб, даромаднинг абсолют (мутлақ) миқдоридан қатъи назар, энг юқори наф функцияси ўртасига тўғри келади.

Мазкур назария ўйинлар, яъни таваккалчилик юқори бўлган ҳолатларда кенг қўлланилади. Бу дегани, даромадларнинг аста-секин ортиб бориши ўсиб борувчи энг юқори нафни беради, аксинча, катта ютуқ (катта даромад) нафи доимий бўлмагани боис пасайиб борувчи ҳисобланади. Шу сабабли одамлар бу ҳодисадан кенг фойдаланадилар, масалан, йирик ставкаларга салбий муносабат бўлган ҳолда, майда, аммо ишончли ставка қўйишга рози бўладилар.

Гарри Марковицга 1955 йилда Чикаго университетида портфель назарияси тезислари бўйича фалсафа доктори даражаси берилади. Бу мавзу ўша даврда кўпчилик учун янги эди. Шунинг учун Марковиц диссертациясини ёқлаганда, Милтон Фрид­ман унинг тадқиқотига “иқтисодиёт фанига ҳеч қандай янгилик ва ривож­ланиш келтирмаган кашфиёт”, дея баҳо беради.

1955–1956 йилларда Марковиц Коулз комиссиясида ишлади ва бу вақтни унумли ўтказди: бир йил ичида у портфелни тақсимлаш мавзусига бағишлаб илмий иш ёзди. Мазкур асар 1959 йилда чоп этилди.

Марковицнинг иқтисодий қарашлари чикаголик олимлар таъсири остида шаклланди. Унинг тадқиқот ишлари компьютер ёки математик техниканинг амалий масалаларида, айниқса, иқтисодий ечим муаммоларида қўлланилди.

Олим иқтисодий моделларни ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшди ва дастурлаш тилини яратди. Фаолият йўлига назар ташланса, унинг, асосан, учта соҳа назариясига салмоқли ҳисса қўшгани кўринади:

- портфель назарияси;

- ноёб матрицали усуллар;

- SIMSCRIPT моделлаштириш дас­турлаш тили.

Ноёб матрицали усуллар ҳозирги кунда бир вақтли тенгламаларнинг жуда катта тизимларини ечиш учун кенг қўлланилади, уларнинг коэффициенти асосан нолга тенг.

SIMSCRIPT моделлаштириш дас­турлаш тили эса ишлаб чиқариш, юк ташиш, компьютер тизимларини дас­турлашда қўлланилади.

1962 йилда Гарри Марковиц Ҳерб Карр билан биргаликда California Analysis Center, Inc (CACI) компания­сига асос солишади. Бу ерда биринчи бор яратилган SIMSCRIPT моделлаштириш дастурлаш тили ривожлантирилди ва оммавийлаштирилди. Кейинчалик компания дастурлаш тилини ўргатиш ва ҳаётга жорий қилиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борди.

Кейинроқ, 1963–1968 йиллари Марковиц Consolidated Analysis Centres Ltd. фирмасида техник директор бўлиб ишлади.

1968 йилда олим Майкл Гудкин томонидан асос солинган Arbitrage Management company да фаолият юритади. Бу ерда Пол Самуэлсон ва Роберт Мэртон билан бирга хеж-фондни – арбитраж савдонинг биринчи компьютерлаштирилган дас­турини яратади. 1970 йилдан шу компанияни бошқаради. Бир йилдан сўнг Марковиц бу ердан кетади.

1974–1983 йиллари IBMда тадқиқот гуруҳини бошқарди. 1960–1962 йиллари Бошқарув фанлари институтига вице-президент этиб тайинланди, 1958–1969 йиллари Калифорния (Лос-Анжелес) университети  ҳамда 1982 йилдан Нью-Йорк шаҳри молия университетида профессор бўлиб ишлади.

1990 йилдаги Нобель мукофоти Гарри Марковицга “молиявий бозор иқтисодиёти назариясига оид биринчи ишлари учун” берилди. Мазкур мукофот америкалик яна икки олимга ҳам насиб этди. Булар Чикаго университети ходими Мертон Миллер (1923 йилда туғилган) ва Стенфорд университети илмий ходими Уильям Шарп (1934 йилда туғилган)дир.

Гарри Марковицнинг тамойиллари асосида таваккалчилик ҳамда даромад ўртасидаги боғлиқлик ва капиталнинг оптимал тузилмасини шакллаштириш масалалари ўрганилди. Унинг портфель танлаш назариясидаги илмий ишлари молиявий микроиқтисодий таҳлилнинг яратилишига ҳамда молияда ва иқтисодий таҳлилда янги ихтиролар қилинишига сабаб бўлди.

Ҳилола САЛОЕВА.
 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"