Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2459
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105448
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 067 898
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Хусусийлаштирилган корхоналар кўмакдоши

 

xususiylash_160Юртбошимизнинг шу йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилганди. Жумладан, қўмита ҳузурида Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасини ташкил этиш кўрсатиб ўтилганди. 19 июнь куни эса ҳукуматимиз ушбу жамғарма маблағларини шакллантириш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Хўш, янги жамғарма бугунги кунда қандай ишлар билан машғул? Унинг асосий вазифаларига нималар киради? Жамғарма кредити қандай шартлар асосида ва қанча муддатга ажратилади ва банк кредитидан нимаси билан фарқланади?  Вилоятларда иш юритаётган тадбиркорлар жамғарма кредитини қай тартибда олишлари мумкин?

Давлат рақобат қўмитасининг Молия, ҳисоб ва ҳисобот бошқармаси бошлиғи Акрамжон АБДУҲАМИДОВ саволларимизга жавобан қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Маблағларни хусусийлаштирилган корхоналарни яқиндан қўллаб-қувватлашга, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ва тадбиркорларнинг бизнес юритиш асосларига доир ўқишини ташкил этишга йўналтириш Жамғарманинг устувор вазифаси ҳисобланади. Унинг асосий мақсадларидан бири эса тадбиркорлик субъектларининг аввал хусусийлаштирилган объектлар ва корхоналар негизида ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини тижорат банклари орқали миллий валютада молиялаштиришдан иборатдир.

Жамғарма маблағлари хўжалик жамиятларидаги давлат улуши бўйича дивидендлар, давлат мулки ижарасидан ҳамда давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар, қонунан белгиланган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади. Унинг ресурслари эвазига  очиладиган кредит линияларининг фоиз ставкалари эса имтиёзлилиги туфайли тижорат банкларининг кредитлар бўйича фоиз ставкаларидан ажралиб туради.

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Жамғарма ҳисобидан маблағлар икки усулда ажратилади.

Биринчиси – тижорат банклари ресурслари ҳисобидан кредитлар берилганда, кредит фоиз ставкасининг Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисмини, яъни 4 фоизгача бўлган миқдорини Жамғарма ҳисобидан қоплаш (субсидиялаш). Масалан, тадбиркор ўз лойиҳасини рўёбга чиқариш учун банкдан йиллик 13 фоиз ставкада кредит олди. Бу жараёнда у кредит бўйича белгиланган фоизларнинг йиллик 9 фоиз ставкага тенг миқдорини банкка тўласа, қолган 4 фоизини Жамғарма қоплаб беради. Натижада тижорат банки томонидан ажратилган кредит бўйича тадбиркорнинг фоизларни тўлашдаги харажатлари қарийб 30 фоизга камаяди.

Иккинчиси – тадбиркорлик субъектлари томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган фоизларда имтиёзли кредитлар ажратиш мақсадида тижорат банкларига кредит линиялари очиш кўзда тутилган. Яъни, Жамғарма томонидан тадбиркорга кредит бериш учун тижорат банкига Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан 2 фоизга кам фоизда ресурс ажратилади ва у тижорат банки томонидан йиллик 9 фоиз ставкада тадбиркорнинг инвестиция лойиҳасини молиялаштиришга йўналтирилади.

Жамғарма ҳисобидан фоизли харажатларни субсидиялаш ва кредит ресурслари мақсадли равишда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кам бўлмаган тижорат банкларига шартнома асосида ажратилади.

Давлат рақобат қўмитаси ҳар ойда қўмита билан Бош келишув тузган тижорат банкларига Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган Идоралараро комиссиялар томонидан тасдиқланган илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида инвестиция лойиҳалари рўйхатини тақдим этади. Тадбиркорлар лойиҳаларни бу рўйхатга киритиш учун Идоралараро комиссияларнинг ишчи органи бўлмиш Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органларига, имтиёзли кредит жалб қилиш учун эса мазкур тижорат банкларининг барча филиалларига мурожаат қилишлари мумкин.

Тадбиркорлик субъектлари ўз инвестиция лойиҳаларига кредит жалб қилиш учун тижорат банклари томонидан қонунчиликка мувофиқ талаб этиладиган ҳужжатларни банк филиалларига тақдим этадилар. Жамғарма иштирокида жалб қилинадиган кредитларнинг энг кам ва энг кўп миқдори бўйича чекловлар йўқ. Фақат улар 3 йилгача муддатга ажратилади.

Инвестиция лойиҳаларига маблағлар эса:

– тайёр маҳсулот, ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, шунингдек, хизмат (иш) турларининг янги қувватларини ташкил қилишга;

– мавжуд ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик янгилашга, шу асосда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, рақобатбардош, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар чиқарилишини кенгайтириш, маҳсулот ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтиришни таъминлашга;

– маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш учун зарурий шароитлар яратиш мақсадида муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларини, бошқа асосий фондларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга ажратилади.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ тайёрлади.

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"