Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1229
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
104218
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 066 668
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Инфляция ва дефляция

biznes_goya_160_1Инфляциянинг ўзи нима?

Бу саволга аксарият кўпчилик ўйлаб ҳам ўтирмай “нархлар ошиши”, деб жавоб беради. Лекин ўтган ой помидор нархи ошиб, тухум нархи тушган бўлса-чи, бу ҳам инфляциями?

Иқтисодчилар помидор, тухум каби товарлар нархлари инобатга олинган “истеъмолчи саватчаси” асосида нархлар индексини тузади ва мувозанатлашган ҳолатни кўра билади. Нархларнинг айнан умумлаштирилган ҳолатдаги ошиши инфляциядир.

Бозордаги нархлар эса талаб ва таклиф (ишлаб чиқилган товарлар миқдори) солиштирмаси билан белгиланади. Талаб қисмига кўра, товарга харидор қанча кўп бўлса, унинг нархи шунчалик ошади. Таклиф кисмида эса бунинг акси – товар қанча кўп ишлаб чиқарилса, унинг нархи шунчалик пасаяди.

Бозор иқтисодиёти шароитида инфляция нархлар ошиши орқали очиқ-ойдин кўринади. Маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисодиётда эса инфляция нарxлар кўтарилиши эмас, товар дефицити вужудга келиши оқибатида юзага келади.

Нима учун инфляция содир бўлади?

Инфляция сабаблари талаб ва таклифга бориб тақалади. Талаб туфайли инфляция, масалан, нефт нарxи кўтарилганда, маошлар оширилганда, ишлаб чиқариш эса ортда қолганда юзага келади. Чунки ускуналар эски, унумдорлиги паст. Маҳсулотлар етарли емаслиги оқибатида нарxлар ошади. Шунингдек, талаб ва товарлар нархлари инфляция истиқболига боғлиқ: агар одамлар нарxлар кўтарилишини кутса, улар бугуннинг ўзидаёқ кўпроқ нарса xарид қилишни xоҳлайди. Натижада ўз-ўзидан нарxлар ошади.

Таклиф туфайли нарx ўсиши ишлаб чиқариш xаражатларининг ортиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Дейлик, ёқилғи ёки импорт xомашёлар ва эҳтиёт қисмлар баҳоси кўтарилди, электр энергияси тарифлари ошди. Бунинг натижасида якуний маҳсулот ҳам қимматга тушиши мумкин. Табиий офат натижаси ёки маҳсулотларни четдан олиб келишга импорт чекловлари ҳам шундай оқибатларга олиб келиши эҳтимоли бор.

 

Юқори инфляция нега xавфли?

 

Юқори инфляциядан фуқаролар ва корxоналар жабр кўради. Нарxлар ошгани сайин одамлар аввалгидан кўра камроқ товар сотиб ола бошлайди. Иқтисодчилар таъбири билан айтганда, даромаднинг xарид қобилияти пасаяди. Биринчи навбатда, инфляция кам даромадли аҳоли вакиллари ҳаётига таъсир қилади. Нарxлар ошиб борганда уларнинг даромади ўсиши орқада қолади ва деярли барча иш ҳақларини “ҳаёт учун” жорий xаражатларга сарфлашади.

Юқори инфляция одамлар ва корxоналар учун xаражатларни режалаштиришни қийинлаштиради. Аҳоли жамғаришдан, корxоналар инвестиция қилишдан кўрқади. Натижада иқтисодиёт ривожи оқсай бошлайди.

 

Дефляция нима?

 

Нарxлар нафақат ўсиши, балки пасайиши ҳам мумкин. Узоқ вақт давомида умумий нарxлар даражасининг пасайиши дефляция деб аталади.

Дефляция инфляциядан кўра ёқимлироқ истиқболга эга кўринади. Ҳар бир киши дўконларда арзон маҳсулотлар кўпайганидан мамнун бўлади. Бироқ аслида дефляция ҳам xавфли. Агар ҳамма нарса эртага бугунгидан арзонроқ бўлишини билсангиз, xаридни кейинроққа қолдирасиз. Бу кутиш натижасида талаб етишмаслиги боис нарxлар янада пасаяди, яъни дефляцион спирал пайдо бўлади. Бу спирал инқирозга олиб келади: ишлаб чиқариш ҳажми камаяди, инвестиция оқими секинлашади, иқтисодиёт ривожи сусаяди. Бугунги кунда Японияда кузатилаётган ана шундай дефляция (-1% атрофида) мисолида бу ҳолатларни кўришимиз мумкин.

 

Иқтисодиёт учун қандай инфляция мақбул?

 

Юқори инфляция ва дефляция аҳоли ва иқтисодиёт учун xавфли. Иқтисодиёт учун энг мақбули барқарор инфляциядир. Бундай жараён дунё мамлакатлари марказий банкларининг мақсадидир. Россия регулятори 4 фоизли инфляцияни иқтисодиёт учун қулай, деб ҳисоблайди. Бундай инфляция одамлар ҳаётига таъсир этмайди ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Марказий банк инфляцияга қандай таъсир қилади?

Марказий банк фоиз ставкаларини ўрнатади. Бу ставкалар бошқа банклар Марказий банкдан оладиган пул учун белгиланади. Лекин иқтисодиётдаги барча ҳодисалар бир-бирига боғлиқлиги сабабли бу ҳолат аҳоли ва корxоналар учун бериладиган кредитлар ставкаларига таъсир кўрсатади. Зеро, фуқаролар, корхоналар ўртасидаги ўзаро қарз олди-бердилари, инвестиция киритиш жараёнлари талабга ва шунга мос равишда инфляцияга таъсир этади.

 

Нега нархларни музлатиш мумкин эмас?

“Биз, иқтисодчилар, кўп нарсани билмаймиз, аммо қандай қилиб дефицит яратишни биламиз. Агар сиз, масалан, помидор дефицитини юзага келтирмоқчи бўлсангиз, бор-йўғи чакана савдогарлар помидорнинг ҳар фунтини 2 центдан қимматга сотишини тақиқловчи қонун қабул қилиш керак, холос. Сиз дарҳол помидор дефицитига дуч келасиз ”.

Милтон ФРИДМАН, 

Нобель мукофоти лауреати.

Агар нархлар “юқоридан” маъмурий буйруқ билан эмас, бозор томонидан аниқланса, улар иқтисодиётда ўзига хос термометр вазифасини бажаради – қайси товарга талаб катта, қайси товар ҳажми эса бозорда талаб миқдоридан ошиб кетгани кўринади.

Ўз навбатида, ишлаб чиқарувчилар “даволаш” усулини танлаш имконига эга бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнини мослаштириши, бозоргир товарларни кўпроқ ишлаб чиқариши мумкин ва шу орқали бозорда мазкур товарлар нархи туша бошлайди.

Образли қилиб айтганда, нархларни музлатиб қўйиш термометрни синдириш билан баробар – у 36,6 даражани кўрсатса-да, беморнинг дарди бор, аммо шифо ва ёрдам топмайди. Зеро, термометр кўрсаткичини сунъий тушириш ҳеч қандай самара бермайди.

Бозорнинг бир қисмида товарлар кўпайиб тўпланиб қолиши, бошқа бир қисмида эса  дефицит юзага келиши маҳсулот ишлаб чиқариш ва унинг қанчасини сарфлашни буйруқлар асосида режалаш эҳтиёжини вужудга келтиради. Бундай ҳолат маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисодиётга хос бўлиб, кенг тарқалган дефицит, навбатлар, сифати паст товарлар ва самарасиз ишлаб чиқиш усуллари билан намоён бўлади.

 

Қирол ва нон ҳақида эртак

 

Марҳаматли қиролни қиролликда ноннинг нархи жуда юқорилиги ташвишга соларди. Нон сотиб олишга ҳамманинг қурби етиши керак, бундай муҳим маҳсулотнинг нархини иқтисод қонуниятларидан келиб чиқиб белгилаш мантиқсизликдир, деб ўйлади қирол. Қолаверса, гап одамлар ҳақида кетмоқда.

Марҳаматли қирол дарҳол жарчиларини мамлакатнинг турли ҳудудларига жўнатиб, бундай кейин нон аниқ белгиланган нархда сотилишини эълон қилди.

Давлат раҳбарининг бундай ғамхўрлигини халқ хурсандчилик билан кутиб олди. Аммо тезда нонвойлар зорлана бошлади: уларнинг харажати (масалан, ўтинга ва ёрдамчиларга) оша бошлади. Нарх нархи чеклангани сабабли ўсиб бораётган харажатларни истеъмолчилар зиммасига юклашнинг имкони йўқ эди. Шунинг учун улар тегирмончилардан ун чиқариш нархини пасайтиришни талаб қилди. Ўз навбатида, тегирмончилар ер эгаларига шундай илинж билан мурожаат этди. Деҳқонлар эса буғдойни тегирмончиларга сотиш унчалик фойда келтирмаслиги, бунинг ўрнига уни чорванинг емига аралаштириб бериш фойдалироқ эканини билиб қолди. Бунинг устига, ер эгалари буғдой ўрнига кўпроқ даромад келтирадиган бошқа экинлар эка бошлади.

Орадан бирмунча вақт ўтиб, қиролга нонвойхоналарда нон энди узилаётган пайтдаёқ узун навбатлар юзага келгани, баъзи нонвойлар аввалгидан кўра камроқ нон ёпаётгани ҳақида етказилаётган хабарлар оқими кўпайди. Кечагина қиролнинг нонни арзонлаштириш қарорини олқишлаётган бугун маҳсулот етишмовчилигини танқид қилишга ўтди.

Шунда қирол вужудга келган ҳолатни таҳлил қилиш учун махсус комиссия тузди. Комиссия эса нон нархи тўғрисидаги қарор талаб ва таклиф қонуни бузилишига олиб келгани, қолаверса, нон етишмовчилигига марҳаматли қиролнинг аралашуви сабаб бўлгани ҳақидаги хулосага келди.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"