Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3669
8639
10175

-1536
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
156276
230255
113470

+116785

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 451 977
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" “Қизил чироқча” операцияси

 

 

huquq_160_3Шерали Камолов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Мирзо Улуғбек тумани электр тармоқлари корхонасига ишга кирганига бир йилдан ошди. Шундай эса-да, касбини яхши ўргана олмади. Бунга, аввало, ўзида қунт етишмаслиги, қолаверса, дангасалиги сабаб бўлди. Лекин у бошқа бир “ҳунар” – электромонтёр ниқоби остида иш тутиб, текин пул топишни пухта ўзлаштирди. Бу борада уч-тўрт йил олдин тамагирлиги учун вазифасидан бўшатилган чилонзорлик ҳамкасби Қодир Мерганов билан ҳамкорлик қилди.

Бу йигитларнинг иш усули қуйидагича эди: Шерали кўпинча ўзига бириктирилган уйларга бормай, унча-мунча пулнинг бетига қарамайдиган ёки лақма мижозларни қидирарди. Бирор хонадонда электр таъминотига ва жиҳозларига боғлиқ мураккаброқ иш чиқиб қолса, дарҳол Қодирни чақирарди. Хизмат ҳақини эса корхона ҳисобига ўтказиш ўрнига ҳамтовоғи билан баҳам кўрарди. Гарчи ўзи ҳеч  иш қилма бўлса-да, пулнинг ярмидан кўпроғини оларди.

У навбатдаги “ов”ни Сайрам кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида ўтказаётган эди. Бир маҳал кириш йўлагига ўрнатилган электр ҳисоблагичлардан бирининг қизил чироқчаси ёниб-ўчаётганини кўриб, кўзлари қувончдан порлаб келди. Хаёлига лоп этиб, шу имкониятдан фойдаланиб, пул ундириш фикри келди. Фурсатни қўлдан бой бермаслик учун кўчага чиқа солиб, Қодирга телефон қилди. У етиб келгач, икковлон “Қизил чироқча” операциясини тузди...

Улар хонадон эгаси Андрей Черновга ўзларини “Туман электр тармоқлари корхонасининг янги назоратчилармиз”, деб таништиришди. Сўнгра электр асбоблар ва кабелларни текширишлари лозимлигини айтиб, ичкарига киришди. Даҳлиз ва хоналарни бирров кўздан кечиргач, йўлакка чиқиб, ҳисоблагич олдида тўхтадилар. Ҳар эҳтимолга қарши “Андрей Максимович, манави чироқча нега пирпираётганини биласизми?” деб сўрадилар. “Йўқ!” жавобини эшитиб, илкис жонландилар. Бири олиб-бири қўйиб, қизил чироқча гўёки  огоҳлантириш  белгиси эканлигини, у ҳисоблагич носоз ҳолга келиб қолганда ёки тармоққа  яширинча уланиш рўй берганда ёниб-ўчишини тушунтирдилар. Охирида қарияни бузуқ ҳисоблагичдан фойдаланаётганликда айблаб, 3 миллион сўм миқдорида жарима ундириш тўғрисида далолатнома тўлдиришга шайландилар.

Табиийки, Андрей Чернов кутилмаган талабдан саросимага тушиб, талмовсираб қолди. Худди шу пайт Шерали темирни иссиғида босди. Отахонга раҳми келган киши бўлиб, “Агар жаримани биз орқали нақд пулда тўласангиз, 1 миллион сўмга туширамиз. Муҳими, сизни овора қилмай, уни корхонага ўзимиз топширамиз”, деди. Пулни ундиргач, шубҳа-гумонга ўрин қолдирмаслик учун квитанция ёзиб берди.

Отахон бу ҳотамтойликдан ва мушкули осонлашганидан беҳад мамнун бўлди. Йигитларга қайта-қайта раҳмат айтиб, хушнуд кайфиятда кузатиб қўйди. Аммо кечқурун ишдан қайтган ўғли билан шу хусусда гаплашаркан, росманасига чув тушганини англаб етди. Эртаси куни электр корхонасига бориб, Қодир бу жамоада ишламаслигини, Шерали бошқа уйларга бириктирилганини, патта сохталигини, кеча берган пули кассага топширилмаганини аниқлади. Аниқлади-ю, ҳуқуқини тиклашда ёрдам сўраб, СВОЖЖДЛҚК департаменти эшигини қоқди.

Кўп ўтмай жиноий жавобгарликка тортилган фирибгарлар терговда ҳам, судда ҳам айбларига иқрор бўлиб, қилмишларидан пушаймон эканликларини билдиришди. Илло, бу ҳамтовоқларни оқлаш учун асос бўлолмади, иккиси ҳам қонуний жазосини олди.

Дилмурод МЕНГЛИЕВ, 

Бош прокуратура ҳузуридаги

СВОЖЖДЛҚК департаментининг

Мирзо Улуғбек тумани бўлими бошлиғи.


 


Талон-торож қилинган лотереялар

huquq_160_2Бўлимимизга тижорат банкларидан бирининг Миробод филиали бошқарувчисидан ариза тушди. Қизиғи, унда бошқалар устидан шикоят қилинмаган, балки шу жамоада ва хат муаллифи раҳбарлигида ишлаётган ходимлардан айримларининг қонунбузарликлари ҳақида куюнчаклик билан сўз юритилганди.

Ходимларимиз ўтказган текширишлар жараёнида шикоятда келтирилган важлар тасдиқланди. Аниқланишича, муассасанинг етакчи мутахассиси Фозил Долиев (исм-шарифи ўзгартирилган) мўмай даромад орттириш илинжида ўз касбига ва жамоадошлари ҳақига хиёнат қилган. Банк 2016-2017 йилларда жорий этган уч турдаги лотерея билетларидан салкам 71 минг донасини ҳиссадор сифатида олиб, 194 миллион 500 минг сўмга сотгану, 79,2 миллион сўмини банк кассасига кирим қилмаган. Билъакс, текин бўлса, михни ютишга ҳам тайёр бир гуруҳ кимсалар билан жиноий тил бириктириб, ими-жимида шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.


Тафтишчилар хулосасини суд ҳам тўғри деб топди. Пировардида айни ҳолатда ўзганинг ўзига ишониб топширилган жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишга оид қилмиш содир этилган деган тўхтамга келди. Шунга биноан, Фозил Долиевга Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича ойлик маошининг маълум қисмини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан бир йилу саккиз ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Азимжон ТУРДИЕВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги

СВОЖЖДЛҚК департаментининг

Миробод тумани бўлими катта инспектори.


 


Ботмонлаб кетган обрў

huquq_160_1Адолат юзасидан айтганда, пойтахтимиз туманларидан бирининг Бандликка кўмаклашиш маркази директори Содиқ Норбоев (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ўз ишининг ҳақиқий устаси. Меҳнатда эришган ютуқлари ҳам талайгина. Бундан ташқари, у бошқалар ҳожатини чиқаришни, муҳтожларга кўмаклашишни хуш кўради. Аммо яқинда жиддий хатога йўл қўйиб, ўз бошига бало орттирди. Таъбир жоиз бўлса, ҳалолга ҳаромни, савобга тамани аралаштириб, йиллар оша мисқоллаб орттирган обрў-эътиборини ер билан яксон қилди.


Ўша куни эски таниши Жамшид Ҳасанов уни ўзига яқин тутиб, дил ёрди. Анчадан буён бетоб онасини нуфузли шифохоналардан бирига даволаниш учун ётқизиш ниятида юрганини, навбат катталиги туфайли ордер ололмаётганини айтиб нолиди. Дўстининг илтижосини тинглаб, Содиқнинг саховатпешалиги тутиб кетди. Қандай бўлмасин, унга ордер топиб беришни ваъда қилиб, онахоннинг исм-шарифини ёзиб олди. Жамшид хонадан чиқар-чиқмас, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ёрдамчиси Раҳима Жўраевага қўнғироқ қилди. Раҳимахон эса тегишли оилавий поликлиника бош шифокори Зокир Тўраевга сим қоқди.

Хуллас, “ҳожатбарорлар”нинг ваъдалари қуюқ бўлди. Ижроси эса... Афсус, ҳадеганда ордердан дарак бўлавермади. Бора-бора Содиқ Норбоев бу иш пулсиз битмаслигини тушунди. Барибир, ўртоғи олдида бебурд бўлиб қолишни истамади. Р.Жўраева ва З.Тўраев билан қайта-қайта гаплашиб, ордер нархини 100 долларга туширди. Кейин бу ҳақда Жамшидга хабар қилди. У шартга рози бўлди. Онаси эса кўнмади, “Қинғирлик билан олинган ордер эвазига даволанмайман”, деб туриб олди.

Албатта, бундай вазиятда Жамшид ғамхўрлиги учун Содиққа миннатдорчилик билдириб, ордер керак эмаслигини айтса ва уни қалтис йўлдан қайтарса бўларди. Амалда у тескарисини қилди. Дўстини тамагирликда айблаб, шикоят хати ёзди. Алқисса, Содиқ Норбоев 100 долларни пора воситачиси сифатида олаётганида қўлга тушиб, судланган деган тавқи лаънат орттирди.

Дилшод ШОКИРОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги

СВОЖЖДЛҚК департаментининг

Мирзо Улуғбек тумани бўлими катта инспектори.



Бир зумда ғойиб бўлган пуллар

sum_160

Бугунги кунда пластик карталарга боғлиқ қаллобликлар кўпайгани ҳеч кимга сир эмас. Масалан, 10-15 фоиз миқдорида “хизмат ҳақи” тўласангиз, карточкангиздаги пулнинг маълум қисмини бир зумда нақдлаштириб берадиган уддабуронлар истаганча топилади. Ёки бир дўконда нақд пулда 20 минг сўмга харид қилинадиган маҳсулот тўрт қадам наридаги шохобчада пластик карточка воситасида 22-23 минг сўмга сотилаётганини кўрасиз. Тошкентлик уч оғайни ботир – Соли Хўжаев, Дамир Тоиров ва Умид Саидов (исм-шарифлари ўзгартирилган) эса ўзларича бу карточкадан фойдаланиб, саноқли дақиқалар ичида миллион-миллион сўм текин пулни қўлга киритишнинг антиқа усулини кашф қилишди. “Йўғ-е?!.” дейсизми, унда эшитинг.


Ўша кезлар Дамирнинг пластик карточкасида 100 миллион сўм йиғилиб қолганди. Бир куни ўртоқларига ўша пулни нақдлаштириш ниятида эканлигини айтди. Кўп ўтмай улар Элёр исмли харидорни топиб келишди. Ўзаро келишувга биноан, Элёр Дамирга 78 миллион сўм нақд пул бериб, унинг карточкасини оладиган, шу тариқа 22 миллион сўм фойда кўрадиган бўлди. Албатта, бу ҳазилакам пул эмас – ўртача ойлик олувчиларнинг қарийб бир ярим йиллик даромадига тенг маблағ. Инчунин, Элёр етмаганига ака-укалари ва таниш-билишларидан қарз олиб, тез орада 78 миллион сўм тўплади. Кейин Дамирга қўнғироқ қилди.

Эртаси куни чошгоҳ пайти уни Шимолий вокзал ёнида Соли билан Умид кутиб олди. Уларнинг сафида Дамир йўқлигидан Элёр хавотирга тушди, шоша-пиша Дамир қаердалигини сўради. “Мазаси қочиб қолди, шунинг учун карточкасини биздан бериб юборди. Ундаги пул қанчалигини, юринг, анави дўконга кириб аниқлаймиз”, деган жавобни эшитгач, кўнгли хотиржам тортди.

Дўкондаги савдо терминалидан чиқарилган маълумотномада Дамирнинг номидаги пластик карточкада ҳақиқатан ҳам, 100 миллион сўм борлиги қайд этилганди. Элёр бу ёзувни ўз кўзи билан кўриб, қатъий ишонч ҳосил қилди. Ташқарига чиққач, пул тўла чарм сумкани йигитларга узатди. Улар эса негадир пулни санаб олишмади, дуч келган машинага ўтириб, жуфтакни ростлашди. Бундан ажабланган Дамир бояги дўконга кириб, пластик карточкани яна текширтирмоқчи бўлди. Аммо у очилмаётганини эшитиб, оёқ-қўли қалтираганча, деворга беҳол суяниб қолди...

Хўш, аслида нима бўлганди? Карточкадаги пул бирпасда қаёққа йўқолганди?

Бу саволларга Дамирнинг отаси аризаси асосида ўтказилган текшириш, тергов ва суд жараёнида ойдинлик киритилди. Қарангки, фирибгарлар ишни олдиндан жуда пухта режалаштиришган экан. Соли билан Умид пулни олиб, таксига ўтиргач, дарҳол Шайхонтоҳур туманидаги банк олдида турган Дамирга телефон қилишган, у эса ўша заҳотиёқ банкка кириб, гўёки пластик карточкасини йўқотиб қўйгани учун ундаги пулни ҳаракатдан тўхтатиш ва бошқа ҳисоб рақамига ўтказиш ҳақида ариза топширган экан.

Шундай қилиб, текинхўр шоввозлар Элёрнинг нақд 78 миллион сўм пулини алдов йўли билан эгаллаб олмоқчи бўлишганди. Бироқ шум ниятларига етолмадилар. Фирибгарликлари фош этилгач, қонун олдида жавоб бердилар.

Зафар ИСМАИЛОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги 

СВОЖЖДЛҚК департаментининг 

Миробод тумани бўлими катта суриштирувчиси.

А. Ҳайдаров тайёрлади

 
TOP-статьи


© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"