Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Капитализм ва социализм тамойилларини уйғунлаштирган олим

gootxard_160Бертиль етти фарзанддан бири эди ва юксак қобилияти билан тенгдошларидан ажралиб турарди. У ўрта мактабни ўн беш ёшида битириб, Лунд университетига ўқишга кирди ва у ерда иқтисодий фанлардан ташқари математика ва статистикани зўр иштиёқ билан ўрганди. 1917 йилда аъло баҳолар билан бакалавриатни тугаллаб, Стокгольм иқтисодий фанлар ва ишбилармон маъмуриятчилиги мактабида ўқишни давом эттирди. Олин бу ерда халқаро савдо бўйича назариётчи олим Э.Хекшернинг таълимини олди. Икки йилдан сўнг фуқаролик иқтисодиёти бўйи­ча магистрлик даражасини қўлга киритди.

Аспирантурадаги ўқишини Стокгольм университетида иқтисодиёт йўналиши бўйича давом эттириб, параллель равишда 1918 йилда сиёсий иқтисодиёт клубига аъзо бўлди. Бертиль Олин мазкур клубнинг эркин мавзудаги баҳс-мунозараларида Кнут Викселль, Давид Давидсон, Свен Брисман, Хекшер, Густав Кассель, Геста Багге каби илм даҳолари билан бир қаторда қатнашиб келди. Шунингдек, оммавий музокараларда ўз тадқиқотлари юзасидан маърузалар билан фаол иштирок этди.

1920 йилда Олин Швеция иқтисодий кенгашига котиб ёрдамчиси бўлиб ишга жойлашганлиги туфайли илмий тадқиқотларини тўхтатишга мажбур бўлади. 1921 йилда эса хизмат вазифасини ўташ учун Швеция ҳарбий-денгиз флотига ўтади. 1922 йилда Стокгольм университетига қайтиб, Густав Касселга халқ­аро савдо назариясидан тайёрлаган рефератини топширади ва диссертация ёзишга киришади.

Олинга 1924 йилда докторлик даражаси берилди. 1925–1930 йиллари Копенгаген университетида иқтисодиёт профессори сифатида фаолият юритди. Бу давр мобайнида Олин диссертациясини қайта ишлаб, инглиз тилига таржима қилади ва 1933 йилда “Минтақалар­аро ва халқаро савдо” (“Interregional and International Trade”) номи билан чоп эттирди. Олимнинг бу илмий иши иқтисодиёт фанига катта ҳисса қўшади ва оммавий эътироф этилади. Яъни унинг тадқиқоти халқаро савдо назариясини тубдан ўзгартиради ва халқаро иқтисодий алоқалар йўналишидаги энг долзарб тадқиқот сифатида тан олинади. Мазкур илмий ишда Олин Г.Касселнинг халқаро савдо соҳасидаги нархларнинг умумий мувозанати ҳақидаги фикрини келтириб ўтади.

Олин Э.Хекшер, П.Самуэльсон каби бир қанча иқтисодчи олимлар билан биргаликда халқаро савдода “ишлаб чиқариш омилларининг халқаро тақсимоти” назариясига асос солади. Уларнинг бу таълимотида жаҳон хўжалиги тўғрисидаги ғоялар илгари сурилган бўлиб, унга кўра, ҳар бир мамлакат иқтисодиёти ишлаб чиқариш омиллари (капитал, ер, ишчи кучи) билан бир хил таъминланмаган, ҳар бир омил турлича қийматга эга (иш ҳақи, фоиз, рента). Шунинг­дек, айрим мамлакатларда меҳнат (ишчи кучи) асосий омил бўлса, унинг нархи капитал ва ерга нисбатан паст баҳоланади, капитал мўл бўлган мамлакатда у бошқа икки ишлаб чиқариш омилига нисбатан арзон бўлади.

Ҳар бир мамлакат ўзининг нисбий устунлигини намоён қилишга интилади, жаҳон бозорига ишлаб чиқариш омили нисбатан арзон бўлган товарлар кўпроқ чиқарилади. Бундай ишлаб чиқариш ихтисослашуви барча давлатлар ўзига қулай ва фойдали бўлган хўжалик тармоқларини ривожлантириб, бошқаларидан воз кечишига олиб келади. Бу назария ишлаб чиқариш чиқимларини мутлақлаштиради ва халқаро ихтисослашувнинг ягона мезонига асосланади.

Бу назариянинг бўш томонлари ҳам мавжуд. Унда жаҳондаги реал шарт-шароитлар тўла ҳисобга олинмайди, масалан, метрополия (мус­тамлака эгаси) билан мустамлака (колониялар) ўртасидаги муносабатларни ҳеч ҳам уйғун деб бўлмайди. Иқтисодиёти юксак давлат билан қолоқ мамлакатлар ўртасидаги алоқаларда ҳам уйғунлик бўлиши амри маҳол.

Олиннинг “Минтақалараро ва халқаро савдо” тадқиқот иши маълумотларга бой бўлиб, савдо назариётчилари олдига бир талай эмпирик, яъни тажриба йўли билан аниқлашни талаб этадиган тахминларни қўяди. Биринчи бор бу тахминларни 20 йилдан сўнг иқтисодчи олим В.Леонтьев ўз тадқиқотларида текширади.

Олин К.Иверсон, Р.Нурксе билан биргаликда капитал чиқариш назария­сини ҳам яратган. У ўз таълимотида неоклассик маржинализм концепциясига асосланади. Капиталнинг “кўплиги” ёки “камлиги” унинг миграция­сига боғлиқ, деб кўрсатади. Мазкур жараён то капитал унуми ҳар бир мамлакатда бир хил бўлгунча давом этади. Бу эса ишлаб чиқариш омиллари самарадорлигининг ўсиши, миллий даромаднинг ортиши, бутун мамлакатлар иқтисодий ривожланиш даражасининг уйғунлашишига олиб келади.

Янги халқаро савдо назариясига кўра, қийматнинг меҳнат назарияси инкор этилади. Хекшер-Олин қонунига асосан, эркин савдо шароитида ҳамма минтақалар ва давлатларда ишлаб чиқариш омиллари нархи мувозанатлашади, бу эса умумий иқтисодий мувозанатга олиб келади. Олин ихтисослашув, нисбий устунлик бўйича тадқиқот олиб борди, савдо таҳлилида “харажат-маҳсулот ишлаб чиқариш” (В.Леонтьев) моделидан фойдаланди.

Бертиль Олин 1929 йилда Миллатлар Лигасида фаолият юритиб, дунё бўйлаб иқтисодий шарҳни тузиш билан шуғулланади, сўнг 1930 йилда Стокгольм мактабига ўтиб, Хекшернинг ишини давом эттиради. Олин у ерда макроиқтисодий назария ва мувозанатлашган сиёсий назариянинг ривожланиши йўлида иш олиб борди.

Биринчи бор Олин иқтисодчилар орасида Германия томонидан тўланадиган репарациялар ва трансферт тўловлар билан боғлиқ масалалар туфайли кенг оммага танилди. Аниқроқ қилиб айтганда, 1929 йилда Олин машҳур иқтисодчи Кейнс билан баҳслашганда, дунё бозоридаги валютанинг ҳаракатига қарамай, мувозанатни сақлаш мумкин, деган фикрни илгари суради. Баҳс-мунозаралар давомида у биринчи маротаба нисбий нархлардаги силжишга кўра самарали талабдаги ўзгаришларнинг муҳимлигини айтади. Буюк депрессия йилларида Олин талабни бошқариш ва ҳукумат томонидан мувофиқлаштирувчи сиёсатни олиб бориш кераклигини қайд этади. Бунда у Швеция ҳукуматини ишсизликни камайтиришга қаратилган иқтисодий фаолликни оширадиган фискал сиёсатни қўллашга ундайди.

Бертиль Олиннинг бу фикрлари Кейнснинг ғояларидан анча илгарилаб кетган эди. Шунинг учун Кейнс ўша даврда Олиннинг келтирган далил ва асосларига тўғри баҳо бера олмайди. У ўз ғоя ва назарий билимларини 1936 йилдагина “Бандлик, фоиз ва пулнинг умумий назарияси” (“The General Theory of Employment, Interest and Money”) номли асарида баён қилади. Миллий даромадни аниқлашда умумий талабнинг роли ҳақида эса кейинги илмий ишларида ёзади.

1938 йили Олин маблағлар ва капитал қўйилмалар ҳақида Стокгольм мактабининг қарашларини ифода этувчи иккита мақола ёзади. Мақолаларда илгари сурилган фикрларга кейинчалик катта баҳо берилади.

Шунингдек, Олин катта эътиборни бандлик муаммоларига қаратади. У Швеция ҳукумати томонидан 1920-30 йилларда тузилган ишсизлик муаммоларини ўрганиш билан шуғулланадиган комиссия фаолиятида фаол иштирок этади. Рокфеллер жамғармаси томонидан ажратилган маблағлар эвазига бу муаммога ба­ғишланган бир қатор асарлар ёзади.

Олин 1938 йилда Швеция парламентига сайланади ва 1944 йилдан 1967 йилгача Швеция либерал партиясига бошчилик қилади. 1944-1945 йиллар давомида коалиция ҳукуматида савдо вазири лавозимини эгаллайди. Бу даврда унинг тадқиқотлари ва сиёсий фаолияти Швециянинг фаровон мамлакат сифатида шаклланишига ёрдам беради (1950-60 йиллардаги швед модели капитализм ва социализм ўртасидаги мувозанатни намоён қилган).

1977 йилда Олин ҳамда Жеймс Мид халқаро савдо ва халқаро капитал ҳаракати назариясига қўшган катта ҳиссаси учун Нобель мукофотига лойиқ топилдилар. Тақдимот маросимида Швеция Қироллиги фанлар академиясининг аъзоси Ассар Линдбек сўзга чиқиб: “Бертиль Олиннинг тадқиқотлари олимларни халқаро иқтисодиёт соҳасида, расмий моделлар доирасидан чиқадиган катта ҳажм­даги тадқиқотларни олиб боришга ундади”, дейди.

1931 йилда Олин Эви Крузега уйланади, унинг бир ўғил ва икки қизи бор.

Машҳур олим 1979 йил 3 августда оламдан ўтади.

Ҳилола САЛОЕВА.

 
TOP-статьи


© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"