Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
967
5319
5546

-227
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
97759
159783
185137

-25354

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 872 438
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Тадбиркор маънавиятли бўлмаса...

Одатда негадир “маънавиятли” деганда кўпчилик фақат зиёлиларнигина тушунишади. Гўё маънавиятлилик бошқалар учун у қадар муҳим аҳамият касб этмайдигандек. “Ҳамма олим бўлаверса, қўйларни ким боқади”, деган иддаони ҳам кўпчиликдан эшитаман. Эшитаману, ўйга толаман. Нима учун кўпчилигимиз моддий бойликка бу қадар ўчмизу, аммо маънавий бойликка келганда, уни айрим тоифа одамлар учунгина зарур деб ҳисоблаймиз? Нега китоб ва газета ўқиш талаба, ўқитувчи, олим, ёзувчи ёки журналистнинггина иши бўлиши керак? Қолганларчи?

Ҳеч эътибор берганмисиз, айрим хусусий дўконлардан ўсмирлар ҳам бемалол сигарета харид қилаверишади. Нега, дейсизми? Чунки дўкон очган хусусий тадбиркор шу маҳаллада истиқомат қилади, деярли ҳаммани танийди ва табиийки, кимлар чекишию, кимлар чекмаслигини билади. Қонунан тақиқланганига қарамай, кашанда отанинг фарзандига бемалол сигарета сотаверади. Эътироз билдирсангиз, жавоби тахт: “Бу фалончининг фарзанди-ку, отаси чекишини биламан, отасига оляпти, ахир”.

Аслида бу ерда фақат тадбиркорнигина қоралаш ҳам тўғри эмас. Ўсмир ўғлини дўконга айни шу мақсадда юборган ота ҳам айбга тенг шерик. Лекин, тадбиркор ўсмирни бир марта қуруқ қайтарса, отанинг ўзи чиққанда эса унга қонунни тушунтирса ва вояга етмаганларга тамаки маҳсулотлари сотишга ҳаққи йўқлиги, шунинг билан бирга, бу иши фарзанди тарбиясига салбий таъсир қилишини уқтиришга уринса бўлади-ку. Чиндан ҳам, бугун отаси учун бемалол сигарета харид қилаётган ўсмир эртага ўзи учун ҳам сотиб олмайди деб ким кафолат беради? Лекин тадбиркор энг осон йўлни танлайди ва, гарчи ноқоқнуний бўлса-да, харидорнинг талабини қондиради. Хўш, бу тадбиркорни маънавиятли дея оламизми?

Оммавий ахборот воситалари томонидан жуда кўп бора танқид қилинган ҳолатларни яна бир бор ёдга олсангиз, у ерда ҳам тадбиркор маънавияти муҳим жиҳат эканлигини ҳис қилишингиз мумкин бўлади. Бу — дафтарлар устидаги суратлар ва кийимлардаги ёзувлар масаласи.

Бундай маҳсулотларнинг ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши борасида анчагина гап-сўзлар бўлди, фикр-мулоҳазалар айтилди. Шундай асосли танқидий фикрлар натижаси ўлароқ, дафтарлар масаласида анчагина ижобий ўзгаришлар юз берди. Бугунги кунда савдо расталарида муқоваси очиқ-сочиқ кийинган ғарб “юлдузлари”нинг суратлари билан тўлган дафтарлар деярли кўринмай қолди. Аммо кийим-кечаклар ва ёшлар учун зарур бўлган бошқа буюмлар дизайни масаласида ҳали-ҳамон етарлича салбий ҳолатлар учраб турибди.

Яқинда “Чорсу”дан қизимга боғча болалари учун мўлжалланган халтача изладим. Бунга қадар уч-тўрт ёшли гўдаклар учун тайёрланган халтачаларда юрак сурати ва LOVЕ сўзини кўришим мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қила олмасдим. Лекин бозорни кезар эканман, айни шундай ҳолатга гувоҳ бўлиб, жуда ажабландим. Дастлаб кўзларимга ишонмадим ҳам, лекин, минг афсуски, кўраётганларим туш эмас эди. Расталарда қатор қилиб осиб қўйилган бир-биридан бежирим халтачаларнинг аксарияти шундай безатилганди. Гуллар, жонзотлар, мультфильм ёки эртак қаҳрамонларининг суратларидан фойдаланилган халтачани анча вақт қидирдим, лекин... Мана, мен кутгандек жонзотнинг сурати ва гул туширилган халтача, бироқ унда... айиқча гул ва юрак ушлаб турибди, пастига эса LOVЕ деб ёзилган... Сал наридагисида эса сичқонча каттагина юракни боши узра кўтариб турибди, юрак ичида эса яна ўша сўз...

Менинг айнан қандай халтача излаётганимдану, дилимда кечаётган ҳиссиётлардан бехабар тадбиркор яна бошқа рангдаги ва бошқача суратлар билан безатилган маҳсулотларни тавсия қила бошлади, афсуски улар ҳам ўша нуқсондан холи эмасди. “Ҳамма оляпти...” Бу ишонч билан айтилган жумла ҳам тадбиркорнинг маънавияти қай аҳволдалигининг исботи эмасми?

Ўйланиб қоламан баъзида... Тадбиркор маънавиятли бўлмаслигининг оқибати нималарга олиб келиши борасида фикр юритиб кўрмаймиз, “Ҳа, энди унинг касби сотиш бўлгандан кейин харидоргир маҳсулот олиб келади-да”, — деймиз ҳам. Аммо ўша маҳсулот нега харидоргир бўляпти, дея ўйлаб кўришга ярамаймиз.

Яқинда инсон руҳияти ҳақида бир мақола ўқиб қолдим. Унда айтилишича, инсон руҳиятида унга қандайдир янгича қараш ёки ҳиссиёт уйғотадиган маҳсулотларга бўлган қизиқиш устунлик қилар экан. Айни шу жиҳат маҳсулот ишлаб чиқарувчиларини унинг шакл-шамойили, қадоғи, дизайни устида муттасил ишлашга, ва, табиийки, янгилик яратишга ундар экан.

Мақоланинг шу ўрнигача кўтарган масалага аҳамиятсиздек қарайдиганлар ҳам топилар, эҳтимол. Лекин ҳар бир катта муаммо кичик муаммоларнинг йиғиндисидан келиб чиқишини ёддан фаромуш қилмаслик керак, албатта. Ахир айни кунда аксарият юртдошларимизнинг диққат марказида турган ҳамда жиддий муҳокама мавзусига айланган LOVЕ-STORY ни яратиш ва уни тўй маросимида катта экранда намойиш қилиш ўз вақтида хизматнинг янги бир тури сифатида айнан “тадбиркорлар” (шу ўринда қўштирноқ ишлатиш мантиқан тўғри, назаримда) томонидан таклиф этилмаганмиди? Ёки дабдабали тўйларни “безаётган” саноқсиз автомобиллар карвони ҳам вақтида “хизмат кўрсатиш”нинг янгича кўриниши бўлганлигини инкор қила оламизми?

Ўз даврида янги бўлган бу хизмат кўрсатиш турлари бошқаларнинг назарига тушиб, унга бўлган талаб ошди, натижада эса бу бутун бошли бир “саноат”га айланди. Ана шу “саноат”нинг бошидан турган  “тадбиркор”лар маънавиятли бўлганда, балки ўша вақтнинг ўзида унинг оқибатини ўйлаб, у келтирадиган даромаддан ҳам кўз юмган бўлармидилар? Билмадим, ишонч билан “шундай” дея олмайман, албатта. Лекин маънавиятли тадбиркор, назаримда, фаолиятдан келувчи даромадни миллат маънавиятига етказилувчи зарардан устун қўймайди.

Қотиллик ва жиноятчиликни тарғиб этувчи “замонавий детектив”лар, иккита бемаъни қўшиқ билан эстрада оламининг “юлдузи”га айланаётган шахсларнинг суратлари биринчи бетини безаётган, саҳифалари тўқиб чиқарилган “воқеий ҳикоялар” ва “сохта юлдузлар”нинг шахсий ҳаётига оид материаллар билан тўлиб-тошган газета ва журналлар, уларнинг асабга тегувчи “қўшиқлари”дан иборат хит-парадни ўтказаётган радиостанциялар, ўзбек тилининг қонун-қоидасидан мутлақо бехабар “журналистлар” фаолият юритаётган сайтлар... булар ҳам “тадбиркорлар”нинг фаолияти натижаси эмасми ахир?

“Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, — деган эди президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида. Менимча, бу соҳаларнинг бизнесга айланишига йўл қўймаслик — вазифанинг ярми, қолган ярми эса тадбиркорлар маънавиятини юксалтириш борасида тегишли ишларни амалга оширишдир. Бозорларимизга четдан бирор бир маҳсулот олиб келар экан, ҳар бир тадбиркор унинг сифати ва харидоргирлигига эътибор қаратиш билан бир қаторда унинг миллат маънавиятига салбий таъсири борасида ҳам жиддийроқ ўйлаб кўриши жоиз...

Маъруф ТОШПЎЛАТОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"