Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5045
6861
5999

+862
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
126113
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 088 563
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Маркетинг – иқтисодий муваффақиятлар дебочаси

marketing_160Ҳали иш бошлаганига кўп вақт бўлмаган “Миллий маркетинг маркази” корхоналар уюшмаси ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Уюшмани ташкил этишдан мақсад Ўзбекистонда маркетинг хизматлари бозори ривожланишидан манфаатдор бўлган юридик шахсларни бирлаштириш, маркетинг бозори инфратузилмасини тараққий эттириш,

маркетинг тармоғида профессионал меъёрларни такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятини кучайтиришдан иборатдир.

Ушбу вазифаларни бажариш учун уюшма маркетинг ва реклама бозори ҳажмини, ривожланиш йўналишларини ўрганиш, маркетинг бозорининг асосий иштирокчилари ҳақида маълумотларни тўплаш ва бу соҳадаги етакчи экспертларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, энг яхши брендлар ва энг яхши реклама лойиҳаларини аниқлаш, ўзаро тажриба алмашиш каби ишларни амалга оширишни режалаштирган.

Уюшма раҳбари Диёр МИРЗААҲМЕДОВ билан суҳбатимиз ташкилотнинг мақсадлари, Ўзбекистон маркетинг бозори олдида турган вазифалар хусусида бўлди.

Мамлакатимизда маркетингнинг бугунги аҳволи қандай деб ўйлайсиз?

- Ҳозир юртимиздаги кўпгина йирик компаниялар, қўшма корхоналарда маркетинг бўлимлари мавжуд. Улар ўз ташкилотларини ривожлантиришга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келяпти. Аммо бизда маркетинг тадқиқотига фан сифатида берилаётган эътибор камроқ. Ҳолбуки, маркетинг бутун дунёда фан сифатида тан олинган бўлиб, бугунги кунда дунё иқтисодиётининг тараққий этишида ўзига хос ўринга эга.

Тўғри, Ўзбекистондаги бир қанча олий ўқув юртларида маркетология кафедралари бор. Лекин уларда талабаларга маркетология фақат илмий даражада ўргатилади, холос. Таълим ва амалиётни уйғунлаштириш талаб даражасида эмас.

Юқорида айтганимдек, кўпгина корхона ва компанияларимизда маркетинг ривожланган. Бу фақат уларнинг шахсий иқтисодий ютуғигина бўлиб қолмоқда. Яъни улар тор доира билан чекланиб қоляпти. Уларда яхшигина амалий тажриба бор. Уюшмамиз олдида турган вазифалардан бири мана шу амалиётнинг таълим билан ўзаро уйғунлигини таъминлашдир. Шу вақтгача бу уйғунликни таъминлашдан манфаатдор томонлар бўлмаган. Бизнинг жамоат ташкилотимиз мазкур бўшлиқни тўлдириш ҳаракатидадир.

Ҳозир бу ишларнинг бошланғич босқичида турибмиз. Аъзоларимиз сони ҳам ошиб бормоқда. Бугунги кунда “Korzinka.uz”, “Makro”, “Next” савдо тармоқлари, “Мурод билдинг”, “Голдин ҳаус” қурилиш компаниялари, “Билайн”, “Юсел”, UMS мобил алоқа операторлари, кўплаб машҳур фирма ва корхоналар ташкилотимиз аъзоларидир. Бундан ташқари, сафимизда ўрта бизнес корхоналари ҳам бор.

- Ўзбекистонда маркетингнинг ривожланиш даражасини қандай баҳолайсиз?

- Мамлакатимизда маркетинг орқали ривожланган компаниялар талайгина. Бунга, масалан, “Артель” ва “Акфа”ни мисол қилиб келтириш мумкин. Бугунги муваффақиятлари уларда маркетинг жуда яхши йўлга қўйилганидан далолатдир. Зеро, бозор иқтисодиёти шароитида компания ва фирмаларнинг қанчалик ривожланганлиги улардаги маркетинг даражасини кўрсатиб туради.

Лекин шу вақтгача маркетинг соҳасидаги ютуқ ва камчиликларимиз таҳлил қилинмаган, умумийлаштирилиб жамоатчиликка тақдим этилмаган. Бизнинг мақсадимиз шу ишларни амалга оширишдир.

Олдимизда яна бир муҳим масала турибди. Олий таълим муассасасида маркетологиядан таҳсил олаётган талабаларнинг амалиётни маркетинг ривожланган компанияларда бориб ўташини ташкил этиш ҳаётий зарурат, деб биламан. Ҳозир бу талабалар Буюк Британия, АҚШ, Германия, Япония ёки Хитой маркетинг тизими ҳақидаги назарий билимларга эга бўлмоқда. Лекин улар Ўзбекистонда ишлаши керак-ку. Улар ўрганган назарий билимлар Ўзбекистондаги амалиётга тўғри келмаса, улар ўз келажагини юртимизда кўра олмайди. Бу ёш мутахассислар хорижий тилларни яхши билади, билими ҳам етарли. Шунинг учун чет давлатларга чиқиб ишлашни хоҳлаб қолиши мумкин. Уларни юртимизда ушлаб қолиш, тараққиётимиз учун хизмат қилдириш учун миллий иқтисодиётимиздаги маркетинг амалиётини уларга ҳали таълим олаётган вақтдаёқ кўрсатишимиз керак. Ўшандагина талабалар ўқишни битирганда бизнинг ўзимизга хос шароитларда ишлаш малакасига эга бўлиб ишга келади. Айни пайтда эса улар қанақадир натижага эришиш учун 2-3 йил амалиёт ўташи керак бўляпти. Унгача бу ёшларни ҳеч ким жиддий қабул қилмаяпти.

- Маркетингнинг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат?

- Ҳозирги кунда маркетингда 4 та долзарб масала бор. Уларнинг биринчиси маркетинг тадқиқотидир. Бизнинг замонимизда бозорни ўрганмаса, ривожланиб бўлмайди. Сизнинг хизматингиз, маҳсулотингиз истеъмолчилари миқдори ҳақида маълумотга эга бўлмай туриб иш бошлаш, юмшоқ қилиб айтганда, соддаликдир. Хизматингиз, маҳсулотингизнинг бозордаги сиғимини билсангиз, иш осон кечади. Сиз ўзингизча ҳисоб-китоб қилганда, дейлик, кунлик харидорларингиз сони 500 та бўлишини чамалагансиз. Аммо улар сони 100 та бўлиб қолди. Демак сизнинг ҳисоб-китобларингиз нотўғри бўлган. Шунинг учун харажатларингизни қопламайди. Мана шундай аҳволга тушиб қолмаслик, таваккалчилик эҳтимолини камайтириш учун маркетинг тадқиқотлари асосида иш бошлаш муваффақиятлар дебочаси бўлади, деб бемалол айтиш мумкин.

Бизнес стратегиясига эга бўлиш ривожланиш гарови ҳисобланади. Бозорни ўрганганингиздан кейин қайси йўналишда, қанча миқдорда маҳсулот ишлаб чиқариш, қаерда сотиш каби жиҳатларга эътибор қаратиш керак  бўлади.

Замонавий бизнесда промоушен (инглизча promotion – олға силжиш, рағбатлантириш) муҳим ўрин тутади. Бизнесга кираётган шахс ўзини бозорда танитиши, тақдим этиши лозим. Бунда сиз хизматингиз, маҳсулотингиз, компаниянгиз ҳақида истеъмолчиларга маълумот тақдим этасиз. Ҳозир маълумотлар тақдим этиш имкониятлари кенгайган. Ташқи реклама, ОАВдан ташқари интернетнинг имкониятлари беқиёс. Шунга қарамай, истеъмолчининг қизиқишлари доирасини билишингиз ва шунга қараб қайси восита орқали ўзингизни танитишни танлашингиз керак бўлади. Образли қилиб айтганда, истеъмолчининг кўзи ва қулоғи сизда бўлиши учун уни қизиқтириш лозим. Бу ўринда сизга маркетинг бўйича мутахассис ёрдам беради. Агар реклама таассурот қолдирмаса, маҳсулот ёки хизматингизнинг рекламаси учун сарфлаган маблағингизга куйиб қолаверасиз.

Таълимдаги давомийлик, яъни муттасил равишда билимни ошириб бориб зарурати ҳар доим долзарб бўлиши керак. Чунки маркетингда ҳар куни қандайдир янгиликни кузатиш мумкин. Янгидан-янги реклама воситалари, маркетинг услублари пайдо бўлади. Шунинг учун бу борадаги янгиликлардан хабардор бўлиб туриш ривожланиш омилларидан биридир.

- Ўрта ва кичик бизнес бирданига бундай ишларни қила олмайди. Шунинг учун улар ишни нимадан бошлаши керак?

- Тўғри, ҳали эндигина иш бошламоқчи бўлган кичик ёки ўрта бизнес вакилида бундай имконият камроқ ёки умуман бўлмаслиги мумкин. Бу камчиликни бартараф этиш учун у ишончли шерик топиши, яхши маркетолог хизматидан фойдаланиши талаб этилади. Афсуски, бизда ҳақиқий маркетологлар етишмаяпти. Умумий бозорни яхши биладиган, билим доираси кенг маркетологлар кам.

Шунинг учун бошловчи тадбиркорларимиз олдида муаммолар бор. Образли қилиб айтадиган бўлсак, касал одамга дардини аниқлаб, зарур муолажаларни тайинлаш учун шифокор керак. Баъзан биз шифокор ўрнига дорихонага бориб, фармацевтдан маслаҳат сўраймиз. Унинг иши эса фақат дори сотиш, даволаш эмас. Дори арзон бўлса ҳам сизнинг касалингизни тузатмаса, унинг сизга нима фойдаси бор?! Яхши маркетолог ҳам шифокордек гап. У бизнесингиз бўйича керакли маълумотларни ўрганиб, ривожланиш йўлингизни белгилашда муҳим маслаҳатлар бериши мумкин.

Кичик ва ўрта бизнес вакилларининг битта камчилиги бор. Улар ўз ишининг устаси. Қандай маҳсулот чиқариш, қаердан арзон хомашё олиш, сифатни қандай назорат қилиш - ҳаммасини жуда яхши билади. Аммо маркетингга уларнинг вақти ҳам, балки билими ҳам етмайди. Кўпроқ ўз билимига ёки таниш-билишларининг маслаҳатларига ишонади. Бу эса унга зарар келтириб қўйиши мумкин. Айнан мана шу ҳолатда унга маркетолог керак.

- Уюшманинг режалари тўғрисида ҳам маълумот берсангиз.

- Айни пайтда ташкилотимиз ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталигининг навбатдагисини ўтказишга тайёргарлик кўряпти. Биринчи шундай ҳафталик жорий йилнинг апрель ойида ўтказилганди. Кейингиси келаётган йилнинг февраль ойида ташкил этилиши режалаштирилган.

Мазкур ҳафталик доирасида реклама ва маркетинг корхоналари кўргазмаси ўтказилади, соҳа вакиллари ва мутахассислар иштирокида конференция, соҳадаги энг яхши лойиҳалар бўйича кўрик танлов бўлиб ўтади. Бу тадбирни ташкил этишда Давлат рақобат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорлик қиляпмиз.

Маркетинг бизнесга дахлдор соҳа. Маркетология пул топиш фани. Унга давлат томонидан жуда катта ёрдам керак эмас, фақат эътибор бўлса бас. Шу маънода, манфаатдор давлат ташкилотларининг ADWEEK ҳафталигини ўтказиш ташаббускорлари сафига қўшилиши бу тадбиримизнинг нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Айни пайтда уюшмамизда маркетинг клуби фаолият юритаётганини ҳам эслатиб ўтмоқчиман. Бу клуб ҳар ойда бир марта йиғилади. Унда уюшмамиз аъзолари ва экспертлар иштирокида маркетинг соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама этилади.

Ўйлайманки, уюшмамиз фаолияти мамлакатимизда маркетинг хизматлари бозорининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади. Бу борада биз ҳамкор идоралар, компания ва корхоналар билан яхши шерикчилик муносабатларига таянамиз.

Анвар КАРИМОВ суҳбатлашди.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"