Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Тошкентда кўп қаватли паркинглар муаммоси

kup_qavatli_160Автотураргоҳларнинг бугунги ҳолати бўйича батафсил таҳлил ва ҳақиқий паркинглар қачон пайдо бўлиши ҳақидаги тахминлар.

Тошкентда ҳақиқатан паркинг  муаммо эканлигига қўшиламиз, лекин бу кўп қаватли паркингларни тезда қуриш лозимлигини англатмаслигини кўрсатиб бермоқчимиз. Аслида Тошкентда кўп қаватли паркинглар йўқлигининг асосий сабаби – ернинг нисбатан арзонлигидир. Агар ер яхшигина қиммат бўлганда, ҳокимликнинг аралашувисиз ҳам анчагина кўп қаватли паркингларга эга бўлардик.

Ер нархи паркингга қандай таъсир кўрсатади?

Бу фикрни иқтисодиётдаги “ишлаб чиқариш омилларининг ўзаро алмашина олиши” тушунчаси билан изоҳлаш мумкин. Ҳар қандай товар иқтисодий тилда омиллар деб аталмиш бир неча ресурслар комбинация­сининг маҳсули саналади. Меҳнат, капитал ва ер – бу учта асосий омил: баъзида бу рўйхатга тадбиркорлик қобилияти ҳам киритилади. Муайян миқдорда товар ишлаб чиқариш учун омилларнинг турли комбинация­ларини қўллаш мумкин, чунки улар ўзаро алмашинувчандир. Ишлаб чиқаришнинг энг содда рецепти мана бундай: омиллар нисбий қиймати ўзгаришидан қатъи назар, уларни қатъий белгиланган пропорцияларда ишлатиш. Табиийки, иқтисодий жиҳатдан бу ўзини оқламайди. Самарадорлик ишлаб чиқариш харажатларини минималлаштиришни талаб қилади: бир омилнинг нисбий қиймати ортса, у арзонроғи билан алмаштирилади.

Масалан, қоидага кўра, палов тайёрлашда гўшт ва гуруч нисбати 1:1 олинади. Агар мол гўшти нархи ошса, камроқ солинади ёки умуман, товуқ гўшти ё тухумга алмаштирилади. Омилларнинг ўзаро алмашинувини ҳар ерда кўрса бўлади. Чунончи, дон меҳнат ва капитал уйғунлигида ўрилади. Харажатларни минималлаштириш учун зарур омилларнинг оптимал пропорцияси улардан ҳар бирининг нисбий қийматига боғлиқ бўлади. Дейлик, 10 000 тонна дон ўриб олишимиз керак. Агар ўрим комбайнлари (капитал)ни ишлатишнинг нисбий қиймати қўлда ўриш (меҳнат) қийматидан кам бўлса, техникага таяниш мақсадга мувофиқ бўлади. Мисол учун, битта комбайнни ишлатиш ва сотиб олиш харажатлари, айтайлик, 40 нафар ўримчининг йиллик маошига тенг бўлса, табиийки, иккита комбайн ва бир нечта ишчилар ишлатиш фойдали бўлади. Аксинча, битта комбайн 1000 нафар ишчи меҳнатига тенг бўлса, комбайнни харид қилиш ўзини оқламайди ва йиғим-терим ишлари қўлда амалга оширилади.

Паркинг қуриш масаласида ҳам шундай. Ер нисбатан арзон бўлиб, капитал (машина, махсус техника) қиммат бўлганда, ўз-ўзидан кўп қаватли паркинглар қурилиши мақсадга мувофиқ бўлмайди. Бунинг акси – ер капиталга қараганда нисбатан қиммат бўлса, кўп қаватли паркинглар бунёд этишга пул тикса арзийди, буни Нью-Йоркдаги ғаройиб паркингда ҳам кўрса бўлади.

Кўп қаватли паркинглар қуриш – серхаражат иш. АҚШда кўп қаватли паркинглар барпо этишга сарфланадиган қурилиш харажатлари битта машина-­жой учун $24 000га айланади. Агар паркинг ер остида бўлса, харажатлар $40 000 гача етади. Қиёслаш учун: ер юзасидаги машина-жой атиги $1 200 га тушади. Таъкидлаб айтамиз – бу суммага ер нархи киритилмаган. Шу сабабли кўп қаватли паркинглар ер нархи жуда баланд бўлган ҳудудларда қурилади. Шаҳар ичида қуриш харажатлари бир хил бўлади, яъни капитал нархи жойга боғлиқ эмас. Лекин ернинг қиймати жойига қараб катта фарқ қилади. Ер ва капитал қийматлари ўртасидаги нисбат қимматбаҳо ва марказий туманларда юқорироқ, демак, Тошкентда ҳам шундай паркинглар қуриладиган бўлса ҳам уларни мана шу нисбатан энг  қиммат бўлган нуқталарда барпо этиш лозим бўлади.

Назария амалиётга тўғри келадими?

Биз яшайдиган Мэдисон шаҳридаги Висконсин университетининг ўзида 17 та кўп қаватли паркинг мавжуд. Университет паркингларидан ташқари, бу ерда яна ўнлаб хусусий паркинг ва шаҳар ҳокимлигига қарашли бешта автотураргоҳ мавжуд. Эътиборли жиҳати шундаки, кўп қаватли паркинглар жойлашувининг зичлиги ер нархига бевосита боғлиқ. Яъни ишлаб чиқариш омиллари назариясига мувофиқ, шаҳар марказида кўп қаватли паркинг­лар зичлиги бошқа жойлардагидан анча катта.

Пировардида, аҳолиси 500 минг киши бўлган Мэдисонда ўнлаб йирик кўп қаватли паркинг бўлгани ҳолда аҳолиси 3 млн.дан ортган Тошкентда улар бир нечтагина. Тушунамизки, бу ҳолат Тошкентда ва Мэдисонда ишлаб чиқариш омиллари нархларининг нисбати жиддий фарқ қилишига боғлиқ.

Агар Тошкентда ҳам қурилиш омиллари нархи Мэдисондагидек бўлганда, паркингга ҳозирги талабдан келиб чиқиб, Тошкентда юзлаб кўп қаватли паркинг қурилган бўларди. Албатта, бу ерда гап мутлақ эмас, балки нисбий нархлар ҳақида бормоқда. Тошкентнинг баъзи жойларида ер ниҳоятда қиммат. Лекин у капитал (қурилиш моллари, қурилиш техникаси)дан нисбатан арзон бўлгани боис, яқин келажакда паркинглар қуришнинг фойда келтириши эҳтимолдан йироқ. Худди шундай, ер нархи етарлича кўтарилмагунча ёки капитал етарли даражада арзонлашмагунича, буни давлатдан кутиш ва бюджет маблағларини жалб қилишдан маъно чиқмайди.

Нарх – энг адолатли

тақсимловчи

Паркинг масаласи иқтисодиётдаги бошқа жуда муҳим тушунчани бўрттириб кўрсатади, у ҳам бўлса, ресурслар тақсимотида нархнинг ўрни. Иқтисодиётда нархнинг аҳамиятни тушуниш бу илмдаги деярли барча масалалар ечимига калит топиш дегани, десак муболаға бўлмайди. Илм сифатида иқтисодиётнинг асосий вазифаси – бу инсонларнинг чексиз эҳтиёжларида чекланган ресурслар тақсимотини ўрганишдир.

Жамият учун нима қадрлироқ эканини қандай аниқлаш мумкин? Нимани қуриш керак? Пулни нимага тикиш лозим? Товар ёки хизматнинг қадри одамлар бу товарни қанчалик хоҳлашлари билан ўлчанади. Агар у орзиқиб кутилган бўлса, одамлар унинг учун ҳақ тўлашга тайёр экани орқали буни намоён этадилар ва бу товар нархи ўсади. Жамоатчилик нуқтаи назаридан жуда қимматли саналувчи объектни барпо этиш учун ҳар бир инсон ушбу бинони қанчалик юқори баҳолашини ўрганиб чиқиш керак бўлади. Албатта, бу машғулот қатор сабабларга кўра бемаънилик бўларди ва бундай ҳолларда энг яхши ҳакам – бозор нархи.

Айтайлик, Тошкентда кўп қаватли паркинг аллақачон қурилган. У жамиятга жуда катта фойда келтиришини қандай кафолатлаш мумкин? Жамият учун фойдалилик муайян товар кимга зарур бўлса, ўша унинг эгаси бўлишида кўринади. Лекин ким машинасини қўйиши, ким қўймаслигини қандай аниқлаш мумкин? Кираверишда сўров ўтказиб, ҳар бир одамдан машинасини нега қўяётганлигини сўраш, уларнинг эҳтиёжлари ва ишлари тез битишига қараб жойларни тақсимлаш мумкин. Янги ишда суҳбатдан ўтиши керак бўлган, қариндоши операция қилинаётган, тўйга шошаётган, шу ердаги қаҳвахонага гурунглашгани келадиган одамларга устуворлик берилиши соғлом ақлга тўғри келади. Мана шундай, эҳтиёжга қараб машинани қолдириш мумкин бўлган паркинг бўлса, ажо­йиб бўларди, қолаверса, бу – адолатли ечим. Лекин инсон нега машинасини қўяётганлигининг “ҳақиқий” сабабини асло билиб бўлмайди. Энг зўр “ёлғон детектори”ни ишлатганимизда ҳам жамият учун кириш имтиҳони ёки янги ишга жойлашиш учун суҳбатдан қай бири муҳимроқ эканини қандай биламиз? Балки ҳамкасблар йиғини ёки узоқ йиллардан бери биринчи бор кўришиб турган қариндошлар учрашуви муҳимроқдир? Бундай масалаларга ечим топиб бўлмайди. Шу сабабли товарнинг нархи – энг яхши ва амалда ҳар қандай вазиятда энг адолатли ҳакам саналади.

Тўлашга тайёрлик (willingness-­to-pay) инсон у ёки бу маҳсулотни қанчалик қадрлашига боғлиқ бўлади. Сизнинг пул тўлашга тайёрлигингиз товарнинг нархидан устун келсагина сиз товар истеъмолчисига айланасиз. Товар нархи унга энг муҳтож инсонга уни олиш имконини беради.

Нарх ҳаддан ташқари юқори бўлса-чи? Бизнинг паркингимиз мисолида кун бўйи қаҳвахонада ўтиришни режалаштирган талабалар таксида келиш­лари ёки машиналарини арзонроқ жойга қўйишлари мумкин, учрашувга шошаётган тадбиркор эса паркинг учун каттароқ суммани ҳам жон деб тўлайди. Яъни машина учун жойни кўпроқ қадрлайдиган одам унга эга бўлади – мана шу жамоатчилик нуқтаи назаридан энг манфаатли ечим. Энг манфаатли тақсимотга эришиш учун фолбин бўлиш ёки алдов детекторини ишлатиш керак эмас, балки “нарх” аталмиш тақсимот механизмига таянилса, бас.

Нимани ва қанча қуриш керак эканлигини бозор белгилайдиган бўлса, натижаси оптимал тақсимот бўлади. Лекин бозор механизмларига муниципалитет аралашишга уринса, ресурслар нотўғри тақсимланади, самарадорлик йўқолади. Муаммо, албатта, маҳаллий ҳокимиятларда ёки уларнинг билимсизликларида эмас: бозор ҳозирча кўп қаватли паркинглар қурилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаётган экан, бу жамоатчилик нуқтаи назаридан ҳам мақсадга мувофиқ келмайди.

Кўп қаватли паркинглар – бу алоҳида олинган шаҳарларгагина хос технологик мўъжиза эмас, балки чекланган ресурсларнинг оқилона тақсимоти, холос. У нархларнинг бозорга мувофиқ белгиланишида кутилган натижаларга олиб келади.

Паркингга талаб ва таклиф

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, кўп қаватли паркинглар қурилиши ер сезиларли даражада қимматлашганда фойдали ишга айланади. Шунингдек, капитал арзонлашганда ҳам паркинглар сони ортади.

Инвестициялар учун маблағлар – чекланган ресурс ва улар энг самарали усулда ишлатилиши лозим. Инвестиция­лар (хусусий капитал)дан паркинглар қурилишида эмас, бошқа соҳаларда фойдаланилаётгани бу ишга пул тикиш ҳозирча унчалик даромадли эмаслигини кўрсатади. Сўзимиз бошида айтганимиз янгиликда бир нарсага урғу берилади: “Ке­йинги қадам ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун инвестициялар жалб қилиш бўлади”. Кўп қаватли паркингларнинг қурилиши ҳозирча инвесторларда қизиқиш уйғотмаётганлиги бугунги кунда бозор шартлари асосида, яъни субсидиялар ёки преференцияларсиз, бу соҳага сармоядорларни жалб қилиб бўлмаслигини англатади. Бюджет маблағини хусусий паркинг қурувчиларига субсидияларга сарфлаш эса мақсадга мувофиқ эмас.

Шу пайтгача биз паркинглар бў­йича таклифлар ҳақида сўз юритдик, шунинг­дек, уларга бўлган талаб борасида ҳам сўзлаш мумкин. Агар марказий кўчаларда ва шаҳар мавзеларида ҳали ҳам машинани тўловсиз қолдириш мумкин бўлса, одамлар машинани алоҳида ажратилган жойга олиб бориш­ларидан умид қилмаса ҳам бўлади. Ҳукумат чора-тадбирлари нуқтаи назаридан, маҳаллий ҳокимият мана шу муаммога эътибор қаратгани яхшироқ.

Шаҳарда паркинг нархлари етарлича қиммат бўлганда кўп қаватли ва замонавий паркинглар юзага келишини кутиш мумкин. Паркингни пулли қилиб ва ҳуқуқбузарларни қаттиқ жазолаш орқали, автомобиль учун тураргоҳлар етишмаслиги муаммосини ҳал этса бўлади. Лекин паркингдан тушган даромадни пиёдалар учун инфратузилмага: тротуарлар ва жамоат транспорти сифатини яхшилашга ишлатиш лозим.

Ҳар бир автоҳаваскор қайсидир даражада нафақат бошқа автоҳавас­корларга (тирбандлик, паркинг), балки пиёдаларга ҳам ноқулайлик туғдиради. Ҳар бир қўшимча автомобиль атроф-муҳитни ифлослантиради, ша­ҳар­да ҳаракатланишни ноқулай қилади, авариялар эҳтимолини оширади. Энг асосийси – автоҳаваскорлар сабабли юзага келадиган барча салбий оқибатлар шаҳар аҳолиси зиммасига тушади. Буларнинг бари бепул бўлса, иқтисодий нуқтаи назардан самарасиздир:  автомобиль ҳайдашдан фойда фақат ҳайдовчига-ю, кўчаларнинг тирбандлиги, ҳавонинг ифлосланиши каби зарарлар ҳар бир аҳолининг зиммасига тушса! Демак, автомобиль эгалари бош­қа аҳолининг зарарларини қоплашлари керак.

Бензин солиғи – мана шундай компенсациялардан бири. Пулли паркинг ке­йинги усул бўлиши лозим. Агар олинган маблағларни шаҳар инфратузилмасига тўғри тақсимлашнинг уддасидан чиқилса, барча фойдада бўлади: тирбандликлардан қутулган ва машина қўйишга жойни осон топа оладиган автоҳаваскорлар ҳам, сифатлироқ жамоат транспорти, автомобилларсиз макон ва тоза ҳавога эга бўладиган йўловчилар ҳам.

Буларнинг бари ҳокимият томонидан салмоқли ишлар амалга оширилишини талаб қилади. Бюджет ва кадрлар чегараланганлиги шароитида маҳаллий ҳокимият эътиборини муаммонинг асоратини эмас, туб сабабларини ҳал этишга қаратиш лозим.

Беҳзод Ҳошимов,

Нуриддин Икромов,

kommersant.uz.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"