Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Тадбиркор муаммосини ҳал этиш – биринчи навбатдаги вазифа

tadbirkor_160_2Юртимизда бизнес омбудсманнинг иш бошлаганига олти ойдан ошди. Хўш, ушбу тузилманинг фаолият йўналиши, асосий вазифалари, ўзига хосликлари нималардан иборат, ўтган вақт давомида қандай ишлар амалга оширилди? Шу каби саволлар билан Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи консультанти Абдуманноп Бўриевга мурожаат қилдик.

— Аввало, бизнес омбудсман томонидан ҳозиргача бажарилган ишлар ҳақида тўхталсангиз.

— Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатидан келиб чиқиб, биринчи навбатда, чекка ҳудудларимиздаги тадбиркорларнинг дардини эшитиш, уларни қийнаётган масалаларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўришга эътибор берди. Республикамизнинг барча туман (шаҳар)ларида 30 000 дан ортиқ тадбиркор билан учрашувлар ўтказди. 130 дан ортиқ муаммоли масалани жойида ҳал этди. Вакил кўмаги асосида Сардоба туманидаги тадбиркор М.Холмуродовага тикувчилик фаолиятини амалга ошириш учун жой ажратилгани, Олмалиқ шаҳридаги “Эко стайл” МЧЖнинг газ тармоғига улаб берилгани, натижада қўшимча иш ўринлари яратилгани каби ижобий мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Шу билан бирга, назорат органлари томонидан тадбиркорлар фао­лиятида текшириш ўтказиладиган пайтда тадбиркорларга асқатадиган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган маслаҳатларни ўз ичига олган буклетлар тайёрланиб, тарқатилиши таъминланди. Чунки бундай тарғибот уларнинг ҳуқуқий онгини оширишга кўрсатиладиган ёрдамнинг энг самарали усулидир.

— Жойларда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда улар томонидан қандай масала ёки муаммолар кўтарилди? Шундан келиб чиқиб, келгусида қандай чораларни кўриш белгиланди?

— Албатта, ҳудудларда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувлардан кўзланган асосий мақсад бундай фао­лиятнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни аниқлаш ва уларни ўрганиш, тегишли чораларни кўришдан иборат. Очиқ мулоқотлар чоғида улар томонидан турли муаммоли масалалар, соҳани такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди. Фикр-мулоҳазалар ва тавсиялардан келиб чиқиб қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Вакилликка келиб тушган мурожаатларнинг таҳлилига келсак, уларнинг аксария­тида кредит олиш, ер ажратиш масаласини ҳал этиш ҳамда ўтказилган текширишларнинг қонунийлигига баҳо бериш сўралган.

Бизнес омбудсманга оид қонунда тадбиркорларнинг шикоятларини кўриб чиқиш, натижалари ҳақида арз қилувчини хабардор қилиш, мурожаатни кўриб чиқишни рад этиш, тегишли давлат органларига ўз хулосаларини бериш вазифаси кўрсатилган. Бу жараёнларнинг ҳар бири учун қанча муддат берилади? Бундай тартиб қайси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда акс этган?

– Вакил тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берган шикоятларини кўриб чиқади. Улар қўшимча ўрганиш талаб этилмаса 15 кун, қўшимча ўрганиш керак бўлса, бир ойлик муддатда кўриб чиқилади. Вакил шикоятларни кўриб чиқаётганда ўз ваколатлари доирасида масалани унинг моҳиятига кўра ҳал қилиши, арз қилувчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатиши, шикоятни унинг моҳиятига кўра ҳал қилишга ваколатли бўлган ташкилотга ёки мансабдор шахсга юбориши, арз қилувчини унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништириши, сабабини албатта кўрсатган ҳолда шикоятни кўриб чиқишни рад этиши мумкин. Вакилнинг мурожаатига жавоб мурожаат бевосита қайси давлат органи раҳбарига йўлланган бўлса, ўша давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси билан 10 кунлик муддатда жўнатилади.

— Давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назорат механизми қандай ишлайди? 

— Қонунга кўра, вакил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида давлат органлари, бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига ёзма равишда огоҳлантириш эълон қилади. Қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритади. Тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилади. Давлат органлари ва ташкилотлардан ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотни сўраб олади. Шунингдек, вакил давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлисларида иштирок этади. Зарур бўлган ҳолларда ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳлар тузади. Бундан ташқари, у тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича гумон қилинаётган, айбланаётган ва ҳукм қилинган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашиш учун қамоқда сақлаш жойларига, жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга.

Вакиллик фаолияти аслида тадбиркорларнинг муаммоси бош­қа тегишли ташкилотлар томонидан ҳал қилинмаган тақдирда уларнинг арзини кўриб чиқиш учун йўлга қўйилган. Аммо тадбиркорнинг ўзи ноҳақ бўлган ҳолатда вакил қандай йўл тутиши мумкин?

— Албатта, бундай ҳолатлар учраб туради. Бироқ, унутмаслигимиз керакки, ҳар бир тадбиркор мурожаат қилиш ва мурожаатига тегишли жавоб олиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар, тадбиркорлар кўтарган масаланинг қонуний ечимини топиш учун уларга тўғри йўналиш бериш ҳар бир давлат идорасининг бурчи ва вазифасидир, шу жумладан, вакил ҳам бундан мустасно эмас. Лекин таъкидлаш керакки, тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низоларни, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, оилага, меҳнатга доир ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга тааллуқли шикоятлар вакилнинг ваколат дои­расига кирмайди. Вакил судларнинг, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, тергов, суриштирув ва жазони ижро этиш органларининг ваколатига киритилган масалаларни кўриб чиқмайди.

— Тадбиркорларга тушунарли бўлиши учун унинг шундай фаолият билан шуғулланувчи бошқа тузилма ва идоралардан фарқли, ўзига хосликларини айтиб ўтсангиз.

— Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи бир қанча тузилмалар мавжуд. Жумладан, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Савдо-саноат палатасининг вазифаларидан бири айнан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳисобланади. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйи­ча вакил институти мазкур идоралар билан бирга ягона эзгу мақсад йўлида фаолият юритади. Шу билан бирга, вакил институтининг ўзига хос фарқли томонлари ҳам мавжуд. Хусусан, вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади. Ўз фаолияти бўйича фақат Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор саналади. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради.

– Вакил институтининг ўз фао­лиятига алоқадор бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги қандай йўлга қўйилган?

— Вакиллик аппарати сони чекланган бўлиб, таркиби вакил, унинг ўринбосари ва 6 нафар ходимдан иборат. Ҳозирги кунда вакилга қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти респуб­ликамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келяпти. Уларнинг ҳар биттасини жойига чиқиб ўрганиш вақт ва катта ресурс талаб этади. Шунинг учун Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Савдо-саноат палатаси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Келиб тушаётган мурожаатлар ушбу идораларнинг ҳудудий органлари билан биргаликда кўриб чиқилади. Бундан ташқари, барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича 12 та меморандум имзоланди. Бу йўналишдаги ишлар давом этяпти. Ҳозир яна бир нечта шундай меморандум лойиҳалари ишлаб чиқилиб, келишиш учун тегишли ташкилотларга юборилди.

— Вакиллик фаолиятида жаҳон амалиётининг қайси жиҳатларини қўллаш самара бериши мумкин, деб ўйлайсиз? 

— Бугунги кунда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатида омбудс­ман институти мавжуд. Жумладан, АҚШ, Франция, Финляндия, Швейцария, Австрия, Германия, Англия, Испания, Канада ва бошқа ривожланган давлатларда бундай институт фаолият юритмоқда. Айниқса, Швецияда бу борада энг самарадор амалиётни кўриш мумкин. Швеция омбудс­мани давлат органлари томонидан қонун ҳужжатлари бажарилишининг назорати орқали бизнес ривожига тўсиқ бўлаётган барча маъмурий ғовларни бартараф этиш ишларини олиб боради. АҚШда эса бизнесни ҳимоя қиладиган омбудсман давлат органлари билан тадбиркорларни боғловчи институт сифатида хизмат қилиб, тадбиркорлар фаолиятида вужудга келаётган мумаммоларни аниқлаб, уларни ҳал этиш чораларини кўради. Россия Федерациясида ушбу лавозим 2012 йилда жорий этилган бўлиб, тадбиркорлар фаолиятида учраётган бюрократик тўсиқларни бартараф қилишнинг самарали механизми ҳисобланади.

Мамлакатимизда эндигина ташкил этилган бундай вакиллик фаолия­тини талаб даражасида ривожлантириш мақсадида ҳозирги кунда Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда бизнес омбудсман институтининг самарадорлиги бўйича хориж тажрибаси таҳлил қилинмоқда ва ўрганилмоқда.

Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.

 
TOP-статьи


© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"