Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2849
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105838
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 068 288
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Чўққини забт этиш машаққати

Shuhrat_oriat_180Таниқли тадбиркор, “Oriat” компаниялар гуруҳи бошқаруви раиси Шуҳрат Юлдашевнинг маҳорат дарси

Аввало, дангалчи бўлиш керак 

Бизнес қиламан деган одам, аввало, дангалчи бўлиши керак. Таваккалчилик – ҳар қандай бизнеснинг ажралмас қисми. Албатта, бунинг учун одамга отнинг калласидек юрак керак. Юраксиз одам минг бир шубҳа-гумон ичида иккиланиб ўтираверади.

Ўйчи ўйини ўйлагунча, таваккалчи ишини битирибди, дейдилар-ку. Бир неча йил аввал чет элдалигимда, катта йўл ёқалаб кетаётиб, ажойиб конструкцияга кўзим тушди. Дарров машинани йўлимдаги биринчи АЁҚШга бурдим. Шу ердаги дўконга кириб рулетка олдим-у, ортга қайтдим. Ҳалиги жойга бориб, конструкциядан ўлчов олдим, ҳар тарафдан расмга туширдим-у, яна йўлимда давом этдим. Орадан ярим йилча вақт ўтди. Ўша конструкцияни Ўзбекистонда қурмоқчи бўлдим. Лойиҳа керак бўлиб, чет элдаги ишлаб чиқарувчилар билан боғландим. Нархи осмонда экан, савдолашсам, таклифимга кўнадиганга ўхшамайди. Ўлиб турган жойим йўқ, ўзимдаям бор, деб, тайёр чизмамни кўрсатдим. Анқайиб қолишди. Ярим йил аввал объектни суратга олган сизмидингиз, дейишди. Қаранг, шундан ҳам хабардор экан улар... У бўлди, бу бўлди-ю, иш битди. Ваҳоланки, йўлдаги конструкцияни кўриб, эътибор бермай кетаверганимда кейин афсусланишим, лойиҳа учун ортиқча вақт ва пул сарфлашим ҳам мумкин эди. Демоқчиманки, бизнесмен учун муҳими шунақа кутилмаган вазиятлардан тез ва соз фойдалана билишдир.

Тартиб-интизомда гап кўп

Отам раҳматли жуда тартибли одам эди. Фарзандларини ҳам шунга ўргатган. Оила қургунларича онам билан бирга ўқишган. Отам мени койиса ёки мен сабаб онамга танбеҳ берса, боламан-да, алам билан онамга: “Курсдошларингиз ичидан нега отамни танлагансиз, жуда қаттиққўл, ўлгудек талабчанлар-ку, билмаганмисиз?!” дердим. “Отанг шу жиҳатлари билан ҳам эътиборимни тортган. Бошқалар дастрўмолини ғижимлаб чўнтагига тиқса, бу киши тахини бузмай соларди. Дазмолсиз кийим киймасди, юриш-туришига ҳамма ҳавас қиларди. Шунинг ўзиёқ одамнинг ҳаётда қандайлигини кўрсатади, болам”, дерди онам. Сал улғайгач, отамнинг кимлиги, эл-юрт ўртасидаги обрў-эътибори замирида нима ётганини тушуниб етдим. Қайси бир даврага кирмай, кимнинг фарзанди эканимни билиб қолишса, “Э-э, Юсуф аканинг ўғлимисиз?” деб дарров алоҳида иззат кўрсатишарди. Қаддим кўтариларди. Отанинг кўча-кўйдаги ҳурмати ўғилга қандай таъсир кўрсатишини ўшанда тушунганман.

Қўлингда ҳунаринг бўлмаса...

Отам онамга совчи қўйган пайт иккалови Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг учинчи курсида ўқишган. Шунда бувим раҳматли совчиларга: “Аввал қўш дипломни столга қўйиб қўйинглар-да, кейин қизимни сўранглар”, деб чўрт кесган экан. Яъни ёшлар аввал ўқишни битирсин, бирор-бир касб-корнинг эгаси бўлсин, кейин турмуш қурсин, деган. Бу – олтмиш йил олдинги гап. Бувим қизининг ўқиши ўлда-жўлда қолмаслиги учун ҳам шундай қилган. Ҳарна қутулганим яхши, узатсам узатвора қолай, демаган. Бугун ота-оналар ҳам, ёшларнинг ўзлари ҳам ҳовлиққани-ҳовлиққан, гўёки уйланиш ёки қуда-андали бўлиш бир мансабдек. Қўлингда ҳунаринг бўлмаса, уйингга келадиган қизни таъминлай олмасанг, нима қиласан уйланиб! Ота-онанг ўзингга қўшиб хотинингни ҳам боқсинми?!

 

Ёшлик – бебошлик эмас

Ёш пайтимиз тоғни уриб талқон қилсак, дердик. Пахтага чиқардик, мева-сабзавот теримида қатнашардик, метрополитен қурилишида ҳам жонбозлик кўрсатганмиз... Орада бадиий ҳаваскорлик ансамбллари тузиб, концертлар қўярдик, қувноқлар, топқирлар клубларини ҳам хўп қизитардик. У вақтларда ҳозиргидек мўл-кўлчилик қаерда, техника ҳам тақчил эди. Электрон мусиқий чолғулар, аппаратурага етишиш учун, ишонсангиз, савдо вазири-ю, маданият вазиригача кирганман. Ҳатто республика Давлат режа қўмитасига ҳам борибман-а! Ваҳоланки, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ўқийдиган оддий талаба эдим. Шаҳдим баланд эди! 1975 йили, биринчи курсман, эътибор берсам, мен ўқийдиган иқтисод факультети қувноқлар ва топқирлар мусобақасида нуқул охирги ўринни оларкан. Ҳали шунақами, шошмай турларинг, деганман. Ансамбль тузиб, чолғуларни ҳам топганман-у, овоз кучайтиргич йўқ-да. У пайтлар мамлакатда бунақанги аппаратура ишлаб чиқарилмасди. Болгария, Чехословакия, Югославия, ГДРдан келарди, нархиям одамни чақиб оларди. Мусиқачиларнинг энг катта орзуси Венгрияда ишлаб чиқариладиган “BEAG” эди. Ўзбекистонда фақат “Ялла”да бор эди бунақаси... Қисқаси, эшикдан ҳайдаса, тешикдан кириб, ўша аппаратурани ундирганман. Эсимда, ўқишни битириб кетгунимча факультетимиз ҳар соҳада олдинги сафга чиқиб олганди... Бугунги ёшлар орасида ҳам ҳаракатчанлари бор, лекин эркалари кўпроқ. Ўзининг кучи билан нимагадир эришаётган йигит-қизлар бизнинг пайтимиздагидан камроқ. Улар учун ота-онаси ҳал қилади кўп нарсани. Биз ҳаммасига ўзимиз эришиш учун тиришардик. Бирор нимага эришолмасак, аламзада бўлиб, ҳасрат ё ғийбат қилиб ўтирмасдик. Енг шимариб ҳаракат қилаверардик. Кундузи ўқирдик, кечқурун ишлардик, ота-онамиздан пул сўрашга ор қилардик. Орият устун эди.

Йигирма яшар йигитча бўлиб қолсайдим

Мен тадбиркорликка киришган пайтларим Ўзбекистонда янги мулкдорлар синфи шаклланаётган эди. Ўша вақтларда ҳозиргидек тадбиркорни давлат даражасида қўллаб-қувватлайдиган шароит ва имконият ҳақида гап ҳам йўқ эди. Бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг реал сектори, ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг асоси сифатида тан олинмоқда. Юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бу йўлдаги тўсиқларни бартараф этиш борасида катта ишлар қилинаяпти. Имтиёзлар, преференцияларнинг сон-саноғига етолмайсиз. Қандай замонлар келди-я! Бир айланиб, йигирма яшар йигитча бўлиб қолсайдим, деб ўйлайман баъзан...

Сен ўзинг оқимсан, дейишарди менга 

Кимдир оқим бўйлаб сузади, кимдир оқимга қарши, сен эса ўзинг оқимсан, дейишарди менга. 1990-йилларнинг ўртаси. Ўзбекистонда ҳали ташқи реклама, билборд деган нарсалар йўқ, шуни биринчилардан бўлиб бошлаганмиз. На мижоз, на буюртма бор, таваккал қилиб хориждан йигирма бешта металл конструкция олиб келганмиз. Евростандартдаги реклама пешлавҳалари эди булар. Пойтахт кўчаларига бирин-сирин ўрнатганмиз. Ўрнатишга ўрнатиб қўйдиг-у, улар бўм-бўш – реклама берувчи йўқ. Ноябрь ойи ҳам кепқолди, пешлавҳа эса ҳалиям эълонсиз. Шунда тунуканинг ўзига “Янги йилингиз билан!” деган чиройли табрикни арча ўйинчоқлари билан ёзиб-чиздик, уч тилда. Ана энди ёпирилиб кетади реклама берувчилар, деб ўйладим. Қаёқда! “Happy New Year!” жонивор Наврўзгача осиғлиқ турди. Ўзимиз ҳам содда эканмиз: устини мато билан ёпиб қўйиш хаёлга келмаганини қаранг! Тасвир винилга босиларди, Болтиқбўйи мамлакатларига бориб тайёрлаб келинарди. У маҳаллар бизда бундай техника қани... Олиб кирай десанг, жуда қиммат (станоги 250 минг АҚШ доллари турарди), конвертация деган гап йўқ...

Одамлар бугунгидек янгиликка ўч эмасди

Тижорий реклама бўлмагач, ижтимоий рекламага киришдик. Бу ҳам Ўзбекистон учун янгилик эди. Кези келганда, дўстим – дизайнер ва устазода фотограф Максим Пенсоннинг бу борадаги хизматларини эътироф этиб ўтишим лозим. Унинг самарали фаолияти Ўзбекистонда реклама тараққиётига алоҳида туртки бўлди. Хуллас, дўстим билан Тошкентдан, Фарғона водийсидан ҳақиқий ўзбекона нуроний чеҳраларни қидирдик. Миллий колоритли қиёфаларни топиб, дизайнер дўстим Макс Пенсон билан “Олтин ўлка неъматлари”, “Ўзбегимнинг ширмой нонлари”, “Бизни кутар нурли манзиллар” постерларини тайёрладик. Вильнюсга бориб чиқартирдик, Тошкент кўчаларига илдик. Назаримизда, ҳамма лол қолишини, баракалла, қойил, деб қарсак чалишини кутгандик. Лекин... шунча ҳаракат, шунча харажат, тил учида бўлсаям ҳеч ким раҳмат демаса-я! Аҳволимизни тасаввур қилаверинг... У пайтлар одамлар бугунгидек янгиликка ўч эмасди, шекилли...

Харидор топилди

Ва ниҳоят биринчи харидор! Ян Интернейшнл! Кетидан бирин-сирин Daewoo Electronics, UzBat, Siemens, Nestle... Минг бир қийинчиликдан кейин ахийри бозоримиз юра бошлади. 1998 йили Nestle бренди рекламаси учун Тошкентда ўрнатган 5х14 м. ҳажмли мега-конструкциямиз Марказий Осиёдаги биринчи катта лойиҳа бўлди. Ишларимиз аста-секин изига тушди. Москвадаги халқаро реклама фестивалида қатнашиб, фахрли ўринни олдик. Шундан сўнг Канн фестивалига йўл очилди. Бордик. Жуда илиқ кутиб олишди, фестиваль президенти биз билан шахсан учрашди, суҳбатлашди. Ўзбекистон деган мамлакатни билмасдик, сизлар ўзбекистонлик биринчи иштирокчи, ўз юртингизни танитдингиз, баракалла, деди. Фестиваль бюллетенида бирга тушган суратимиз ва махсус мақола ҳам чоп этилди. Энди хурсандлигимизни кўрсангиз! Гўё қанот чиқазгандек, Канндан Парижга учдик. Элчихонамиздагилар ҳам пешвоз чиқиб, қувончимизга шерик бўлади, қўлимизни маҳкам сиқиб қўяди, дебмиз-да... Париж-ку майли, Тошкентда ҳам биров ғинг демади. Ахир, биз туфайли Каннда, шундоқ нуфузли фестивалда Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турса-ю... Негадир одамларнинг кўзи фақат артист ёки спортчини кўради, бошқаларни сезмайди ҳам. Фестивалда намойиш этилган “Шлагбаум” видеоролиги “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси фаолиятига бағишланганди. Ғоя муаллифи ўзим, режиссёр ва оператор – Улуғбек Ҳамроев. У ҳозир Москвада, Тимур Бекмамбетов билан яхши лойиҳалар устида ишлаяпти. Афсуски, талантли кадрларимизнинг қанчаси ишига яраша қадр топмагач, четга чиқиб кетишга мажбур бўлишди...

Ҳасад – иллат

Ҳаётда ҳеч кимга ҳасад қилмаганман, фақат икки ҳолат бундан мустасно: инглиз тилида равон гаплашадиган ноинглиз ва фортепианода қойиллатиб чаладиган номусиқачи. Фалончининг машинаси ундоқ, иморати бундоқ ёки пули фалонча, деган гапларга қизиқмаганман. Лекин астойдил ният қилган нарсамга, албатта, эришаман. Феълим шунақа. Талаба пайтим ота-онамга билдирмай, “Жигули”да кира қилардим, 50 сўмгача ишлардим. Харажатларимни қоплагулик пул топсам бўлди эди. Қариялар чиқса, текинга олиб бориб қўярдим. Баҳонада ёши улуғларнинг суҳбатини, дуосини олардим, тажрибасини ўрганардим. Ҳозиргача шундай: гоҳ каттадан, гоҳ кичикдан сабоқ оламан. Устозлардан ҳам пешонам ярқираган. Аввалбоши отам, биринчи ўқитувчим Татьяна Алексеевна Ледуховская, кейин тикув фабрикасидаги устозим Михаил Самойлович Майзлер, Карл Маркс номидаги хўжаликнинг донгдор раиси Рустам Раҳбарович Акбаров, ҳозирда Лян Валерий Алексеевич – ўзи корейс бўлса ҳам “ғирт ўзбек”. Шу даражага етишимда ҳар бирларининг ҳиссаси бор, ҳаммаларидан чексиз миннатдорман.

Тарбия – нозик масала

Ўз оиламдан қиёс: кенжа фарзандим туғилди. Узоқ кутилган қизалоқ! Ана бошланди-ю паҳ-паҳлаш! Онаси, бувиси, буваси, холаси... Ҳамма чақалоқнинг атрофида гирдикапалак. “Инг” деса, югуриб боришади, ҳали йиғламасдан қўлига олиб, “оббо”лаб эслари кетади. Хуллас, беланчакда ётган гўдак бирпасда шунча одамнинг “бурнидан ип ўтказиб олди”. Бола дегани муғомбир бўлади-да, вазиятни жуда яхши ҳис қилади. “Номери ўтадиган” ҳолатлардан жуда зўр фойдаланади. Катта ўғлим чақалоқлигида беланчагининг тепасига атай видеокамера ўрнатиб қўйганман. Аввалига бинойидек ўйнаб ўтиради, зерикса, йиғламоқчи бўлади. Атрофга аланг-жаланг қараб, бир-икки ҳиқиллаб кўради. Ҳеч кимдан садо келмаса ё бирор-бир шарпа сезилмаса, яна жим бўлади. Кимнидир пайқаб қолса, ўша заҳоти ҳунарини оширади. Қисқаси, катталарни истаганча “ўйнатади” бола дегани. Ўйинига кирдингизми – тамом.

Эътибор қилсангиз, яҳудий болалари ўта зийрак, удли-шудли. Негаки, ота-оналари уларни, аввало, шахс сифатида шакллантиришга ҳаракат қилишади. Арзир-арзимас “ютуқ”лари учун ҳам рағбатлантиришади. Бола тўрт қатор шеър ёдласа ёки скрипкада кичкинагина куй ижро этса ҳам бу ҳол бутун оламга кўз-кўз қилинади. Уруғ-аймоқ йиғилиб, болани курсининг устига чиқазиб, “ижро”дан сўнг давомли қарсаклару мақтовлар ёғдиришади, ўзига ишончини орттиришади. Шунинг учун ҳам яҳудий болалари эринчоқлик нима эканини билмайди, эрталабдан-кечгача скрипка чалади, инглиз тили, математика ё яна бошқа ҳунар билан банд бўлади, тинмайди. Уқувли, мустақил, омадли одамларни тарбиялаш учун бу халқ мана шундай тарбия тизимини ишлаб чиққан...

Отамнинг сабоқлари

Отам менга маблағдан тўғри фойдаланишни ҳам ўргатган эди. “Ота 1 сўм бериб туринг,  бизга ҳали степендия бермади.” “Пулни нима қиласан?”. “Курсдош қиз билан кинога тушмоқчи эдик.” “Мана сенга 1 сўм, кечқурун 10 тийин қайтим оламан. 20 тийиндан 2 та билет, 20 тийиндан 2 та  музқаймоқ, 4 тийиндан троллейбусга. Шунда 12 тийин ортиб қолади.”

Энди ўйлаб қарасам, отам қурумсоқ одам бўлмаган, балки шу усулда менга пул билан муомала қилишни ўргатган экан. Бу сабоқ кейин ҳам кўп асқотди – мен доимо вақт ва маблағдан тўғри фойдаландим. Ота бўлганимда бу тажрибани ўзим ҳам болаларимга нисбатан қўлладим. Ҳозиргача, имкониятларим катта бўлса-да, маблағни тежашни канда қилмайман. Буни ўғилларим яхши билади.

 

Хусусий радиолар даври

2000-йиллар хусусий радиолар гуриллаган давр бўлди. Одамлар учун ҳам, соҳа учун ҳам катта янгилик эди FM-форматдаги радиолар. Бирданига жамиятнинг ақлини шошириб қўйди. Ўзим реклама соҳасидаман, мижозларим доираси шаклланиб қолган, энди рекламани жойлаштирадиган янги платформа ярата олсам, нур устига нур. Янги форматдаги радио очишни ният қилдим. Лекин атрофда бу ишни тузукроқ тушунадиган мутахассис ҳам, радиоузатиш соҳасини обдон биладиган ва айни пайтда янги форматда ишлай оладиган одам йўқ. Қолаверса, бировнинг боғидан олма узиб ейдиганларданмасман. Кўчатни ўзим экиб, ишлов бериб, кейин мевасини ҳалоллаб есам, дейман. Ишни четга чиқиб, хориж тажрибасини ўрганишдан бошладим. Соҳа билимдонлари билан маслаҳатлашдим, бизнес-режа туздим. Келгач, радиомактаб ташкил этдик. Четдан экспертларни жалб қилиб, йигит-қизларимизни ўқитдик. Имтиҳон қилдик. Радиомактаб қалдирғочлари орасидан аълочиларини танлаб, ижодий жамоа йиғдик.

Ҳам дўстим, ҳам душманим

Мен “бошқача” радио хоҳлардим. Шунинг учун ҳам ўша пайт мавжуд бошқа радиодан бошловчи ё продюсер қидирмадим. Чунки шундай қилганимда, худди ўшандай яна битта радио пайдо бўларди. Мен маънили, саводхон, айни пайтда замонавий миллий радио қилмоқчи эдим. Бачканаликдан пул топадиган ё “қизил” эмас, олтин ўрталиқдаги ўзбекона радио. Нимага “Доно” қўйганман, тушунгандирсиз? Роса бошимни қотиришган, нега “ORIAT-Dono”, нега ундай, нега бундай... Бу ўша – 1992 йили ташкил топган “ОRIAT” компаниясининг шўъба корхонаси-ку, барака топкур... Қизимнинг исмини ҳам шу радиога қофиялаб қўйганман. Аҳамияти шу даражада эди бу лойиҳанинг. Шукрки, ҳаммаси ўйлаганимдек: ўша давр медиасида чинакам воқеа бўлди “ORIAT-Dono”. Ахир, биринчи бўлиб миллий форматдаги FM-радионинг андазасини бичиб бердик-да! Кейин потирлаб бошқа радиолар очилди, лекин нима бўлганда ҳам биз биринчи эдик. Миллий тафаккур, миллий қадриятларни халқчил қилиб оммага етказган, сон-саноқсиз мухлислар орттирган, профессионал маҳорати билан, меҳнати билан оғизга тушган радио. Танганинг иккинчи тарафи деганларидек, ҳам дўстим, ҳам душманим бўлди бу радио...

Муввафақият ва хатолар хулосаси

Орада қанча ютуқ ва бой беришлар, топиш ва йўқотишлар ўтди. Лекин ҳаммаси ўз вақтида сабоқ бўлди. Бировларнинг муваффақияти ё хатосидан хулоса чиқариш мумкиндир, лекин табиб табибмас, бошидан ўтказган табиб, дейдилар-ку. Шу ўринда бир гап: катта ишларга бел боғлаган одам атрофдагиларнинг ишончига таянади. Яқинларинг сенга ишонмаса, қўллаб-қувватламаса, қилаётган ишингда маъно бўлмайди. Шукрки, ҳаёт йўлимда мен ишонган, менга ишонадиган инсонларни учратдим. Яхши кунимда ҳам, ёмон кунимда ҳам туриб берадиган дўсту биродарлар топдим. Пайти келганда, мени ҳимоя қиламан деб зарбани ўзига олганлар ҳам бўлди... Ўшаларнинг мардлигини ҳеч қачон унутмайман.

Ортга назар

Бугун ортимга қарасам, компаниям барваста йигит ёшига етибди. Вақт қандай ўтиб кетганини сезмай ҳам қолибман. Бу даргоҳда нечалаб ёшлар тарбияланмади, нечалаб мухлислар уларга эргашмади. Бугун “ORIAT”нинг бир неча авлодли катта оиласи бор: кечагина отаси ишларди, бугун эса боласи. Бу ерда мактаб кўрган йигит-қизлар ўзбек медиасининг турли соҳасида муваффақият билан иш юритяпти. Ҳатто хусусий радио, газета-журнал, реклама агентликлари, продюсерлик марказлари очганлари ҳам бор. Қувонаман, ҳамма қалдирғочларимнинг ўз иши, даромади бор, ҳаммаси ўз атрофига ёшларни йиғиб ижод қиляпти.

Катта механизмнинг митти мурвати 

Ўзбекистон суверен рейтинг олишга ҳозирлик кўряпти. Бу жуда катта гап, ахир! Бугун мамлакатимиз Марказий Осиёда минтақани жипслаштирадиган, иқтисодий тараққий эттирадиган локомотивга айланяпти. Буни йирик халқаро экспертлар ҳам эътироф этяпти. Ўзбекистон, аввало ўзининг, қолаверса, бутун Марказий Осиёнинг фаровонлигига замин ҳозирлаяпти. Чорак аср мобайнида Ўзбекистон ўзи учун бақувват пойдевор қўйди. Мен ҳам шу катта механизмнинг митти мурвати сифатида ҳаракатда бўлдим. Пайқашдими-йўқми, билмадим, лекин мен ҳам ўз мамлакатим билан бирга ўсдим, шу 25 йил ичида ўз бизнесимга пойдевор қўйдим. Қарангки, қурилишнинг янги палласига чиқдик – девор кўтариш, дераза ўрнатиш, том ёпиш... Мен худди шу жараёнларнинг иштирокчиси эканимдан бахтиёрман. Бундан йигирма йил аввал Тошкент кўчаларига “Бизни кутар нурли манзиллар”ни ҳаяжон билан ўрнатаётганимда шу бугунги манзарани кўзлаган эдим... Етказганига шукр!

Латофат ТОЛИБЖОНОВА ёзиб олди.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"