Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5958
5293
5648

-355
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
113690
159783
185137

-25354

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 888 370
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Конвертация: ижобий ва салбий оқибатлар

 

valyuta_160_2Мамлакатимизда валютанинг эркин конвертацияси йўлга қўйилганига ҳам ярим ойдан кўпроқ вақт ўтди. Бу жараённинг дастлабки натижаларида салбийликдан кўра ижобийлик устунроқ экани яққол кўзга ташланмоқда. Энг ижобий жиҳат шуки, банк-молия тизимимиз замонавий ишлаш механизмига ўтмоқда. Бу омилнинг инвестициялар оқими ўсиши, шунинг баробарида янги иш ўринлари кўпайиши, бозордаги рақобатда барча учун тенг имкониятлар яратилиши, миллий валютага бўлган ишонч кучайишига таъсири жуда каттадир.

Бундан ташқари, ўтган қисқа давр мобайнида аҳоли банклар орқали юзлаб миллион АҚШ долларини сўмга алмаштирди. Мазкур ҳолатнинг иқтисодиёт учун аҳамиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Чунки шунча катта маблағ эркин конвертацияга ўтилишига қадар чайқов бозорда, яъни ҳеч қандай расмий назоратсиз, ноқонуний тарзда муомалада бўлган.

Бу ўринда ҳали гап бор йўғи 15 куннинг нари-берисидаги валюта олди-сотдиси ҳақида бормоқда. Буни ойларга, йилларга кўпайтирсак, мамлакатнинг улкан бойлиги иқтисодиётимизни ривожлантиришга эмас, кимларнингдир чўнтагини қаппайтиришга хизмат қилиб келгани ойдинлашади. Энди бу бойликнинг ҳаммаси бўлмаса-да (чунки яширин иқтисодиёт муаммосини ечиш осон эмас), каттагина қисми давлат, халқ “хизмати”га қайтарилиши учун катта имконият яратилди.

Салбий жиҳатлар сирасига эса бозорларда айрим маҳсулотлар ва хизматлар нархи ошгани, девальвация ҳисобига божхона тўловлари кескин қимматлаганини киритиш мумкин. Бунинг сабаблари орасида юзага келган вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринаётган олғир “тадбиркор”лар омилини ҳам киритса бўлади.

Яқиндагина, ҳали конвертация очилмаган вақтда чайқов бозор курси бўйича маҳсулотининг нархини бир долларга 8500 сўм ҳисобидан чақаётган бундай савдогарлар кейин бож ошди, деган баҳонада шу юқори нархни ҳам янада кўтариб олди. Энди бу инсоф ва иймон масаласи...

Шу кунларда эркин конвертациянинг акс-садоси газета ва журналлар таҳририятларини ҳам бироз ташвишга солмоқда. Чунки айни пайтда босмахоналар қоғоз харажатлари ошиб кетгани баҳонасида хизмат ҳақини бир неча баробар кўтаришни режалаштиргани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Гарчи ҳали бунинг расмий тасдиғи бўлмаса-да, журналистлар учун ташвишга тушишга асос бўларли масала. Зеро, бу гап-сўзлар ҳақиқат бўлиб чиқса, газета ва журналлар нархи кескин ошиши, охир-оқибат ҳам таҳририятлар, ҳам муштарийлар азият чекишига олиб келиши турган гап.

Эркин конвертация очилиши ортидан баъзи товар ва хизматлар нархи ошиши иқтисодчилар, таҳлилчилар томонидан олдиндан башорат қилинган эди. Улар бу жараён табиий экани, иқтисодий қонун-қоидаларга асосланишини билдирганди. Шунингдек, вақт ўтиши билан импорт учун божхона тўловлари масаласи тўлиқ ҳал бўлганидан сўнг, қолаверса, валюта алмаштиришдаги тенглик юзага келиши ва охир-оқибат рақобат кучайиши эвазига бозор барқарорлашиши айтилганди. Ҳозир биз айни жараённинг ибтидосида турибмиз.

Иқтисодчилар, таҳлилчилар валютанинг эркин конвертацияси очилиши ортидан келиб чиқадиган салбий ҳолатлар таъсирини камайтириш учун давлат нарх-навони буйруқ воситасида юқоридан белгилаш йўлини тутмай, балки бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда масалани ҳал этиши кераклигини ҳар доим айтиб келади.

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари муҳокама қилинадиган расмий сайтда Президентимизнинг яқинда жамоатчиликка тақдим этилган янги қарори лойиҳаси ҳукуматимиз ички бозорни тартибга солишда айнан бозор механизмларини ишга солиш ниятида эканини кўрсатади.

“Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган қарор лойиҳасида 96 турдаги жами 10 мингга яқин номдаги импорт молга божхона тўловлари ва акциз солиғини бутунлай олиб ташлаш ёки пасайтириш кўзда тутилмоқда.

Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тайёрланган қарор лойиҳасида бож ва акциздан озод қилинган маҳсулотлар рўйхатига гўшт, сут, чой, буғдой, бошоқли ва дуккакли экинлар каби кенг истеъмол товарлари, деярли барча соҳадаги ички ишлаб чиқарувчи учун ниҳоятда зарур бўлган хомашë ва компонентлар киритилган. Шунингдек, бу рўйхатда фармацевтика маҳсулотлари, қурилиш, матбаа, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун зарур саналган маҳсулотлар ва уларнинг компонентлари, эҳтиëж баланд бўлган тайëр кийим-кечак,пойабзал, турли электр товарлари номларини ҳам кўриш мумкин.

Лойиҳада қарорнинг мақсади зарурий асбоб-ускуналар ва уларнинг бутловчи қисмларини, хомашё ва материаллар олиб киришда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қулай шароитлар яратиш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган юқори сифатли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, аҳолининг истеъмол талабларини қондириш ва ички бозорда нархлар ўсишига йўл қўймаслик экани маълум қилинган. Шунингдек, унда мазкур ҳужжат лойиҳасини тайёрлашга валюта бозори либераллаштирилишини ҳисобга олган ҳолда амалдаги божхона тўловларини оптималлаштириш зарурати сабаб бўлгани айтилган.

Қарор лойиҳасида ҳужжатни қабул қилишнинг эҳтимолий санаси сифатида 1 октябрь кўрсатилган.

Кўриниб турибдики, ҳукуматимиз валютанинг эркин конвертациясига ўтилиши муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатлар таъсирини камайтиришга ўз вақтида киришишга интиляпти. Зеро, бу чоралар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатини ҳимоя қилиш ва бозордаги эҳтиëж юқори бўлган истеъмол моллари нархининг кескин кўтарилиб кетиши олдини олиш учун жуда ҳам муҳим.

Анвар КАРИМОВ.

PS. Қарор лойиҳасига иловада ижод аҳли, босма нашрлар таҳририятлари фаолиятига бевосита таъсир этиши мумкин бўлган банд ҳам мавжуд. Мазкур бандда рулонли ёки листли газета қоғози импорти учун божхона ставкаси товар бож қийматининг 0 фоизи миқдорида белгиланган. Бу енгиллик босмахона харажатлари камайишига қанчалик ижобий таъсир этади, буни вақт кўрсатади...

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"