Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5980
9399
9631

-232
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
177937
286969
35096

+251873

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 9 416 995
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Амалдан ўқитувчиликни устун қўйган олим

tryugve_160_552114Эсингизда бўлса, ҳурматли ўқувчи, Нобель мукофоти совриндорлари ҳақида туркум мақолаларни беришни бошлаганимизда биринчи мақола “Эконометрика даҳоси” деб номланган эди. Бу мақолада биз норвегиялик иқтисодчи Рагнар Фриш ҳақида батафсил маълумот бериб ўтгандик. Фришнинг иқтисодиёт фанига қўшган энг катта ҳиссаси – эконометрикани фан сифатида тараққий эттириб, уни эмпирик йўл билан тадқиқ қилишга интилгани эди.

Навбатдаги мақолада биз олимнинг ишини давом эттирган, яъни эконометрика эҳтимоллик назария­си асосларини ўрганган шогирди Трюгве Хаавельмо ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

ХХ аср бошларида, аниқроғи, 1911 йилнинг охирида қаҳратон қиш кунларининг бирида Норвегиянинг Шедслеу шаҳарчасида Хаавельмолар оиласида ўғил фарзанд дунёга келади. Шедслеу Норвегия пойтахти Осло шаҳрининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган бўлиб, Трюгвенинг болалиги шу ерда ўтади. Ўрта мактабда ўқиб юрган пайт­ларида унда аниқ фанларга қизиқиш пайдо бўлади. У атроф-муҳитда рўй бераётган ҳар бир воқеани таҳлил қилишга қизиқади, маълумотларга аниқ баҳо бериш орқали тафаккурини чархлаб боради. Трюгве 19 ёшга тўлганида мактабни битиради ва Осло университетига ўқишга киради. Бу олийгоҳда у иқтисодиёт йўналишини танлайди. Хаавельмонинг иқтисодчи бўлиб шаклланишида, жумладан, математика статистикаси соҳасида ихтисослашувида ўша пайтда университетда дарс бериб юрган Рагнар Фриш катта роль ўйнайди.

1933 йилда Хаавельмо “сиёсий иқтисодиёт” ихтисослашуви бўйича бакалавр дипломини олади ва Р.Фришнинг таклифига кўра университет ҳузурида янги ташкил этилган Иқтисодиёт институтига ишга киради. Фриш институтда директор лавозимини эгаллайди, Трюгве эса ассис­тент-тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Бу ерда у беш йил давомида фаолият юритади.

1939 йилда Трюгве ўша даврларда таъсис этилган Рокфеллер жамғармасининг стипендиясига лойиқ деб топилади ва ўқиш учун АҚШга кетади. Бироқ тўсатдан бошланган Иккинчи жаҳон уруши туфайли бу мамлакатда режалаштирганидан кўра кўпроқ муддат – етти йил қолиб кетади.

Уруш Трюгвенинг ўқишига деярли таъсир қилмайди: у АҚШда яшаб юрган дастлабки ойларда Калифорния университетида атоқли олим Ж.Нейманнинг раҳбарлиги остида статистикани ўрганади, 1941 йилда эса Гарвард университетида “Эконометрикада эҳтимоллик ёндашуви” (“The Probability Approach in Econometrics”) мавзусида диссертация ишини ёқлайди. Бу илмий иши 1944 йилгача нашр этилмаганига қарамай, ўқиб танишиб чиққанларнинг юқори баҳосига сазовор бўлади.

Диссертацияда илгари сурилган фикр ва ғоялар аввалига 1943 йилда “Эконометрика” журналида чоп этилган “Бир вақтдаги тенг­ламалар тизимининг статистик аҳамияти” (“The Statistical Implications of a System of Simultaneous Equations”) деб номланган мақоласида баён қилинади, 1944 йилда эса “Эконометрика” журналининг июль сонига илова сифатида чоп этилади ва ҳозирги кунга қадар Хаавельмонинг энг машҳур ва унга шуҳрат келтирган асари сифатида талқин қилинади.

Илмий иши доирасидаги тадқиқотлари Нью-Йоркда Ж.Маршак билан биргаликда эконометрика мавзусида ташкиллаштирган семинар учун асос бўлиб хизмат қилди. Бундан ташқари,  бу илмий иш асосида у  “Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг статистик таҳлили” (“Statistical Analysis of the Demand for Food”) мақоласини ҳам чоп этади.

Нью-Йоркда Хаавельмо 1942-1944 йиллар давомида Норвегия савдо миссиясида ишлади, 1945 йилда эса Вашингтонда жойлашган Норвегия элчихонасида савдо атташеси лавозимида фаолият юритди.

Т.Хаавельмонинг сўзларига қараганда, омаднинг ўзи унга кулиб боқади: у бир йил давомида (1946-1947 йй.) иқтисодий тадқиқотлар олиб борадиган Коулз комиссиясида, таниқли иқтисодчи-олимлар, статист ва математиклар билан бир қаторда, шу жумладан, Нобель мукофотининг бўлажак совриндорлари Т.Купманс, ­К.Эрроу, Т.Саймон, Л.Клейн билан елкама-елка ишлашга муяссар бўлди.

Ниҳоят 1947 йилда, уруш тугагандан сўнг Хаавельмо ватанига қайтади ва Савдо-саноат ва молия вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида иш юритади. Бу ерда бор-йўғи бир йил мобайнида ишлаган олим ўзида дарс беришга ва илм билан шуғулланишга эҳтиёж сезади ва 1948 йилда ишлаб юрган лавозимидан бўшаб, ўзи таҳсил олган Осло университетига ўқитувчиликка ўтиб кетади. Бу олий ўқув юртида у иқтисодий назария ва эконометрика курс­ларидан маъруза ўқитди, шу соҳада иқтисодиёт профессори сифатида фаол илмий иш олиб боради ва 30 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб, шу ердан нафақага чиқади.

Хаавельмо Осло университетига ишга ўтгандан сўнг унинг илмий қизиқишлари, асосан, иқтисодиёт назарияси билан боғлиқ бўлиб қолади. У иқтисодиёт назариясининг турли компонентларини трансформациялаб, уларга эконометриканинг янги усулларини қўллашга ҳаракат қилади.

Осло университетининг етакчи муаллими сифатида танилган бу олимнинг маърузалари туфайли кўплаб талабалар ва ёш тадқиқотчилар ҳаё­тида кескин бурилиш юз беради: олим билан билан суҳбатлашиб, улар тафаккурида чуқур ўзгаришлар содир бўлади ва илм билан жиддий шуғулланишга киришадилар. Унинг ўқитувчилик фаолияти мобайнида иқтисодчиларнинг кўпгина авлодлари и

қтисодий назариясига бағишланган маърузаларини тинглаб, янги назариялар яратишга муваффақ бўладилар.

Трюгве Хаавельмо 1989 йилда “Эконометрика эҳтимоллик назарияси асосларини тушунтиргани ва бир даврдаги иқтисодий тузилмаларнинг таҳлили учун” Нобель мукофоти билан тақдирланади.

Олимнинг асосий илмий тадқиқотлари, асосан, эконометрика фани билан боғлиқдир. Т. Хаавельмо эконометрикада бир вақтдаги тенгламалар таҳлили номини олган йўналишга асос солади, эҳтимоллар назариясига эконометрика соҳасини ривожлантириш асоси сифатида қаралишига эришади. Олимнинг фикрича, иқтисодий параметрларни баҳолашдаги асосий қийинчилик уларга киритиладиган ўзгарувчиларнинг бир неча боғланишга алоқадор бўлишидир (масалан, харид ҳажми ва нархлар талаб ва таклиф функциялари билан боғлиқ).

Олимнинг диққатга сазовор бошқа ишлари орасида бюджет мультипликаторини (1945) алоҳида қайд этиб ўтиш даркор. У тўла бўлмаган банд­лик шароитида бир вақтнинг ўзида давлат сарф-харажатлари ва солиқларнинг ўсиши самарасини назарий жиҳатдан тадқиқ этди.

Хаавельмо 1954 йилда чоп этилган “Иқтисодий назария эволюцияси тадқиқотлари” (“A Study in the Theory of  Economic Evolution”) асарида глобал иқтисодий тенгсизликни ўрганиш учун иқтисодий таҳлилни қўллайди. Бу китоб янги модель ва теоремалар туфайлигина эмас, балки реал ҳаётда аҳоли, таълим даражаси, миграция ва даромадларни тақсимлаш учун халқаро курашнинг ўсиш гипотезаси тўғри чиққанлиги сабабли машҳур бўлиб кетди. Мазкур асар иқтисодий қолоқлик сабабларини эволюцион жиҳатдан ўрганган биринчи тадқиқотлардан бўлиб, бу муаммога бошқа иқтисодчиларнинг эътибори жалб қилинишига туртки бўлади.

1960 йили олимнинг яна бир асари – “Инвестиция назариясининг тадқиқоти” китоби нашрдан чиқади. Унда инвестицияга бўлган талабнинг микроиқтисодий асослари ёритилади. Китобда капитал назарияси изоҳлаб берилади ва шу нарса таъкидланадики, капиталлар оптимал фойдаланиш назариясида инвестиция назарияси иштирок этмайди. Бу капитал жамғаришнинг неоклассик назарияси бўлиб, шу соҳадаги кейинги ишларга ҳам назарий, ҳам амалий таъсир қилди.

Трюгве Хаавельмо иқтисодий назариянинг кўплаб йўналишлари – макроиқтисодий даражадаги цикл тебранишлари таҳлили ва фискал сиёсатдан тортиб то нархлар назарияси ва иқтисодий фикр тарихигача ўрганиб, ўз фаолияти билан иқтисодиёт фани ривожига катта ҳисса қўшади. Афсуски, унинг кўплаб асарлари фақат норвег тилида чоп этилган бўлиб, мамлакат ташқарисида деярли маълум эмас.

Ҳилола САЛОЕВА. 

 

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"