veloyulak_160Инсониятнинг иқтисодий тараққиёти энергиядан ўта юқори даражада фойдаланишига олиб келди. Натижада ёқилғининг органик турларидан фойдаланувчи электр ва иссиқлик станциялари, тобора сони ортиб бораётган ички ёнув двигателларидан чиқаётган зарарли газлар туфайли атроф-муҳитга салбий таъсир етказилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, органик ёнилғида ишлайдиган иссиқлик электростанциялари ҳамда транспорт воситаларидан атмосферага катта миқдорда чиқаётган газ ташланмалари глобал ҳароратнинг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Бу ҳол мамлакатимиз расмийлари, олимлари, фуқароларини ҳам беэътибор қолдирмаяпти. Мазкур салбий ҳолатни бартараф этиш борасида мамлакатимизда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Дизель билан ишловчи автомашиналар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини газодизель мосламасига ўтказиш туфайли атроф-муҳитга зарарли ташланмалар чиқаришни тўрт баробаргача камайтириш, дизель ёқилғисини 70 фоиз тежаб қолиш имконияти пайдо бўлди.

Республикамиз миқёсида велосипеддан фойдаланишни кундалик транспорт воситаси сифатида жорий қилиш ҳам атроф табиий муҳити мусаффолигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

– Велосипеддан фойдаланишни кенгайтирш атмосфера ҳавосининг ифлосланиши камайишига, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинишига, автомобил йўлларида тирбандликларга чек қўйилишига, велосипед ишлаб чиқариш корхоналарининг вужудга келишига хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати матбуот хизмати раҳбари Эркин Омонов. –  Ўз навбатида, велосипедларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш корхоналари ва уларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари пайдо бўлади. Бу орқали эса доимий иш ўринлари яратилади. Мамлакатимизда велоспорт ишқибозлариниг кўпайиши ва спортнинг ушбу тури ривожланишига улкан ҳисса қўшилади.

Қайд айтиш лозимки, велосипед жуда фойдали транспорт воситасидир. Ундан фойдаланган инсоннинг танаси соғлом, руҳи тетик бўлади. Велосипед атроф-муҳит учун зарарсиз, моддий тарафдан эса  арзон, қулай ва ихчамдир. Бундан ташқари, ушбу транспорт турини ҳордиқ чиқлари сирасига ҳам киритиш мумкин. Шунинг учун ҳозирги кунда велосипеддан фойдаланиш аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарқалмоқда.

– Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Наманган шаҳрида барпо этилган велойўлак республикамизда илк тажриба ҳисобланади, – дейди Эркин Омонов. – Келгусида ушбу велойўлакни янада узайтириш ҳамда республикамизнинг бошқа шаҳарларида ҳам шундай велойўлаклар барпо этиш режалаштирилган.  Велойўлакни ташкил этишдан мақсад – атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшиш, экологик тоза транспорт  воситаси бўлган велотранспортдан фойдаланишни кенг тарғиб қилиш, велотранспортни оммалаштириш, унинг инфратузилмасини ривожлантириш, ёшларни спортга, соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилган ҳолда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишдан иборат.

Наманган шаҳрининг қоқ марказида, яъни Ислом Каримов кўчасида барпо этилган велойўлак бўйлаб ташкил этилган веломарафон акцияси  доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан 80 дан ортиқ велосипед Наманган вилоятидаги меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернатлар, олий ўқув юртлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, экология ва тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган  нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ижтимоий муассасаларга беғараз тақдим этилди.

Мутахассислар таъкидлашича, велосипедни бошқариш учун алоҳида ҳуқуқга эга бўлиш талаб этилмаса-да, зарур талабларни билиш лозим.  Велосипедчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик нафақат пиёдалар учун ноқулайликларни келтириб чиқаради, балки унинг саломатлигига ҳам зарар етказиш мумкин. Велосипедда ҳаракатланиш хавфсиз бўлиши учун уни доим барча техник талабларга жавоб берадиган ҳолатда тутиш даркор. Хусусан, у товуш бергич мосламаси билан жиҳозланган ва тормози соз бўлиши зарур. Олд томонига оқ рангли, орқа томонида қизил рангли чироқча ёки қизил рангли нур қайтаргич, ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Велосипедда ҳаракатланишни, авваламбор, у учун ажратилган махсус йўлакларда амалга ошириш лозимлигини айтишади Экологик ҳаракат вакиллари. Бироқ бизда ҳозирги кунда бундай йўлаклар камлиги сабаб ҳаракатланишининг бошқа муқобил имкониятларидан фойдаланилмоқда. Велосипедни бошқариш пайтида йўлнинг четки ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишга йўл қўйилади. Аммо мазкур қоида велосипед йўлкалари мавжуд бўлган йўлларда тақиқланади. Шунингдек, велосипедчилар агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасида ҳаракатланишга рухсат берилади. Маълум ҳолларда йўл ҳаракатини тартибга солувчи шахснинг талабига биноан велосипедчи тротуарда ҳам ҳаракатланиши мумкин.

Автомобилларнинг катта тезликда ҳаракатланишига мўлжалланган, бошқа йўллар билан туташмайдиган автомагистралларда велосипедларнинг ҳаракатланиши тақиқланади. Шу билан бирга, “Велосипедда ҳаракатланиш тақиқланган” йўл белгиси ўрнатилган йўлларда ҳам ҳаракатланиш мумкин эмас. Малакали велосипедчилар йўлларда юқори хавфсизлик ва ҳар жиҳатдан қулай ҳаракатланиш учун меъёрдаги тезликда юришни, велосипедни чироқлар ва ёруғ қайтаргичлар билан жиҳозлашни, ҳаракат зич бўлган йўлларда юрмасликни тавсия қиладилар.

 

Г. САЙДАЛИЕВА.