Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2482
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105471
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 067 921
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Қарс чиндан ҳам икки қўлдан...ми?

mib_160_1Ҳеч эътибор берганмисиз, аксарият кишилар “Қарс икки қўлдан чиқади” жумласидан кўпинча ўз мажбуриятларини тан олишда эмас, кўпроқ унинг масъулиятини ўзларидан соқит қилишда фойдаланадилар. Рости, аввалига мен ҳам бунга унчалик аҳамият қаратмас эканман, аммо бир воқеа сабаб унга жиддийроқ эътибор бера бошладим.

Ўшанда бир даврада жойлардаги электр таъминотидаги узилишлар, муаммолар борасида сўз очилиб қолганди. Даврадагиларнинг аксарияти турли вилоятлардан келиб, пойтахтда ишлаётган танишларим эди. Шунда улардан бири республикамизнинг айрим чекка ҳудудларидаги қишлоқларда кунига икки-уч соатдангина электр бўлиши, ҳатто айрим жойларда одамлар соат нечада чироқ ёнишию, нечада ўчишини ёддан билишлари ва ишларини айнан шунга мослаб режалаштиришга одатланиб ҳам қолганларини айтди. “Бу ҳолда чекка ҳудудларимизда тадбиркорлик билан шуғулланишга рағбат бўлиши ҳам қийин эмасми, ахир қарс икки қўлдан чиқади-ку”, — деди у куюниб.

У маълум маънода ҳақ эди, чиндан ҳам, тадбиркорлик фаолияти учун бошланғич маблағ каби электр тармоғига уланганлиги ва уни етказиб беришда узилишлар бўлмаслиги ҳам шунчалик муҳим. Боиси, бундай узилишлар тадбиркор фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Лекин, гарчи бу масалада кўпчилик якдил фикрга эга бўлса-да, аммо узилишларнинг асл сабаби борасида эса барчанинг ўзига яраша тахмини, қараши ва тушунчаси мавжуд.

Шундай қарашлардан бири етказиб берувчи томонидан электр энергиясини атайин узиб қўйиш саналади ва у сарфланган миқдорнинг ўрнини тўлдириш учун амалга оширилиши билан изоҳланади. Эҳтимол... Мен бу борада баҳсга киришиш ниятида эмасман, бироқ амалда сарфланган, аммо ҳақи тўланмаган энергиянинг ўрнини шундай усул билан қоплаб бўлмаслиги кундай равшан-ку. Аслида бу муаммони бартараф этиш эмас, аксинча қўшимча муаммони юзага келтириш, дейиш тўғри бўлади.

Очиғи, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолияти билан боғлиқ маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали доимий кузатиб боряпман. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан тарқатилган хабарда келтирилган қуйидаги рақамлар барчани ўйлантириши, ташвишга тушириши турган гап. Боиси, бу рақамлар ортида юқорида қайд этилган “қарс икки қўлдан”да иккинчи қўл қандай иштирок этаётганининг биттагина вилоят мисолидаги ҳолатини яққол кўриш мумкин.

“Жорий йил 1 июнь ҳолатига Фарғона вилояти бўйича электр энергиясидан 290 миллиард сўмдан, табиий газ бўйича 73,1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик вужудга келган”.

“Фарғона вилоятидаги 15 минг 173 хонадон ва ташкилот электр ҳамда газ тармоғидан узилди”.

Қаранг-а, битта вилоятдан келтирилган рақамлар булар. Электр энергиясининг ўзидан 290 миллиард сўмдан зиёд қарздорлик... Бу рақамни тилга олишгина осон. Шунингдек, тармоққа ноқонуний уланиш ҳолатлари орқали етказилган зарарлар борасида ҳам бир қатор маълумотларга дуч келиш мумкин, энг ачинарлиси, улар ҳам кичик эмас — миқдор камида олти-етти хонали рақамлардан иборат. Уларнинг аксарияти эса тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахслар...

Юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун яратилган имкониятлар ва берилган имтиёзлар талайгина. Уларнинг бари нафақат давлат иқтисодиётини ривожлантириш, балки аҳоли турмуш фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳамдир. Лекин юқорида келтирилган рақамлар айрим юртдошларимизнинг бундай эзгу ишларга жавобан ҳам “тадбиркор”лик билан муносабатда бўлаётганини исботламайдими?

Энди бир мулоҳаза юритиб кўрайлик. Табиийки, ҳеч бир нарса чексиз-чегарасиз эмас, шу жумладан, республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳам. Ундан кимлардир ноқонуний фойдаланса, кимлардир ҳақини ўз вақтида тўламаса, кимдир тежашни мутлақо ўйламаса, барчани узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлашдек мураккаб иш янада қийинлашиб кетмайдими? Ачинарли томони шундаки, аксарият истеъмолчилар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайдилар, айримлар эса ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдилар.

Шу боис юртимизнинг барча ҳудудларини узлуксиз равишда электр энергия билан таъминлаш масаласини ижобий ҳал қилишда тежамкорлик ва масъулият асосий омилга айланиши жоиз. Тўғри, республикамиздаги саноат корхоналарини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш орқали ишлаб чиқаришда энергия сарфини камайтириш, шунингдек, муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш бўйича юртимизда муайян ишлар олиб бориляпти. Аммо самарали натижага эришиш учун тежамкорлик фақатгина саноатнинг эмас, барчанинг шиорига айланиши талаб этилади.

Бундан ташқари, юртимизда қуёшли кунлар йил давомида ўртача 300 кунни ташкил этиши (турли манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, 280 кундан 320 кунгача) бизда қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти кенглигини кўрсатади. Шунинг учун айни вақтда электр таъминотида узилишлар мавжуд бўлган чекка ҳудудларда тадбиркорликни йўлга қўйишда энергиянинг мазкур туридан фойдаланиш масаласига жиддийроқ эътибор қаратиш зарур. Бунинг учун, фикримизча, унинг иқтисодий кўрсаткичларини (яъни сарфланувчи харажат, ўзини қоплаш муддати, самараси ва ҳоказоларни) атрофлича таҳлил қилиш орқали улардан ҳудудлар бўйича мақбул тарзда жойлаштириш масалаларига илмий асосланган ҳолда ёндашиш, шунингдек, унинг афзалликларини тадбиркорлар орасида кенг тарғиб қилиш зарур. Чунки унинг истиқболини яққол тасаввур қила олмаган одамнинг янгиликни жорий этишга чўчиши табиий...

...Ўша кунги баҳс анча вақт давом этди. Кимдир у деди, кимдир бу, аммо якуний хулоса барибир ўзгармади. “Таъминот узлуксиз бўлмаса...” Аммо негадир тежамкорлик масаласи баҳслашувчиларнинг диққат марказида бўлмади: “Ишлатгандан кейин пулини тўласа бўлди-да...”

Табиийки, бу хулосага мен унчалик қўшилмадим. Ахир энергияни тежаш — ҳам оила бюджетини, ҳам табиий бойликни тежаш эмасми аслида? Тасаввур қилинг, муайян бир ҳудудда 10 минг хонадон истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бири бир ойда атиги 20 киловатт/соатдан электр энергияси тежаса, шу ҳудудда бир ойда 200 минг киловатт/соат энергия тежалади. Бу — оддий арифметика. Агар ҳар бир вилоятдаги барча хонадон шундай қилса-чи? Бу республика миқёсида йўлга қўйилса-чи? Агар шу ҳудудда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар ҳам имкон қадар тежамкор бўлишга интилсалар-чи? Ҳисоб-китоб қилиб кўрсангиз, аминманки, натижа боя мақолада биргина вилоят миқёсида келтирилган рақамга яқинлашиб қолади...

Асли халқимиз азалдан тежамкор бўлиб келган. Фақат сўнгги вақтларда яратилаётган қулайликларни суиистеъмол қилиш каби “касаллик” негадир урчиб кетяпти аксарият кишиларда. Масъулиятсизлик, интизом (шу жумладан, тўлов интизоми ҳам) унутилиб бораётгандек. Агар чиндан ҳам қарс икки қўлдан чиқса, нега биз тежамкорликни ўзимизга шиор қилмаяпмиз. Ахир бараканинг боши ҳам тежамкорлик эмасми? Республикамизнинг энг чекка ҳудудлари ҳам узлуксиз энергия таъминотига эга бўлиши учун “кафт”нинг бир томонида тизим самарадорлиги ва муқобил энергиядан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш турса, иккинчи томонида тежамкорлик ва тўлов интизомига қатъий риоя қилиш туради. Демак, яна бир бор асосий саволга қайтамиз: айни вазиятдачи, қарс икки қўлдан чиқяпти дея оламизми?

Маъруф ТОШПЎЛАТОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"