Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6047
9399
9631

-232
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
178003
286969
35029

+251940

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 9 417 062
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Сигир соғиб ўқишга пул топган олим

byukenen_160_2121Ҳар гал ижтимоий танлов назарияси ҳақида гап борганда Нобель мукофоти совриндори Жеймс Мак-Жилл Бьюкенен эсга олинади. Бу иқтисодчи биринчилар қаторида иқтисодий таҳлилнинг мутлақо янги – нобозор қарорларни қабул қилиш йўналишини танлайди. Унинг бу мавзуга бағишланган биринчи мақоласи 1949 йилда “Ижтимоий маблағларнинг соф назария­си: таклиф этилаётган йўл” сарлавҳаси остида чоп этилган. Шу йилдан эътиборан Бьюкенен ижтимоий танлов назарияси бўйича кўплаб мақолалар ёзади. Чоп этилган мақолалар рўйхатининг ўзи 20 варақ жойни эгаллайди.

Жеймс Мак-Жилл Бьюкенен 1919 йил 3 октябрда АҚШнинг Теннесси штатидаги Мерфрисбро шаҳрида дунёга келади. Унинг отаси Жеймс (бўлажак олимнинг исми отасининг шарафига қўйилган) фермер эди, онаси Лила эса мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Улар маҳаллий сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишар, буваси каби сиёсатчи бўлишини хоҳлашарди. Буваси Жон П.Бьюкенен ўша пайтда Фермерлар иттифоқи партиясидан бир муддатга Теннесси штати губернатори лавозимига сайланган эди.

Кичик Жеймс ҳам ота-онасининг истагини инобатга олиб, Вандербильт университетида ҳуқуқ фанини ўрганмоқчи бўлади. Бироқ Буюк депрессия даври Жеймснинг режаларини пучга чиқаради: у Мерфрисбородаги Ўрта Теннесси педагогика коллежига ўқишга киради. Бьюкенен таълим ва дарслик китоблар учун маблағни ўзи сигир соғиш йўли билан топади.

Коллежда Жеймс математика, инглиз адабиёти ва ижтимоий фанлар йўналиши бўйича билим олади. Тенгдошлари орасида энг билимдон ўқувчи сифатида ном қозонган Жеймс имтиёзга эга бўлди: Теннесси университетининг иқтисодиёт факультетида таълимни давом эттириш учун стипендия билан тақдирланади. Тиришқоқлиги ва билимга чанқоқлиги туфайли у мазкур билим юртини 1941 йили магистр унвони билан тугаллайди. Шу йилнинг август ойида ҳарбий хизматга чақирилади ва Нью-Йоркда ҳарбий-денгиз офицерлигига тайёрловчи курсларни ўтайди, сўнг муайян вақт давомида ҳарбий-денгиз коллежида таҳсил олади.

Ўша пайтда бошланган Иккинчи жаҳон уруши Жеймснинг ҳаётини тамомила ўзгартириб юборади. АҚШ урушга қўшилгандан кейин Жеймс АҚШ Тинч океани флоти қўмондони адмирал Честер Уильям Нимицнинг оператив штабига йўлланади. Бундан ташқари, уруш пайтида Жеймс Перл-Ҳарбор флоти штабида ва Гуамда хизмат қилади.

Бьюкенен иқтисодий таълимни Чикаго университетида ўзлаштиради. Бу ерда у иқтисодиёт профессори Франк Найт таъсири остига тушади. Жеймс­нинг сўзларига кўра, у Чикагога “либерал оқим социалисти” сифатида келганига қарамай, Фрэнк Найтнинг нархлар назарияси курсларида олти ҳафта ўқигандан сўнг бозор иқтисодиё­тининг жонкуяр тарафдорига айланади.

Шунингдек, Жеймснинг илмий фао­лиятига 1896 йилда Кнут Викселл томонидан ёзилган солиқ солишга оид диссертация ҳам катта таъсир кўрсатади. Бу асарни у кутубхонадан тасодифан топиб олади ва немис тилидан инглиз тилига ўгиради. Швед иқтисодчиси Викселл сиёсатни жамиятни қуриш йўлидаги фуқаролар ва тизим ўртасидаги мураккаб ва ўзаро манфаатли жараён сифатида кўриб чиқади. Викселлнинг таъкидлашича, сиёсий иқтисод ислоҳотлари сиёсий арбоблар фаолият юритувчи қоидалар доирасини ўзгартириши лозим. Найт ва Викселлнинг концепциялари Бьюкененга кучли таъсир кўрсатади ҳамда ижтимоий танлов назарияси ва конституционал иқтисодиётни ишлаб чиқиши учун туртки бўлади.

Жеймс 1948 йили Чикаго университетида иқтисодиёт доктори даражасини олади ва Теннесси университетида профессор бўлиб ишлайди. 1951 йилда Флорида университетига ишга ўтиб, 1954 йили мазкур ўқув юртида иқтисодиёт факультети декани этиб тайинланади.

Бьюкенен Фулбрайт стипендиясига лойиқ деб топилгандан сўнг 1955-1956 йилларда Рим ва Перужада италиялик иқти­сод­чиларнинг мумтоз асарларини ўрганади. АҚШга қайтганидан сўнг Жеймс Виржиния университетида профессор ва иқтисодиёт факультети декани бўлиб ишлайди.

1957 йилда Жеймс Бьюкенен америкалик иқтисодчи Уоррен Наттер билан ҳамкорликда Томас Жефферсон номидаги Сиёсий-иқтисодиий тадқиқотлар марказига асос солади. Жеймснинг сўзларига қараганда, “индивидуал эркинликка асосланган ижтимоий тузумни сақлаб қолишни орзу қилган олимлар уюшмасини ташкил этиш ҳамда иқтисодиётда техник ихтисослашувнинг ўсишига қаршилик қилиш” мақсадида мазкур уюшмани тузишган. Бьюкенен марказ директори лавозимида 1969 йилгача ишлади.

1968-1969 йилларда Бьюкенен Калифорния университетида профессор, кейинчалик Виржиния политехника институтида ва Блэксбург Давлат университетида етакчи профессор лавозимларида фаолият юритади. Шу пайтда у иқтисодчи Гордон Таллок билан ҳамкорлик қилади ва Ижтимоий танловни ўрганиш марказини ташкил этади. Бу марказга Бьюкененнинг ўзи бошчилик қилади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу олимнинг номи “ижтимоий танлов тўғрисидаги фан” билан чамбарчас боғлиқ. Кўп йиллар ҳукмрон бўлган фикрга кўра, айрим сиёсатчилар, сиёсий ва давлат ташкилотлари томонидан қабул қилинадиган  қарорларнинг асосий мақсади бутун жамият учун энг кўп фойда келтириши керак эди. 1962 йили бу ғоя ривожлантирилиб, Бьюкенен ва Таллокнинг “Иноқлик ҳисоби” китобида баён қилиб берилди. Китобдаги асосий ғоя иқтисодий ва сиёсий фанларнинг аралаш услублари асосида иқтисодий қарорлар қабул қилиш жараёнини таҳлил этишдир.

Дастлабки тахминга кўра, умумий қабул қилинган қоидага қарама-қарши рўй берадиган ҳодиса, яъни сиё­сатчилар ва жамоат ташкилотлари томонидан қабул қилинадиган қарорлар уларнинг шахсий манфаатлари асосида рўёбга чиқади. Сиёсатчиларнинг, масалан, сайлов олдидаги асосий мақсади энг кўп овоз олишдир (натижада улар сайлов олдидан иқтисодий жиҳатдан номақбул қарорлар қабул қиладилар, қўрқмасдан нореал ваъда берадилар). Давлат ташкилотлари эса ўз ҳокимияти ва унинг салмоғини максимум оширишга интиладилар. Бу ерда микроиқтисодиётга ўхшаш аналогия кўзга ташланади ва икки фундаментал тахминга асосланади. Биринчиси, истеъмолчи максимум наф олишга интилади, иккинчиси, фирма ҳам максимум фойдани кўзлайди.

Бозорни таҳлил этиб, биз талаб ва таклиф тушунчаларидан фойдаланамиз. “Ижтимоий танлов” ана шунга ўхшаш қарама-қарши, ўз мақсад ва талаблари билан чиқадиган, бир томондан, сайловчилар гуруҳи ва лоббичи ташкилотларнинг, иккинчи томондан, сиёсатчиларнинг ўзаро таъсирида шаклланади. Уларнинг ўзаро таъсирлари асосида аниқ сиё­сий қарорлар юзага келади. Олимнинг асарларида қарорлар қабул қилишнинг турли тартиб-қоидалари, масалан, овоз бериш тартиблари, шунинг­дек, қонун органларининг тузилиши тадқиқ этилган. Бу олим иқтисодиётнинг умумий мувозанат ва фаровонлик назарияларига ҳам муҳим ҳисса қўшган.

Ҳар қандай ижтимоий тузумда жамиятнинг асосий мақсадлари бўйича консенсус (бир фикрлилик) бўлиши керак. Иқтисодий сиёсат ана шу мақсадга эришиш воситасидир, аммо унинг барча жабҳалари тўла-тўкис аён бўлавермайди, ҳатто айрим пайтларда бир-бирига қарши ғоялар ҳам бўлиши мумкин. Фаровонликнинг иқтисодий назарияси жамоат консенсусини яратишга таъсир этмоғи даркор, бу масалада турли сиёсий чора-тадбирлар мақсадни очиқ-ойдин кўрсата олиши керак. Бунда сиёсат мақсадлар унинг воситаларига мос ёки тескари эканлиги аён бўлади. Бу ниҳоятда мураккаб масалани ҳал этиш йўлида кўплаб иқтисодчилар тадқиқот олиб борганлар.

Жеймс Бьюкенендан ташқари Эрроу, Блек, Даунс, Таллок, Ротенберг асарлари шу масалага бағишланган. Уларда ижтимоий танлов ва “консенсусни ҳисоблаш” ғоя­лари асосий ўрнини эгаллайди. Бу эса сиёсатшунослик ва иқтисодиёт назариясини бир-бирига чамбарчас боғловчи соҳа ҳисобланади. Оддийроқ қилиб айтганда, ҳар бир одам ўз ҳаётида фаровонликни сеза олиши керак. Жамият фаровонлиги инсонлар фаровонлигида акс этиши зарур. Айрим одамларнинг фаровонлигини ўзаро таққослаш эса жуда қийин.

Бьюкенен жамоат молияси, нарх-наволарни тартибга солиш масалаларига оид муҳим тадқиқотлар муаллифи ҳамдир. Унинг фикрича, нарх ва ишлаб чиқариш устидан давлат назоратига фақат фавқулодда ҳолатлардагина йўл қўйилиши мумкин. Аммо эркин тадбиркорлик ва рақобатни қўллаб-қувватлаш зарурати туғилганда, бундай аралашув (назорат) керак ва ҳатто фойдалидир.

Жеймс М.Бьюкенен 1986 йилда “Иқтисодий ва сиёсий қарорлар қабул қилиш назариясининг контракт ва конституцион асосларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” Нобель совринига сазовор бўлади.

Жеймс Бьюкененнинг оиласи ҳақида гапирадиган бўлсак, у Иккинчи жаҳон уруши пайтида Анна Бакке билан танишади ва у билан турмуш қуради. Афсуски, улар фарзандли бўлмаган.

Умри давомида Бьюкенен тил ўрганишга бўлган қизиқишини ташламайди ва кўплаб иқтисодий асарларни немис ва итальян тилидан таржима қилади ва бу билан иқтисод фани ривожига катта ҳисса қўшади.

Ҳилола САЛОЕВА

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"