Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
845
6465
8058

-1593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
140799
254685
104517

+150168

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 691 185
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Биткоин: келажак валютасими ёки молиявий найранг?

 

bitcoin_160_2Мазкур туркум мақолаларни битиш мақсадида жуда кўплаб маълумотларни синчиклаб ўрганишимизга тўғри келди. Улар билан танишиб чиқар эканмиз, ҳар сафар ҳайратланарли бир жиҳатга дуч келардик: маълумотларнинг аксариятида мутахассислар қарашларида биткоинга ижобий ёндашувларнинг руҳи устунлик қилишига гувоҳ бўлишингиз мумкин эди. Бу ҳолат, айниқса, қонун йўли билан криптовалюта муомаласи тақиқланган мамлакатлар борасида сўз кетганда янада яққолроқ кўзга ташланарди.

Аслида, ўз ўзани бўйлаб тинчгина оқаётган дарёни ҳеч ким ҳавас учун жиловлашга уринмайди, асов дарёнинг қирғоқларини мустаҳкамлашдан эса, одатда, у кутилмаганда ўзанидан чиқиб, мислсиз кулфатларга ҳамда вайронагарчиликларга сабаб бўлишининг олдини олиш мақсади кўзда тутилади. Криптовалютанинг ҳуқуқий мақомини белгилаш жараёнига, бизнингча, ана шу нуқтаи назардан ёндашиш тўғрироқ бўларди, боиси, анчайин мавҳум бўлган тизим ҳамда “пул бирлиги” мав­қеи­нинг фойдаланувчилар орасида тез суръатларда юқорилаб бориши сабабли турли мамлакатлар ҳукуматлари биткоинга бўлган ўз муносабатини баён қилиши ҳамда мазкур тўлов тизимидан фойдаланишни тартибга солувчи норматив-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишга киришиши табиий ҳисобланади. Бироқ қирғоқларни мустаҳкамлаш ишини тўғон қуришга тенг­лаштириш қанчалик тўғри бўларкин?

Жилов солишми ёки кишан уриш?

Айни вақтда бир қатор мамлакатлар биткоинни тўлов воситаси сифатида тан олиб, мазкур валюта муомаласини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни қабул қилдилар. Япония, Жанубий Корея, Бельгия, Финляндия, Германия, Канада, АҚШ, Буюк Британия, Чехия, Швейцария мамлакатлари шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизи, мазкур мамлакатларнинг барчасида ҳам биткоин тўлақонли тўлов воситаси сифатида тан олинмаган, айримларида мазкур криптовалютани маҳсулот ёки инвестиция активи сифатида қўллашгагина рухсат этилган ҳамда солиққа тортиш учун улар билан амалга оширилувчи операциялар тегишли қонунчиликка бўйсундирилган.

Айрим мамлакатларда (масалан, Авс­тралия) биткоин масаласида ҳали ягона тўхтамга келинмаган бўлса, баъзилари аллақачон рақамли валютага қарши қарор қабул қилиб бўлганлар.

Мазкур мамлакатларда биткоин муо­маласининг тақиқланишига унинг тарафдори бўлган мутахассислар турли сабабларни келтирадилар. Сабаблар орасида тизим ишини тушунмаслик ёки ундан қўрқув ҳиссидан тортиб валюта протекционизми (бирор давлатнинг ўз миллий иқтисодиётини чет эл рақобатидан ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий сиёсати) ва ўз виртуал валютасини яратишни кўзлашгача бор. Қуйи­да 10 та давлат мисолида буни кўриб чиқсак, юқоридаги фикримизнинг исботини кўришингиз мумкин бўлади.

Бангладеш. Мамлакат Марказий банки ўзининг расмий баёнотида биткоин тизимида марказлашган тўлов тизими йўқлиги боис ташвиш билдирилганлиги ҳамда бу инсонларга катта молиявий зарар етказиши мумкинлиги қайд этилган. Банк бунда 1947 йилда қабул қилинган “Валюта назорати тўғрисида”ги ҳамда 2012 йилда қабул қилинган “Ноқонуний маблағларни легаллаштиришга қарши кураш тўғрисида”ги қонунларга таянган. Бангладешда биткоин ёки бошқа рақамли валюталар билан савдо қилганлик учун 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.

Боливия. Мамлакат Марказий банки (El Banco Central de Bolivia) ўз баёнотида қуйидагича ёзади: “Ҳукумат ёки ваколатли орган томонидан берилмайдиган ва назорат қилинмайдиган исталган валютанинг қўлланилиши ноқонунийдир”. Бу, биринчи навбатда биткоинга тегишли.

Хитой. Мазкур мамлакатнинг биткоинга муносабати турли тушунмовчилик­ларни келтириб чиқариши турган гап. Сабаби, мамлакатда биткоин ва бошқа рақамли валюталар тақиқланган, лекин у айни дамда айнан биткоин савдоси бўйича йирик бозорга ҳам айланган. Тақиқ фақат банклар учун тегишли. Банк муассасалари ва уларнинг ходимларига банк тизими орқали биткоин бизнесида иштирок этиш ёки биткоин саноати вакиллари билан ҳамкорлик қилиш мумкин эмас. Оддий фуқаролар учун эса криптовалюта савдоси ва майнинг билан шуғулланишга рухсат этилган.

Эквадор. Мазкур мамлакатда биткоиннинг тақиқланиши миллий электрон пул тизимини яратиш билан изоҳланади. Шундай экан, ҳукумат ўз маҳсулотини каттагина устунликка эга бўлган “нимадандир” ҳимоя қилиш заруратини ҳис қилмоқда, дейиш мумкин. Ҳукумат ва банклар бошқармайдиган марказлашмаган валюта аҳоли учун ҳеч қандай афзаллик тақдим этмайди, дея ҳисоблайди мамлакат Марказий банки вакиллари.

Исландия. Ўтган йилнинг март ойи­да мамлакат Марказий банки криптовалюта ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ баёнот тарқатди. Унда биткоин ёки бош­қа рақамли валюта сотиб олиш “Валюталар тўғрисида”ги қонунни бузиш саналиши таъкидланган, қонунда эса Исландия валютаси мамлакатни “тарк этмаслиги кераклиги” кўрсатилган. Биткоин тарафдорлари буни ноаниқ, лекин моҳиятан рақамли валюта савдосини тақиқловчи ҳужжат, дея баҳолайдилар.

Ҳиндистон. BTCX India мамлакатдаги биткоин олди-соттиси амалга оширилган дастлабки биржа эди. Депозит ва ўтказмаларни ҳинд рупийсида амалга оширишга имкон берган BTCX India ўз ҳамкори бўлган банк биткоин бизнесига хизмат кўрсатишдан бош тортгани учун ёпилганди. Бунга тизимга ишонмаслик сабаб бўлганми ёки раҳбарият томонидан қўйилган тақиқми, аниқ айтилмаса-да, тақиқ қисқа фурсат ичида бутун мамлакат бўйлаб амалга киритилди.

Россия. Суд биткоин ва бошқа рақамли валюталар билан боғлиқ сайтлардаги тақиқни ечиш тўғрисида қарор қилган бўлишига қарамай, амалиётда бунга тақиқ мавжуд. Рубль қадри пасайгани боис, банк ва ҳукумат бошқа молиявий воситаларга инвестиция қилиш хатти-ҳаракатларини у қадар ёқламаяпти.

Швеция. Мамлакатдарақамли валютани темир-терсак чиқиндиларини сотиб олишда қўллашга тақиқ мавжуд. Бироқ мутахассислар бу тақиқ бошқа соҳаларга ҳам жорий этилиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Таиланд. Мамлакат банки биткоинни 2013 йилнинг июлида ноқонуний деб эълон қилган. Бунинг асосий сабаби эса тегишли қонунчиликнинг мавжуд эмаслиги билан изоҳланган. Бироқ биткоин билан ишловчи компаниялар кейинроқ фаолият юритиш учун лицензияга эга бўлсалар-да, расмий тақиқ ҳамон мавжуд.

Вьетнам. 2014 йил февраль ойида виртуал валютанинг жиноий мақсадларда ишлатилиши эҳтимоли ва инвесторлар учун хатарли бўлиши мумкинлигини таъкидланган ҳолда мамлакатда биткоинга тақиқ қўйилди. “Биткоин билан боғлиқ операциялар махфий, шунинг учун у жиноий даромадларни қонунийлаштиришда, гиёҳвандлик моддалари савдосида, ноқонуний тўловларда қўлланилиши ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда қўл келиши мумкин”, дея баёнот берган мамлакат Марказий банки.

Биткоин тарафдори бўлган мутахассислар томонидан эса мазкур тақиқларга умумий тарзда қуйидагича баҳо берилган: “ Назорат қилинмайдиган ҳар бир нарсани тақиқлаш — дунёнинг кўп­лаб мамлакатларига хос”. Аммо биткоин аслида нима, деган саволга биз аввалги мақолаларда етарлича жавоб қайтаришга, тизимни имкон қадар таҳлил этишга ҳаракат қилганимиз боис, бу баҳони изоҳсиз қолдиришни лозим топдик.

Сўнгсўз ўрнида

Бизнингча, ҳар қандай ихтиро инсониятга қанчалик наф келтириши аниқ бўлгани билан қадрли. Моҳиятан молия­вий эҳромга, чайқовчиликка асос­ланган, бошдан-оёқ сирларга йўғрилган, якуни нима билан тугаши ноаён биткоин криптовалютасининг истиқболи ҳам аслида мавҳум. Кўплаб мутахассислар томонидан келажак валютаси сифатида талқин этилаётган мазкур “рақамлар йиғиндиси”нинг инсоният келажагига ижобий таъсири нимада эканлигини эҳтимол, биз англай олмагандирмиз. Бироқ шунча маълумотлар ичида бирорта мутахассиснинг бу борадаги аниқ бир фикрини учратмаганимиз негадир бизга эриш туюлмоқда. Шунинг учун сўнгсўз якунида халқимизнинг бир мақолини келтиришни лозим топдик: “Ҳамма ялтироқ нарса ҳам олтин бўлавермайди”.

Маъруф ТОШПЎЛАТОВ.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"