savol_javob_1601. Ёш оилага кимлар киради?

Ёш оила — эр-хотиннинг иккиси ҳам 30 ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган 30 ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл).

2. “Плагиат” атамасининг маъноси нима? Қонунчилигимизда бунга қандай жавобгарлик қўлланилади?

ПЛАГИАТ (лотинча плагио – ўғрилайман) – адабиёт, фан, санъат асари, кашфиёт ёки рацио­нализатор таклифига муаллифликни (қисман ёки тўла) қасддан ўзлаштириш. Муаллифлик ва кашфиётчилик ҳуқуқларининг бузилиши учун жиноий ва фуқаролик жавобгарлиги назарда тутилади.

Амалдаги қонунчиликда тўғридан-тўғри, бевосита “плагиат” атамаси қўлланилмаса-да, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши учун аниқ жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Хусусан, Жиноят кодексининг 149-моддасига кўра, тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, тафаккур мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунга ёки эълон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раё­сатининг 2016 йил 28 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Фан доктори илмий даражасини бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-боб, 15-бандига кўра, талабгор ўз диссертациясида фойдаланган материаллар манбаи­ни, уларнинг муаллифи ва номини тўлиқ кўрсатиши лозим. Талабгор диссертацияда илмий иш ёзишда иштирок этган ҳаммуаллифларнинг ғоя ёки ишланмаларидан фойдаланган тақдирда, буни диссертация ва диссертация авторефератида қайд этиши шарт.

Ўзганинг материалидан унинг муаллифи ва манбаи­ни кўрсатмасдан фойдаланилган ҳолларда, диссертация, у қайси босқичда кўрилаётган бўлишидан қатъи назар, муҳокамадан олиб ташланади ва талабгор ушбу мавзу бўйича диссертацияни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Фуқаролик қонунчилигида эса плагиат содир этган “адабий ўғри”га нисбатан иккита чора қўлланилади. Биринчиси, бу ҳуқуқни тан олиш ва ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш”, яъни аслида асарнинг ҳақиқий муаллифи ким эканлигини эътироф этиш, зарур ҳолларда эса тегишлича расмийлаштириш, иккинчиси эса асар муаллифига етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш (бу чоралар Фуқаролик кодексининг 1040-моддаси ва “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуннинг 65-моддаси қоидаларидан келиб чиқади).

3. “Ягона дарча” марказлари қандай давлат хизматларини кўрсатади?

“Ягона дарча” марказлари орқали амалга ошириладиган хизматлар қуйидагилар:  тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тизимига тайёр ҳолда улаш;

бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш;

объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш

қурилиш-монтаж ишларига рухсат бериш;

юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

юридик шахсларнинг ипотека ҳамда бинолар ва иншоотлар ва ер участкаларига бўлган ашёвий ҳуқуқлар ипотекаси тўғрисидаги шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси;

алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси бериш;

кўчма савдони амалга оширишга рухсат бериш;

ташқи рекламаларни жойлаштиришга рухсат бериш;

юридик шахсларнинг бинолар ва иншоотларга (шу жумладан, ер ости иншоотларига) бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

турар жойларни нотурар жой тои­фасига ўтказишга рухсат бериш;

ер ости бойликлари участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлигини тасдиқлаш хулосаси бериш;

махсус сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсат бериш;

ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсат бериш;

ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат бериш;

юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш;

якка тартибдаги тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш;

корхоналарни тугатиш;

ўз тармоғини яратиш ҳуқуқисиз маълумотларни узатиш тармоқлари орқали провайдер хизматлари кўрсатишга лицензия бериш;

Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучларни жалб қилишга рухсатнома бериш;

фармацевтика фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия бериш;

тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензия бериш;

вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситалари рекламасини жойлаштиришга рухсатнома бериш.

 

4)Меҳнат дафтарчаси қандай ҳолатларда яроқсиз деб топилади?

Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 4,1-бандига мувофиқ, меҳнат дафтарчаси йиртилган, ёнган, ёзувлари бўялган ҳолларда фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган ҳисобланади.

 

5) Мен ишга қабул қилинган пайтимда иш берувчим билан ўртамизда 1 йил муддатли меҳнат шартномаси тузилганди. Кўрсатилган муддатдан 6 ой ўтиб кетган бўлишига қарамай, мен билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмади. Ушбу ҳолатда шартномада кўрсатилган муддат бузилган ҳисобланмайдими?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 105-моддасига мувофиқ, муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади. Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган ҳисобланади.

6) Мен хотинимнинг номига расмийлаштирилган автомашинани ишончномасиз бошқара оламанми? Ҳозирги кунга қадар бошқариб келаётган эдим, ЙПХ ходимларига никоҳдан ўтганлигим ҳақидаги гувоҳномани кўрсатардим. Бироқ ке­йинги пайтларда айрим ЙПХ ходимлари ишончнома олмасангиз бўлмайди, дейишмоқда.

Агарда транспорт воситаси биргаликдаги турмуш даврида харид қилинган бўлса, турмуш ўртоғингиз номидаги транспорт воситасини ишончномасиз бошқара оласиз. Бунинг учун ёнингизда никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг аслини ёки нусхасини олиб юришингиз тавсия этилади. Шунинг­дек, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида эр ва хотиннинг фамилия­си акс этган бўлиши керак.

Адлия вазирлиги

сайтидин олинди.