odam_savdosi_160Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, уларнинг ҳеч нарсага муҳтож ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигини таъминлаш билан бирга, юртимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Юртимизда одам савдосига қарши курашиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Аввало, республикамизда бунинг учун барча норматив-ҳуқуқий асослар яратилди. Хусусан, 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Одам савдоси – бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланиб, ундан келадиган даромад гиёҳвандлик моддалари олди-сотдиси ва қурол савдосидан кейин учинчи ўринда туради. Айни пайтда жиноятчиликнинг мазкур туридан келадиган даромаднинг йиллик айланмаси 7 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Жинсий эксплуатация, мажбурий меҳнат, болалар меҳнатини эксплуатация қилиш дунёда шу даражада кенг тарқалганки, натижада ҳозирги кунда глобал хавфсизликка жиддий хавф-хатар туғдирмоқда. Бундай аҳвол ҳар қандай ривожланган мамлакатнинг мазкур жиноят билан курашиш бўйича барча зарур чораларни кўришини тақозо қилади.

Хўш, одам савдосидан кўпинча кимлар жабр кўрадилар? Таҳлилларга кўра, етарли билим ва маълумотга эга бўлмаган шахслар, шунингдек, ўзи, оила аъзолари ва яқинларининг ҳаёти, соғлиғи, хавфсизлигига етарли даражада эътибор қаратмайдиган кишилар ёхуд бирданига енгил ва мўмай даромад олиш илинжида юрганлар жиноят жабрдийдаларининг асосий қисмини ташкил этади. Маъмурий ҳудудлардаги профилактика инспекторлари бундай тоифадаги шахслар билан мулоқотда бўлиб, ушбу жиноятнинг виктимологик профилактикасини амалга ошириб, фуқароларга бораётган жойлари ва иш таклиф қилаётган шахс­лар, яшаш ва ишлаш шароитлари тўғрисида имкон қадар кўпроқ маълумотлар тўплаши, шубҳали таклифлардан эҳтиёт бўлишларини таъкидлаб ўтиши лозимдир.

Яна қайд этиш лозимки, агар фуқаролар ўзларининг билими, тажрибаси етарли бўлмаса, ваколатли давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотларга мурожаат қилиб маълумот олишлари ҳам мумкин. Айрим фуқароларнинг “бундай ҳолат менда бўлмайди”, деган фикрда бўлиши эса одам савдоси жабрдийдалари сонининг кўпайишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Жабрланганларни ўрганишдан мақсад уларни вақтида огоҳлантириш ва ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чора- тадбирларни ишлаб чиқишдир.

Мамлакатимизда одам савдоси жиноятидан жабрланганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизми жорий қилинган бўлиб, уларни амалга ошириш учун ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 5 ноябрдаги “Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реаблитация марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича 30 ўринга мўлжалланган Республика реабилитация маркази ташкил этилди. Бугунги кунда марказ одам савдоси жабрдийдалари бўлган юртимиз ва хорижий давлатлар фуқароларига ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Жабрланувчисиз жиноят бўлиши мумкин эмас. Ҳеч шубҳа йўқки, ҳар қандай жиноят жабрланувчига моддий, жисмоний ёки маънавий зарар етказади. Муайян шахс, жамоа, жамият, давлат ва ҳатто халқаро ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам унинг қурбонлари бўлиши мумкин. Қурбонларнинг жиноят содир этилишига алоқадорлиги хусусидаги фикрлар янгилик эмас. Бу кўп сонли адабий манбаларда ва ҳуқуқ ижодкорлиги ёдгорликларида ўз аксини топган. Таъкидлаш жоизки, одам савдосининг сабабларини ўрганишда жабр­ланувчи ҳақидаги маълумотларнинг алоҳида ўрни бор.

Шунингдек, одам савдосининг содир этилишида жабрланувчининг тутган ўрнини илмий жиҳатдан билиш жиноятнинг профилактик чора-тадбирларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини асло унутмаслик зарур. Виктимологияни ўрганишдан асосий мақсад жиноят қурбонининг айрим жиноятларнинг юзага келишида тутган ўрни ҳамда аҳамиятини жиноий вазият юзага келиши ва ривож­ланишига қўшган ҳиссасини аниқлаб, тадқиқ этишдир. Бунинг учун эса жабрланувчининг шахси, шунингдек, унинг жиноят содир этилишдан олдинги хулқ-атвори тўғрисида ахборот олиш зарур. Биринчи навбатда, унинг шахси тўғрисида зарур маълумотлар, айниқса, одам савдоси жиноятининг юзага келишига сабаб бўлувчи хулқ-атворини атрофлича ўрганиш лозим. Бундан ташқари, одам савдосини содир этишда жиноят қурбонларини ўрганиш, уларга нисбатан содир этилган жиноятларнинг латент бўлиб қолишининг сабабларини ҳам аниқлашга ёрдам беради.

Шу ўринда одам савдоси жиноятида виктимлик тушунчасига таъриф берайлик. Мазкур жиноятда виктимлик – муайян шахснинг маълум бир вазиятларда одам савдоси жиноятининг қурбони бўлишига сабаб бўлган ижтимоий, жисмоний ва маънавий сифатлари хислатлари ёки хулқ-атвори.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, одам савдоси жиноятининг виктимологик профилактикасини амалга оширишда ҳудудда фуқаролар ёки муайян шахсларнинг ҳуқуқбузарликлардан жабрланишининг олдини олишда жабрланувчиларнинг тутган ўрни ҳамда жабрланишнинг сабаб­лари ва бунга имкон берган жиҳатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш муҳимдир. Жабрланиш хавфини туғдираётган омиллар ва ҳуқуқбузарликлар, улардан огоҳлик ва ҳушёрликка чақириш, аҳоли ва унинг алоҳида тоифаларига жабрланиш хавфини туғдираётган сабаблар ҳақида маълумотлар бериш тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш орқали амалга оширилади.

Шодиёр АБДУРАЗЗОҚОВ,

Ички ишлар вазирлиги

академияси курсанти.