Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3740
5743
5150

+593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
101301
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 063 751
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Чиқинди ҳам даромад манбаи

qayta_ishlash_160_1Рад жавобини беришган эди

Рашит Картбаев ўзини Қорақалпоғистоннинг бош “санитари” деб атайди. Ушбу бизнесга энди қўл урганида унга кўпчилик ишонқирамай қараганди. Яқинлари муваффақиятсизлиги “кўриниб турган” бу ғоядан воз кечишни айтишган, банкда эса, бундай бизнес орқали кредит фоизларини қайтариш имконсиз деб ҳисоблаб, унга дарҳол рад жавобини беришганди.

Бошловчи бизнесмен дўстларидан 5000 доллар қарз олади, бу пулга ташландиқ цех ва 4 гектар ер майдонини насияга харид қилади ва 2011 йилда Қорақалпоғистондаги биринчи чиқиндиларни қайта ишлаш бизнесини йўлга қўяди. Бугунги кунда Нукус яқинидаги энг йирик шаҳар чиқиндихонаси 70 гектар майдонни эгаллайди. Ҳар куни бу ерга 150-160 тонна чиқинди келтирилади. Олти йил ичида корхона черепицалар, суюқ обойлар, гўшт-суяк уни ва биологик ўғит ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга муваффақ бўлди. Рашит Картбаевнинг ҳисоб-китобларига кўра, икки йилдан кейин бутун шаҳар чиқиндихонаси тўлиқ қайта ишланади ва она шаҳри янада мусаффолашади.

Чиқиндиларни қайта ишлаш бизнесининг рентабеллиги 80 фоизгача ўсади. Бинобарин, тўғри ташкил этилган корхона бир неча ойдан кейиноқ харажатларни қоплаши мумкин. Чиқиндиларни чуқур қайта ишлаш максимал даромад келтиради.

Инвестиция учун энг мақбул бизнес

Қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш инвестиция киритиш учун энг мақбул бизнес турларидан бири саналади. Ўзбекистонда бу йўналишдаги корхоналар ҳозирча кам, хом ашё эса, етарлидан ҳам ортиқ эканлигини ҳисобга олсак, бозорнинг бу сегменти ўзлаштирилмаган қўриқдек бўш эканлигини кўрамиз.

Бу бизнес сарф-харажатларни бир неча баробарга қоплаши ва яхши даромад келтириши билан қизиқарли. Масалан, 1 кг пластик чиқиндисидан 0,8 кг иккиламчи хом ашё олиш мумкин. Бугунга келиб чиқиндиларни олдингидек йўқ қилиш – ахлатга ташлаб юбориш самарасиз ва хавфли эканлигини, зеро чиқиндилар заҳарли моддалар чиқариб, атроф-муҳитга ва  инсон саломатлигига зарар етказиши мумкинлигини кўпчилик англаб етган. Давлат идоралари ҳам буни яхши билишади, шу сабабли ҚМЧ – қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналарга турли имтиёзлар тақдим этадилар. Буларнинг бари чиқиндиларни қайта ишлаш бизнеси яқин келажакда жуда талабгир бўлади, деб тахмин қилишга асос бўлади.

Ҳар куни Ўзбекистонда 13 тоннадан зиёд қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланади. Унинг 14 фоизигина қайта ишланади ва бу соҳада республика бўйлаб бор-йўғи 137 та корхона фаолият юритади. Ўртача ҳисоб-китобларга кўра, биргина чиқиндилардан фойдали ва ноёб қазилма хом ашёларини ажратиб олиш бозорининг салоҳияти 22,2 млн. долларга тенг деб баҳоланмоқда.

 

Чиқиндилардан нималар тайёрланади?

Пластик. Рангига қараб сараланади, ёрлиқлар, кирдан ва чет ашёлардан тозаланади, хом ашё прессланади. Кейин, линияда майдаланади, буғли қозонда қайта ишланади, у ерда кир юқлари кетказилади. Кейинги босқич – чайқаш ва жило бериш. Линиядан ранги ва сифатига қараб ажратилган гранулалар чиқади. Гранулалардан челаклар, тоғоралар, полипропилен иплар, черепица, брусчатка ва бошқа кўплаб буюмлар тайёрланади.

Қоғоз. Қоғоз сувда ивитилади, ҳар қандай чет ашёлардан тозаланади. Кейин термомеханик қайта ишловдан ўтказилади. Аралашма диққат билан тозаланади ва элак орқали фильтрланади. Ундан ҳожатхона қоғози, картон, қадоқлаш ёки том ёпиш материали, МДФ, ДВП, халталар тайёрланади.

Автомобиль покришкаси. Майдаланади, пиролиз реакциясидан ўтказилади. Унинг натижасида синтетик углерод, металлокорд, синтетик нефть олинади.

Шиша. Майдаланади ва қайта эритилади. Шунда майдаланган ва фильтрдан ўтказилган шиша массасаси юзага келади, одатда мозаика тайёрлашда ишлатилади.

Қурилиш чиқиндиси. Металл ва иккиламчи шағал тайёрлаш учун майдаланади, улар қурилишда ишлатилади.

Биологик чиқиндилар. Биогаз қурилмалари органик ўғит ва, ёндош маҳсулот сифатида, биогаз (метан) ишлаб чиқаради.

 

Пул қаерда?

Тўплаш. Чиқиндиларни тўплаш шохобчаларини ташкил қилиш жойларда чиқиндиларни бирламчи саралаш ҳисобига муайян фойда келтиради. Сараланган пластик, металл, резина, тўқимачилик ашёларини келгусида қайта ишлаш станцияларига сотиш мумкин.

Саралаш. Полигонлар ва ахлатхоналардаги махсус саралаш станцияларида чиқиндиларни саралаш – серхарж, лекин даромади катта бизнес.

Қайта ишлаш. У турли босқичли бўлиши мумкин: алоҳида унсурларни қайта ишлаш, тўлиқ циклли қайта ишлаш заводи, биогаз қурилмаси, ярим тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш.

 

Чиқиндидан пул қилиш нимадан бошланади?

Аввало қандай турдаги ҚМЧ билан ишлашингизни белгилаб олишингиз зарур, чунки универсал корхонани ташкил этиш жуда катта сармоя талаб қилади. Тўлиқ циклдаги ҚМЧни қайта ишлаш заводи ўртача 20 млн доллар атрофида баҳоланади. ҚМЧ турларидан бирини қайта ишлашга ихтисослашган цех очиш эса, 35 мингдан 300 минг долларгача туради. Омборлар барпо этиш ва уларни санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ шароитга келтириш учун 2000-3000 доллар кетади. Омбор учун унчалик катта бўлмаган бинолар (100 м2 атрофида)ни жиҳозлаш мумкин. Саралаш цехи учун эса, каттароқ – майдони 300–500м2 бўлган бино керак бўлади.

Корхона ташкил этилиши учун минимал жиҳозлар тўплами қуйидагилардан иборат бўлади: майдалаш машинаси, саралаш линияси, пресс, тўплаш бункери, магнит. Иккиламчи бозорда бундай тўплам 50-70 минг доллар атрофида туради.

Бунга ишчилар иш ҳақи, хом ашё ва электр энергияси харажатларини қўшиш керак. Ўртача корхонада 40 га яқин ишчи ишлайди. Улар саралаш, майдалаш ва чиқиндиларни бракка чиқариш билан шуғулланадилар. Бу ишларни бир сменада 15 нафар киши бажариши мумкин. Ишчилар малакаси ҳам турлича бўлади: оддий ишчилар ва хом ашёнинг яроқли-яроқсиз эканлигини бир қарашдаёқ ажрата оладиган тажрибали мутахассислар. Усталар янги келганларга ўргатиш ва иш сифатини назорат қилиб боришлари мумкин.

 

Сертификат ва бошқа ҳужжатлар

Қонуний асосда ҚМЧни қайта ишлаш билан шуғулланиш учун сиз Экология давлат қўмитасидан лицензия олишингиз керак бўлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат экология экспертизаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи ҳар қандай субъект экологик экспертизадан ўтиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Тадбиркор, шунингдек, ёнғинга қарши ва санитария хизматларидан рухсат олиши, бўлажак чиқиндини қайта ишлаш корхонасининг технологик жараёнлари тўлиқ тавсифланган лойиҳа ҳужжжатларини тайёрлаши лозим. Барча ҳужжатларни тўплашга, одатда, уч ойдан ярим йилгача вақт кетади.

Шуни ҳам ёдда тутиш керак: корхона айланмаси қанчалик катта бўлса, ўзини қоплаш муддати ҳам шунчалик узаяди.

Ромина ТУЛЯКОВА.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"