Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5045
5743
5150

+593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102606
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 065 056
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Ярим соатда фирма очганим

firma_160ёки тадбиркорликнинг илк беш қадами

Табиб – табиб эмас, бошдан ўтказган табиб

Юртимизда фирма очиш қандай кечишини ёритишнинг энг яхши йўли – бу жараённи ўз бошидан ўтказишдир, деган хулосага келдик ва масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхонани давлат рўйхатидан ўтказишга қарор қилдик. Хулосани олдиндан айтиб қўя қоламан: бу жараён осон ва тез битар экан!Ягона дарчага бордим. Хоҳ ишонинг, хоҳ йўқ, ярим соатга қолмай фирма очиб беришди!

Воқеа шундай бўлди. Шерик билан келишиб, эрта тонгдан Шайхонтоҳур туман “Ягона дарча”сига кириб бордик. Кенг зал, ҳар бир йўналиш учун алоҳида менежер, муомала – бамисоли меҳмон кутаётгандек. Ҳеч қандай навбат, ҳеч қандай мижоз ва менежерни ажратиб турувчи тўсиқларни кўрмайсиз.МЧЖлар очиш билан шуғулланувчи йигит муддаомизни англагач, паспортларимизни ва СТИР маълумотномасини сўради.

Биз ишни нимадан бошлашни, қандай ҳужжатлар кераклигини билишга келгандик, аслида. Чунки, бундан олти йил олдин ҳам фирма очганимда, бир ҳафта–ўн кун сарсон бўлгандим.Ягона дарча ходими эса, ҳеч қандай ҳужжат керак эмаслигини, фақат паспорт ва СТИР тақдим этилишини айтди. Яхшиямки, ёнимизда иккаласи ҳам бор экан, менежерга бердик.

– Фирма номи нима бўлади?– сўраб қолди мутахассис.

Биз ўйлаб қўйган номимизни айтдик.

– Афсус, бу ном банд экан, бошқасини танланглар.

Биз бошқа вариантни айтгандик, бўш экан, ўша номни рўйхатга киритди.Ҳайрон қолдим – олти йил олдин фирма очганимизда, ном танлаш учун шаҳар статистика бўлимига бориб, учта вариант кўрсатилган аризани тўлдирган, жавоб чиқишини уч кун кутган эдик.Энди эса, на ариза, на кутиш бор. Ишонқирамай сўрадим:

– Шу ернинг ўзида фирма номини рўйхатга оляпсизми?

– Ҳа, ака, ҳозир электрон тизимга ўтилган, ҳаммаси компьютерга киритилади. Ягона тизим бўлгани сабабли, солиқ инспекцияси ҳам, банк ҳам фирма СТИРи бўйича керакли маълумотларни олиш имконига эга.

Тўғриси, ишнинг бундай осон кетиши қувонч билан бирга ҳадик ҳам уйғотди – ҳозир нимадир камчилик чиқади-ю, қўшимча ҳужжатлар тўплашга юборади деб. Йўқ, фирма жойлашадиган манзилни, устав фондини (у камида 6 млн. сўм бўлиши керак) ва баъзи бошқа маълумотларни сўраб, менежернинг ўзи электрон аризани бизнинг номимиздан тўлдирди, чоп этиб, қўлимизга тутқазди:

– Танишиб чиқинглар-да, хатоси бўлмаса, тагига имзо чекиб беринг.

Танишдик, ҳаммаси кўнгилдагидек, керакли жойга имзо қўйдик.

– Кираверишда касса бор, ўша ерда бир минимал иш ҳақи миқдорида пул тўлаб келинглар, унгача гувоҳномани чиқариб тураман,– деди “Ягона дарча” ходими.

“Ана, драма энди рўй беради – ахир карточка менинг номимда эмас-ку!”деган хаёлга бордим. Йўқ, яна адашибман – ҳеч қандай муаммосиз пулни ечиб, квитанцияни қўлимга тутқаздилар.Бизга хизмат кўрсатаётган йигитнинг олдига бориб, яна нималар тақдим этай, деган маънода кўзига тикилдим.

– Янги фирма билан табриклайман. Мана бу – гувоҳнома!

Шундай дея марказ ходими қўлимга принтердан чиққан, тагида QR-код туширилган бир варақ қоғозни тутқазди.

– Устав-чи, муассислар шартномаси ва яна бошқа ҳужжатлар?

– Ҳаммасини ўзингиз қилиб олаверинг, бизда тасдиқлатишингиз керак эмас.

“Ё қудратингдан!”, деб юборганимни кейин сездим. Бўлар экан-ку! Аввалги йиллардаги фирма очиш даҳмазаларини кўз олдимга келтирдим: ер билан осмонча фарқ.

– Биринчи навбатда, муҳр ясаттириш керак. Истасангиз, шу иш билан шуғулланадиганларнинг телефонини бераман, – деди бизнинг шошиб қолганимизни кўрган ходим.

Шу ернинг ўзида муҳр ясовчи билан гаплашдик. Фирма номини гувоҳномадан суратга олиб, мессенжер орқали ташлаб берсак, бир соатда тайёр бўлишини айтди. “Эй, замонангдан айланай!”, дея тан берди шеригим.Йўл-йўлакай устав, муассислар шартномаси, муассислар йиғилиши баённомаси ва директор тайинлангани ҳақидаги буйруқни тайёрлаб, чиқаргунимизча бир соат ҳам ўтиб қолди. Муҳр ҳам тайёр бўлган экан, уни олиб, банкка йўл олдик.

Банк – мижоз учун

Жуда еттинчи осмонга кўтарилмасам-да, куракларим остида қанотчалар бўртиб чиқаётганлигини ҳис қилдим.Кўтаринки кайфиятда банкка кирдик. Лекин, ҳикояни шу ерда тўхтатиб туриб, олти йил олдинги ҳолатни эсга олмасам бўлмас.

…Ўшанда ҳам худди шундай кайфиятда банкка, тўғрироғи, бир қанча банкларга кирганмиз, у банкдан бунисига ўтганимиз сари кайфият ҳам кузнинг ҳавосидек ўзгариб борганди.Банкчилар, бизни, корандасини қабул қилган бойбувалардек қарши олиб, уларнинг “банки муборак”ларига арзирли эканмизми-йўқлигини синчиклаб ўрганишганди...

Шу хаёл кўнглимни бир чеккасини хира қилиб турса-да, сир бой бермай банкка кириб бордик. Биринчи учраган операторга мақсадимизни тушунтирдик.

– 203-хонага чиқасиз, қизларга айтсангиз, имзо ҳуқуқи карточкасини ва керакли ҳужжатларни тўлдиришни кўрсатиб юборишади,– мулойимлик билан жавоб қилди банк ходимаси.

Айтилган хонага кирдик. Тўрда ўтирган қиз олдидаги стол атрофида ўтиришга таклиф қилди. Керакли бланкаларни олиб, қўл қўйиладиган жойларни белгилаб берди-да, шу ерларига қўл қўйиб, муҳр уриб берсангиз бўлди, ҳаммасини ўзимиз тўлдириб қўямиз деди. Раҳбар ҳузурига кирдик. У компьютерда фирма СТИРини териб, намоён бўлган маълумотларни мендан сўраб тасдиқлатиб олди-да: “Бўлди, ака, ҳужжатларингизни ташлаб кетаверинг”, деди.

Ҳайратимга ҳайрат қўшилди. Бу ўзгаришлар қаердан?Бланкалар тўлдирилгач, ҳалиги қиз таклиф қилди:

– Истасангиз, бир соат кутиб туринг ёки эртага эрталаб келсангиз ҳам бўлади – барча ҳужжатларингизни тахт қилиб қўямиз.

Биз, нафасни ростлаб олиш учун, эртага келишни маъқул топдик. Эртасига банкка бордим. У ёқ-бу ёғи, 15 дақиқага қолмай шартнома ва ҳисоб рақами ёзилган маълумотномани қўлтиқлаб чиқиб кетдим.

Қанот қоқиб лицензия берадиган ташкилотга учдим – сайтидан кўриб, ҳамма ҳужжатларни тўлдириб боргандим, олиб қолишди. Ҳайратданми ёки еттинчи осмонда ҳаво камлигиданми, бош айлана бошлади…

Солиқ инспекциясига йўл олдим.

Жавобсиз қолган саволлар

Йўл давомида ўйлаб келдим – “Ягона дарча” электрон тарзда маълумотларни етказган бўлса, мен бориб нима қиламан? Аммо бу – солиқ инспекциясида туғилажак саволларнинг “тўнғич”и эканини хали билмасдим.

Туман солиқ инспекциясига келдик. Залга кирдик. Қаторасига дарчалар, ойнаванд тўсиқларнинг бу томонида солиқ тўловчилар, у томонида солиқчилар ини бузилган аридек у ёқдан бу ёққа ғув-ғув юришибди. Кимдан маслаҳат сўрашни ҳам билмайсан. “Кўрсаткичми ёки йўл кўрсатувчи бирор масъулми, тайинлашса бўлмасмикан”, деган савол ўтдихаёлимдан.Тўғридаги дарчага бордик. Дарча ортидаги қиз 08-шакл бланка тўлдиришимизни, кейин 101-хонага кириб, инспекторимиз билан кўришиб чиқишимизни айтди.

Ташқарида нусха кўчириш хизмати бор экан, бизга ўхшаб бланка сўраб келганларнинг кети узилмайди. Биз ҳам икки нусхада 08-шаклни олдик (нусха кўчирувчи шуни тавсия қилди – барибир хато қиласизлар, мабодо тўғри ёзсангиз ҳам, биттасига қўл қўйдириб олиб қўясизлар деди).Ҳалиги бланкани олиб, инспектор олдига кирдим. Гап орасида ягона солиқ тўловини тўлашимни айтгандим, “Унда ташқаридан 04-шакл бланкасини олиб келиб тўлдиринг”,деди.

Нусха кўпайтирувчини яна бир бор хурсанд қилиб, 04-шаклни ҳам олдим. Нима учун олаётганимни айтсам, у киши ўйланиб қолди-да, майли, инспектор айтган бўлса, деб икки варақ қоғозни қўлимга тутқазди. Залда тўлдириб ўтирарканман, ҳайрон бўлдим – бу бланкада солиқ тури ҳақида бирорта сўз йўқ!

Аста дарча олдига бораман.

– Йигитлар, мана шундай вазият, аниқ шу бланкани тўлдиришим керакми?

– Э, ака, хато айтишибди, сиз хабарнома ёзасиз ва бошқа бланкани тўлдириб илова қиласиз.

Яна кўчага, нусха кўчирувчи олдига бордим: “Ака, ҳайрон бўлганингизда жон бор экан, сиз инспектордан яхшироқ биларкансиз бланкаларнинг фарқини”. Керакли бланкани тўлдириб, залдаги дарчага олиб бориб топширдим.

Инспектор олдига борарканман, саволлар қуйилиб кела бошлади “Наҳотки, инспекторлар бланкаларнинг фарқига боришмаса? Наҳотки, оворагарчиликларга барҳам бериб, шу маълумотларни компьютердакиритиш иложсиз бўлса?”

“Қўя қол,– ўзимга тасалли бераман,– бу ҳам кимнингдир тирикчилиги-да”.

Инспектор олдига бориб, бажарилган ишлар юзасидан “ҳисобот” топширдим. Бу ёғига нима ишлар қилиш кераклиги ҳақида кўрсатмалар, йўл-йўриқлар берса керак, деб кутдим. Йўқ, “топширган бўлсангиз, бўлди, кетаверинг” –инспекторнинг жавоби шу бўлди.

“Унда мени чақириб нима қилардинг?” бу савол бўғзимда қолди.

Электрон калит олмаганим эсимга тушиб қолди. Сал наридаги столда ўтирган қизга яқинлашдим.

– Қачон рўйхатдан ўтгансиз?

– Кеча.

– Мана бу реквизитлар, банкдан пул ўтказасиз, ўтказилган сумма шу билан душанба куни кўринади, демак, уч кундан кейин келиб, калитни олиб кетишингиз мумкин.

Яна савол туғилди, уни ичимда сақлаб тура олмадим: “Бугун иложи йўқми, шунча сарсон бўлдим ўзи?”Бермаганим маъқул экан, шу саволни. Чунки жавоби асло таскин берарли бўлмади:

– Мен нима қилай, неча марта қатнаётган бўлсангиз?

Ҳақиқатан, бу қизчага нима қизиғи бор? У ўз вазифасини – компьютерида пули кўринганларга калит ташлаб беришни билса бўлди-да!Ташқарига чиқаман. Катта залда “Ипотека банк” кассаси борлиги ёдимга тушади.

– Электрон калит учун тўламоқчийдим.

– Кечирасиз, бизда бу тўловни амалга ошириб бўлмайди.

– ???

– Бизнинг банк орқали электрон калит учун тўловлар солиқ инспекцияси компьютерида кўринмас экан. Бошқа банкда бемалол тўлашингиз мумкин.

Тушунмовчилик аралаш савол мияга уради: “Унда, солиқ инспекцияси ичида нима қилиб турибди бу касса?”

Майли, дейман, бир вақт топиб, бошқа банкда тўларман (тўғриси, таниш банкчилар маслаҳати билан осон йўлини топдим – CLICK орқали тўлаб юбордим).

Ҳа… солиқчиларга қойил! Гўё осмонда парвоз қилаётгандим! Бир пасда жойимга тушириб қўйишди. Сарсон қилишлар, у инспекторнинг гапини буниси бекор қилишлар, “бугун пул тўлайсиз, уч кундан кейин келасиз” дейишлар – ўзимни ерда эканимни, солиқ инспекцияси бор экан, ҳали-вери осмонга учмаслигимни ҳис этдим.

Бу босқичдаги оқсашларни ҳисобга олмаганда, ўз бошимиздан ўтказганларимизга асосланиб бемалол айта оламиз: юртимизда фирма очиш жараёни ниҳоятда шаффоф ва содда ҳолга келтирилибди. Бу имкониятдан фойдаланиш керак, дўстлар!

Алоуддин САДРИДДИНОВ.

(kommersant.uz)

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"