Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5056
6861
5999

+862
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
126124
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 088 574
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Бизнесдаги муваффақият учун муҳим “жомадон”

biznes_keys_160Иқтисодиётимизда тобора бўй кўрсатаётган бизнеснинг замонавий кўринишлари билан бирга тилимизга соҳага алоқадор янги атамалар ҳам кириб келяпти. Шулардан бири “бизнес кейс”дир. Бу атама ортида бугунги давр бизнеси учун жуда муҳим бўлган жиҳатларни ўз ичига қамраб олувчи, унинг муаммолари ечимига йўл кўрсатувчи бутун бир амалий механизм турибди.

Бизнес кейс нима?

Бизнес кейс режалаштирилаётган инвестиция қарорлари мажмуаси бўлиб, бизнеснинг мазкур қарорлар қабул қилинишига ҳам, сармоянинг ўзига ҳам таъсир кўрсатувчи мақсадлари ва шарт-шароитларини кўрсатиб беради. Бизнес кейс лойиҳани амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ахборотларни тақдим этади. Замонавий бизнесда бизнес кейсни ишлаб чиқиш инвестиция лойиҳасининг бутун амалга оширилиш даври учун зарурий ҳаракатдир.

Янада оддийроқ тушунтирилганда, бизнес кейс ипидан игнасигача ўйлаб чиқилган инвестицион таклифдир. Бизнес кейс режалаштирилаётган инвестиция ва унга муқобил бошқа таклиф билан боғлиқ барча харажатлар, фойда ва таваккалчиликларнинг таҳлилини ўзида мужассам этади. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш босқичлари давомида ишнинг боришига қараб у такомиллаштирилиши, унга қўшимча ва ўзгаришлар киритилиши мумкин.

Бизнес кейснинг юқорида айтиб ўтилган ўзига хосликларидан келиб чиқиб, уни лойиҳанинг бизнес режаси, имкон қадар аниқлаштирилган ҳисоб-китоблари, дейиш мумкин. Зеро, ундан лойиҳанинг иқтисодий асосланган мақсадлари, маркетинг тадқиқотлари натижалари ўрин олади. Иқтисодчилар орасида машҳур “Everything is a business case” (“Ҳамма нарса бизнес кейсдир”) ибораси ҳар қандай бизнеснинг асосида иқтисодий ҳисоб-китоблар ётишини англатади. Шундай экан, тайёрланган “кейс” (инглизчадан тўғридан-тўғри таржимаси – чамадон, аммо мавзуимизда “бизнес ҳодиса” маъносини англатади) бизнесга айланадими ёки йўқми, айнан рақамлар кўрсатиб бериши ҳам табиийдир.

Инвестицион таклиф асоси

Бизнес кейсда лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун зарур барча маълумотлар бўлади. Бу ҳужжатни тайёрлаш, айниқса, қўшма лойиҳалар учун ниҳоятда муҳимдир. Чунки у, юқорида айтганимиздек, тўлиқ ва батафсил инвестицион таклиф ҳисобланади. Ҳамкор сармоядорларни лойиҳага жалб этишнинг муваффақияти унинг қанчалик мукаммал тайёрланганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу ҳужжатнинг сифати инвестицион қарорларни қабул қилишда катта аҳамиятга эга. Бошқача айтганда, бизнес кейс қанчалик тўлиқ ва ишончли тайёрланса, лойиҳани амалга оширишга шунчалик тез киришилади.

Бундан ташқари, ҳар қандай компания ёки фирма ўз олдида турган аниқ вазифа ва муаммолар ечимини топишда бизнес кейсга мурожаат этиши мумкин. Бизнес кейс тайёрлаш компаниялар томонидан муайян лойиҳани танлаш сари қўйилган қадамдир. Унда лойиҳани амалга оширишдаги корпоратив стратегия ва компаниянинг рақобатдаги устиворлигини таъминлаш масалалари чуқур таҳлил этилади.

Оддий мисол. Компания бозорда ўз ўрнини эгаллаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва сотишга қийналиб қолди. Бундай ҳолатда компания мазкур муаммо ечимини топишда бизнес кейсга мурожаат этади ва уни тайёрлашга киришилади. Бизнес кейсни компаниянинг тажрибали ходимлари ҳам, четдан жалб этилган махсус мутахассислар ҳам тайёрлаши мумкин. Унда компания тарихи, унинг бозордаги ўрни, мавжуд муаммонинг сабаблари, компаниянинг ва бутун соҳанинг асосий молиявий кўрсаткичлари кўриб чиқилади. Айрим ҳолатларда ҳатто компания менежменти ҳам алоҳида ўрганилишига йўл қўйилади. Чунки муаммо юзага келишига айнан менежмент сабабчи бўлиб чиқиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас-да.

Бизнес кейс тайёр бўлгандан кейин компания ундан келиб чиқиб ўз хулосаларини ясайди ва фаолиятини шу асосда давом эттиради. Яъни энди бизнес кейс амалий саъй-ҳаракатларга айланади ва компаниянинг кейинги қадамларини қўйиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бизнес кейс лойиҳаларни бошқаришни режалаштиришнинг муҳим таркибий қисмидир. Одатда лойиҳа якунланиши арафасида ёки тўлиқ якунланганда лойиҳани баҳолаш ўтказилади. Бунда лойиҳанинг бизнес кейсдаги бир қанча муқобил ҳисоб-китоблари ўзаро солиштирилиши, келиб чиққан натижанинг бирламчи режадагидан фарқлари кўриб чиқилиши ҳам мумкин.

Бизнес кейснинг таркибий қисмлари

Бизнес кейсда лойиҳани амалга оширишнинг бир неча варианти тақдим этилади. Бу вариантлардан қай бирини танлаш ёки тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда қабул қилиш компания менежменти ваколатига киради. Шу жиҳатдан, бизнес кейс лойиҳа раҳбарлари учун ҳам асосий ҳужжат ҳисобланади. Бу уларнинг фаолиятини оқлаш, лойиҳанинг устунликларига баҳо беришда ҳам кўринади.

Бизнес кейсдан мақсад лойиҳа ёки дастурни амалга ошириш учун асосларни ўрганиш, унинг билан боғлиқ бошқарув параметрлари ва омилларини аниқлашдан иборат. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бизнес кейс компания раҳбариятининг лойиҳани бошқариши ва уни баҳолаши учун ўзига хос восита ролини ўтайди.

Бу ҳужжат уч мақсадга хизмат қилади: у менежментга лойиҳани тизимли, босқичма-босқич асосда пишитиб олиш имкониятини тақдим этади; лойиҳа нега қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги кераклигини тушунтириб беради; лойиҳани ўз вақтида ва белгиланган бюджетга мос равишда якунлаш учун асослар билан таъминлайди.

Аксарият ташкилотлар бизнес кейс тузишда стандарт ёндашувларга таянади. Аммо одатда ҳамма бизнес кейс учун хос бўлган асосий масалалар қуйидаги жиҳатлар асосида ёритилади:

-         лойиҳа ташаббусининг сабаблари;

-         вариантлар (кўриб чиқилган турли вариантларнинг тавсифи ва таклиф этилаётган энг мақбул вариант);

-         кутилаётган манфаат (айни пайтдаги вазият билан солиштириш ҳисоб-китоблари);

-         таваккалчиликлар (лойиҳанинг асосий таваккалчиликлари ҳисоботи);

-         қиймат (лойиҳа режасидан келиб чиқиб);

-         муддат (лойиҳа режаси ҳисоботи);

-         инвестицион баҳолаш.

Бизнес кейс кенг қамровли ва қатъий таркибли тузилишга эга ёки норасмий ва қисқа бўлиши мумкин. Ундаги маълумотларга таянилган ҳолда лойиҳани асослаш учун асосий хулосалар чиқарилади. Якуний қарорни қабул қилиш учун масъулият манфаатдор томонлар ва ҳомийлар зиммасида бўлади.

Бизнес кейс таълими

Ривожланган давлатларда бизнес кейс тузишни ўрганиш иқтисодий-молиявий таълимнинг муҳим қисми ҳисобланади. Бизнес кейсни ўрганиш усули ХХ аср бошларида Гарвард университетининг бизнес мактабида юзага келган. 1908 йилда бу мактаб иш бошлаганда бизнес курслар ўтиш учун зарур ўқув адабиётлари йўқлиги маълум бўлиб қолди. Шунинг учун ўша даврнинг энг етакчи бизнесменлари билан сўров ўтказиш ва дарсликларда улар фаолиятини ёритишга қарор қилинди. Шу тариқа биринчи бизнес кейслар пайдо бўлди ва Европа олий таълими амалиётида кенг тарқала бошлади.

Бизнес кейсни ўрганиш усули нимани назарда тутади? Бунда талабалар назарий билимлари, молиявий ва математик ҳисоб-китоблар ҳамда мантиқдан фойдаланган ҳолда реал бизнес вазифалар ечимини излайди. Кўпинча бундай ечимни топиш жамоавий вазифа ҳисобланади. Чунки у реал бизнесдаги вазиятларга асосланган вазифадир. Реал бизнесда эса жамоа бўлиб ишланади.

Бизнес кейслар тузиш бутун бир таълим предмети даражасига кўтарилган. Ҳозирда бизнес кейсни ўрганишнинг икки классик мактаби – Гарвард ва Манчестер мактаблари мавжуд. Улар мос равишда америкача ва европача ёндашувларни ўзида акс эттиради. Америкача ёндашув ягона тўғри ечимни топишни назарда тутса, европача ёндашув муаммолар ечимининг бир неча вариантини кўрсатиб беришга асосланади.

Бугун замонавий бизнес оламида бизнес кейслар асосида иш юритиш одатий ҳолат ҳисобланади. Ҳатто кўпгина йирик компаниялар янги ходимни ишга олаётганда унинг иқтидорини синовдан ўтказиш, компания учун қанчалик фойда келтириши мумкинлигини аниқлаш учун унга муайян бир муаммо бўйича бизнес кейс тайёрлаш топшириғини беради. Бу ишни муваффақиятли уддалаганлар ишга қабул қилинади, компания ҳам қимматли ходимга эга бўлади.

Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, бизнес кейс замонавий бизнесда жуда муҳим бўлган элементдир. Зеро, унинг қанчалик сифатли ва мукаммал экани рақобат тобора кучайиб бораётган бозордаги муваффақиятни белгилайди.

Анвар КАРИМОВ тайёрлади

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"