Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5083
5743
5150

+593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102644
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 065 094
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Хорижлик харидор билан музокара

 

hamkorlik_160Хорижий харидор сизнинг маҳсулотларингизга қизиқиш билдирса, сиз бу имкониятдан унумли фойдаланиш учун унинг ушбу эътиборини диққат билан ўрганиб чиқишингиз лозим. Бунда сизнинг экспортчи сифатидаги ташаббусларингиз жуда муҳим ўрин тутади: таклифларни сўров учун юборишдан тортиб, амалга ошаётган шартномага аниқлик ва розилик киритишгача.

Босқичларнинг энг кўпи ахборот алмашуви билан боғлиқ:

● Электрон почта орқали (ёзишмалар);

● Факс ёки бошқа алоқа воситалари орқали;

● Телефон орқали музокаралар

● Интернет алоқа воситалари орқали (Skype, Viber, Imo, Watsapp, wechat, google talk, facebook ва ҳоказолар);

● Шахсий учрашувлар орқали.

 

Тижорат таклифингизга қизиқиш билдирилганидан кейин, музокараларни ўзингиз ёки номингиздан ишончли вакилингиз давом эттирсин.

Музокараларни бошлашдан аввал саволларга тез жавоб бера олишингиз учун махсус тайёргарлик кўришингиз керак:

Маҳсулот (техник ва бошқа параметрлар);

Маҳсулот нархи;

Бошқа алоқадор ҳужжатлар (сертификат ва бошқалар);

Маҳсулот етказиб бериш шартлари ва вақти;

Тўлов шартлари ва вақти;

Экспорт шартномаси шакли.

 

Е-mail ёзишмаларга қандай жавоб қайтариш керак?

Муваффақиятга эришган аксарият экспортчилар ўзларининг биринчи сотувига ўз ташаббуси орқали эмас, балки сўровларга тўғри ва аниқ жавоб бериш орқали эришганлар. Кўпчилик йирик фирмалар экспорт сўровларини олишса-да, лекин муваффақиятли экспортчи бўла олишмайди.

Сўровлар асосан хорижий тилда келади ва уларни тушуниш учун биз малакали таржимонга мурожаат қилишимиз ёки ўзимиз мустақил равишда чет тилларини ўрганишимиз керак. Одатда, чет эллик харидорлар маҳсулотнинг нархи, техник хусусияти ва уни етказиб бериш шартлари билан қизиқишади. Сўровлар нафақат харидорнинг ўзидан, балки унинг воситачиси ёки дистрибютерларидан ҳам келиши мумкин. Сиз сўровлар ким томонидан келганлигидан қатъи назар уларга тезкор (оператив) жавоб беришингиз шарт.

 

Телефон орқали музокаралар

Маҳсулотингиз билан танишган харидорлар сизга қўнғироқ қилишни бошлашади. Иш жойида, кўчада, йўлда ёки уйда бўлишингиздан қатъи назар, қўнғироқларга ҳар доим аҳлоқий ва психологик нуқтаи назардан жавоб беришга тайёр бўлишингиз керак. Мулоқотда сиз маҳсулотингиз ҳақида аниқ маълумот ва тасаввур уйғота олинг. Харидорда сизнинг маҳсулотингиз ва қандай шартлар билан уни сотиб олиши ҳақида тўлиқ тушунча пайдо бўлсин. Харидор ҳар хил ва кутилмаган саволлар билан сизга мурожаат қилиши мумкин. Сизни қай даражада профессионал, ўз ишининг устаси ва музокараларга тайёр эканингизни у битта қўнғироқ орқали баҳолайди. Шунинг учун, сизнинг иш столингизда керакли барча маълумотларнинг (нархлар, маҳсулот хусусиятлари, ойлик ишлаб чиқариш ҳажми) мавжуд бўлиши, турли саволларга лаёқат билан тўлиқ ва тушунарли жавоб қайтариш мақсадга мувофиқдир. Самарали мақсадга эришиш учун мулоқот чоғида мамлакатлараро вақт тавофутини ҳам инобатга олиш лозим бўлади.

 

Мулоқот турларининг барчаси бирдек муҳим ахамиятга эга. Агар сиз телефон орқали мулоқотларни фойдасиз деб ҳисобласангиз, қаттиқ янглишасиз. Телефон орқали катта-катта шартномалар келишиб олиниши мумкин.

 

Шахсий учрашувлар: музокаралар

Музокаранинг асосий босқичлари: музокарага тайёргарлик, музокара жараёни ва ўзаро битимга эришиш.

Музокарага тайёргарлик

Музокараларни сифатли ва самарали ўтказиш учун диққатни жамлаб тайёргарлик кўриш керак. Музокараларни, иложи борича, махсус хоналарида ўтказиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, музокаралар иккала томонга ҳам қулай жойда, тушлик ёки кечки овқат пайтида, офисда ёки бошқа хоналарда, чет элда ёки сизнинг шаҳрингизда ўтказилиши мумкин. Малакангиз қанчалик юқори бўлмасин, музокараларга доим жиддий тайёргарлик кўринг.

Агарда сиз харидорингизни ўзингизнинг иш жойингизга чақирган бўлсангиз, олдиндан махсус хонани тайёрланг. Хонанинг ҳарорати ва етарли ёруғлигига эътибор беринг ҳамда хонага қоғоз ва қаламларни, музокара учун керак бўладиган ҳамма ҳужжатларни (маҳсулот каталоги, унинг нархлари, техник хусиятлари ва керакли буклетларни) олдиндан тайёрлаб қўйинг. Стол устида салқин ичимликлар ҳам бўлсин.

Музокараларда сиз томондан камида икки киши иштирок этиши тўғри бўлади. Иккинчи шахснинг иштироки музокаранинг қайси кайфиятда ўтишини, айниқса харидорнинг хатти-ҳаракати, унинг маҳсулотингиз ва сизнинг таклифларингизга қарашлари ва кайфиятини кузатишга имкон беради. Чунки хорижлик харидорлар сизнинг қай даражада музокара юритишингизга, хулқингизга, овозингизга ва ўзингизга бўлган ишончга катта эътибор беришади.

Музокараларда сиз томондан бир қанча иштирокчилар қатнашса, уларга олдиндан ким қайси мавзу ва саволларга жавобларни ўз зиммасига олишини тайинланг. Гуруҳингизга музокара иштирокчиларининг аниқ мақсадини тушунтиринг. Агар ажнабий тилни билмасангиз, музокарага таржимонни ҳам жалб қилинг.

Учрашувдан аввал ҳамкорингизни қандай шахс эканлигини ўрганиб чиқинг. Унинг корхонаси веб-сайтига киринг, корхонанинг даражасини ва тадбиркорликда эришган ютуқларини чуқур ўрганинг. Шундан кейин сиз бўлажак ҳамкорингиз ҳақида тўлиқ тассавур билан музокарага асосий ва ёрдамчи стратегия тузиш омилига эга бўласиз.

Бу муҳим! Агарда сизнинг музокара учун режангиз бўлмаса, сиз харидорнинг режаси асосида ишлайсиз.

 

Музокара жараёни

Иш этикетига қатъий риоя қилиш керак. Бунга бир неча стандарт: қўл бериб сўрашиш, ўзини таништириш, ташриф қоғозлари (визиткалар) алмашиш, учрашувдан мақсадни айтиб ўтишлар киради.

Агар музокарага сиз келган бўлсангиз, биринчи қадамни сиз бошланг, агар харидор сизга мурожаат қилган бўлса, улар ўзлари учрашувдан мақсадга ўтишади. Кайфиятингиз ёки чарчаган бўлишингиздан қатъи назар, чет эллик харидорга дўстона ва очиқ мурожат қилинг, унинг сизга ажратган вақти учун миннатдорчилик билдириб, учрашувдан хурсанд эканингиз ва маҳсулотингизга бўлган қизиқишдан мамнун бўлганингизни айтинг.

Харидор сизга савол бераётганида қайта сўрамаслигингиз учун уни диққат билан эшитинг. Одатда маҳсулотингиз сифати ва техник хусусиятини сўрайди. Агар корхонангиз шахсий бўлса, харидорга корхонангиз асосчилари, унинг йўналиши, қачон асос топганлиги ва ишлаб чиқаришнинг технологик жараёни, маҳсулот нархи ҳақида сўраш қизиқ бўлади. Харидорлар ўзлари ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи, трейдер ёки вакил бўлишлари мумкин. Нархларни беринг ва харидорнинг бунга муносабатига эътибор қаратинг, чегирмалар таклиф қилишга шошилманг. Агар улар сиз билан учрашувга қарор қилган бўлса, уларда албатта сизнинг корхонангиз ва бошқа корхоналар нархлари ҳақида маълумот бўлиши мумкин. Сиз уларга маҳсулот ҳажмидан шартли чегирмалар беришингиз мумкин.

Мисол: сиз, агар харидор 2 вагон маҳсулотингизга олдиндан пул тўласа, 5% чегирма ёки 4 вагонга 10% чегирма беришингиз мумкин.

Имкониятларингизни аниқ ифодаланг, ростгўй бўлинг, имкониятингиздан ортиғини ваъда қилманг. Албатта, маҳсулотингизни муҳим жиҳатларини муҳокама қилинг, қандай шикоятлар бўлиши мумкинлигини олдиндан айтинг ва унинг ечимини тушунтиринг.

Суҳбатга киришдан олдин саволларингизни тайёрланг ва албатта уларни айтинг. Бу билан, харидорнинг қизиқиши ва талабларини: аслида нимани, қандай ҳажмда, қаерга, талаблар, сифат, ким учун маҳсулот олишмоқчилигини ўрганиб чиқасиз. Сизнинг касбий маҳоратингиз суҳбат давомида юзага чиқади. Агар сиз юқорида айтиб ўтилган саволларга тўлиқ жавоб топсангиз, кучли ва заиф томонларини ўрганиб, унга аниқ асослар билан маҳсулотингиз рақобат ва сифат томонидан устунликка эгалигини ва нархи сифатига мослигини тушунтира оласиз. Булардан келиб чиқиб, харидорни қанчалик сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини аниқлаб, унга вақтингизни сарфлашингиз фойдали ёки фойдасизлигини аниқлайсиз.

 

Битимга эришиш

Тузилаётган шартноманинг асосий томонлари: нарх, тўлов усули, логистика, божхона расмийлаштируви учун маҳсулот билан бирга кетадиган ҳужжатлар ва ҳоказоларни келишиб олинг. Таклиф ва шартларингизда аниқ тушунча бўлиши учун харидорга шартнома лойиҳасини беринг.

Қатнашувчилар ҳар доим ҳамкорликнинг энг маъқул битимига келишга ҳаракат қилишади. Шунинг учун ҳам баҳслар пайдо бўлади. Агар харидор томонидан берилган саволга тайёр бўлмасангиз, музокарада танаффус сўраб, корхонанинг масъул ходимлари билан маслаҳатлашинг. Шунга ўхшаш ҳолатлар сабабли, музокаралар соатлаб, ҳафталаб ва ҳаттоки ойлаб давом этиши мумкин.

Акмалхон ОЛИМХОНОВ,

иқтисод фанлари номзоди.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"