asalrishunoslik_160ургутликлар улардан қандай фойдаланишяпти?

Аждодларимиз дунёда одамзодни боқадиган ва бой қиладиган етти хазина бор деб билишган. Чунончи, сигирни рўзғорнинг баққолига, асаларини оила табибига, ипак қуртини қизлар сепига, обжувозни қозоннинг ёғига, тегирмонни қориннинг белбоғига, ўрмонни  иморат “суяги” ва қозон оловига, товуқни ҳам оби ёвғон, ҳам дори-дармонга менгзашган.

Бу  ўринда бир нарсани – айрим маҳсулотлардан кундалик турмушда кўп фойдаланилса-да, ўрни мунтазам равишда яна тўлиб тураверешини алоҳида эътиборда тутишган. Масалан, сигир ҳар куни сут беради, товуқ ҳар куни тухум қилади. Дон солиб турсангиз, обжувоз билан тегирмон тинимсиз айланиб,  мой ва ун чиқараверади. Асалари боли минг бир дардга даволиги, ўрмон дарахтлари сон-саноқсизлиги билан ажралиб туради. Қадимда ипак матолар бозорда қимматга сотилган. Шу боис, аксарият хонадонларда, айниқса, қизли уйларда ипак қурти боқилган ва пилласи матога айирбошланган.

Хўш, ҳозир юртимизда етти хазинага эътибор қандай? Уларни айрим турларини, айтайлик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва пиллачиликни янада ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти? Келинг, бу саволларга Ургут туманида айни йўналишда олиб борилаётган ишлар асосида  жавоб берайлик.

Чорвачилик туманнинг етакчи соҳаларидан бири. Ургутликларда, айниқса, қорамолчилик ва қоракўлчиликка қизиқиш катта. Негаки, сигири бор хонадон ҳамиша сут, қатиқ, қаймоқ,  ёғ ва бошқа маҳсулотларга ёлчийди. Шунингдек, қишлоқлардаги аксарият хонадонларда товуқ боқиляпти. Бу соҳалар ривожига фермерлар ҳам катта ҳисса қўшишяпти. Бултур улар томонидан паррандачиликка оид 28 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бунинг учун  4 миллиард 915 миллион сўм маблағ сарфланди. Шундан 3 миллиард 408 миллион сўмдан ортиғини банк кредитлари ташкил қилди. Айни кезларда туманда паррандачиликка  ихтисослашган 28 та фермер хўжалиги мавжуд. Уларда 92 минг 561 та парранда парваришланмоқда. Шунингдек, 1880 та хонадонда ҳам паррандачилик йўлга қўйилган.

Умуман олганда, ўтган йили чорвачилик соҳасида 7 та йўналиш бўйича 11 миллиард 852 миллион сўмлик 1961 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Бундан ташқари, ихтисослаштирилган 18 та фермер хўжалигида 28,7 тонна балиқ, 32 та фермер хўжалигида 23,6 тонна асал етиштирилди.

Мутахассисларнинг фикрича, асаларичилик иқтисодий фойда келтириш билан бир қаторда  дам олишда, бўш вақтни мазмунли ўтказишда ҳам асқатади. Бу ҳашоратларнинг хатти-ҳаракатини ва ўзаро аҳил-иноқлигини кузатган киши катта завқ олади. Агар уянинг қопқоғи очилса, мум, прополис ва асал ҳидига маҳлиё бўлиб, чарчоқларини бир зумда унутади. Олинадиган гулчанг, прополис, асалари заҳри, сути ва муми эса инсон соғлиғи учун жуда фойдалидир. Қолаверса, асаларилар гулдан гулга қўниш асноси ўсимликларни четдан чанглантиради. Натижада ҳосилдорлик 15-20 фоиз ошади. Ҳозирги экологик шароитда  чанглантирувчи ҳашоратлар ўрнини тўлдиришда асаларичиликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллик даврида давлатимиз асаларичиликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратяпти. Шу боис, юртимизда бу иш билан шуғулланувчилар кўпайиб, асаларичилик фермер хўжаликлари ташкил этиляпти. Ургутда ҳам шундай. Туманнинг иқлими, айниқса, баҳор ва ёз фаслида асалариларни парваришлаш учун ўнғай. Боиси, тоғ дараларида ҳаво нисбатан салқин бўлади, гуллар кўп учрайди. Асаларичилар бу имкониятдан унумли фойдаланишади, асалариларни, асосан, тез-тез кўчириш усулида боқишади.

Туманда пиллачиликни изчил ривожлантириш масаласи ҳам доимо диққат марказида. Аввало, унинг озуқа базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида тутзорлар кенгайтириляпти. Биргина ўтган йили 10 гектар янги тутзор яратилди, ариқ бўйларига ҳам кўплаб кўчатлар ўтқазилди. Шу тариқа жами тутзорлар майдони 594,5 гектарга, якка тутлар сони эса 87 минг тупга етказилди. Энг муҳими, одамларда ушбу соҳага ҳавас анча кучайди. Бу ижобий самарасини бера бошлади. Агар 2006 йили туман бўйича 2700 хонадонда 3 минг қути ипак қурти боқилган бўлса, ҳозирга келиб ҳар мавсумда 5 мингта оиланинг ҳар бирида бир қутидан  ипак қурти боқиляпти. Шунинг баробарида пилла ҳосилдорлиги тобора ортиб, сифати яхшиланяпти. Инчунин, сўнгги пайтларда қайси пиллакор билан суҳбатлашсангиз, у маҳсулотини, асосан, юқори навларга топширганини ғурурланиб тилга олади. Бу жиҳатдан “Ургут ипаги” масъулияти чекланган жамияти жамоаси диққатга молик муваффақиятларга эришмоқда.

Қисқаси, ургутликлар етти хазина имкониятларидан унумли фойдаланишяпти. Улар қўлга киритаётган ютуқлар эса миллий иқтисодиётимиз тараққиётига ва эл-юртимиз фаровонлигига катта ҳисса бўлиб қўшиляпти.

Абдурасул САТТОРОВ.