gulchehrabegim_160Ив Сен-Лоран билан танишишдан бошланган

Гулчеҳрабегим Маҳмудова – Parfum Gallery дўконлар тармоғи асосчиси, Ўзбекистондаги илк тадбиркор аёллардан бири, санъатшунослик фанлари номзоди, ёзувчи, сценарийчи, продюсер. У “Kommersant.uz”га берган интервьюсида 30 йилдан кўпроқ вақтдан буён шуғулланиб келаётган бизнесини қандай йўлга қўйганлиги ҳақида гапириб берди.

 

Parfum Gallery компанияси Chanel, Gucci, Boss, Dolce & Gabanna, Paco Rabbane, Lanvin, Carolina Herrera, Sisley, Ferragamo, Sospiro каби юздан зиёд люкс-бренднинг эксклюзив дистрибьюторидир. Компания Францияда ўзининг Begim Perfumes Treasure Collection атирлари, Samarkand Spirit for Him & for Her, Bukhara Spirit for Him & for Her, Ruby of Temur for Him & for Her, Kohinur Diamond for Him & for Her’ брендларини ишлаб чиқаради. Гулчеҳрабегим эса ўзининг асосий лавозимини – оналик ва бувилик деб ҳисоблайди.

Ҳаммаси нимадан бошланган? 

– Отам ота-онасидан эрта ажралган ва Бухоронинг Аркида ўзи каби қаровчисиз кўча болалари билан ўсган. У ажойиб кунларнинг бирида Бухоро амири хазинасини топиб олиш ҳақида орзу қилган. Улғайгандан сўнг ўқиган, онамни учратиб, севиб қолган ва ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топган. Мен муҳаббат ва эзгулик ҳукмрон бўлган оилада ўсдим, ота-онам бизга ўз туйғуларини тўлиғича етказган... Мен ҳар доим парфюмда, сценарийларда, фильмларда, китобларда, қўшиқларда ушбу муҳаббат билан бўлишишни истардим.

Зардўзи чопонча ва Ив Сен-Лорандан кўйлак

– 1984 йилдан 1985 йилга ўтар кечаси, яъни янги йил оқшомида клиник ўлимни бошимдан кечирдим. Бир неча кундан кейин комадан чиққач, ҳаёт бир лаҳза эканлигини тушундим... Шунда қаерда бўлсам, ўша ерда ва шу куним учун яшашга қарор қилдим. Докторлик ишим деярли тайёр бўлса-да, илмий-тадқиқот ишларимни давом эттиришдан воз кечдим.

1980 йилда Хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамиятига халқаро кўргазмалар ташкилотчиси бўлиб ишга кирдим. Хорижда ўтадиган маданият кунларига усталаримизнинг халқ амалий буюмларини ва Ўзбекистон фотокўргазмаларини олиб борардик. Қонун-қоидаларга кўра, олиб борган буюмларимизни тўлиғича қайтариб келишимиз шарт эди. Шу билан бирга, бу буюмлар хорижда катта қизиқиш ҳам уйғотарди. Ўша пайтда сотиш ҳуқуқини берувчи хусусий мулкнинг янги шакли – кооперативларга йўл очилди. Фурсатдан фойдаланиб, маҳсулотларимизни чет элларда  сотиш учун жамият қошида  “Анъана” кооперативини ташкил қилдим.

1984 йилда Марокашда шўролар маданият кўргазмаси ўтказилаётганди. Унда мусиқий ансамблнинг чиқишини ташкил этиш керак эди. Ўша вақтларда “Ялла” гуруҳининг “Учқудуқ” қўшиғи бутун мамлакат бўйлаб машҳур бўлганди. Раҳбарият билан келишиб, Тинчлик фонди ёрдамида, ушбу гуруҳни Марокашга олиб кетдик.

Работ, Касабланка, Танжер, Марокаш каби шаҳарларда “Ялла” гуруҳининг  концерти катта муваффақият билан ўтди. Малика Аҳмедованинг рақслари ҳаммани лол қолдирди. Янги йил арафасида Ив Сен-Лоран, Майкл Жексон ва Элизабет Тейлорнинг Танжерга меҳмонга келиши кутилаётган эди. Концерт ўтказилиши режалаштирилган меҳмонхона эгаси “Ялла” артистларидан марокашча қўшиқ айтиб беришни илтимос қилди. Ўша куни бир маҳаллий ансамбл Лайли ва Мажнун муҳаббати ҳақидаги қўшиқни куйлади. “Ялла”чилар бу қўшиқни ёзиб олишди ва эртаси куни шу асосда ”Жиннуни” қўшиғини яратишди.

Роса ўттиз йил бурун мен Марокашга “Ялла” ансамблининг биринчи тижорий гастролини ташкил қила олганимга ҳозир ҳам ҳайрон қоламан. Ансамбль жуда катта муваффақият қозонган эди. Шаҳарларнинг стадионлари мухлисларга тўлиб кетганди. Кейин бизни яна икки марта Марокашга таклиф этишди.

Ўша оқшом Ив Сен-Лоран ва унинг дўсти, Yves Saint Laurent модалар уйи асосчиларидан бири Пьер Берже билан танишдим. Мендаги зардўзи чопонча Пьерга жуда ёқиб қолди ва концертдан сўнг унга чопончани совға қилдим. Эртаси куни тонгда эса  Ив Сен Лоран менга  кўйлак юборди. Мен уни ҳанузгача сақлайман.

 

Begim ва Parfum Gallery’нинг яратилиши 

– 1990 йилда турмуш ўртоғим билан Парижда Халқаро олимпия куни нишонланишида қатнашдик. Хуан Антонио Самаранч (ХОҚнинг 1980—2001 йиллардаги президенти) билан суҳбатлашиб турганимизда бизга Ив Сен-Лоран яқинлашди ва Yves Saint Laurent’дан In Love Again атримни мақтади. Шундан сўнг мен ва чопончам ҳақида эслади. Ушбу суҳбат чоғида парфюмерия маҳсулотларини Ўзбекистонга тўғридан-тўғри етказишга келишиб олдик (бунгача улар Москва орқали келарди). Шу оқшомнинг ўзида шартнома туздик. Турмуш ўртоғим Собиржон Рўзиев маркиз Самаранч билан дўст эди. Шу боис, Самаранч шартноманинг молиявий кафиллигини ўз бўйнига олди.

Биз Тошкентга қайтдик ва ўша пайтга келиб деярли фаолияти тўхтаган “Анъана” кооперативи янги Begim хусусий компаниясига айланди.

Ярим йилдан сўнг пойтахтимиз марказида биринчи дўконни очдик. Уни безатиш учун Ив Сен-Лоран ўз дизайнерини юборди. Ишга синглим ва қизим ҳам қўшилди ва биз француз парфюмериясининг тўла ҳуқуқли эксклюзив дистрибьюторига айландик.

Компанияга катта маблағ киритдик. Ҳамма – отам, турмуш ўртоғим, дўстларим ёрдам беришди. Биз бошқалар эътиборига ҳавола этаётган брендларимизга муносиб бўлишимиз керак эди. Шунинг учун мебелга, меҳнат ҳақига ва ходимларни ўқитишга кераклича маблағ тикдик. Фирмамиз слоганини ўйлаб топдим “Amore – Bonte – Culture – Beaute”  (“Муҳаббат – Эзгулик – Маданият – Гўзаллик”).

Биринчи дўконни очганимда бутун бошли тармоғимиз бўлишини тасаввур ҳам қилмаганман.

Биринчи жўнатмалар учун Сен-Лоран билан 20 кунда ҳисоб-китоб қилдик. 20 кунда барча маҳсулотлар сотилиб кетди! Иккинчи юк йўлда эди, шунда фаолиятимизни кенгайтириш лозимлигини тушундим.

 

“Damas”лар орқали конвертация

– Ҳар доим фақат миллий валютани конвертация қилиш билан боғлиқ қийинчиликлар бўлган. 1998 йилда ҳисобимизда пул йиғилиб қолди. Чет эллик ҳамкорларимиз билан ҳисоб-китоб учун уни конвертация қилишимиз лозим эди. Марказий банкдан бизга “Damas”лар сотиб олиб, улар билан ҳисоб-китоб қилинг”, дейишди. Кечирасиз-у, Chanel ёки Dior’га бизнинг “Damas”лар керакми?

Кимларга ёзмадик, кимларга мурожаат қилмадик – ҳеч ким ёрдам бермади. Шунда 12 минг доллардан 12 та “Damas” сотиб олдик, бироқ уларни атиги 4 минг доллардан сотишга эришдик. Бутунлай хонавайрон бўлдик.

Шундай ҳоллар ҳам бўлдики, биз  билан  ишлайдиган банк банкротга учради. Банкдаги пулимиз конверсияланган эди, шундай бўлса-да, давлат фойдасига ўтиб кетди.  Шундан буён биз ҳар йили судда ютиб чиқамиз, лекин зарарни ундира олмаймиз. Ўтган давр мобайнида  пул уч бора қадрсизланди. Лекин биз ҳамон судлашиб, ҳақиқат қарор топишига умид қиляпмиз.

Кулгили воқеалар ҳам бўлган. Ёдимда, биз Versace Blue Jeans ва Red Jeans атирларини олаётган эдик. Бу номланишлар ҳужжатларда бор эди. Бироқ  “Улар декларацияда парфюмерия кўрсатиб, аслида қизил ва мовий жинсилар олиб келяпти” деган баҳона билан юкимиз мусодара қилинди. Ҳақлигимизни исботлашга икки ойга яқин вақт кетди.

 

Ҳеч бир мамлакатда парфюмерия учун акциз солиғи йўқ

– Тақдимоти бизнинг мамлакатдан ташқари дунёнинг барча мамлакатларида ўтган Gabrielle Chanel янги атири жамланган юк икки ойдан кўпроқ вақт божхонада ётди. У янги курс, 1 доллар учун 8 000 сўмдан божхона расмийлаштирувидан ўтказилса ва унга 116 фоиз бож қўшилса, маҳсулот таннархи жада баланд бўлиб кетади. Биз эса дистрибьютор сифатида дунё дўконларида белгиланган нархларни сақлаб қолишимиз керак.

Ҳеч бир мамлакатда, Ўзбекистондан ташқари, парфюмерия учун акциз солиғи солинмайди. Бизда парфюмерия ишлаб чиқарилмайди, шу боис акциз солиғи орқали ҳимоя қилинадиган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга рақобатчи эмасмиз. Бир неча марта Солиқ қўмитаси ва тегишли идораларга хат ёздик. Яқинда акциз солиғи 50 фоиздан 20 фоизга камайтирилди. Бироқ бу ҳозирча чет эл валютаси янги курслари туфайли чакана нархлар муаммосини ҳал қилмайди... Биз янги қонунлар ва парфюмерияга акцизнинг бутунлай йўқ қилинишини сабр билан кутяпмиз.

Мен учун бизнесни ҳалол ва тўғри юритиш жуда муҳим – бу узоқ ишлаш ҳамда муваффақият гарови. Муаммоларга дуч келганда таслим бўлмаслик керак. Ҳар доим қонуний ечим топиш мумкинлигига ишончим комил.

Парфюмерия ва косметика сегменти истеъмол бўйича дунёда озиқ-овқат маҳсулотларидан кейинги ўринда туради. Мамлакатимизда яширин бозор ривожланган,  лекин у аудиторияга расмийдек тақдим этилади.

Дистрибуциянинг ўзига хос халқаро қоидалари мавжуд. Люкс брендларнинг ҳар бир сотув нуқтаси расмий портфолиода рўйхатдан ўтиши керак. Ўзбекистон ҳудудида бизнинг портфолиомизда кўрсатилган маркаларнинг эксклюзив етказиб берувчиси фақат Parfum Gallery ҳисобланади. Масалан, Gucci бренди маҳсулотини сотиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун бошқа дўконлар уни Gucci розилиги билан биздан харид қилиши лозим. Бироқ бундай йўл тутилмайди. Кўпчилик люкс брендларни “яширин бозордан” харид қилиб, уни харидорларга сотади. Мен соғлом ва ҳалол рақобат тарафдориман.

Фаолиятини энди бошлаётган бизнесменларга маслаҳат

Биринчиси – бизнес ҳалоллиги ва шаффофлиги. Иккинчиси – қўрқмаслик, ҳар қандай бизнесда жасурлик керак. Менга баъзан: “Сен жуда жасурсан”, дейишади. Мен  қандай жасурлик қилганимни билмайман, ўзим хоҳлаган ишни бажараман, холос. Учинчиси – ғоядан руҳланиш ва табиийки, ҳар бир ғояни ҳисоб-китоб қилиш ва молиявий асослаш керак. Албатта, йўқотиш ва йиқилишларга қарамай, ҳеч қачон ишни ташлаб қўймаслик лозим.

Ўзбекистон маданияти ва анъаналарига қизиқадиган чет эллик ҳамкорлар қандай қизиқарли замонавий фильмларимиз борлигини сўрашганди. Шунда хаёлимга фильм суратга олиш фикри келди. “Севги марафони” фильми сценарийсини ёздим. Мусиқасини Ботир Зокировнинг ўғли Баҳодир Зокиров яратди. Энди меҳмонларга ушбу фильмни инглиз тилидаги таржимасини ҳадя қиламан.

Францияда Begim брендимиз парфюмини  ярата туриб, бир талай тарихий материалларни ўрганиб чиқдим. Улар “Биллур чилим шишаси” серия китобларимга асос бўлди. Бу – аёллар тақдири ҳақидаги, саёҳат жанридаги мелодрама.

Яқинда тинчликка даъват этувчи Put Your Love on Baby’s Heart қўшиғимни ёздим. Дунёни эзгулик ва муҳаббатга чорлагим келди, ахир жаҳонда юз бераётган воқеаларни кўриб, фарзандларимиз келажагидан қўрқиб яшаяпмиз. Фарзандингиз бўлса, энг муҳими,  унинг юрагига муҳаббатни жойланг, шунда у ҳеч қачон қўлига қурол олмайди ва зўравонлик қилмайди. Энг асосийси, болалар қалбида муҳаббат уйғотинг. Ана шуларни ота-онам менинг қалбимга сингдирган ва шу ғояларни мен бошқалар билан баҳам кўришни истайман.