Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1119
6212
5836

+376
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
92715
172957
187770

-14813

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 228 122
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" ОВЕРДАРФТ –пул йўқ пайтда ҳам харид қобилиятини йўқотмаслик имконияти

 

overdraft_160Дўконга кириб, анча-мунча нарса олиб, кассага келганингизда пластик карточкангиздаги пул етмаслиги маълум бўлди. Аксига олиб чўнтагингизда нақд пул ҳам харидингиз учун тўловни амалга оширишга камлик қилди... Бундай вазиятда одам анча ноқулай аҳволда қолади. Қолаверса, эрта-индин коммунал хизматлар нархи ошадиган бўлиб турса-ю, ҳали маошдан дарак бўлмаса ҳам ортиқча харажат қилиш таҳдиди остида қоласиз. Бировдан қарз олиш малол келади. Яна бир ҳаётий мисол. Сиз мобил алоқа операторининг ойлик тариф хизматидан фойдаланасиз. Ҳар ойнинг бошида белгиланган суммани тўлашингиз керак. Пластигингизда эса пул йўқ. Нақд пулингиз рўзғордан ортмайди. Ой тугаса, телефонингиз ўчади. Сиз эса маошни кутиб, бир неча кун алоқасиз қолиб кетишингиз ҳеч гап эмас.

Мана шу каби кутилмаган вазиятларда овердрафт кредити жонингизга аро кириши мумкин.

Овердрафт ҳақида

Хўш, бу қандай кредит? Уни қандай олиш мумкин? Бунинг учун нималар керак бўлади?

Овердрафт – пластик карточка сақловчисига, яъни эгасига банк томонидан қисқа муддатга фоиз остида бериладиган маблағдир. Бу атамани инглизчадан “лойиҳадан ташқари” (over – ортиқ, ... дан ташқари, draft – лойиҳа) деб таржима қилиш мумкин. Яъни банк сизга нафақат пластик карточкангиз ҳисобварағидаги пулни ишлатишга рухсат беради, балки бироз қарз ҳам бериб туради. Демак, сизда ҳамёнингизда боридан кўпроқ маблағни ишлата олиш имконияти пайдо бўлади. Бунинг учун доимий кафолатланган даромадга эга бўлиш ва банк билан овердрафт шартномаси имзолашнинг ўзи кифоя қилади.

Дунё банк тизимида хизматнинг бу тури кенг тарқалган. У мижоз учун жуда қулай, ортиқча оворагарчиликларни ҳам талаб этмайди. Бунинг устига, фақат фойдаланилган ортиқча маблағ учунгина фоиз тўлайсиз. Банкнинг ҳам кўнгли жойида бўлади. Чунки яқин кунларда мижознинг ҳисобварағига маблағ келиб тушишига ишончи комил. Бу пул келиб тушиши билан қарзнинг барча суммаси фоизи билан бирга автоматик равишда банк фойдасига ечиб олинади. Овердрафтдан фойдаланмасангиз ҳам чўнтагингизга зарари йўқ. Аксинча, турли вазиятларда дадиллигингизни йўқотмаймиз.

Ўзбекистонда овердрафт

Мамлакатимиз банк хизматлари бозорига кредитлашнинг бу тури кириб келганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Яқинда эса Марказий банк жисмоний шахсларга овердрафт кредити бериш тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Унда овердрафт кредити бериш шартлари, тартиб-таомиллари ва мезонлари белгилаб берилди. Бу эса юртимизда кредитлашнинг мазкур тури янада кенг тарқалишига имкон яратади.

Низомга кўра, овердрафт қайтаришлик, тўловлилик, муддатлилик ва таъминланганлик шартлари билан берилади. Овердрафтда мақсадлилик шартлари қўлланилмайди.

Энг асосийси, овердрафт кредити беришда ортиқча чоп-чоплар, қоғозбозликлар бўлмайди. Жисмоний шахс (мижоз) томонидан овердрафт олиш учун тижорат банкига овердрафт олишга буюртманома билан бирга паспорт нусхаси, даромадлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат (олаётган иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлари миқдори тўғрисидаги маълумотнома) тақдим этилади, холос.

Мижоз тегишли ҳужжатларни тақдим этганидан сўнг тижорат банклари овердрафт беришни қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида 3 кундан кечикмаган муддатда қарор қабул қилиши шарт. Овердрафт жисмоний шахснинг (мижознинг) даромадлари тўғрисидаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда ўртача ойлик иш ҳақининг (пенсиянинг) 3 баробаригача бўлган миқдорда 12 ойгача бўлган муддатга қайта тикланадиган (револьвер) шаклда, овердрафт шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ босқичма-босқич қайтариш шарти билан берилади.

Шу ўринда “ўртача ойлик иш ҳақи” тушунчаси кўпчиликка нотаниш бўлиши мумкин. У қандай ҳисобланади, деган савол келиб чиқиши ҳам табиий. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги қарорига илова сифатида тасдиқланган Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига кўра, ўртача ойлик иш ҳақи кейинги икки календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан (баъзи тоифадаги ишчи-хизматчиларда айрим ҳолларда ҳисоблашларда фарқ бўлиши мумкин) келиб чиқиб белгиланади.

Кредит олаётган одамни ҳар доим унинг фоиз ставкаси қизиқтиради. Овердрафт бўйича йиллик фоиз ставкаси миқдори тижорат банк билан мижоз ўртасида тузилган овердрафт шартномаси асосида белгиланади. Навбатдаги қулайлик жиҳати шуки, бу шартнома фақат унда белгиланган маблағлар фойдаланилган кундан эътиборан кучга кирган ҳисобланади. Яъни сиз шартнома тузиб қўйганингиз билан унда белгиланган суммани ишлатмасангиз, бекордан бекорга фоиз тўлаш мажбуриятидан қутуласиз.

Овердрафтнинг бошқа кредитлардан фарқи

Юқорида биз овердрафтнинг бир қанча афзалликлари ҳақида гапириб ўтдик. Унинг бошқа кредитлардан фарқли жиҳатлари анчагина. Кредитнинг турлари кўп: ипотека кредити, истеъмол кредити, автокредит, бошланғич капитални шакллантириш кредити, чорва учун кредитлар ва ҳоказолар. Биринчи асосий жиҳат уларнинг муайян мақсадлар учун ажратилишидир. Яъни сиз бу кредитларни фақат ўша мақсадлар учун ишлата оласиз.

Овердрафтда эса мақсадлилик шартлари йўқ. Сиз ундан кундалик харажатларингиз учун фойдаланишингиз мумкин. Фақат овердрафт иш ҳақингизнинг миқдори, пластик карточкангиз ҳисобварағига қанча сумма келиб тушиши ва қанчалик тез тушишига боғлиқ. Яъни овердрафт шартномасини тузиб қўйганингиздан кейин кредит сўраб ялиниб юрмайсиз, тўловга қобилиятингизни исботлаш учун қўшимча асосларга ҳожат бўлмайди, мижоздан турли-туман кафолатлар талаб этилмайди. Овердрафт ҳар доим ва ҳар ерда фақат пластик картангиздаги жорий даромадингиз билан узвий боғлиқ бўлади.

Овердрафтнинг бошқа кредитлардан яна бир фарқи шундаки, кредит олиш мижознинг тўловга қобилиятини тасдиқловчи кўплаб ҳужжатларни тақдим этиш асосида амалга ошади. Овердрафтни эса паспорт нусхаси ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома билангина олиш имконияти мавжуд.

Яна бир муҳим фарқ шуки, оддий кредитни ёпишингиз янгисини олишингизга кафолат бўла олмайди. Овердрафт эса қарзингизни қайтаришингиз билан яна тикланади. Тушунарлироқ қилиб айтганда, 100 минг сўмлик овердрафтдан, дейлик, 50 минг сўмини ишлатиб, уни фоизлари билан қайтариб берган бўлсангиз, яна 100 минг сўмлик овердрафтдан фойдалана оласиз.

Кредитлар узоқ муддатга берилади ва қатъий жадвал асосида тўланади. Овердрафтни эса банк билан шартномага мувофиқ, қисқа муддатда (одатда 30-60 кунда) қайтариш керак. Шунингдек, кредитлар суммаси катта бўлади, офердрафт эса пластик карточкангизга келиб тушадиган маблағга мос равишда берилади. Ўзбекистонда овердрафт миқдори, юқорида эслатганимиздан, ўртача иш ҳақининг 3 баробаридан ошмаслиги керак. Қолаверса, бошқа кредитлардан фарқли ўлароқ, овердрафтни гаров таъминотисиз олиш мумкин.

Овердрафт жозибаси

Овердрафтнинг ўзига хос “хавфли” жиҳатлари ҳам бор. Бу унинг жозибадорлиги ортидан келиб чиқадиган турли мажбуриятлардир. Овердрафтни олиш осонлиги, белгиланган суммани тўлиқ ёки қисман ишлатиш, фақат фойдаланилган сумма учунгина фоиз тўлаш имконияти сизни шунчалик мафтун этадики, вақт ўтган сари унга қандай кўникиб қолганингизни билмай қоласиз.

Аксарият ҳолларда олинган қарз учун фоиз суммаси унчалик катта бўлмайди. Чунки овердрафт қисқа муддатларга берилади. Бу қулайликлари учун унга талаб юқори бўлади ва мижозларнинг уни таклиф этган банкка садоқатини оширади.

Лекин ҳамма банкларда ҳам овердрафт кредитининг фоизи паст бўлавермайди. Айниқса, банк тизими яхши ривожланмаган мамлакатларда бу ҳолат яққол кўзга ташланади. Шунга қарамай, талаб юқори бўлгани учун мижоз овердрафтга боғланиб қолаверади.

Гаров таъминоти талаб этилмагани сабабли овердрафтдан фойдаланиш шартлари ҳам жуда қаттиқ қўйилади. Бу шартларни бузиш эса чўнтакни “титратадиган” сезиларли жарималар тўлашга сабаб бўлади.

Агар овердрафтнинг плюс ва минусларини тарозига солиб кўрсак, ҳар қандай ҳолатда у қарз олувчига ҳам, банкка ҳам фойдали эканига гувоҳ бўламиз. Пулга зарурат туғилганда мижоз таниш-билишларидан қарз кўтармай, ҳар доим банкнинг пулларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Банк эса ушбу хизматни тақдим этиш орқали ишончли кредиторга ва берган пули қайтиши таваккалчилигини кескин камайтиришга эришади.

Анвар КАРИМОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"