Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4136
10409
10539

-130
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
114450
308009
77542

+230467

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 791 393
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Компанияга инвесторни қандай жалб қилиш мумкин?

investitsiya_180Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнида Ўзбекистонга хорижий инвестициялар кириб келиши иқтисодиёт ривожланишидаги асосий масалалардан бири бўлиб, мазкур масалага давлат даражасида эътибор берилмоқда. Kommersant, RB ASIA бошқарувчи директори, Association of Chartered Certified Accountants уюшмаси аъзоси Дониёр Исломов компаниянинг инвес­тицион жозибадорлигига қандай ички омиллар таъсир қилиши, инвестор нуқтаи назаридан компанияни мафтункорроқ қилиш ва чет эл сармояларини олиб кириш имкониятини ошириш ҳақида ҳикоя қилади.

Компаниянинг инвестицион жозибадорлиги – бу унинг ҳолатини акс эттирувчи кўрсаткичлар ва ташқи омиллар мажмуи бўлиб, улар асосида потенциал инвестор компанияда пулини йўқотиш ёки тегишлича даромад ололмаслик хатарисиз маблағ  тика оладиган бўлади.

Инвестор учта асосий омилга таяниб сармоя киритиши мумкин:

– ички ва ташқи омиллар мажмуи асосида;

– инвесторларнинг мақсадлари асосида;

– даромадлилик ва хатар асосида.  

Ҳар бир инвестицияни баҳолашда инвестор компания инвестициявий жозибадорлигининг ҳам ташқи, ҳам ички омилларини ўрганади. Ташқи омилларга минтақа, мамлакат ва тармоқнинг инвестицион жозибадорлигини киритиш мумкин. Минтақа ва мамлакат жозибадорлиги табиий ресурслардан фойдаланиш имконияти, барқарорлик, коррупция даражаси, солиқ афзалликлари, бозор очиқлиги, меҳнат ресурслари қиймати ва сифати, инновациялар каби омиллар мажмуидан иборат. Мамлакат инвестицион жозибадорлигини баҳолаш билан халқаро рейтинг агентликлари (S&P, Moody’s, Fitch), халқаро ташкилотлар (World Bank, World Economic Forum) ва баъзи нашрлар (Fortune, The Economist) шуғулланади.

Давлатлар ўз инвестицион жозибадорлигини инвесторлар учун рағбатлар тўпламини яратиш орқали яхшилаши мумкин. Масалан, инвестицияларни жалб қилиш бўйича жаҳонда  етакчи давлатлардан бири Малайзия ҳисобланади. У кема қуриш саноатига инвестициялар жалб қилиш мақсадида мазкур соҳага маблағ киритадиган инвесторлар учун 2000-йиллар бошида беш йил муддатга 100 фоизлик солиқ таътилини эълон қилган.

Инвестицион жозибадорликнинг тармоқ омилларига тармоқдаги рақобат даражаси, унинг ривожланиш босқичи, нархларнинг ўсиш суръати, бозор ҳажми ва молиявий аҳволи, шунингдек, энг муҳимларидан бири – бозорга киришдаги тўсиқлар саналади. Ички омилларга келсак, улар бевосита компаниянинг ўзига боғлиқ.

Инвесторнинг қарор қабул қилишига бу омиллар кўрсатадиган таъсир салмоғи турличадир. Масалан, мамлакат ичидаги қурилиш компаниясига инвестициялар киритишни кўзлаган инвестор қарор қабул қилишда, биринчи навбатда, компаниянинг инвестицион жозибадорлиги ва битим натижасидаги шериклик имконияти мавжудлигига қарайди. Бироқ электроника ишлаб чиқарувчи ва Ўзбекистондаги ушбу тармоққа инвестиция киритиш имкониятини ўрганаётган Европа корпорацияси учун, биринчи навбатда, мамлакатнинг инвестиция жозибадорлиги муҳим ҳисобланади.

Жозибадорликнинг ички омиллари

Қайси ички омиллар компаниянинг инвес­тиция киритиш қарорига кўпроқ таъсир кўрсатади ва хориждан инвестор жалб қилиш учун нималарга эътибор бериш лозим? Асосий ички омилларни кўриб чиқамиз.

1. Молиявий ҳолат – компания молиявий ресурслари ва улардан фойдаланиш самарадорлиги. Компаниянинг молиявий ҳолатини таҳлил этишнинг кўплаб услуб­лари мавжуд, лекин амалда инвесторни кўпроқ тушум ўсиши суръати, рентабеллик, ликвидлик, қарз маблағларининг ўз капиталига нисбати қизиқтиради.

2. Менежмент сифати бизнес жараёнларнинг самарадорлиги, узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ва унга риоя этилиши, мижозлар ва етказиб берувчилар билан алоқаларига боғлиқ бўлади.

3. Ишлаб чиқариш ва инвестицион салоҳият – мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ва бизнесни келгусида кенгайтириш имконияти. Бу ердаги асосий омиллар  ишлатиладиган технологиялар, меҳнат ресурслари сифати, инвестицион режа ва инвестицион лойиҳаларни самарали бошқаришдир.

4. Юридик жиҳат – инвесторларни бизнес эгалари таркиби, юридик тузилма, асосий активларга ҳужжатлари қанчалик тўғри тўлдирилгани қизиқтиради.

5. Бозордаги барқарорлик компаниянинг йириклиги ва бозордаги улуши ҳамда чиқариладиган маҳсулот диверсификация­си ва маркетинг стратегиясининг самарадорлиги билан белгиланади.

Булар инвестицион қарорга таъсир кўрсатувчи ва инвестицион меморандумни таҳлил этиш чоғида, шунингдек, юридик, молиявий ва амалиёт аудитини ўтказиш жараёнида баҳоланувчи муҳим омиллардир. Тармоқ, унинг кўлами ва мамлакатдан қатъи назар, ҳар қандай инвестор биринчи навбатда мана шу омилларни баҳолайди.

Cass Business School бизнес мактаби ва Intralinks компанияси “Компанияни харид учун жозибали қиладиган омил” мавзуида тадқиқот ўтказди ва 23 йил давомидаги 34 мингта компания фаолияти, 14 мингта битимни ўрганиб чиқди. Тадқиқотга кўра, хусусий компанияларда битимларни амалга ошириш эҳтимоли тушум ва компания рентабеллиги ўсишига, унинг қарз ва кредитлари, йириклиги ва ликвидлигига боғлиқ бўлишини кўрсатди.

Биринчи тўрт омил ижобий корреляция­га эга бўлса, ликвидликда салбий корреляция кузатилади. Яъни агар хусусий компаниянинг ўтган йиллардаги тушуми ўсиши тармоқ бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли баланд бўлса, бу компанияга инвестор жалб қилиниши эҳтимоли ўртача ўсиш суръатларига эга компанияникига қараганда 30 фоиз юқори бўлиши мумкин.

Қайси бир омил Ўзбекистон шароитида энг долзарб ҳисобланади? Ўзбекистондаги компанияларга инвестициялар киритишни кўриб чиқишда хорижий инвесторлар дуч келадиган бир қатор муаммолар мавжуд. Ривожланиш стратегиясининг йўқлиги – йиллик бюджетлар бор, лекин 5–10 йилга мўлжалланган узоқ муддатли тасаввур мавжуд эмас. Компания юридик тузилмасининг пухта эмаслиги – шу билан бирга, ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта юридик компания умумий бизнес таркибига киради.

Молиявий ёки бошқарув ҳисоботи нотўғри юритилиши, хусусан, жамланма бошқарув ҳисоботининг мавжуд эмаслиги, шунингдек, тасдиқланмаган айланмалар. Инвестор учун солиқ ва юридик хатарлар мавжудлиги, яъни активлар олди-сотдиси бўйича битимларнинг нотўғри расмийлаштирилганлиги. Сунъий равишда юқори баҳолаш, жумладан, қиймат асослануви мавжуд бўлмаганда компания қандай баҳоланиши лозимлигини инвестор жуда яхши тушунади. Корпоратив бошқарув заифлигида эса барча бизнес жараёнлар битта менежерга боғлиқ бўлиб, усиз қарорлар қабул қилинмайди. Уларнинг баъзилари объектив, яъни бевосита компания билан эмас, балки маҳаллий қонунчилик ва, умуман, иқтисодиёт билан боғлиқ.

Субъектив омилларга келсак, бу ерда ҳамма нарса кўп жиҳатдан компания топ-менежменти ва унинг самарадорлик ортишидан манфаатдорлигига боғлиқ. Бунга мисол қилиб ривожланиш стратегиясини олайлик. Инвестор учун бунинг муҳимлигига бир қанча сабаб бор. Масалан:

– стратегия ташкилотнинг самарали тузилмасини ташкил этиш имконини беради ва иккинчи даражали бўлинмаларнинг кенгайишига йўл қўймайди;

– у бизнес эгаси, топ-менежмент ва оддий ходимларнинг бизнеснинг узоқ муддатли ривожланиши тўғрисидаги тасаввурларини мувофиқлаштиради;

– бизнеснинг инвестиция киритиш керак бўлган ва энг кўп фойда келтирувчи йўналишларини белгилайди;

– инвестор нуқтаи назаридан, стратегия компания узоқ муддатли ривожланиши истиқболларини англаш имконини беради, бу, ўз навбатида, компаниянинг бўлажак молиявий кўрсаткичлари ва бизнесини баҳолашнинг асоси бўлади.

Бизнесни баҳолашни олиб кўрайлик. Амалиётда инвестор маслаҳатчини ёллайди, у компанияни учта услуб бўйича баҳолайди:

1. Ўхшаш битимлар услуби – ўхшаш ўлчамлардаги (тармоқ, йириклик, мамлакат бўйича) компания инвестиция объекти бўлган ҳолат танланади ва у баҳоланаётган компанияга нисбатан қўлланилади.

2. Оммавий компаниялар услуби бў­йича – фонд биржасида савдода бўлган ўхшаш ўлчамлардаги (тармоқ, йириклик, мамлакат бўйича) компаниялар бўйича статистика йиғилади ва у баҳоланаётган компанияга нисбатан қўлланилади.

3. Дисконтланган пул оқимлари услуби бўйича – компаниянинг беш йиллик молия­вий режаси тузилади ва дисконтлаш коэффициентини ҳисобга олганда, ушбу ва кейинги даврларда компания қанча ишлаб топиши ҳисоблаб чиқилади.

Баҳолаш ўтказилгандан кейин инвесторда компания учун қанча тўлаш хусусида тасаввур шаклланади. Бироқ бизнеснинг амалдаги эгасида ўз бизнесини баҳолаш бўйича бутунлай бошқача ёндашув бўлиши мумкин ва инвес­тор ҳамда бизнес эгаси мўлжаллари ўртасидаги фарқ катта бўлиши ҳам кузатилади. Бундай тушунмовчилик ва англашмовчилик кўп учрайди, у битим бузилишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли инвесторлар билан музокаралар бошланишидан олдиноқ бизнес қийматининг мустақил баҳоланишини ўтказиш тавсия этилади.

* * *

Битимни муваффақиятли якунлаш учун инвесторни жалб қилишдан олдин ҳисобга олиш керак бўлган кўплаб омил ва ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар мавжуд. Бироқ уларнинг аксарияти салоҳиятли бош­қарув жамоаси ва тажрибали маслаҳатчи бўлсагина ҳал этилади. Қолаверса, компания инвестиция олди тайёргарлик босқичида амалга оширадиган инвестициялар бизнес қийматини ошириб, компанияни инвестор нуқтаи назаридан шаффоф ва тушунарли қилиб, харажатларни бир неча баробар қоплайди.

Kommersant.uz сайтидан олинди.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"