shaxmat_160Табиб – табиб эмас, бошидан ўтказган табиб, дейдилар. Экспертлар-у арбоблар қачалик доно маслаҳат бермасинлар, барибир, тадбиркорнинг ўз тажрибасидан келиб чиқиб айтганлари ўзгача салмоққа эга бўлади. Шу сабабли биз “Leader House” хусусий ўқув маркази раҳбари Ирода Расуловага ўз тажрибаси, хатолари ва ютуқларини биз билан ўртоқлашишини сўраб мурожаат қилдик.

– Ирода, ўқув марказингиз нега айнан болалар учун? Шу пайтгача бинойидек тижорат юритиб келаётган экансиз. Бундай кескин ўзгариш қилишга нима сабаб бўлди?

– Аслида тижоратдан кетиш ниятим йўқ эди. Бир куни кичик қизимни кимё фани бўйича ўқув марказига олиб бордим. Қизим дарсга кириб кетди. Уни кутиб ўтириб, ўқув маркази раҳбари Азиза опа билан танишиб қолдим. Узоқ суҳбатлашдик. Шунда у: “Нега сиз ҳам шундай ўқув маркази очмайсиз?” деб сўраб қолди. Очиғини айтсам, бундай фикр умуман хаёлимга келмаган эди. Марказ очиш ва юритиш учун қўлимда маблағ ҳам йўқ эди. “Очган билан, қандай юритаман? Пулим йўқ-ку, барибир”, дея иккиландим.

Шунда у: “Йўл-йўриғини ўргатаман. Сиз бир ҳаракат қилиб кўринг, кредит олинг. Ана, давлатимиз ҳамма шароитларни яратиб қўйибди-ку! Қўлингиздан келади, уддабурон аёл экансиз”, деди. Бу гапларидан руҳланиб: “Ўйлаб кўраман”, дея марказдан чиқиб кетдим.

Ўша кундан бошлаб хаёлимда фақат ўқув маркази очиш бўлиб қолди. Бир ҳаракат қилиб кўрай-чи, балки ўхшаб қолар, деган фикрга келдим. Кейин жой қидира бошладим. Жой топиш анча қийин бўлди – олти ой қидирдим. Излаган албатта топар экан, ижарага жой чиқди.

Нега айнан болалар учун ўқув маркази очганимга келсак, бунинг сабаби оддий: ҳозирги кунда мактаб дастурлари қийин ва болалар ўқишга қийналяпти. Шунинг учун мактабгача тайёрлов тўгарагини танладим. Қолаверса, ўзимнинг ҳам кичик ўғлим бор, балки шунинг учундир, балки бу – болаларни яхши кўрганимдандир.

– Фаолият йўналишларингизни кузатсам, кўпроқ боланинг руҳий ва ақлий ўсишига урғу берилган экан: логопед, Монтессори хонаси, шахмат тўгараги... Рақобат камроқ бўлгани учун бу йўналишларни танладингизми?

– Тўғрисини айтсам, бу соҳаларни танлашда рақобатни эмас, эҳтиёж бор-йўқлигини назарда тутдик. Чунки айни пайтда логопед кўмагижуда кўп болаларга керак бўляпти. Шахмат тўгарагига келсак, унга ҳам ҳозирги кунда талаб анча кўп, болаларни ақлий жиҳатдан ривожлантирадиган спорт тури саналади. Шу сабабли мазкур йўналишларни танладим. Монтессори хоналари – мамлакатимизга энди кириб келаётган услублардан. Айтганингиздек, бу борада рақобат ҳам ҳозирча суст.

– Янги бизнесни йўлга қўйиш қийинчиликлари ҳали унутилмаган бўлса керак. Бир тадбиркор бизнес очишни тўсиқлардан ҳатлаб ўтишга ўхшатган экан. Сизда енгиб ўтиш энг қийин кечган тўсиқ бўлдими?

– Тўғри айтасиз, бизнесни йўлга қўйишдаги қийинчиликлар ҳали эсимда. Ҳақиқатан ҳам, бизнес очишда кўпдан-кўп тўсиқларга дуч келаркансиз. Менда энг қийин тўсиқ атрофимдагиларнинг ишонқирамай қарагани бўлди. Кўпчилик мени айнан шу йўналишда бизнес очишдан қайтаришга уринди.

“Нима қиласан? Зарурми сенга? Қийин иш – ҳамманинг кўнглига қарашинг керак. Ишинг юришмай қолса-чи, одамлар келмаса-чи?”. Мана шундай саволлар билан бошимни кўп оғритишган. “Шунча пул тиксанг-да, ҳеч ким келмаса-чи?” деган саволга жавоб топа олмай қийналардим.

Агар турмуш ўртоғим: “Уддалайсан, сенга ишонаман”, деб далда бериб турмаганида, балки атрофимдагилар ўз йўриғига юргизган ҳам бўлармиди. Бахтимга, ёнимда мени қўллаб-қувватлаб, тушкунликка тушсам, руҳлантириб турувчи инсон бор. Унинг кўмагида мен ўз шаҳдимдан кайтмаслигимни, қандай қийинчиликларга дуч келмай, енгиб ўтишимга яқинларимни, биринчи навбатда эса, ўзимни ишонтира олдим.

– Бизнесни юритиш давомида қўйган қадамларингизга назар ташлаб, агар қайтадан шу ишни қилганимда бошқача йўл тутардим, деган фикрга ҳам келганмисиз?

– Ҳа. Насиб қилиб, филиал очсам, бошқача йўл тутаман. Айнан қандай қадамларни қайта кўриб чиқаман – буни айтмай қўя қолай, лекин ўзгача йўлдан боришим аниқ.

– Югур-югурлардан қутулиб, мактабни очиб ҳам олдингиз. Илк ўқувчингиз ким бўлди?

– Илк ўқувчиларим 4 ва 5 ёшли болалар бўлишди. Энг қизиғи, улар менга умуман бегона бўлган болалар эди. Шунчаки, янги очилган марказга танишгани келганлар, шароитларимиз ёққач, тўгаракларимизга қатнай бошлаганлар. Бошида фақат бегоналар қатнади, кейин улар ўзларининг танишларини бошлаб келдилар. Бир неча ойдан кейингина ўзимнинг таниш­ларим ҳам кела бошлашди.

– Таълим соҳасида бизнес юритишда энг муҳими нима? Менеж­ментни тўғри йўлга қўйишми, ўқитувчи-мутахассислар савиясими ёки яхши маркетингми?

– Сиз айтганларингизнинг ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Агар бизнес тўғри йўлга қўйилмаса, ишнинг унуми бўлмайди, ўқитувчиларнинг савиясини беэътибор қолдириш ҳам нотўғри. Чунки ота-оналар болалари олаётган билимдан қониқмайди. Оқилона маркетинг юритилмаса, иш жараёни умуман ўсмайди. Буларнинг учови бир-бирига чамбарчас боғлиқ, деб ўйлайман.

– Аҳолига хизмат кўрсатишда бизнеснинг муваффақияти кўп жиҳатдан ходимлар тўғри танланишига ҳам боғлиқ. Сиз ўқитувчиларингизни қандай мезонларга кўра ишга оласиз?

– Ходимни тўғри танлай билиш ҳақиқатан муҳим. Мен ўқитувчиларнинг билим савиясига, дунёқараши кенглигига, муомаласига, одобига ва албатта, ташқи кўринишига ҳам алоҳида эътибор бераман.

Ўқув маркази ўқитувчиси умумий мактаб муаллимларидан ажралиб туриши керак. Мактабда ўқитувчилар ўқувчиларга нисбатан қаттиққўл бўлиши, керак бўлса, бақириши мумкиндир. Лекин ўқув марказидаги ўқувчиларга қўпол муомалада бўлиши умуман тўғри келмайди. Ота-она боласининг таълими учун пул тўларкан, шунга яраша юқори савияни талаб қилишга ҳақли.

– Хусусий тадбиркорлик жуда рашкчи бўлади-да. Бизнесмендан бор ўй-хаёли унда бўлишини талаб қилади. Аммо ўзбек аёли бизнесни деб эри, фарзандларига эътиборни сусайтирмасликка ҳаракат қилади. Сиз буни қандай уддалаяпсиз?

– Жудаям нозик савол бердингиз. Ҳақиқатан ҳам, бизнес, айниқса, янги очилган бизнес бор ўй-хаёлингизни эгаллаб оларкан. Бошида ҳаддан ташқари чарчаганимдан, оиламга нисбатан эътиборим пасайиши ҳолати бир-икки учради. Лекин мен турмуш ўртоғим ва фарзандларим учун ҳам вақт ажратиб, улар билан кўпроқ бирга б

ўлишга ҳаракат қиляпман. Чунки оила – муқаддас.

– Дам олишга ҳам вақт қоладими? Бўш вақтларингизни қандай ўтказасиз?

– Тўғрисини айтсам, ҳозирги пайт­да умуман бўш вақтим бўлмаяпти. Ҳар куни, ҳаттоки шанба ва якшанба кунлари ҳам марказда ҳар хил тўгаракларимиз ишлаяпти. Чунки шунга талаб бор. Талаб бор экан, мижозлар учун шароит яратишимиз лозим. Дам олиш эса қочиб кетмас.

– Режалар қандай, шу йўналишни кенгайтиришми ёки яна бошқа соҳаларни ҳам забт этишни ният қилганмисиз?

– Режалар кўп. Худо хоҳласа, бу йўналишдаги фаолиятимизни кенгайтирамиз. Кейинги босқич эса болажонлар учун хусусий боғча очиш.

Аловиддин САДРИТДИНОВ,

(kommersant.uz)